Norma.uz
Газета СБХ / 2013 год / № 26 / Ўз бизнесини бошловчиларга

Савдони нимадан бошлаш керак?

Мен ўз ишимни ташкил этмоқчиман – хусусий корхонани рўйхатдан ўтказиб, Тошкентда алкоголли ичимликлар сотувчи дўкон очмоқчиман.
Алкоголь сотишга ихтисослашган дўконлар учун қандай талаб ва чекловлар белгиланган? Лицензия керакми?
Корхона қандай солиқлар ва тўловларни тўлайди? Қанча миқдорда?
Бошловчи тадбиркор.


– Алкоголли маҳсулот билан чакана савдо қилиш соҳасидаги фао­лиятни ташкил этишнинг ўзига хос хусусиятлари мавжуд. Мазкур фаолият турини амалга ошириш шартлари ва тартиби қуйидаги ҳужжатлар билан белгиланган:
Улгуржи ва чакана савдо фао­лиятини амалга ошириш тартиби тўғрисида низом (ВМнинг 26.11.2002 йилдаги 407-сон қарори билан тасдиқланган);
Алкоголли маҳсулотлар билан чакана савдо қилиш ҳуқуқини берадиган рухсат гувоҳномасини бериш тартиби тўғрисида низом (Президентнинг 16.03.2007 йилдаги ПҚ-605-сон қарорига 1-илова);
Алкоголли маҳсулотлар билан чакана савдо қилиш қоидалари (Президентнинг 16.03.2007 йилдаги ПҚ-605-сон қарорига 2-илова, бундан кейин – Қоидалар).

РУХСАТНОМА ОЛИШ
Тошкентда алкоголли маҳсулотларнинг чакана савдоси билан фақат Тошкент шаҳрининг Алкоголли маҳсулотлар билан чакана савдо қилиш ҳуқуқини берадиган рухсат гувоҳномаларини бериш бўйича махсус комиссия­си (бундан кейин – Комиссия) томонидан берилган алкоголли маҳсулотлар билан чакана савдо қилиш ҳуқуқини берадиган рухсат гувоҳномасини олган юридик шахслар шуғулланиши мумкин.
Тошкентда рўйхатдан ўтказилган юридик шахсга рухсат гувоҳномасини олиш учун қуйидаги талаблар қўйилади:
рухсат гувоҳномасини олиш учун ариза берилган пайтда ЭКИҲнинг камида 100 баравари миқдоридаги устав фондини шакллантириш;
алоҳида кириладиган ва камида 25 квадрат метрли савдо зали майдони бўлган (фақат алкоголли маҳсулотлар билан чакана савдо қилишга мўлжалланган), алкоголли маҳсулотларни сақлаш ва сотишнинг санитария нормалари ва қоидаларига (шу жумладан, назорат-касса машиналарини ва банк пластик карточкалари орқали тўловларни қабул қилиш бўйича ҳисоб-китоб терминалларини қўллаш шартларига, моддий бойликлар тўлиқ даражада сақланиши таъминланишига) мувофиқ бўлган омбор бинолари ва асбоб-ускуналари бўлган ўзининг ёки ижарага олинган турғун савдо шохобчасига эга бўлиш;
юридик шахс томонидан алкоголли маҳсулотлар билан чакана савдо қилиш учун махсус фойдаланиладиган, ҳимояланган фискал хотирали НКМ ва банк пластик карточкалари орқали тўловларни қабул қилиш бўйича ҳисоб-китоб терминалларига эга бўлиш.
Шуни ҳам инобатга олиш лозимки, дўкон жамоат транспорти тўхташ жойларида, шу жумладан метрополитен бекатлари ёнида, жамоат жойларида ва дам олиш жойларида, даволаш-профилактика ва спорт-соғломлаштириш муассасалари ҳудудида, ушбу муассасалар ва ишлаб чиқариш корхоналарининг ошхоналарида, шунингдек аэропортлар, темир йўл вокзаллари ва автостанцияларга туташиб кетган жойларда жойлашиши мумкин эмас, таълим, спорт ва диний муассасалардан камида 500 метр нарида жойлашиши керак.
Рухсат гувоҳномасини олиш учун дўкон жойлашган жой бўйича Комиссиянинг ишчи органига қуйидагилар тақдим этилади:
юридик шахснинг номи ва ташкилий-ҳуқуқий шакли, у жойлашган жой (почта манзили), банк муассасаси номи ва банкдаги ҳисобрақамининг тартиб рақами кўрсатилган ҳолда рухсат гувоҳномаси берилиши тўғрисида ариза;
юридик шахс давлат рўйхатидан ўтказилганлиги тўғрисидаги гувоҳноманинг нотариал тасдиқланган нусхаси;
ЭКИҲнинг камида 100 баравари миқдорида шакллантирилган устав фонди мавжудлигини тасдиқлайдиган ҳужжатнинг нусхаси. Устав фонди пул маблағларида шакллантирилган тақдирда тасдиқловчи ҳужжат хизмат кўрсатувчи банк томонидан берилади. Устав фонди бошқа мол-мулк билан шакллантирилган тақдирда ушбу мол-мулкка эгалик ҳуқуқи, унинг қиймати ва у устав фондига қўшилганлиги ҳақидаги тасдиқнома тақдим этилади;
белгиланган талабларга жавоб берувчи ўзининг ёки ижарага олинган турғун савдо шохобчаси мавжудлигини тасдиқловчи ҳужжатлар нусхаси (ҳуқуқни белгилайдиган ҳужжат ёки, агар дўкон ижарага олинган тақдирда ижара шартномаси ва унинг ижарага олувчига тегишлилигини тасдиқлайдиган ҳуқуқни белгилайдиган ҳужжатнинг нусхаси);
солиқ органи томонидан берилган алкоголли маҳсулотлар билан чакана савдо қилиш учун махсус фойдаланиладиган НКМ олдиндан рўйхатдан ўтказилганлиги тўғрисидаги маълумотнома;
чакана савдо қилиш ҳуқуқи учун маҳаллий йиғим тўланганлигини тасдиқлайдиган банк ҳужжатининг нусхаси.
Алкоголли маҳсулот билан савдо қилиш ҳуқуқи учун йиғим ЭКИҲнинг 5 бараварини ташкил этади (Президентнинг 25.12.2012 йилдаги ПҚ-1887-сон қарорига 21-илова, бундан кейин – ПҚ-1887-сон Қарор). Йиғим ҳар ойда, ҳисобот ойидан кейинги ойнинг 25-кунидан кечиктирмай тўланади.

ҚОИДАЛАРНИ ЎЗЛАШТИРИНГ
Юқорида кўрсатилган талаблардан ташқари алкоголли маҳсулотлар билан чакана савдо қиладиган юридик шахслар:
ҳар чоракда туманлар (шаҳарлар) ҳокимликлари ҳузуридаги алкоголли маҳсулотлар билан чакана савдо қилиш ҳуқуқини берадиган рухсат гувоҳномалари олиш учун ҳужжатларни кўриб чиқиш бўйича комиссия томонидан белгиланган алкоголли маҳсулотлар сотиш ҳамда нақд тушумни тижорат банклари кассаларига топширишнинг прогноз ҳажмларини бажаришлари керак (Қоидаларнинг 7-банди);
алкоголли ичимликларни 20 ёшга тўлмаган шахсларга; мувофиқлик сертификатисиз; яроқлилик муддати ўтиб кетган ҳолда; акциз маркалари билан маркаланмаган (пиводан ташқари) ёки қалбаки акциз маркалари билан маркаланган ҳолда ва бошқа ҳолларда сотишлари тақиқланади (Қоидаларнинг 15-банди).

Алкоголли маҳсулотлар билан чакана савдо қилишнинг белгиланган қоидалари бузилганлиги учун юридик шахсларга алкоголли маҳсулотлар билан савдо қилиш ҳуқуқидан маҳрум қилинган ҳолда ЭКИҲнинг 200 бараваридан 300 бараваригача миқдорда жарима солинади, ушбу юридик шахсларнинг тегишли ходимлари эса белгиланган тартибда маъмурий ва жиноий жавобгарликка тортиладилар (Қоидаларнинг 16-банди).

ҚАНЧА СОЛИҚ ТЎЛАНАДИ
Солиқ солиш масалаларида қуйидаги ҳужжатларга таяниш лозим:
Солиқ кодекси (бундан кейин – СК);
Ягона солиқ тўловининг энг кам миқдори киритилиши муносабати билан ягона солиқ тўловини ҳисоблаб чиқариш ва тўлаш тартиби тўғрисидаги низом1 (бундан кейин – 2203-сон Низом);
Иқтисодиётнинг айрим тармоқлари хўжалик юритувчи субъектлари учун ходимлар сони ва меҳнатга ҳақ тўлаш фондининг энг кам меъёрларини аниқлаш тартиби тўғрисидаги низом2;
Ходимлар сони ва меҳнатга ҳақ тўлаш фондининг энг кам меъёрлари жорий этилишини ҳисобга олган ҳолда солиқлар ва бошқа мажбурий тўловларни ҳисоблаб чиқариш ва тўлаш тартиби тўғрисида низом3.

Фақат чакана савдо билан шуғулланувчи корхоналар солиқ солишнинг бошқа тизимини танлаш ҳуқуқисиз ягона солиқ тўлови (ЯСТ) тўловчилари ҳисобланадилар (СКнинг 350-моддаси). ЯСТни тўлаш тартиби Солиқ кодексининг 56-боби билан тартибга солинади.
Ялпи тушумга ЯСТ солинади, унга товарларни сотишдан тушум, шунингдек савдо фаолияти билан бевосита боғлиқ бўлмаган бошқа даромадлар киради. Бошқа даромадларга кирадиган даромадлар рўйхати СКнинг 132-моддасида қайд этилган.

Тошкентдаги чакана савдо корхоналарида ЯСТ суммаси ялпи тушумдан 4%лик ставка бўйича ҳисобланади (ПҚ-1887-сон Қарорга 9-2-илова). Бироқ бунда терминал орқали келиб тушган тушумга (пластик карталар воситасида ҳақ тўлашга) амалдаги ставкадан 10%га пасайтирилган ставка, яъни 3,6% қўлланади (4 – 4 х 10%).
Бундан ташқари, алкоголли ичимликларни сотиш билан шуғулланувчи корхонада бюджетга тўланадиган ЯСТ суммаси ЯСТнинг белгиланган энг кам миқдори – 2203-сон Низомда ҳисоб-китоб қилиш тартиби белгиланган ер солиғининг 3 баравари суммасидан паст бўлмаслиги кераклигини ҳам инобатга олиш лозим.
Корхоналар мулк, эгалик қилиш, фойдаланиш ёки ижара ҳуқуқи билан фойдаланадиган ер участкалари майдони ЯСТнинг энг кам миқдорини ҳисоблаш учун асос ҳисобланади. Ўз биноси учун ажратилган ер участкаси майдони ер кадастри ҳужжатларига кўра, ижарага олинган ер участкаси майдони эса ижара шарт­номасида кўрсатилган майдонга қараб аниқланади. Энг кам миқдорни ҳисоблашда СК 280-моддасининг иккинчи қисми ва 282-моддасининг иккинчи қисми асосида ер солиғи солинмайдиган ер участкалари инобатга олинмайди.

ЯСТнинг энг кам миқдори ҳар чоракда қуйидаги формула бўйича аниқланади:
ЭКМяст = 3 х С х К1 х К2 / 4,
бу ерда:
С – ер солиғи, ер участкалари майдонини мазкур жой ва ер тоифаси учун белгиланган солиқнинг энг кам ставкасига кўпайтириш йўли билан ҳисобланади. Тошкентда 1-зона учун белгиланган ер солиғининг энг кам ставкаси – 1 га учун 10 836 596 сўм қўлланилади;
К1 ва К2 – амалга оширилаётган фаолият туридан ва корхонанинг жойлашган жойидан келиб чиқиб қўлланиладиган пасайтирувчи коэффициентлар (2203-сон Низомга 1-илова). Тошкент шаҳрида алкоголь сотиш билан шуғулланувчи корхона учун пасайтирувчи коэффициент назарда тутилмаган.
Бюджетга тўланадиган ЯСТ суммасини аниқлаш учун (солиқ солинадиган ялпи тушум ва ЯСТнинг белгиланган ставкасидан ёки ЯСТнинг ҳисоблаб чиқарилган энг кам миқдоридан келиб чиқиб ҳисобланган) ЯСТнинг ҳисоб-китоб суммаси ҳисобланади. У бир чоракдаги солиқ солинадиган ялпи тушум (ҳисобот даври ва ундан аввалги даврлар учун Ҳисоб-китобнинг 040-сатри маълумотларидаги фарқ) ва ЯСТнинг белгиланган ставкасидан келиб чиқиб аниқланади. ЯСТ бўйича имтиёзлар, шу жумладан солиқ ставкасини пасайтириш кўринишидаги имтиёз бу ҳолда ҳисобга олинмайди.
ЯСТнинг ҳисоб-китоб суммаси унинг энг кам миқдори билан таққосланади. Агар у энг кам миқдордан оз бўлса, энг кам миқдорнинг ҳисоб-китоб суммасидан ошиши суммасига ЯСТ қўшимча ҳисобланади. ЯСТнинг ҳисоб-китоб суммаси энг кам миқдордан ошса ёки унга тенг бўлса, қўшимча ҳисоблаш амалга оширилмайди ва ЯСТ СКда белгиланган тартибда тўланади, яъни ЯСТ ҳисоб-китобига кўра ҳисоблаб чиқарилган сумма тўланади.

Чакана савдо корхоналари ЯСТдан ташқари қуйидагиларни тўлайдилар:
божхона тўловлари (товарлар импорт қилинаётганда);
ягона ижтимоий тўлов (меҳнатга ҳақ тўлаш фондидан 25%);
давлат божлари;
алкоголли маҳсулот билан чакана савдо қилиш ҳуқуқи учун йиғим (ойига ЭКИҲнинг 5 баравари);
Республика йўл жамғармасига йиғим (автотранспорт воситалари харид қилинган ва (ёки) вақтинча олиб кирилганда);
СКнинг 349-моддасида кўрсатилган бошқа солиқ ва тўловлар.

Шуни ҳам қайд этиб ўтамизки, юридик шахслар жисмоний шахс­лар даромадларининг манбалари сифатида СКнинг VI бўлими ва 51-бобида белгиланган тартибда жисмоний шахслардан олинадиган даромад солиғи ва суғурта бадалларини ушлашлари ва бюджетга ўтказишлари шарт.

Юқорида кўрсатилган солиқларга қўшимча равишда ҳисобот чораги якунларига кўра асосий фаолият тури чакана савдо бўлган корхоналар ходимлар сони ва меҳнатга ҳақ тўлаш фондининг энг кам меъёрларини аниқлашлари ҳамда меъёрлар ва амалдаги ходимларнинг меҳнатига ҳақ тўлаш фондидан келиб чиқиб жисмоний шахслардан олинадиган даромад солиғи, ягона ижтимоий тўлов ва суғурта бадалларини жами ставкада (2013 йилда – 39%) қўшимча ҳисоб-китоб қилишлари шарт.
Ер солиғининг 3 баравари суммасини ҳисобга олган ҳолда ЯСТни ҳисоблаб чиқариш ва тўлаш тартиби тўғрисидаги батафсил тушунтиришлар, ходимлар сони ва МҲТФнинг энг кам меъёрларига кўра қўшимча ҳисоб-китоб қилишга доир тавсиялар «СБХ»нинг: 1.04.2011 йилдаги 13 (869)-сонида – «ЯСТ: янги база»; 9.05.2012 йилдаги 20 (928)-сонида – «Сотиш кам, солиқ тўлашни ҳам уддаланг»; 5.02.2013 йилдаги 5 (965)-сонида – «Маълумотнома-ҳисоб-китоб топширамиз» ва газетанинг бошқа сонларида эълон қилинган.
Шунингдек сиз уларни norma.uz сайтида ҳам топишингиз мумкин.
1МВ, ИВ ва ДСҚнинг АВ томонидан 3.03.2011 йилда 2203-сон билан рўйхатдан ўтказилган қарори билан тасдиқланган.
2Меҳнат ва аҳолини ижтимоий муҳофаза қилиш вазирининг АВ томонидан 28.12.2010 йилда 2173-сон билан рўйхатдан ўтказилган буйруғи билан тасдиқланган.
3ДСҚ ва МВнинг АВ томонидан 23.02.2011 йилда 2200-сон билан рўйхатдан ўтказилган қарори билан тасдиқланган.



Жавобни «Norma Ekspert» мутахассислари тайёрладилар.

Прочитано: 7825 раз(а)

В этой теме действует премодерация комментариев.
Вы можете оставить свой комментарий.

info!Оставляя свой комментарий на сайте, Вы соглашаетесь с нашими Правилами их размещения.
Гость_
Антибот:

Если Вы заметили ошибку, выделите фрагмент текста, содержащий ошибку, и нажмите Ctrl+Enter.
Сайт разработан в ООО «NORMA», зарегистрирован в Узбекском агентстве по печати и информации 01.06.2018г.
Регистрационное свидетельство № 0406.
Адрес: Узбекистан, 100105, г. Ташкент, Мирабадский р-н, ул. Таллимаржон, 1/1.
Тел. (998 78) 150-11-72. Call-центр:1172. E-mail: admin@norma.uz
Копирование материалов сайта без согласования с администрацией ресурса запрещено.
© ООО «NORMA», 2007-2024 г. Все права защищены.
18+   Яндекс.Метрика