Баъзилар хоҳиш ва пул бўлса, ҳар қандай «таълим» олиш мумкинлигини кейинги йилларгагина хос нарса деб ўйлашади. Эсимда, бир неча йил муқаддам икки оғиз сўзни эплаб гапира олмайдиган бир йигит Москва университетларидан бирини битирганлиги ҳақидаги диплом билан бизнинг Марказга ишга кирмоқчи бўлганди. Ёзган аризасида ғиж-ғиж хато эди...
Рост, қайта қуришдан олдинги даврда ҳам қалбаки ҳужжатлардан фойдаланган жиноятчилар бор эди. Ўтган асрнинг олтмишинчи йилларида содир бўлган бу воқеани шу жиноятни очган терговчи менга гапириб берган эди.
Кўл бўйидаги ғалла қабул қилиш пунктининг идорасида ёнғин чиқди. Ёнғин ҳеч қанча фурсат ўтмай, алангаланиб иморатни тезгина қамраб олганлиги кимдир атай ўт қўймаганмикан деган шубҳа туғдириши табиий. Ёнғиндан кейин воқеа содир бўлган жойни кўздан кечириш бу тусмол асосли эканлигини тасдиқлади. Идора биноси асосан ёғоч-тахтадан иборат эканлиги сабабли кўп из топилмади, аммо деразалар ичкари тарафдан очилганлиги аниқ кўриниб турарди, эшикда эса олов ҳимо қилиб ўтган осма қулф қулфлоғлигича турарди. Кимдир иморатнинг ичидан дераза ойналарини синдириб ўзини ташқарига олганлигини англаш қийин эмасди.
Ёнғин инспекцияси ва милициядан мутахассислар келгунига қадар участка инспектори ёнғин сабабларини ўрганишга киришган. Ўт чиққанлигини биринчи бўлиб кўрган кишини топиб воқеани суриштирган. Бу одам ёнаётган жойга югуриб етиб келганда иморатни батамом аланга қоплаган экан. Аланга ичкаридан буралиб чиқар, деразадан мебель ва бошқа нарсаларнинг, ҳатто пўлат сейфларнинг гуриллаб ёнаётгани кўриниб турарди.
Ёнғин инспекцияси ва жиноят-қидирув бўлими ходимлари туман марказидан етиб келгунча харобалар остидан иккита пўлат сейфни четга олиб чиқишган экан. Уларнинг бири бус-бутун, устидаги бўёқларини олов шунчаки ялаб ўтган экан. Иккинчи сейфнинг эшиги бузиб очилган бўлиб, ичидаги ҳужжатлар бутунлай ёниб битган эди, ҳисоб. Кейинчалик трассологик экспертиза сейфнинг эшиги лом ёрдамида бузилганлигини аниқлаб берди.
Кассир аёлнинг айтишича, ёпиқ сейфда 5 000 сўм бўлиши керак – бир кун олдин Давлат банкидан олиб келган бу пулларни у ишчиларга тарқатишга улгурмаган экан. Ўша кезлари бу анча катта миқдордаги сумма бўлиб, унга иккита «Москвич» автомобили сотиб олиш мумкин эди.
Ёнғин бўлган жой синчиклаб кўздан кечирилганда эркакларнинг кўйлак енгига қадаладиган битта қимматбаҳо илматугма топилди. У оловга бўй бермаган ғишт деворнинг дераза токчасида ётган экан. Хоналарни тозаловчи фаррош аёлнинг айтишича, кечқурун бу нарса бўлмаган, негаки дераза токчасини тозалаётганда уни албатта кўрган бўларди. Аёл илматугманинг бу ерда ётиши бежиз эмас, ҳойнаҳой ўт қўйиш вақтида тушиб қолган бўлса керак, деди. Илматугманинг эмал бўёғи қорайган бўлса-да, қандайдир расмларни илғаш мумкин эди. Уни (илматугмани) экспертизадан ўтказиш ва реставрация қилиш учун шаҳарга юборишди.
Бу орада идора ходимлари бир-бир суҳбатга тортилди. Кассирнинг айтишича, ундан олдин бу ерда иккита аёл ишлаган экан. Уларнинг бири ўз хоҳиши билан ишдан бўшаб кетган, иккинчисини эса камомадга йўл қўйганлиги учун ишдан ҳайдашган. Кассирнинг бу ерга ишга келганига кўп бўлмабди, олдин ишлаган аёл ўша бузиб очилган эски сейфнинг калитини берган экан. Қулфлоғлиқ, аммо ичида ҳеч нарсаси бўлмаган иккинчи сейфни бош бухгалтер бир йилча олдин шаҳардан олиб келган бўлиб, калити битталигини таъкидлаган ҳолда топширган экан.
Эшикдаги қулфнинг калити уч кишига – кассирга, директорга ва бош бухгалтерга берилган бўлиб, эшикдан ҳам, қулфдан ҳам экспертиза бузиш аломатларини топмади.
Ғалла қабул қилиш пункти директори сўроққа тутилганда, у пул ўғирланиши ва ўт қўйилишида илгари судланган, кўпинча маст-аласт бўлиб юрадиган қоровулдан гумон қилаётганлигини айтди. Кассир аёл ҳам шундай хаёлга борганлигини айтар экан, ёнғин арафасида, кечқурун алламаҳалда қоровул унинг ёнига маст ҳолатда келиб, маош берасан деб ҳоли-жонига қўймаганлигини эслади. Кассир пулни эрталаб берамиз деб унга рад жавобини айтган. Қоровул сўкиниб чиқиб кетган. Эшикни ёпиб, қулфлаётганида ҳам келмаган. Ҳолбуки идорани қўриқлайдиган одам бунда ҳозир бўлиши шарт.
Сархуш қоровул эртаси куни шаҳардан йўловчи машинада қайтди. Култепага айланган идорани кўриб, унинг кўзлари ола-кула бўлиб кетди – бутун турқи-таровати билан даҳшатга тушган бўлди. Бир қўлсиз эканлиги сейфни у лом билан бузиб очган деган гумонга чек қўйди. Тўғри, бу жиноятда унинг шериги бўлиши мумкин. Бироқ жиноят-қидирув бўлими ходимлари қоровул ўғирликка ҳам, ёнғинга ҳам алоқадор эмас деган фикрга бордилар. Кейинроқ ўша мудҳиш ҳодиса содир бўлган куни кечқурун унинг шаҳарда, арзон вино сотиладиган жойларда юрганлигини тасдиқловчи гувоҳлар топилди.
Пул ўғирланган сейфнинг калити бош бухгалтерда ҳам борлиги аниқлангач, шубҳа йўналиши унга қаратилди. Аммо директор икки йилчадан бери ҳалол ва виждонан ишлаб келаяпти дея бош бухгалтернинг тўғрилигига шахсан жавоб бераман деб қатъият билан туриб олди. Ҳужжатлари ўрганиб чиқилганда, ҳақиқатан ҳам биографияси силлиққина – хира томонлари йўқ эди.
Бухгалтерия ва идора ходимлари бир ярим йиллар чамаси олдин ғалла қабул қилиш пунктига баланд бўйли, сочлари оппоқ бу киши бош бухгалтер бўлиб ишга келганлигини айтишди. Шаҳардан рафиқаси ва икки боласи ҳам кўчиб келиши кераклиги боис уй-жой масаласи муаммо бўлса ҳам унга уч хонали квартира ажратиб беришди. Яхши мутахассисни қўлдан ким ҳам чиқаришни истарди дейсиз?!
Лекин оиласидан дарак бўлмади, маълум вақтдан кейин бухгалтерияга ижро варақаси келди: унга қараладиган бўлса, бош бухгалтерни намунали ота деб бўлмасди. Кейинчалик яхши мутахассис деган таъриф ҳам мўрт бўлиб чиқди, у ҳамма ишни бошқаларнинг зиммасига юклаш ҳадисини олган экан. Аввалги икки кассир ҳам унинг изми билан алмаштирилган. Ҳар иккала кассир бош бухгалтер кассадан мунтазам равишда пул олиб юрарди деб айтишди. Кассирлар тилхат сўраганларида у ўдағайлаб, ишдан ҳайдаб юбораман деб пўписа қилган. Шу сабабли ҳам кассирлардан бири ўз хоҳиши билан бўшаб кетган, иккинчиси эса, гарчи 250 сўм миқдоридаги камомадни қоплаган бўлса-да, талон-торож учун ишдан бўшатилган.
Ҳозирги кассирнинг айтишича, бош бухгалтер ундан ҳам бир неча марта пул қарз олган, аммо аёл ҳар сафар қатъият билан тилхат талаб қилган. Эшиги бузиб очилган сейфда бош бухгалтернинг жами 300 сўм олганлигига оид тилхатлар бор эди – ҳаммаси ёнғин пайтида ёниб кулга айланибди.
Экспертизадан реставрация қилинган илматугмани олиб келишди – унда тамаки чекиладиган трубка тасвирланган экан. Бухгалтерия ходимлари бу илматугма бош бухгалтерга тегишли эканлигини айтишди: икки ҳафта олдин шаҳарга борганида сотиб олган экан.
Ёнғин бўлган кечаси ғира-шира тонгда участка инспектори бош бухгалтернинг ўйнашини кўчада учратиб қолибди. У бензин анқиб турган бўш челакка газета ўралган нарсани солиб, адир тарафга жадал борарди. Участка инспекторини кўриб довдираб қолган аёл ҳозиргина кўчадан топиб олдим, сизга олиб кетаётган эдим деган бўлди тутила-тутила.
Бош бухгалтернинг қилмишга алоқадорлигини кўрсатувчи бавосита далиллар кўп, бироқ бевосита далиллар керак эди.
Бош бухгалтер ўйнаши билан яшаётган квартирада тинтув ўтказиш учун ордер олинди. Холислар билан квартирага кириб борилганда, у ўзини хотиржам тутди, милициянинг хатти-ҳаракатларидан норозилигини яширмади ҳам. Аммо маъшуқаси саросимага тушиб, асабийлаша бошлади. Тинтув вақтида кийим жавонидан бир енгида тамаки чекиладиган трубка тасвири туширилган илматугма осилиб ётган кўйлак топилди. Тезкор ходим квартира соҳибига ёнғин бўлган жойда топилган шундай илматугмани кўрсатганида у ўта вазминлик билан ёнғин чиқмасидан анчагина аввал, кундуз куни қаердадир тушириб қўйган эдим деб айтди.
Квартирадан пул топилмади. Холислар милиция ходимлари нима сабабдан сочлари оппоқ одамни бунчалик безовта қилаётганларига ажабланаётганликлари табиий. Участка инспектори тезкор ходимга пулларни ертўладаги омбордан қидириб кўришни маслаҳат берди. Ҳамма ҳовлига қараб йўл олар экан, бош бухгалтернинг чеҳрасида қандайдир ўзгаришлар бўлди, лекин барибир анча хотиржам эди.
Ертўлага картошка лиқ-лиқ қилиб солинган экан. Энг эҳтиёткор одамларда ҳам картошка охирлаётган бир паллада унинг ертўласида картошканинг бунчалик мўллиги таажжублантирарли эди. Холислар картошкани челаклаб ташқарига чиқара бошладилар. Ҳадемай участка инспекторининг қўли чандиб боғланган юмшоқ тугунга тегди. Унда 5 000 сўм бор экан. Холислар ҳайрон қолиб, бир пулга, бир бош бухгалтерга қарардилар. Бош бухгалтер қўлини бир силкитди-ю, шундай деди: «Ёзинг, гражданин терговчи, бу гал қовун туширибман шекилли».
Шундан кейин жиноятчи кассирдан қарз олишга олиб, уни қай йўсинда узишни билмай, сейфдан пулни ўғирлаб, ёнғин чиқариш фикрига борганлигини айтди. Фурсати келганда керак бўлар деб иккинчи калитни атайин яшириб қўйганлигини ҳам тан олди. Қолаверса, 250 сўм камомади учун ишдан ҳайдалган аввалги кассир ҳам унинг жатига қолганлигини яширмади – ўшанда ўзидаги захира калитидан фойдаланиб ана шу пулни кассадан ўмарган экан.
Ўғирлик ва ёнғин белгилари воқеа содир бўлган жойни кўздан кечириш натижасида аниқланган ва гувоҳларнинг кўрсатувлари билан тасдиқланган фактларга тўғри келар эди. Аммо терговчи бош бухгалтернинг «бенуқсон, силлиққина биографияси» ҳамон таажжубда эди. Шунда жиноятчи ёш юристнинг соддалигидан кулиб, ҳаммаси жўнгина эканлигини тушунтириб берди. Ғалла қабул қилиш пункти директорининг унга бўлган ишончи бош бухгалтер тақдим қилган «беками кўст» дипломи ва меҳнат дафтарчасига асосланган экан. Аслида эса унинг бор-йўқ таълими тугалланмаган олти ойлик бухгалтерия курси экан, холос. Таълим ҳақидаги дипломи ҳам, меҳнат дафтарчасида кўрсатилган йигирма йиллик стаж ҳам қалбаки бўлиб, бу стаж унинг қамоқда ўтирган 20 йиллик «стажи»га тенг эди. Мана сизга бенуқсон, силлиққина биография?!
Панжара ортидаги биографияси «бош бухгалтер» асирга тушиб, немисларга хизмат қилган урушнинг дастлабки кунларида бошланган бўлиб, биринчи жазо муддатини урушдан кейин олган. Амнистия туфайли озодликка чиққач, чайқовчилик билан шуғулланиб, яна қамалган. Шундан кейин ҳам тўғри йўлдан юришга рағбати бўлмаган. Ўғирлик қилиб идорага ўт қўйганлиги учун, шубҳасиз, уни учинчи жазо муддати кутарди.
Жиноятчига қилмишига яраша, муносиб жазо муддати белгилашди. Анча ёшга бориб қолганлиги инобатга олинса, бу жиноят унинг ҳаётида охиргиси бўлиб қолар деб умид қилса бўлар эди.
Ольга МАРШАНСКАЯ,
Адлия вазирлиги ҳузуридаги Республика суд экспертизаси
марказининг давлат суд эксперти.