Ўзбекистоннинг ҳозирги тарихига жуда қизиқаман. Ўзбекистон Республикасининг миллий паспорти қачон пайдо бўлганлиги ва у биометрик паспортдан нимаси билан фарқ қилишини билишни хоҳлардим. Бундай паспорт жорий этилган пайтда у ҳаммага бериладими?
Фаррух.
– Вазирлар Маҳкамасининг «Ўзбекистон Республикаси фуқароси паспортини жорий этиш билан боғлиқ чора-тадбирлар тўғрисида» 533-сон қарори 1992 йил 13 ноябрда қабул қилинган. Қарор билан Ўзбекистон Республикаси фуқаросининг паспорти тўғрисидаги низом тасдиқланди, вазирликлар ва идораларнинг Ўзбекистон Республикаси фуқароси паспортини тайёрлаш ва жорий этиш бўйича асосий вазифалари белгиланди.
1994 йил 23 декабрда Президентнинг «Ўзбекистон Республикасида паспорт тизими тўғрисидаги низомни амалга киритиш ҳақида» ПФ-1027-сон Фармони имзоланди ва 1995 йил 1 январдан бошлаб республикада аҳолига босқичма-босқич паспорт бериш бошланди, у 2000 йил 1 январда тугалланди.
Электрон ахборот ифодачисига эга бўлган паспорт Ўзбекистон аъзоси бўлган Халқаро фуқаролик авиацияси ташкилоти (ИКАО)нинг талабларига тўлиқ мувофиқлигини билдиради. Бундан ташқари, у электрон ахборот ифодачиси (чип) ва кўп миқдорда ҳимояланиш даражаларига эга. Шуни ҳам таъкидлаш лозимки, илгари Ўзбекистон Республикаси фуқароси паспорти фақат 16 ёшга тўлган шахсларга берилган. Хорижга чиқаётганда унга ота-онаси билан кетаётган болалар ёзиб қўйилган. Янги намунадаги паспорт халқаро амалиётга мувофиқ, ёшидан қатъи назар, хорижга чиқаётган болаларга ҳам берилади.
ИКАО талабларига мувофиқ, хорижий давлатларнинг чегарасини кесиб ўтиш тартибини соддалаштириш, фуқароларнинг қонуний манфаатларини ҳимоя қилиш мақсадида Президентнинг «Ўзбекистон Республикаси паспорт тизимини такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида» Фармони (5.11.2011 йилдаги ПФ-4262-сон) билан 2012 йил май ойидан республикада Ўзбекистон Республикаси фуқаросининг электрон ахборот ифодачисига эга бўлган биометрик паспорти жорий этилди, унга қуйидаги маълумотлар киритилди: ҳужжатнинг номи ва тури, у кимга берилганлиги, шахслаштириш органи, эгасининг Ф.И.Ш., туғилган санаси, рақамли фото сурати, у ҳақда машинада ҳисобланадиган маълумотлар, биографик маълумотлар, қўл бармоқларининг изи.
«Ўзбекистон Республикасининг фуқаролиги тўғрисида»ги Қонуннинг (2.07.1992 йилдаги 632-XII-сон) 5-моддасига кўра паспорт республика ичида ҳам, ундан ташқари ҳам – Ўзбекистон Республикасининг фуқаролигини тасдиқловчи асосий ҳужжат деб ҳисобланади. Ушбу Қонуннинг 4-моддасига мувофиқ «Ўзбекистон Республикасининг фуқаролиги тўғрисида»ги Қонун кучга кирган кунда, яъни 1992 йил 28 июлда Ўзбекистон Республикасида доимий яшаб турган бошқа давлатларнинг фуқаролари бўлмаган ва Ўзбекистон Республикасининг фуқароси бўлиш истагини билдирган шахслар Ўзбекистон фуқароларидир.
Мазкур моддага кўра ҳарбий хизматни Ўзбекистондан таш-қарида ўтаётган, хорижда ўқиётган, давлат йўлланмаси бўйича хорижда ишлаётган ва кўрсатилган Қонун кучга кирганидан кейин кечи билан бир йил ичида Ўзбекистон Республикасининг фуқароси бўлиш истагини билдирган шахслар ҳам республикамиз фуқароси ҳисобланадилар. Қонун кучга кирган кунда республика ҳудудида доимий яшалганликни паспортидаги доимий прописка тўғрисидаги штампнинг борлиги тасдиқлайди.
Жавобларни бизнинг эксперт Санжар ХЎЖААҲМЕДОВ тайёрлади.