Институтда техник ходим лавозимини кутубхоначилик билан бирга олиб бориш учун қўшимча ҳақ қанча суммани ташкил этади?
Ю.Абдувалиева,
кутубхона директорининг ўринбосари.
– МКнинг 160-моддаси ва Ўриндошлик асосида ҳамда бир неча касбда ва лавозимда ишлаш тартиби тўғрисидаги низомнинг (ВМнинг 18.10.2012 йилдаги 297-сон қарори билан тасдиқланган) 20-бандига кўра ходим томонидан меҳнат шартномасида келишилган ўзининг асосий иши билан биргаликда бошқа касб ва лавозим бўйича қўшимча иш бажарилиши ва корхонанинг ички тартиб-қоидалари билан белгиланган ўзининг асосий ишидан озод бўлмаган ҳолда, вақтинча бўлмаган ходимнинг вазифаларини бажариши бир неча касб ва лавозимда ишлаш деб эътироф этилади. Унга, қоидага кўра, ушбу ходим тегишли бўлган ходимлар тоифаси доирасида рухсат берилади.
Бир неча касб ва лавозимда ишлаш, ўзининг асосий иши билан биргаликда вақтинча бўлмаган ходимларнинг вазифаларини бажарганлик учун қўшимча ҳақ тўланади (юқоридаги Низомнинг 23-банди).
Бюджет ташкилотларида уни иш берувчилар Молия вазирлиги ҳамда Меҳнат ва аҳолини ижтимоий муҳофаза қилиш вазирлиги билан келишиб белгилайдилар. Бунда қўшимча ҳақ миқдори бир неча касб ва лавозимда ишлагандаги лавозим маошининг 30%идан юқори бўлиши мумкин эмас (Низомнинг 21 ва 25-бандлари). Сизнинг ҳолатингизда – техник ходим маошининг 30%идан ортиқ эмас.
Бошқа мулкчилик шаклларига мансуб корхоналарда қўшимча ҳақ миқдори, агар корхона ички меҳнат тартибида ўзгача қоида назарда тутилмаган бўлса, томонларнинг келишувига кўра белгиланади (Низомнинг 24-банди).
«Кадрлар бўлими» рукнини эксперт-юристимиз Абдусалом РИСҚУЛЛАЕВ олиб боради.