Norma.uz

Ярмарка якунланди. Иш давом этмоқда

Тошкентда VI Инновацион ўоялар, технологиялар ва лойиҳалар республика ярмаркаси ниҳоясига етди

«Ўзэкспомарказ»да 24-26 апрель кунлари бўлиб ўтган VI Инновацион ғоялар, технологиялар ва лойиҳалар республика ярмаркасида мамлакатимиз олимлари ва мутахассислари томонидан яратилган янги ишланмаларни жорий этиш бўйича умумий қиймати 12 млрд 300 млн сўмдан ортиқ 360 дан зиёд шартнома имзоланди.

Мазкур инновациялар ярмаркаси Президентимиз Ислом Каримов томонидан мамлакатимизда инновацион иқтисодиётни шакллантириш ва шу мақсадда ишлаб чиқаришни модернизация қилиш, техник ҳамда технологик янгилаш бўйича белгилаб берилган вазифалар ижросини таъминлаш доирасида ҳар йили ўтказиб келинмоқда.

Мамлакатимизда илм-фан ва ишлаб чиқаришни интеграциялаштириш бўйича йўлга қўйилган самарали тизим миллий иқтисодиётимизни модернизация қилиш, Ўзбекистоннинг илмий салоҳиятини юксалтириш имконини бермоқда. Бу борадаги ишлар олимлар ва хўжалик юритувчиларнинг муайян ишлаб чиқариш вазифаларини бажаришда ўзаро манфаатли ҳамкорлиги, илмий-техник янгиликларни ўзлаштириш орқали амалга оширилмоқда.

Моҳиятига кўра, янада юксак натижалар бераётган янги ва шу билан бирга, мунтазам такомиллашиб бораётган технология ҳисобланган анъанавий Инновацион ғоялар, технологиялар ва лойиҳалар республика ярмаркаси бундай ҳамкорлик самарадорлигини оширишнинг муҳим воситасига айланмоқда. Бу галги ярмаркада мамлакатимизнинг юздан ортиқ илмий, илмий-тадқиқот муассасалари, олий ўқув юртлари ва тажриба-конструкторлик ташкилотларининг қарийб 550 технология ҳамда ишланмалари намойиш этилди. Янгиликларнинг аксарияти реал ишлаб чиқаришга жорий этишга тўлиқ тайёр бўлиб, бугунги кун талабларига жавоб берадиган янги материаллар, юқори самарали машиналар, қурилмалар ва жаҳон стандартларига мос бошқа илмталаб маҳсулотлар яратишга кўмаклашадиган экспортбоп ҳамда импорт ўрнини босадиган технологиялардир.

Ярмаркада тақдим этилган саноат намуналари, технология ва оригинал лойиҳалар миллий иқтисодиётимиз ҳамда ижтимоий соҳаларни ривожлантиришга хизмат қиладиган беш асосий йўналиш бўйича тақсимланди. Чунончи, уларнинг кўпчилиги ярмаркада имзоланган шартномалар натижасида яқин вақт ичида саноат, қишлоқ хўжалиги, соғлиқни сақлаш, фармацевтика, ахборот технологиялари, илм-фан, таълим соҳасига жорий этилади. Бунда маҳаллий хом ашё ва материаллар, жумладан, чиқиндилардан кенг фойдаланиш, экологик хавфсизликни таъминлаш ушбу барча ишланмаларнинг ўзига хос хусусиятларидандир.

Мисол учун, «Жиззах пластмасса» очиқ акциядорлик жамияти пилла қурти ғумбагини қайта ишлаш бўйича Фанлар академиясининг Полимерлар кимёси ва физикаси институтида ишлаб чиқилган чиқиндисиз комплекс технологияни ўзлаштиради. «Аммофос-Максам» очиқ акциядорлик жамиятида Умумий ва ноорганик кимё институти билан ярмаркада тузилган шартномага мувофиқ модификация қилинган фосфогипс қўшилган цемент ишлаб чиқарадиган тажриба-саноат корхонаси ташкил этилади.

«Ўзпахтасаноат» уюшмаси Фанлар академиясининг Механика ва иншоотлар сейсмик мустаҳкамлиги институтидан айланадиган валларни мувозанатлаштирувчи электрон технологияни харид қилди. Бунинг самарасида соҳа корхоналарида ускуналарнинг иш сифати ва чидамлилиги ортади. Уюшманинг олимлар билан инновацион ҳамкорлик самарадорлиги йилдан–йилга ошиб бормоқда. 2008 йилда ўтган дастлабки ярмаркада «Ўзпахтасаноат» тўққизта шартнома тузган бўлса, бу галги ярмаркада уларнинг сони ўн баравардан ошди.

Иқтисодиёти жадал ривожланиб бораётган мамлакатимизда энергетика, хусусан, қайта тикланадиган энергия манбаларидан қувват оладиган муқобил энергетикани ривожлантиришга алоҳида эътибор берилмоқда. Фанлар академияси «Физика-Қуёш» илмий-ишлаб чиқариш бирлашмаси Физика-техника институти мутахассислари томонидан кўплаб шундай технологиялар яратилди. Институт ҳузурида қуёш энергиясидан фойдаланадиган турли русумдаги фотоэлектр тизимлари, жумладан, электр ва иссиқлик энергиясини олиш, шунингдек, сув иситиш учун паст қувватга эга фотоэлектр тизимлар ишлаб чиқарадиган корхоналар ташкил этилди. Ярмаркада уларни сотиб олиш учун умумий қиймати 200 миллион сўмдан ортиқ ўттизга яқин шартнома имзоланди. Уларнинг асосий истеъмолчилари орасида чекка туманларда жойлашган фермер хўжаликлари ҳам бор.

Олий ўқув юртларининг илм-фан салоҳияти йил сайин ошиб бормоқда. Мазкур ярмаркада Ўзбекистон Олий ва ўрта махсус таълим вазирлиги тизимидаги ўқув юртлари тақдим этган қарийб 200 ишланманинг аксарияти талабалар иштирокида яратилган бўлиб, ҳудудларни ижтимоий-иқтисодий юксалтиришга қаратилган.

Ярмаркада «Ўзинфоком» маркази томонидан намойиш этилган «e-kommunal.uz» портали ҳам катта қизиқиш уйғотди. У уй-жой-коммунал хўжалигига тааллуқли барча маълумотларни, шунингдек, бир қанча интерфаол хизматлар, чунончи, коммунал хўжалиги органларига мурожаат қилиш, истеъмолчи ҳисобрақамининг ҳолати тўғрисида ахборот олиш хизматларини кўрсатади. Муҳими, бу порталдан барча фуқаролар бепул фойдаланиши мумкин.

Ярмарка доирасида бўлиб ўтган уч илмий-амалий семинарда инновацион тараққиётнинг ҳудудий муаммолари, қишлоқ хўжалиги самарадорлигини ошириш учун янги технология ҳамда ишланмалар, шунингдек, ёш олимлар ва талабалар салоҳиятини инновация фаолиятини ривожлантиришга жалб қилиш бўйича долзарб масалалар муҳокама этилди. Бундан ташқари, «Ўзбекистонда инновация фаолиятини янада ривожлантиришнинг долзарб масалалари» мавзуида давра суҳбати ҳам бўлиб ўтди.

VI Инновацион ғоялар, технологиялар ва лойиҳалар республика ярмаркаси унда тақдим этилган барча асосий тармоқлар ва йўналишларни ўз ичига олган етти номинация бўйича энг яхши инновация лойиҳаси учун танлов ғолибларини мукофотлаш билан якунланди.

ЎзА материаллари асосида тайёрланди.

Прочитано: 2490 раз(а)

В этой теме действует премодерация комментариев.
Вы можете оставить свой комментарий.

info!Оставляя свой комментарий на сайте, Вы соглашаетесь с нашими Правилами их размещения.
Гость_
Антибот:

Если Вы заметили ошибку, выделите фрагмент текста, содержащий ошибку, и нажмите Ctrl+Enter.
Сайт разработан в ООО «NORMA», зарегистрирован в Узбекском агентстве по печати и информации 01.06.2018г.
Регистрационное свидетельство № 0406.
Адрес: Узбекистан, 100105, г. Ташкент, Мирабадский р-н, ул. Таллимаржон, 1/1.
Тел. (998 78) 150-11-72. Call-центр:1172. E-mail: admin@norma.uz
Копирование материалов сайта без согласования с администрацией ресурса запрещено.
© ООО «NORMA», 2007-2024 г. Все права защищены.
18+   Яндекс.Метрика