Norma.uz
Газета Норма маслахатчи / 2013 год / № 11 / Оила муносабатлари

Суд қарори қўлга қачон берилади

Яқинда мен даъвогар сифатида иштирок этган фуқаролик иши бўйича суд жараёни якунланди. Даъво талабларим рад этилгани боис суднинг ҳал қилув қарори устидан апелляция инстанциясига шикоят қилмоқчиман. Бироқ менга қарорни беришмаяпти, ҳолбуки орадан 3 ҳафта ўтиб кетди. Суднинг ҳал қилув қарори қанча вақт мобайнида берилиши керак?

Комила.

– Фуқаролик процессуал кодекси (ФПК)нинг 203-моддасига кўра суднинг ҳал қилув қарори иш кўриб бўлинганидан сўнг дарҳол чиқарилади. Алоҳида ҳолларда жуда мураккаб ишлар юзасидан асослантирилган ҳал қилув қарорини тайёрлаш кўпи билан 3 кунга кечиктирилиши мумкин, лекин ҳал қилув қарорининг хулоса қисмини суд ишни кўриш тамомланган мажлиснинг ўзидаёқ эълон қилиши керак. Айни бир вақтда суд ишда иштирок этувчи шахслар асослантирилган ҳал қилув қарори билан қачон танишиб чиқишлари мумкинлигини эълон қилади. Ҳал қилув қарорининг эълон қилинган хулоса қисми судья (судьялар) томонидан имзоланади ва ишга қўшиб қўйилади.

ФПКнинг 223-моддасига кўра тарафлар ва ишда иштирок этувчи бошқа шахсларнинг илтимосига кўра, уларга суднинг ҳал қилув қарори ёки иш юритишни тўхтатиб туриш, тугатиш ёки аризани кўрмай қолдириш ҳақида чиқарган ажримининг нусхаси берилади. Амалиётда ҳал қилув қарорлари улар чиқарилганидан кейин 10 кун ўтгач берилади. Бироқ мен ҳал қилув қарорларини 20 кундан кейин, бир гал эса ҳатто 40 кундан кейин олганман. Афсуски, Кодексда қандай муддат мобайнида суднинг ҳал қилув қарори иш бўйича тарафлар (даъвогар ва жавобгар) ёки аризачига берилиши кераклиги кўрсатилмаган. Ваҳоланки, агар ФПКнинг 203-моддасига кўра ҳал қилув қарори у чиқарилган кундан бошлаб кўпи билан 3 кун ичида тўлиқ тузилиши керак бўлса, мантиқан олганда шундан сўнг дарҳол тарафга унинг илтимосига кўра нусхаси берилиши керак. Фуқаролик процессуал кодексида фақат суд мажлисига келмаган шахсларга ҳал қилув қарорини юборишгина кўрсатилган. Чунончи, суд мажлисига келмаган тарафлар ва ишда иштирок этувчи бошқа шахсларга суднинг ҳал қилув қарори ёки иш юритишни тўхтатиб туриш, тугатиш ёки аризани кўрмай қолдириш тўғрисидаги ажримининг нусхаси ҳал қилув қарори ёхуд ажрим чиқарилган кундан эътиборан 5 кундан кечиктирмай юборилади (ФПКнинг 223-моддаси).

Суд мажлисини ўтказиш вақти ва жойидан лозим даражада хабардор қилинган жавобгар унга келмаган тақдирда иш сиртқи юритиш тартибида, агар даъвогар бунга норозилик билдирмаса, кўриб чиқилиши мумкин. Суд мажлисига келмаган тарафга сиртдан чиқарилган ҳал қилув қарорининг нусхаси у чиқарилган кундан эътиборан 5 кундан кечиктирмай юборилади (ФПКнинг 228-моддаси).

Давлат ва бошқа органларнинг, шунингдек мансабдор шахсларнинг ҳаракатлари (қарорлари) устидан шикоятлар бўйича кўрилган ишларга келсак, Олий суд Пленумининг «Фуқароларнинг ҳуқуқлари ва эркинликларини бузадиган хатти-ҳаракатлар ва қарорлар устидан келтирилган шикоятларни судларда кўриш амалиёти тўғрисида» қарори (19.07.1996 йилдаги 18-сон) 16-бандига мувофиқ суднинг ҳал қилув қарори ҳаракатлари (қарорлари) устидан шикоят қилинган корхона, муассаса, ташкилот, жамоат бирлашмаси, ёки мансабдор шахсга, шунингдек фуқарога у кучга киргандан кейин кўпи билан 10 кун ичида юборилиши керак. Буйруқ чиқаришда1 назарда тутилишича, суд буйруғи чиқарилгандан кейин судья унинг нусхасини дарҳол қарздорга юборади.

Албатта, агар шахс суднинг ҳал қилув қарорига қўшилмаса ва унинг устидан шикоят қилишни хоҳласа, у ҳал қилув қарорини у кучга киргунига қадар ҳам олиши мумкин.

Суднинг ҳал қилув қарори устидан сиз суд ҳал қилув қарори чиқарилганидан кейин апелляция тартибида 20 кун мобайнида шикоят қилишингиз мумкин. Агар сиз ушбу муддатни 20 кун мобайнида суднинг ҳал қилув қарорини олмаганлигингиз туфайли ўтказиб юборган бўлсангиз, судга апелляция шикояти бериш учун ўтказиб юборилган муддатни тиклаш аризаси билан мурожаат қилишингиз керак. Ишда иштирок этувчи шахслар қонунда белгиланган муддатни суд узрли деб топган сабабларга кўра ўтказиб юборган бўлсалар, мазкур муддат тикланади. Одатда судлар муддат ҳал қилув қарорини бериш орқага сурилганлиги муносабати билан ўтказиб юборилган бўлса, уни тиклайдилар. Ўтказиб юборилган процессуал муддатни тиклашни рад этиш тўғрисида суд чиқарган ажрим устидан хусусий шикоят берилиши ёки хусусий протест келтирилиши мумкин (ФПКнинг 130-моддаси).

Мен сизга судьянинг номига ҳал қилув қарорини бериш тўғрисида ариза ёзиш ва уни тилхат олиб, суднинг девонхонасига топширишни маслаҳат бераман, токи кейинчалик ҳал қилув қарори учун мурожаатингиз ўз вақтида бўлганлигига шубҳа туғилмасин.

Айни вақтда тарафларга суднинг ҳал қилув қарори эълон қилинганидан кейин уни бериш (жўнатиш) муддати ва унга риоя этиш учун жавобгарликни белгилайдиган меъёрни жорий этиш мақсадга мувофиқ бўлади. Чунончи, Жиноят-процессуал кодексининг 475-моддасида аниқ қилиб кўрсатилишича, ҳукм эълон қилинганидан кейин 3 суткадан кечиктирилмай, ҳажми катта бўлган тақдирда эса, 10 суткадан кечиктирилмай, унинг нусхаси маҳкумга ва оқланган шахсга берилиши лозим. Бошқа тарафларга ҳукм нусхаси ёки унинг кўчирмаси шу муддатда, уларнинг илтимосларига асосан берилади.

Фуқаролик ишлари бўйича ҳам ҳал қилув қарорларини топширишнинг худди шундай муддатлари белгиланса яхши бўлар эди.

Ахтам ҲИКМАТОВ, адвокат.

Прочитано: 4000 раз(а)

В этой теме действует премодерация комментариев.
Вы можете оставить свой комментарий.

info!Оставляя свой комментарий на сайте, Вы соглашаетесь с нашими Правилами их размещения.
Гость_
Антибот:

Если Вы заметили ошибку, выделите фрагмент текста, содержащий ошибку, и нажмите Ctrl+Enter.
Сайт разработан в ООО «NORMA», зарегистрирован в Узбекском агентстве по печати и информации 01.06.2018г.
Регистрационное свидетельство № 0406.
Адрес: Узбекистан, 100105, г. Ташкент, Мирабадский р-н, ул. Таллимаржон, 1/1.
Тел. (998 78) 150-11-72. Call-центр:1172. E-mail: admin@norma.uz
Копирование материалов сайта без согласования с администрацией ресурса запрещено.
© ООО «NORMA», 2007-2024 г. Все права защищены.
18+   Яндекс.Метрика