Norma.uz
Газета Норма маслахатчи / 2013 год / № 11 / Қонунчиликдаги янгиликлар

Янги ҳужжатларни тақдим этамиз

Тақдим этилаётган, шунингдек сўнгги пайтда қабул қилинган бошқа ҳужжатларнинг тўлиқ матни билан norma.uz сайтида танишиб чиқишингиз мумкин.

 

ЕР УЧАСТКАСИ «БИР ОЙНА» ОРҚАЛИ ОЛИНАДИ

Вазирлар Маҳкамаси «Шаҳарсозлик фаолиятини амалга ошириш ҳамда қишлоқ хўжалигига оид бўлмаган эҳтиёжлар учун ер участкалари бериш, шунингдек объектларни қуришга рухсатномалар бериш тартибини тубдан соддалаштириш чора-тадбирлари тўғрисида» қарор (25.02.2013 йилдаги 54-сон) қабул қилди.

Шуни эслатиб ўтамизки, Президентнинг «Ишбилармонлик муҳитини тубдан яхшилаш ва тадбиркорликка янада кенг эркинлик бериш чора-тадбирлари тўғрисида» Фармони (18.07.2012 йилдаги ПФ-4455-сон) билан такрорланувчи, ортиқча ва эскирган механизмларни йўқотиш, қуришга рухсатномалар бериш таомилининг очиқ-ошкоралигини ошириш ва соддалаштириш мақсадида объектлар қуришга ер участкалари ажратиш ва рухсатномалар олишнинг барча зарур босқичлари ва таомилларини, шунингдек мазкур соҳадаги илғор халқаро тажрибани батафсил ўрганиш вазифаси қўйилган.

Қабул қилинган Қарор билан белгиланган тартибга кўра, ер участкасини танлаш ва ажратиш бўйича материалларни тайёрлаш ҳамда уларни ваколатли органлар билан келишиш «бир ойна» тамойили бўйича амалга оширилади. Тадбиркорлик фаолияти учун ер участкаларини тақдим этишда, шунингдек объектлар қуришга рухсатномалар беришда «бир ойна» тамойили ариза берувчининг иштироки фақат ариза беришдан иборат бўлишини ҳамда унинг давлат органлари томонидан материалларни тайёрлаш ва келишишга жалб этилмаслигини назарда тутади.

Тадбиркорлик субъектларининг ҳуқуқларини ҳимоя қилиш мақсадида уларга ер участкалари берилишини энг кўп даражада таъминлаш талаби кучайтирилмоқда, бериш имконияти бўлмаганда асосли рад жавоби берилиши керак. Ваколатли органлар тақдим этилган аризага қонунчиликда белгиланган муддатда асосли рад жавоби бермаганда ушбу ариза маъқулланган деб топилади, ҳужжатда аниқ белгиланган ҳолатлар бундан мустасно.

Қарор билан қуйидаги низомлар тасдиқланди:

Шаҳарсозлик фаолиятини амалга ошириш учун аҳоли пунктларида ер участкалари бериш, қурилиш объектларини лойиҳалаштириш ва рўйхатдан ўтказиш, шунингдек объектларни фойдаланишга қабул қилиш тартиби тўғрисида низом;

Қишлоқ хўжалигига оид бўлмаган эҳтиёжлар, шунингдек икки ва ундан ортиқ туманлар ёки вилоятлар ҳудудида жойлаштириладиган объектлар қурилиши учун аҳоли пунктлари ташқарисидан ер участкалари бериш тартиби тўғрисида низом.

Ер участкасини танлаш ва ажратиш бўйича материалларни тайёрлаш ҳамда уларни ваколатли органлар билан келишиш Давлат архитектура ва қурилиш қўмитасининг ҳудудий бўлинмалари, шунингдек Ер ресурслари, геодезия, картография ва давлат кадастри давлат қўмитаси таркибига кирувчи хўжалик ҳисобидаги давлат корхоналари томонидан амалга оширилади.

 

ҚИЗИЛМИЯ ШУНЧАКИ ГИЁҲ ЭМАС

Вазирлар Маҳкамасининг 1.03.2013 йилдаги 61-сон қарори билан яланғоч қизилмияни қайта ишловчи ташкилотлар учун рухсат бериш таомилларини соддалаштиришга доир чора-тадбирлар белгиланди. Яланғоч қизилмия тайёрловчига (юридик ёки жисмоний шахсга), у Ўзбекистоннинг яланғоч қизилмия илдизи экстракти ишлаб чиқарадиган қайта ишловчи ташкилотлари билан ғамланган яланғоч қизилмияни етказиб бериш юзасидан шартнома тузган тақдирда, рухсатнома олмасдан уни ғамлаш (тўплаш)ига рухсат этилди. Шартнома тузилмаган тақдирда тайёрловчи Давлат табиатни муҳофаза қилиш қўмитасидан бир килограмми учун ЭКИҲ 0,008 коэффициентига тенг миқдорда тўлов тўлаб, ғамлашга рухсатнома олиши керак.

Қарор билан сотувчилар (юридик ва жисмоний шахслар) – Ўзбекистон Республикаси фуқаролари учун:

яланғоч қизилмия хом ашёсини (ТИФ ТН коди 1211 90 850 0) четга олиб чиқишга рухсатнома бериш учун – 1 тонна учун 225 АҚШ доллари миқдорида;

яланғоч қизилмияни қайта ишлашдан олинган маҳсулотни (ТИФ ТН коди 1302 12 000 0) четга олиб чиқиш учун – 1 тонна учун 100 АҚШ доллари миқдорида тўлов белгиланди.

 

КЎЗДАН КЕЧИРИШНИ БЕКОР ҚИЛИБ БЎЛМАСА

Вазирлар Маҳкамасининг 4.03.2013 йилдаги 62-сон қарори билан Вазирлар Маҳкамасининг «Ўзбекистон Республикасининг божхона чегараси орқали олиб ўтилаётганда кўздан кечириш мажбурий бўлган товарлар рўйхатини тасдиқлаш тўғрисида»ги қарорига (4.05.2006 йилдаги 75-сон) ўзгартириш ва қўшимчалар киритилди.

Аввало ўзгартиришлар билан чегара орқали олиб ўтилаётган мажбурий кўздан кечириладиган товарларнинг божхона органлари томонидан божхона кўригидан ўтказилиши жойи деб божхона юк декларациялари тақдим этиш жойи ҳисобланиши аниқ белгиланди. Товарларнинг чегарадаги божхона постларида кўздан кечирилиши қуйидаги ҳолларда:

товарга илова қилинган ҳужжатлардаги маълумотлар ўзаро бир-бирига мувофиқ бўлмаган ёхуд ташилаётган товарларнинг тўлиқ номи ва кодлари Товарларни тавсифлаш ва кодлашнинг уйғунлаштирилган тизимига мувофиқ камида 6 та белги даражасида кўрсатилмаганда;

божхона назоратининг техник воситаларини қўллаш якунлари бўйича амалдаги маълумотларнинг товарга илова қилинган ҳужжатлардаги маълумотларга номувофиқлиги аниқланганда;

транспорт воситасининг юк бўлмасига бевосита (эркин) кириш имконияти мавжуд бўлганда;

ДБҚга республиканинг бошқа ҳуқуқни муҳофаза қилиш органлари ёки республика давлат бошқаруви бошқа органларидан тушган материаллар, шунингдек хорижий давлатларнинг божхона ва бошқа давлат органларидан ҳамда халқаро ташкилотлардан олинган божхонада кўздан кечиришни амалга ошириш зарурлиги тўғрисидаги маълумотлар мавжуд бўлганда;

давлат божхона хизмати органлари ходимларида божхона қонун ҳужжатлари бузилганлиги тўғрисида асосли гумон мавжуд бўлганда мажбурий тартибда амалга оширилиши белгиланди.

Бунда кўздан кечириш божхона органи ходимининг билдиргиси асосида ҳамда божхона пости бошлиғининг ёхуд унинг вазифасини бажарувчи шахснинг ёзма рухсати билан амалга оширилади.

 

БОЖХОНАГА УШБУ ҲУЖЖАТЛАР МАЖМУИ ТАҚДИМ ЭТИЛАДИ

Президентнинг «Давлат божхона хизмати органлари фаолиятини янада

такомиллаштириш ва самарадорлигини ошириш чора-тадбирлари тўғрисида» (10.08.2011 йилдаги ПҚ-1595-сон) ва «Мамлакатимизда ишлаб чиқарилган маҳсулотларнинг рақобатбардошлилигини янада ошириш ва товарларни республикага ноқонуний олиб киришга қарши курашни кучайтириш тўғрисида» (29.01.2013 йилдаги ПҚ-1913-сон) қарорлари билан божхона органлари олдига божхона тартиботларининг очиқ-ошкоралигини янада таъминлаш, ташқи иқтисодий фаолият қатнашчилари учун қулай шарт-шароитлар яратишга доир бир қатор вазифалар қўйилган эди. Улардан бири республика ҳудудига олиб кириладиган товарлар тўғрисидаги маълумотларнинг ишончлилигини ошириш саналади.

Вазирлар Маҳкамасининг 4.03.2013 йилдаги 63-сон қарори билан товарлар ва транспорт воситаларини ҳаво, темир йўл, автомобиль ва сув транспортида Ўзбекистон Республикаси божхона чегараси орқали олиб ўтишда ҳар бир транспорт тури учун юк ташувчилар томонидан божхона органларига тақдим этиладиган ҳужжатлар ва маълумотлар рўйхати тасдиқланди. Улар 2013 йил 1 апрелдан бошлаб амалга киритилади.

Қарор билан белгиланишича, божхона органи юк ташувчилардан Ўзбекистон Республикасининг халқаро шартномаларида ва қонун ҳужжатларида белгиланган маълумотлар ёки ҳужжатлардан бошқа маълумотлар ва ҳужжатлар тақдим этилишини талаб қилишга ҳақли эмас. Ўзбекистон автомобиль ва дарё транспорти агентлиги халқаро автомобилда юк ташишга лицензияларни беришда хорижий давлатларнинг ваколатли органларини ҳамда юк ташувчиларни рўйхатлар бўйича Ўзбекистон чегараси орқали олиб ўтишда товарлар ва транспорт воситалари тўғрисидаги маълумотларни мажбурий тақдим этишлари кераклиги тўғрисида хабардор қилишлари шарт.

Божхона органлари хорижий тиллардаги маълумотлар бор бўлган ҳужжатлар давлат тилига ёки рус тилига таржима қилинган ҳолда тақдим этилишини талаб қилиш ҳуқуқига эгадирлар. Улар нафақат товарлар ва транспорт воситалари устидан самарали божхона назоратини таъминлашлари, балки тақдим этилган ҳужжатлардаги маълумотларнинг мувофиқ эмаслигини ўз ваколатларига кўра тегишли чораларни қўллаган ҳолда аниқлашлари шарт.

 

ПРОКУРОРЛАРГА ХИЗМАТ ТУРАР ЖОЙЛАРИ ОЛИШ ҲУҚУҚИ БЕРИЛДИ

Вазирлар Маҳкамасининг 6.03.2013 йилдаги 67-сон қарори билан Хизмат турар жойлари олиш ҳуқуқига эга бўлган шахслар рўйхатига ўзгартиришлар киритилди. Энди ушбу ҳуқуқ нафақат вазирликлар ва идораларнинг, балки уларнинг ҳудудий бўлинмалари аппаратларининг масъул ходимларига ҳам берилди. Шунингдек Рўйхатга прокуратура органларининг ходимлари киритилди.

Шу ўринда эслатиб ўтамизки, Уй-жой кодексининг 75-моддасига мувофиқ хусусий, муниципал, идоравий уй-жой фонди ёки аниқ мақсадли коммунал уй-жой фондининг уйларида жойлашган, ўз меҳнат муносабатлари хусусиятига кўра иш жойига бевосита яқин ерда яшаши керак бўлган фуқаролар кўчиб киришига мўлжалланган турар жойлар хизмат турар жойлари деб ҳисобланади. Сайлаб қўйиладиган лавозимларни эгаллаб турган, меҳнат шартномалари бўйича ишлаётган шахсларга, ҳарбий хизматчиларнинг айрим тоифаларига, шунингдек Рўйхати Вазирлар Маҳкамасининг 27.01.2000 йилдаги 24-сон қарори билан тасдиқланган 22 тоифадаги бошқа шахсларга бериладиган турар жойлар ҳам хизмат турар жойларига киритилиши мумкин.

 

ЭЪТИБОР УЧУН КОМПЕНСАЦИЯ

Меҳнат ва аҳолини ижтимоий муҳофаза қилиш вазирлиги, Халқ таълими вазирлиги, Молия вазирлигининг қарори (АВ томонидан 5.03.2013 йилда 2435-сон билан рўйхатдан ўтказилган) билан Уйда ижтимоий ёрдам хизмати ходимлари ҳамда ногирон болаларни уйида ўқитганлик учун умумтаълим мактабларининг ўқитувчиларига йўл ҳақи компенсацияси тайинлаш ва тўлаш тартиби тўғрисидаги низом тасдиқланди.

Низомга кўра компенсация:

ўзгалар ёрдамига муҳтож ёлғиз фуқароларга уйида хизмат кўрсатиш билан банд бўлган туман (шаҳар) бандликка кўмаклашиш ва аҳолини ижтимоий муҳофаза қилиш марказларининг ижтимоий ходимларига;

болаларни уйида ўқитадиган барча турдаги умумтаълим мактаблари, шу жумладан мактаб-интернатларининг ўқитувчиларига тайинланади.

Компенсация миқдори ойига ЭКИҲнинг 1 бараварига тенг. У ижтимоий ходимлар-га – иш вақти ойлик меъёрининг амалда ишланган вақтидан келиб чиқиб; мактаб ўқитувчиларига – мактабдан ўқитилаётган ўқувчининг яшаш жойигача камида 1,5 километр масофа бўлганда уйда ўқитилаётган бир нафар ўқувчи учун ЭКИҲнинг 100 фоизи миқдорида тайинланади. Бир нафар уйда ўқитилаётганга бир нечта ўқитувчилар бириктирилган ҳолда уларнинг ҳар бирига компенсация улар томонидан ҳар ойда амалда ўтказиладиган ўқув соатларининг уйда ўқитилаётганларнинг ўқув режаси ўқув соатларининг умумий миқдоридаги улушига мутаносиб равишда белгиланади.

Компенсацияни тўлаш ўтган ой учун ойнинг иккинчи ярми ойлик иш ҳақини тўлаш билан бир вақтда, алоҳида тўлов қайдномаси бўйича амалга оширилади. Солиқ кодекси 171-моддаси иккинчи қисмининг 8-бандига мувофиқ у даромад сифатида қаралмайди ҳамда унга ЖШДС, ягона ижтимоий тўлов ва фуқароларнинг суғурта бадаллари солинмайди.

Тақдим этилган ҳужжатларга қисқача шарҳларни

эксперт-юристимиз

Елена ЕРМОХИНА тайёрлади.

Прочитано: 2897 раз(а)

В этой теме действует премодерация комментариев.
Вы можете оставить свой комментарий.

info!Оставляя свой комментарий на сайте, Вы соглашаетесь с нашими Правилами их размещения.
Гость_
Антибот:

Если Вы заметили ошибку, выделите фрагмент текста, содержащий ошибку, и нажмите Ctrl+Enter.
Сайт разработан в ООО «NORMA», зарегистрирован в Узбекском агентстве по печати и информации 01.06.2018г.
Регистрационное свидетельство № 0406.
Адрес: Узбекистан, 100105, г. Ташкент, Мирабадский р-н, ул. Таллимаржон, 1/1.
Тел. (998 78) 150-11-72. Call-центр:1172. E-mail: admin@norma.uz
Копирование материалов сайта без согласования с администрацией ресурса запрещено.
© ООО «NORMA», 2007-2024 г. Все права защищены.
18+   Яндекс.Метрика