Мен 3 йилга тузилган контрактга асосан ишлардим. Муддатнинг ўртасида менга 3 йиллик болани парвариш қилиш таътили берилди. Шартноманинг муддати ушбу даврда тугаши керак бўлса-да, бироқ оғзаки тарзда мен билан янги шартнома тузиш кераклигини айтишди. Меҳнат шартномасининг муддати тугаши билан, болани парвариш қилиш таътилининг муддати тугамаган бўлса ҳам, мени ишдан бўшатишди. Ишдан бўшатилишимни жойлар йўқлиги билан асослашди. Қўлимга меҳнат дафтарчаси беришди, ишсизлик нафақаси тўлашмади, меҳнат биржасига ахборот юборишмади. Бир йилдан кейин фирмага ёзма равишда: «Декретдан чиқяпман, менга иш жойи беришингизни сўрайман», – деб мурожаат қилганимда, менга: «Сиз бизда ишламайсиз», – деб жавоб беришди. Судга даъво беришнинг барча муддатлари эса ўтиб бўлган.
Мен кимман: ҳозир 2,5 ёшга тўлган болани парвариш қилиш таътилидаги ходимманми ёки ишсизми? Ҳуқуқларимни ҳимоя қилиш учун қаерга мурожаат қилай?
М.Шахобиддинова.
– Сизнинг мурожаатингизда ташкилотнинг фаолияти йўналиши ва ташкилий–ҳуқуқий шакли тўғрисида ҳеч нарса айтилмаганлиги сабабли фақат вазиятнинг умумий баҳосини беришим мумкин. Мазкур ҳолда меҳнат қонунчилигининг бир нечта қоидалари бузилган. Иш берувчининг меҳнат шартномасини муддати тугаши муносабати билан бекор қилиш тўғрисида буйруғи (фармойиши) ходимга эълон қилинмаган. Муддати тугаганлиги сабабли меҳнат шартномаси бекор қилинган ҳолларда ҳомиладор аёллар ва 3 ёшга тўлмаган боласи бор аёлларни мажбурий ишга жойлаштириш талаби бажарилмаган. Ишга жойлаштириш даврида ходимнинг иш ҳақи сақланмаган (бу муҳлат муддатли меҳнат шартномаси тугаган кундан бошлаб 3 ойдан ошмаслиги керак) (Меҳнат кодекси (МК) 237-моддасининг иккинчи қисми).
МК 270-моддасининг биринчи қисмига кўра ходим у билан тузилган меҳнат шартномаси бекор қилинганлиги ҳақидаги буйруқнинг нусхаси берилган кундан бошлаб 1 ой мобайнида ишда тиклаш тўғрисидаги меҳнат низосини ҳал этиш учун судга мурожаат этишга ҳақли. Муддатлар узрли сабабларга кўра ўтказиб юборилган тақдирда, бу муддатлар суд томонидан қайта тикланиши мумкин (МК 270-моддасининг иккинчи қисми).
Ўз меҳнат ҳуқуқларингизни ҳимоя қилиш учун сиз суддан ташқари ваколатли органларга ҳам мурожаат этишингиз мумкин. Чунончи, ходим Меҳнат ва аҳолини ижтимоий муҳофаза қилиш вазирлигининг Давлат меҳнат ҳуқуқ инспекцияси ва прокуратурага мурожаат қилиши учун ходим норози бўлган буйруқлар устидан шикоят қилиш муддатлари келтирилмаган.
«Кадрлар бўлими» рукнини эксперт-юристимиз Абдусалом РИСҚУЛЛАЕВ олиб боради.