Norma.uz
Газета СБХ / 2013 год / № 3 / Бизнинг маслаҳатлар

АЁҚШ: нархлардаги тафовут қачондан бошлаб тўланади?

«Норма маслаҳатчи»нинг 31.07.2012 йилдаги 30-сонида чоп этилган Автомобилларга ёқилғи қуйиш шохобчалари томонидан маҳаллий бюджетга нефть маҳсулотларининг чакана нархи билан белгиланган чекланган устамадан ортиқ бўлган харид нархи ўртасидаги тафовутни ҳисоблаб чиқариш ва тўлаш тартиби тўғрисидаги низом билан чуқур танишиб чиқдим.

Туманимиз ДСИ ходимлари маҳаллий бюджетга ўтказилиши лозим бўлган нархлардаги тафовутни 2008, 2009, 2010 ва 2011 йиллар учун ҳисоблаб ўтказиб беришингиз керак дейишди. Биз юқоридаги йиллар учун ягона солиқ тўлови бўйича қайта ҳисобот топширдик. Бу даврлар учун ҳисобланган тафовут суммаси бир неча миллион сўмни ташкил этади. Бу суммани бирйўла ўтказиб беришга корхонанинг қурби етмайди, шунинг учун қисмлаб ўтказиб бермоқдамиз. Бу кўрсаткич корхонанинг молиявий натижаларига салбий таъсир кўрсатмоқда.

Кўрсатилган йиллар учун мазкур тафовутни ҳисоблаб, маҳаллий бюджетга ўтказиш шарти қайси меъёрий-ҳуқуқий ҳужжатга асосланган?

Маҳаллий бюджетга ўтказилиши лозим бўлган нархлардаги тафовут суммаси Молиявий натижалар тўғрисидаги ҳисобот 2-сон шаклининг қайси сатрида кўрсатилиши керак?

АЁҚШ раҳбари.

– Вазирлар Маҳкамасининг 1.07.2003 йилдаги 296-сон қарори билан Нефть маҳсулотлари сотувчи корхоналарнинг чекланган устамаларини шакллантириш тўғрисида низом тасдиқланган.

Ушбу Низомнинг 12-бандида чекланган устамалар минтақавий молиявий органлар томонидан белгиланиши ҳамда хусусийлаштирилган ва автомобилларга ёқилғи қуйиш хусусий шохобчаларига тегишли чекланган устама кучга кирадиган санадан камида 5 кун олдин етказилиши белгиланган.

Шунингдек, Низомнинг 14-бандида бутун республика бўйича ягона чакана нархлар марказлаштирилган тартибда белгиланадиган нефть маҳсулотлари бўйича, агар чакана нарх билан сотиб олиш нархи ўртасидаги тафовут автомобилларга ёқилғи қуйиш шохобчасининг белгиланган чекланган устамасидан ортиқ бўлган тақдирда, ортиқ сумма уч банк куни мобайнида маҳаллий бюджетга ўтказилиши белгиланган.

Бунда ушбу тафовут ягона солиқ тўловини ҳисоблаб чиқишда солиқ солиш объектига киритилмайди.

Сиз келтирган Автомобилларга ёқилғи қуйиш шохобчалари томонидан маҳаллий бюджетга нефть маҳсулотларининг чакана нархи билан белгиланган чекланган устамадан ортиқ бўлган харид нархи ўртасидаги тафовутни ҳисоблаб чиқиш ва тўлаш тартиби тўғрисидаги низом Адлия вазирлиги томонидан 25.07.2012 йилда 2381-сон билан рўйхатдан ўтказилган ва 2012 йил 4 августдан кучга кирган. Аммо ушбу тафовутни бюджетга тўлаб бериш мажбурияти АЁҚШларга Вазирлар Маҳкамасининг юқорида номи келтирилган 1.07.2003 йилдаги 296-сон қарори билан 2003 йил 1 июлдан бошлаб юклатилган.

Солиқ кодексининг 110-моддаси биринчи хатбошисига кўра ваколатли органлар ёки улар мансабдор шахсларининг солиққа оид қонун ҳужжатларининг қўлланилиши масалалари бўйича ўз ваколатлари доирасида берган ёзма тушунтиришлари солиқ тўловчи томонидан бажарилиши шахснинг солиққа оид ҳуқуқбузарлик содир этганликдаги айбини истисно қиладиган ҳолатлар деб эътироф этилади.

Агар чекланган устамалар мурожаатингизда кўрсатилган даврлар учун минтақавий молиявий органлар томонидан белгиланган бўлиб, тегишли чекланган устама кучга кирадиган санадан камида 5 кун олдин сизга бу ҳақда етказилмаган бўлса ва 2012 йилга келиб ўша ўтган даврлар устамалари ҳақида хабардор қилинган бўлсангиз, сизда ушбу тўловларни бюджетга тўлаб бериш мажбурия¬ти қолади. Лекин бунда СКнинг 110-моддасига асосан сиз учун бу тўловларни тўламаган даврингиз ҳуқуқбузарлик деб қаралмайди ва ушбу тўланмаган тўловлар учун молиявий санкция қўлланмайди.

Шу билан бирга, агар чекланган устамалар мурожаатингизда кўрсатилган даврлар учун минтақавий молиявий органлар томонидан белгиланмаган бўлса, 2012 йилга келиб ўша ўтган даврлар учун тўлов талаб қилиниши асоссиздир. Чунки Ўзбекистон Республикасининг «Норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар тўғрисида»ги Қонунининг 31-моддасига кўра норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар орқага қайтиш кучига эга эмас ва улар амалга киритилганидан кейин юзага келган ижтимоий муносабатларга нисбатан татбиқ этилади.

Шунингдек, Ўзбекистон Республикасининг Қонуни амалга киритилишига қадар юзага келган ижтимоий муносабатларга нисбатан Қонунда тўғридан-тўғри назарда тутилган ҳоллардагина татбиқ этилади. Агар Ўзбекистон Республикасининг Қонуни содир этилган пайтда жавобгарликка сабаб бўлмаган ёки енгилроқ жавобгарликка сабаб бўлган хатти-ҳаракатлар учун юридик ва жисмоний шахсларнинг жавобгарлигини жорий этишни ёхуд кучайтиришни назарда тутса ёхуд юридик ва жисмоний шахсларга моддий зарар етказса, Қонунга орқага қайтиш кучини бериш мумкин эмас.

Юқоридагилардан келиб чиқиб, сиз туман ДСИ ходимлари томонидан 2008, 2009, 2010 ва 2011 йиллар учун маҳаллий бюджетга ўтказилиши талаб қилинаётган нархлардаги тафовутни қайси асосларга кўра талаб қилаётганликларини аниқлаштиришингиз мақсадга мувофиқ бўлади.

Шуни таъкидлаш ўринлики, 2008, 2009, 2010 ва 2011 йиллар, шунингдек 2012 йил учун нархлардаги тафовутни маҳаллий бюджетга ўтказиб беришингиз билан бир вақтда тўланган сумма миқдорида шу йиллар учун ягона солиқ тўловини қайта ҳисоб-китоб қилишингиз мумкин бўлади.

Яъни Молиявий натижалар тўғрисида ҳисобот 2-сон шаклининг 010-сатрида маҳсулот сотилишидан олинган соф тушум нархлардаги тафовутнинг маҳаллий бюджетга ўтказиб берилган қисми чегирилган ҳолда кўрсатилади.

Жавобни экспертимиз

                                                                                                                 Мурод  МУҲАММАДЖОНОВ тайёрлади.

Прочитано: 2597 раз(а)

В этой теме действует премодерация комментариев.
Вы можете оставить свой комментарий.

info!Оставляя свой комментарий на сайте, Вы соглашаетесь с нашими Правилами их размещения.
Гость_
Антибот:

Если Вы заметили ошибку, выделите фрагмент текста, содержащий ошибку, и нажмите Ctrl+Enter.
Сайт разработан в ООО «NORMA», зарегистрирован в Узбекском агентстве по печати и информации 01.06.2018г.
Регистрационное свидетельство № 0406.
Адрес: Узбекистан, 100105, г. Ташкент, Мирабадский р-н, ул. Таллимаржон, 1/1.
Тел. (998 78) 150-11-72. Call-центр:1172. E-mail: admin@norma.uz
Копирование материалов сайта без согласования с администрацией ресурса запрещено.
© ООО «NORMA», 2007-2024 г. Все права защищены.
18+   Яндекс.Метрика