Norma.uz
Газета СБХ / 2013 год / № 3 / Солиқ солиш

Ресурс солиқларига доир ўзгартиришлар

2013 йил 1 январдан кучга кирган 25.12.2012 йилдаги ЎРҚ-343-сон Қонун билан Солиқ кодексига ўзгартишлар киритилади. Хусусан, улар ер қаъридан фойдаланганлик учун, сув ресурсларидан фойдаланганлик учун, юридик шахсларнинг мол-мулкига солинадиган ва улардан олинадиган ер солиқларига тегишлидир.

1. Ер қаъридан фойдаланганлик учун солиқ бўйича (СКнинг 246 ва 247-моддалари).

1 январдан бошлаб барча юридик шахслар учун ер қаъридан фойдаланганлик солиғи бўйича ҳисобот даври бўлиб йил чораги белгиланган. 2013 йилнинг 1 январигача микрофирма ва кичик корхоналар жумласига кирмайдиган солиқ тўловчилар учун ҳисобот даври бир ой эди.

Бунинг маъноси шуки, Ер қаъридан фойдаланганлик учун солиқнинг ҳисоб-китобини солиқ тўловчиларнинг ушбу тоифаси солиқ ҳисобига олинган жойдаги солиқ органларига ортиб борувчи якун билан ҳисобот давридан кейинги ойнинг 25-кунидан кечиктирмай ҳар чоракда, йил якунлари бўйича эса – йиллик молиявий ҳисоботни тақдим этиш муддатида тақдим этади. Илгари Ҳисоб-китобни тақдим этишнинг бундай тартиби фақат микрофирмалар ва кичик корхоналарга татбиқ этилган.

Бунда микрофирмалар ва кичик корхоналар жумласига кирмайдиган юридик шахслар учун солиқ тўлаш муддатлари сақланади – ҳар ойда кейинги ойнинг 25-кунидан кечиртирмай, йил якунлари бўйича эса – йиллик молиявий ҳисоботни тақдим этиш муддатидан кечиктирмай.

Микрофирмалар ва кичик корхоналар, шунингдек жисмоний шахслар учун ер қаъридан фойдаланганлик учун солиқ ҳисоб-китобини тақдим этишнинг амалдаги муддатлари ва уни тўлаш муддатлари сақланади.

2. Сув ресурсларидан фойдаланганлик учун солиқ бўйича (СКнинг 260, 262–264-моддалари).

1 январдан бошлаб сув ресурсларидан фойдаланганлик учун солиқ бўйича солиқ ҳисоботи йилда бир марта тақдим этилади. Шу сабабли мазкур солиқ бўйича жорий тўловларни солиқ даври мобайнида тўлаш жорий этилади.

СКнинг 29-моддасига мувофиқ жорий тўловларни тўлаш мажбурияти юзага келадиган давр ҳисобот даври бўлиб ҳисобланмайди. Шу тариқа, мазкур солиқ бўйича фақат солиқ даври мавжуд бўлиб, календарь йил ана шундай даврдир. 2013 йилгача у бир неча ҳисобот даврига – солиқ тўловчиларнинг тоифасига боғлиқ ҳолда ой, чорак ва йилга бўлинган, уларнинг якунлари бўйича сув ресурсларидан фойдаланганлик учун солиқ ҳисоб-китобини тақдим этиш ва тўлаш мажбурияти юзага келган.

СКнинг ўзгартирилган 263-моддасига кўра ушбу солиқ Ҳисоб-китобини 2013 йил 1 январдан бошлаб сувдан фойдаланиш ёки сув истеъмоли жойидаги солиқ органларига йилда бир марта қуйидаги муддатларда тақдим этиш керак:

юридик шахслар (қишлоқ хўжалиги корхоналаридан ташқари) – йиллик молиявий ҳисоботни тақдим этиш муддатида;

ягона ер солиғини тўлашга ўтмаган қишлоқ хўжалиги корхоналари – жорий солиқ даврининг 15 декабригача;

республикада фаолиятни доимий муассаса орқали амалга ошираётган Ўзбекистон норезидентлари ҳамда якка тартибдаги тадбиркорлар – солиқ давридан кейинги йилнинг 25 январигача.

Солиқ даври мобайнида солиқ тўловчилар, бундан қуйида кўрсатилганлар мустасно, ушбу солиқ бўйича жорий тўловларни тўлашлари керак. Уларни қуйидагилар тўламайдилар:

ягона ер солиғини тўлашга ўтмаган қишлоқ хўжалиги корхоналари;

фаолиятини Ўзбекистон Республикасида доимий муассаса орқали амалга оширадиган Ўзбекистон норезидентлари;

юридик шахсни ташкил этиб ёки ташкил этмасдан тузилган деҳқон хўжаликлари.

Жорий тўловлар миқдорини ҳисоблаб чиқариш учун солиқ тўловчилар жорий солиқ даврининг 25 январигача, янги ташкил этилганлари эса – давлат рўйхатидан ўтказилган кундан бошлаб 30 кундан кечиктирмай сувдан фойдаланиш ёки сув истеъмоли жойидаги солиқ органларига тахмин қилинаётган солиқ солинадиган база (сувдан фойдаланиш ҳажми) ва белгиланган солиқ ставкаларидан келиб чиқиб ҳисобланган, жорий солиқ даври учун сув ресурсларидан фойдаланганлик учун солиқ суммаси тўғрисида маълумотнома тақдим этадилар (маълумотномалар шакллари МВ ва ДСҚнинг 30.12.2012 йилдаги ММ/04-03-32-04/1280 ва 13/1-19017-сон қўшма хатига 1 ва 2-иловаларда назарда тутилган, хат «Norma» АҚТ ва norma.uz сайтида жойлаштирилган).

Бунда солиқ тўловчилар ер усти ва ер ости манбаларидан фойдаланилган сув ресурслари ҳажмларининг алоҳида-алоҳида ҳисобини юритадилар. Сув иккала манбадан келиб тушадиган водопровод тармоғидаги сувдан фойдаланилганда солиқ солинадиган база уларнинг ҳар бири бўйича алоҳида-алоҳида белгиланади. Бунинг учун сув етказиб берувчи юридик шахслар солиқ органларига ер усти ва ер ости манбаларидан водопровод тармоғига келиб тушаётган сув ҳажмларининг нисбати тўғрисида маълумотларни жорий йилнинг 15 январигача тақдим этишлари керак. Солиқ органлари эса ўз навбатида 5 кун мобайнида (яъни 20 январгача) ушбу маълумотларни солиқ тўловчиларга етказишлари шарт.

2013 йил учун солиқ тўловчиларнинг тоифаларига боғлиқ ҳолда ер усти ва ер ости манбаларидан олинган сувдан фойдаланганлик учун сув ресурсларидан фойдаланганлик солиғи ставкалари Президентнинг «Ўзбекистон Республикасининг 2013 йилги асосий макроиқтисодий кўрсаткичлари прогнози ва Давлат бюджети параметрлари тўғрисида» қарорига (25.12.2012 йилдаги ПҚ-1887-сон) 13-иловада тасдиқланган.

Шу тариқа, маълумотномада кўрсатилган жорий тўловларнинг ҳисоблаб чиқарилган суммасини қуйидагилар тўлайдилар:

солиқ даврида сув ресурсларидан фойдаланганлик учун солиқ суммаси ЭКИҲнинг 200 бараваридан ошадиган юридик шахслар (микрофирмалар ва кичик корхоналардан ташқари) – ҳар бир ойнинг 25-кунидан кечиктирмай солиқ йиллик суммасининг 1/12 қисми миқдорида;

микрофирмалар ва кичик корхоналар жумласига кирмайдиган, солиқ даврида сув ресурсларидан фойдаланганлик учун солиқ суммаси ЭКИҲнинг 200 бараваридан камни ташкил этадиган юридик шахслар, шунингдек микрофирмалар, кичик корхоналар ва якка тартибдаги тадбиркорлар – ҳар бир чорак учинчи ойининг 25-кунидан кечиктирмай солиқ йиллик суммасининг 1/4 қисми миқдорида.

Агар солиқ даври мобайнида тахмин қилинаётган солиқ солинадиган база ўзгарса, солиқ тўловчи сув ресурсларидан фойдаланганлик учун солиқ суммаси тўғрисида аниқлаштирилган маълумотнома тақдим этишга ҳақли. Бунда солиқ даврининг қолган қисми учун жорий тўловлар унинг ўзгарган суммасига тенг улушлар билан тузатилади.

Жорий тўловларни ҳисобга олган ҳолда солиқ даври учун сув ресурсларидан фойдаланганлик солиғини солиқ тўловчилар, бундан деҳқон хўжаликлари мустасно, сувдан фойдаланиш ёки сув истеъмоли жойида Ҳисоб-китобни тақдим этиш муддатидан кечиктирмай тўлайдилар.

Солиқ даври учун жорий тўловлар суммаси ҳисоб-китоб бўйича бюджетга тўланадиган солиқ суммаси билан таққослаганда 10%дан кўпга пасайтирилган тақдирда солиқ органи жорий тўловларни пеняни ҳисоблаб ёзган ҳолда солиқнинг ҳақиқий суммасидан келиб чиқиб қайта ҳисоблайди.

Деҳқон хўжаликлари учун солиқ тўлашнинг амалдаги муддатлари сақланади – йилда бир марта, солиқ давридан кейинги йилнинг 1 майигача. У солиқ органлари солиқ давридан кейинги йилнинг 1 февралидан кечиктирмай топширадиган тўлов хабарномаси асосида тўланади. Хабарномада кўрсатилган солиқ суммаси солиқ солинадиган база ва белгиланган ставкалардан келиб чиқиб аниқланади.

3. Юридик шахсларнинг мол-мулкига солинадиган солиқ бўйича (СКнинг 266–268, 270 ва 271-моддалари).

1 январдан бошлаб юридик шахсларнинг мол-мулкига солинадиган солиқ бўйича солиқ солиш объектидан номоддий активлар чиқариб ташланади.

Шунингдек 2013 йилдан бошлаб юридик шахслар – Ўзбекистон резидентлари учун Мол-мулк солиғининг ҳисоб-китобини йилда бир марта – йиллик молиявий ҳисоботни тақдим этиш муддатида тақдим этиш назарда тутиляпти. Шу муносабат билан микрофирмалар ва кичик корхоналар учун ушбу солиқ бўйича жорий тўловларни солиқ даври мобайнида тўлаш жорий этилади. Қолган солиқ тўловчилар учун уларни ҳисоблаб чиқариш ва тўлашнинг амалдаги тартиби сақланади.

Шу тариқа, ушбу солиқни бошқариш амалиётида фақат календарь йилга тенг бўлган солиқ даври сақланади. 2013 йилга қадар у 4 ҳисобот даврига (чоракка) бўлинган бўлиб, уларнинг якунлари бўйича Ҳисоб-китобни тақдим этиш ва юридик шахсларнинг мол-мулкига солинадиган солиқни тўлаш мажбурияти юзага келар эди.

Ўз фаолиятини республикада доимий муассаса орқали амалга оширадиган ва (ёки) мамлакатимиз ҳудудида мулкида кўчмас мулк бўлган Ўзбекистон норезидентлари жорий тўловларни тўламайдилар.

Уларнинг миқдорини ҳисоблаб чиқариш учун солиқ тўловчилар жорий солиқ даврининг 10 январига қадар, янги ташкил этилганлари эса – давлат рўйхатидан ўтказилган санадан бошлаб 30 кундан кечиктирмай солиқ ҳисобига олинган жойдаги солиқ органига тахмин қилинаётган солиқ солинадиган база (тегишли йилда мол-мулкнинг ўртача йиллик қолдиқ қиймати (ўртача йиллик қиймати) ва белгиланган ставкадан келиб чиқиб ҳисобланган, жорий солиқ даври учун мол-мулк солиғи суммаси тўғрисида маълумотнома тақдим этадилар (маълумотномалар шакллари «Norma» АҚТ ва norma.uz сайтида жойлаштирилган МВ ва ДСҚнинг ММ/04-03-32-04/1280 ва 13/1-19017-сон қўшма хатига 3 ва 4-иловаларда назарда тутилган). Мол-мулк солиғи ставкалари Президентнинг ПҚ-1887-сон қарорига 17-иловада тасдиқланган.

Маълумотномада кўрсатилган жорий тўловлар суммасини қуйидагилар тўлайдилар:

микрофирмалар ва кичик корхоналар – ҳар бир чорак учинчи ойининг 25-кунидан кечиктирмай солиқ йиллик суммасининг 1/4 қисми миқдорида;

микрофирмалар ва кичик корхоналар жумласига кирмайдиган солиқ тўловчилар – ҳар бир ойнинг 10-кунидан кечиктирмай солиқ йиллик суммасининг 1/12 қисми миқдорида.

Агар солиқ даври мобайнида тахмин қилинаётган солиқ солиш базаси ўзгарса, солиқ тўловчи юридик шахсларнинг мол-мулкига солинадиган солиқ суммаси тўғрисида аниқлаштирилган маълумотнома тақдим этишга ҳақлидир. Бу ҳолда солиқ даврининг қолган қисми учун жорий тўловлар солиқнинг ўзгарган суммасига тенг улушлар билан тузатилади.

Жорий тўловларни ҳисобга олган ҳолда солиқ даврида тўланадиган юридик шахсларнинг мол-мулкига солинадиган солиқ суммаси ҳисоб-китобни тақдим этиш муддатидан кечиктирмай бюджетга киритилади.

Солиқ даври учун жорий тўловлар суммаси ҳисоб-китоб бўйича бюджетга тўланадиган солиқ суммасидан 10%дан кўпга камайтирилган тақдирда солиқ органи жорий тўловларни пеня ҳисоблаб ёзган ҳолда юридик шахсларнинг мол-мулкига солинадиган солиқнинг ҳақиқатдаги суммасидан келиб чиқиб қайта ҳисоблайди.

Ўзбекистон норезидентлари учун юридик шахсларнинг мол-мулкига солинадиган солиқни тўлашнинг амалдаги муддати сақланади. Бунда уни солиқ органлари солиқ солинадиган база ва белгиланган ставкадан келиб чиқиб, СКнинг 271-моддасида назарда тутилган тартибда ҳисоблаб чиқарадилар.

4. Юридик шахслардан олинадиган ер солиғи бўйича (СКнинг 280, 284 ва 286-моддалари).

Мазкур солиқ бўйича меъёр коммунал-маиший аҳамиятга молик ерлар қисмида аниқлаштирилади, уларга дафн этиш жойлари, маиший чиқиндиларни йиғиш, қайтадан ортиш ва саралаш жойлари, шунингдек чиқиндиларни зарарсизлантириш ҳамда утилизация қилиш жойлари ва бошқалар банд этган ерлар киради. Мазкур ерлар юридик шахслардан олинадиган ер солиғи солиш объекти сифатида қаралмайди.

СКнинг 284 ва 286-моддаларига киритилган ўзгартишлар ер солиғини солиқ ҳисоботи йилда бир марта тақдим этиладиган ва календарь йил солиқ даври ҳисобланадиган бошқа солиқларга (сув ресурсларидан фойдаланганлик учун солиқ, юридик шахсларнинг мол-мулкига солинадиган солиқ, ягона ер солиғи) мувофиқлаштиради.

СКнинг 50-моддасига қўшимчалар тугатиш ишини юритишнинг бутун даврида мол-мулк солиғи, ер солиғини, шунингдек илгари ҳисоблаб ёзилган ва ундирилмаган солиқлар ва бошқа мажбурий тўловлар бўйича пеня ҳамда жарималарни ҳисоблаб ёзишни тўхтатишни назарда тутади. Уларни ҳисоблаб ёзишни тўхтатиш учун асос бўлиб хўжалик судининг юридик шахсни банкрот деб топиш тўғрисидаги қарори ҳисобланади. Банкротлик иши бўйича иш юритиш тугатилган ва юридик шахснинг тўловга қобиллиги тикланган тақдирда, хўжалик суди тегишли қарор қабул қилган санадан бошлаб юқорида кўрсатилган солиқлар ва бошқа мажбурий тўловлар ҳисоблаб ёзилади.

Зарема МЕНАЛИЕВА, Молия вазирлиги Солиқ ва божхона тарифи сиёсати бошқармасининг ресурс солиқлар ва мол-мулк солиғи шуъбаси мудираси.

Прочитано: 2338 раз(а)

В этой теме действует премодерация комментариев.
Вы можете оставить свой комментарий.

info!Оставляя свой комментарий на сайте, Вы соглашаетесь с нашими Правилами их размещения.
Гость_
Антибот:

Если Вы заметили ошибку, выделите фрагмент текста, содержащий ошибку, и нажмите Ctrl+Enter.
Сайт разработан в ООО «NORMA», зарегистрирован в Узбекском агентстве по печати и информации 01.06.2018г.
Регистрационное свидетельство № 0406.
Адрес: Узбекистан, 100105, г. Ташкент, Мирабадский р-н, ул. Таллимаржон, 1/1.
Тел. (998 78) 150-11-72. Call-центр:1172. E-mail: admin@norma.uz
Копирование материалов сайта без согласования с администрацией ресурса запрещено.
© ООО «NORMA», 2007-2024 г. Все права защищены.
18+   Яндекс.Метрика