«СБХ»нинг 1 (961)-сонида Молия вазирлиги ва Давлат солиқ қўмитасининг 30.12.2012 йилдаги, юридик шахсларнинг мол-мулкига солинадиган солиқ ва сув ресурсларидан фойдаланганлик учун солиқ бўйича жорий тўловлар киритилиши ҳамда 2013 йилга уларни ҳисоблаб чиқариш учун маълумотномаларни солиқ органларига тақдим этиш зарурати тўғрисида ахборот хатини чоп этган эдик.
Унга мутахассислар ва экспертларнинг тушунтиришларида, хусусан, сув ресурсларидан фойдаланганлик учун солиқ бўйича жорий тўловларни ҳисоблаб чиқариш учун маълумотнома (уни 25 январгача тақдим этиш зарур) водопровод тармоғига ер усти ва ер ости манбаларидан келиб тушадиган сув ҳажмлари нисбати тўғрисидаги маълумотлар асосида тўлдирилади деб айтилган эди. Ушбу ахборотни сув етказиб берувчи корхоналар солиқ органларига тақдим этишлари, улар эса уни солиқ тўловчилар эътиборига етказишлари керак.
Бизга Тошкент Давлат солиқ бошқармасидан маълум қилишларича, «Сувсоз» давлат унитар корхонасининг бош муҳандиси Б.А.Маннонов имзолаган, 2013 йил 10 январдаги 270/3-60-сон хатга биноан, пойтахтда 2013 йилда умумий ҳажмда сувларнинг фоизли нисбати қуйидагиларни ташкил қилади:
ер усти манбаларидан – 84,1%;
ер ости манбаларидан – 15,9%.
Ўз ахборотимиз.