Norma.uz
Газета СБХ / 2013 год / № 3 / Устуворликлар

Солиқ сиёсати ва янги имкониятлар

15–17 январь кунлари «Ўзэкспомарказ» миллий кўргазмалар мажмуасида 2013 йилги солиқ сиёсатининг асосий йўналишлари ҳамда мамлакатимиз солиқ қонунчилигига киритилган асосий ўзгартиш ва қўшимчаларга бағишланган кўргазмали семинар бўлиб ўтди.

Ўзбекистон Республикаси Давлат солиқ қўмитаси томонидан ташкил этилган тадбирда Молия ва Адлия вазирликлари, Давлат божхона қўмитаси, Давлат статистика қўмитаси, Савдо-саноат палатасининг масъул ходимлари ва тадбиркорлик субъектлари вакиллари иштирок этдилар.

Мамлакатимизда амалга оширилаётган иқтисодиётни ривожлантириш ва модернизация қилишни рағбатлантириш, хўжалик субъектлари ва аҳоли учун солиқ юкини изчил равишда камайтириш, кичик бизнес ва хусусий тадбиркорликни қўллаб-қувватлаш, инвестиция ва ишбилармонлик муҳитини яхшилашга қаратилган сиёсат юқори макроиқтисодий кўрсаткичларга эришиш ҳамда Давлат бюджетининг муваффақиятли бажарилишини таъминлашга хизмат қилмоқда. Президентимиз Ислом Каримовнинг 2012 йил 25 декабрда қабул қилинган «Ўзбекистон Республикасининг 2013 йилги асосий макроиқтисодий кўрсаткичлари прогнози ва Давлат бюджети параметрлари тўғрисида»ги қарори ҳам айнан шу мақсадга йўналтирилган. Ўзбекистон Республикаси Давлат солиқ қўмитаси раиси Б.Парпиев тадбирда бу ҳақда алоҳида тўхталиб ўтди.

Мазкур ҳужжатга мувофиқ, аҳоли даромадлари ва харид қобилиятини ошириш мақсадида 1 январдан бошлаб жисмоний шахслардан олинадиган даромад солиғининг қуйи шкаласи бўйича солиқ ставкаси 9 фоиздан 8 фоизга туширилди. Бунда солиқ ставкаси энг кам иш ҳақининг йил бошидаги миқдоридан келиб чиқиб қўлланиши ва бу миқдор, энг кам иш ҳақи қанча бўлишидан қатъи назар, йил давомида ўзгармаслигини назарда тутувчи янги норма киритилди. Шунингдек, якка тартибдаги тадбиркорлар учун қатъий белгиланган солиқ ставкасини энг кам иш ҳақининг йил бошидаги миқдоридан келиб чиққан ҳолда ҳисоблаш тартиби белгиланди. Айни вақтда айрим солиқ ставкалари, жумладан ер солиғи ва жисмоний шахсларнинг мол-мулкига солинадиган солиқ ҳамда сув ресурсларидан фойдаланганлик учун солиқ ставкалари индексация қилинди.

Тадбир давомида иштирокчилар Ўзбекистон Республикасининг 2012 йил 25 декабрда имзоланган «Солиқ ва бюджет сиёсатининг 2013 йилга мўлжалланган асосий йўналишлари қабул қилинганлиги, шунингдек, солиқ ҳисоботини тақдим этиш даврийлиги қисқартирилиши муносабати билан Ўзбекистон Республикасининг айрим қонун ҳужжатларига ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш тўғрисида»ги ҳамда Ўзбекистон Республикасининг 2012 йил 29 декабрда тасдиқланган «Ўзбекистон Республикасининг айрим қонун ҳужжатларига ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш тўғрисида»ги қонунлари билан мамлакатимиз Солиқ кодексига киритилган бир қатор ўзгартиш ва қўшимчалар билан таништирилди. Хусусан, солиқлар ва бошқа мажбурий тўловлар бўйича ҳисоб-китобларни тақдим этиш даврийлигини қисқартириш ва соддалаштириш муносабати билан Солиқ кодексининг 29 моддасига ўзгартиш ва қўшимчалар киритилган. Солиқ кодексининг 266–267-моддаларига киритилган ўзгартишлар юридик шахслар учун мол-мулк солиғини ҳисоблашда солиқ солиш объекти ва базасидан номоддий активларнинг чиқарилишини назарда тутади.

Солиқ кодексининг 91-моддасига киритилган ўзгартишга биноан давлат солиқ хизмати органи режали солиқ текшируви ўтказишнинг бошланиши ҳақида текширувни ўтказиш бошланишидан камида ўттиз календарь куни олдин, тадбиркорлик субъектини текширувдан ўтказиш муддатлари ва предметини кўрсатган ҳолда, ёзма шаклда хабардор қилиши шарт. Солиқ кодексининг 176 ва 179-моддаларига киритилган ўзгартишларга асосан солиқлар ва бошқа мажбурий тўловлар тўлаганидан кейин оилавий корхона иштирокчиси ихтиёрида қоладиган фойда суммаси мулкий даромадлар таркибига киритилиши ва жисмоний шахсларнинг даромади сифатида солиқ солинмаслиги белгиланган. Шунингдек, Кодекснинг 351-моддасига киритилган ўзгартиш билан оилавий корхоналар солиқ солишнинг бошқа тартибини танлаш ҳуқуқисиз, ягона солиқ тўловини тўловчилари ҳисобланиши белгилаб қўйилди.

ЎзА материали асосида тайёрланди.

Прочитано: 3123 раз(а)

Если Вы заметили ошибку, выделите фрагмент текста, содержащий ошибку, и нажмите Ctrl+Enter.
Сайт разработан в ООО «NORMA», зарегистрирован в Узбекском агентстве по печати и информации 01.06.2018г.
Регистрационное свидетельство № 0406.
Адрес: Узбекистан, 100105, г. Ташкент, Мирабадский р-н, ул. Таллимаржон, 1/1.
Тел. (998 78) 150-11-72. Call-центр:1172. E-mail: admin@norma.uz
Копирование материалов сайта без согласования с администрацией ресурса запрещено.
© ООО «NORMA», 2007-2020 г. Все права защищены.
18+   Яндекс.Метрика