Яқинда Президентимиз «ақлли шаҳар» яратиш бўйича Урганч тажрибасини Ўзбекистон бўйлаб жорий этишни буюрди. СИ ва лойиҳалаштириш экспертлари Gazeta учун обзорда бундай шаҳар турли мамлакатларда қандай кўринишда бўлиши, нимадан иборатлиги ва унинг қурувчилари олдида қандай муаммолар турганини айтиб ўтди.
Бугунги кунда шаҳар тараққиётини рақамли технологияларсиз тасаввур қилиш қийин. Муниципалитетлар шаҳар ҳаётининг турли соҳаларида, жумладан, прогнозлаш, транспорт ва коммуникацияларни бошқариш, яшил майдонларни сақлаш ва бошқа йўналишларда замонавий технологияларни жорий этмоқда. Технологик шаҳарнинг бундай концепцияси «ақлли шаҳар» деб аталади.
У Тошкентда ҳам, Ўзбекистоннинг бошқа шаҳарларида ҳам у ёки бу даражада жорий этилмоқда. Масалан, октябрь ойида Президент ҳудудлар ва пойтахт раҳбариятига бундай технологияларни жорий этиш бўйича Урганч тажрибасини ўрганиш топшириғини берганди.
Сўнгги беш-етти йил ичида «ақлли шаҳар» тарқоқ воситалар витринаси бўлишдан тўхтаб, маълумотлар ва алгоритмлар шаҳар хизматларининг кундалик ечимларини қўллаб-қувватлайдиган платформага айлана бошлади.
Лойиҳалаш, муҳандислик ва архитектура соҳасида кенг қамровли хизматлар кўрсатувчи PMtech Group компаниясининг техник директори Ольга Титовец, шунингдек, сунъий интеллект ва маълумотлар бўйича бизнес-консультант Артём Шитов дунё мамлакатлари ва муниципалитетлар шаҳарларни бошқаришда сунъий интеллектдан қандай фойдаланаётгани ҳақида сўзлаб берди.
«Ақлли шаҳар» ўзи нима?
Ақлли шаҳар экосистемаси кўплаб элементлардан иборат. Улар орасида:
• сенсорлар (трафик, об-ҳаво, сув датчиклари, ақлли камералар);
• маълумотлар манбалари;
• алоқа манбалари (оптика, 4G/5G);
• аналитика (прогнозлаш, оптималлаштириш, рақамли эгизаклар) ва бошқалар.
Сунъий интеллект воситаларнинг учта муҳим тоифасини қўшади. У аномалиялар ва тенденцияларни аниқлаш, талаб ва хавфларни башорат қилиш, инсон иштирокидаги ёки иштирокисиз қарорларни автоматлаштириш имконини беради.
Шаҳарларни рақамлаштириш ва бутун дунё бўйлаб кузатилаётган сунъий интеллектни жорий этиш иккита параллель жараён туфайли мумкин бўлди.
Биринчидан, маълумотларни йиғиш ва қайта ишлаш инфратузилмаси тараққий этди: датчиклар арзонлашди, алоқа тармоқларининг ўтказувчанлик қобилияти юқорилади (5G 4G дан анча тезроқ), чипларнинг ҳисоблаш қобилияти ва самарадорлиги ошди. Буларнинг барчаси биргаликда реал вақт режимида шаҳардаги турли вазиятларни таҳлил этиш ва қарорлар қабул қилиш имконини бермоқда. Масалан, светофорлар, насос узеллари ва ёритиш устунлари шундай бошқарилади.
Иккинчидан, стандартларни белгиловчи меъёрий асос етарли даражада шаклланди. Масалан, Америкада сунъий интеллект хавфини баҳолаш тизими мавжуд, Европа Иттифоқида эса Сунъий интеллект тўғрисидаги актни бажариш мажбурийдир. Ушбу ҳужжатлар сунъий интеллектни қўллаш энг хавфли бўлган соҳаларни, шунингдек, уни назорат қилиш режимларини белгилайди. Шаҳар шароитида иккала ҳужжат ҳам шаффофлик ва олдиндан айта олиш учун қулайлик беради. Бу, айниқса, шаҳар ҳаётининг муҳим тизимлари ҳақида гап кетганда фойдалидир.
Амалда тартибга солувчи ҳужжатлар техник топшириқни шакллантиришни осонлаштиради. Уни тузишда бир қатор мезонларни аниқлаш учун мавжуд стандартлардан фойдаланиш мумкин. Қайси тизимлар юқори хавфли тизимларга киради – видеокузатув, транспорт оқимларини оптималлаштириш, коммунал ресурсларни тақсимлаш ёки юқоридагиларнинг ҳеч бири? Ушбу тизимларга маълумотлар сифати бўйича, шунингдек, қарорларни журналлаштириш ва назорат қилиш бўйича қандай талаблар қўйилиши керак? Бузилишлар учун айнан ким жавобгар бўлиши лозим?
Натижада сунъий интеллектни жорий этиш янада бошқариладиган бўлади ва ишлаб чиқилган халқаро тажрибаларни ўзлаштириш имконини беради. Бундан аҳоли ҳам, тадбиркорлар ҳам, ҳокимият ҳам манфаатдор. Шаҳар аҳолиси учун янги ечимларни айта олиш, хавфсизлик ва ишонч даражаси ошади. Ҳокимият ва инвесторлар эса сунъий интеллект туфайли тартибга солиш ва репутацион хатарларни камайтиришлари мумкин.
Дунё шаҳарларида СИдан қандай фойдаланилмоқда?
Жаҳон тажрибаси шуни тасдиқлайдики, шаҳар даражасида сунъий интеллектни жорий этиш аниқ маълумотлар архитектураси ва идоралараро интеграция мавжуд бўлган мамлакатларда энг муваффақиятли ҳисобланади.
Масалан, Сингапурда Virtual Singapore лойиҳаси қурилиш, транспорт, инсоляция ва иқлим ҳақидаги маълумотларни ягона 3D платформада бирлаштирди. Бу лойиҳалаштириш бошланишидан олдин келажакдаги қурилиш ва энергия сарфи сценарийларини таҳлил қилиш имконини берди.
Сеулда фавқулодда вазиятларни моделлаштириш ва трафикни оптималлаштириш учун фойдаланиладиган Ёийдо оролининг рақамли эгизаги яратилмоқда. Дубайда сунъий интеллектга асосланган марказлаштирилган светофорларни бошқариш тизимининг жорий этилиши чорраҳаларнинг ўтказувчанлик қобилиятини 16−37%га оширди.
Германия бутун мамлакат учун ечимларни стандартлаштирмоқда ва кўплаб муниципалитетлар учун ягона платформа яратмоқда. Мамлакатда «Ақлли шаҳарлар пилот лойиҳалари» федерал дастури доирасида 70 дан ортиқ муниципал лойиҳалар тармоғи жорий этилган. Рақамли ривожланиш стратегиялари ва пилотлар аниқ ерларнинг вазифаларига мос равишда танланади.
Масалан, автомобиль трафиги маълумотларини алмашиш тамойиллари, светофор режимини ўзгартириш тўғрисида қарор қабул қилиш ва ушбу қарорларни светофор дастурий таъминоти билан интеграциялаш стандартлари умумий бўлиб қолмоқда. Яъни маълумотларга ёндашувлар ва сунъий интеллект алгоритмларини воситалар билан бирлаштириш ГФР учун ягонадир.
Гамбургда ўнлаб манбалар маълумотларини бирлаштирган ягона шаҳар маълумотлар платформасидан фойдаланилади: транспорт оқимлари, шаҳар хариталари ва топографияси, атроф-муҳит мониторинги маълумотлари, шаҳар инфратузилмаси ва коммунал тармоқлар, қурилиш маълумотлари, шаҳарнинг 3D модели.
Ушбу платформадан аҳолига хизмат кўрсатувчи турли тор йўналишдаги сервислар фойдаланади. Масалан, транспорт иловалари платформадан трафик ҳақидаги долзарб маълумотларни олади ва улардан светофорларнинг ишлашини таҳлил қилиш ва фазаларни оптималлаштириш учун фойдаланади. Экологик хизматлар яшил майдонлар хариталарини, сув тошқини эҳтимоли бўлган ҳудудларни ва сув сифати кўрсаткичларини олмоқда.
Турли соҳалардаги маълумотлар битта рақамли муҳитда бирлаштирилгани сабабли ҳар қандай янги шаҳар лойиҳаси ўз маълумотлар моделини ишлаб чиқиш ва нолдан интеграцияни четлаб ўтиб, тизимга уланади. Бу молиявий ва вақт харажатларини сезиларли даражада камайтиради ва муваффақиятли ечимларни шаҳарлар ўртасида улашиш имконини беради.
Ўзбекистон ва унинг қўшнилари шаҳарларни бошқаришда сунъий интеллектни қандай жорий этмоқда?
Шарқий Европа ва Марказий Осиёнинг ривожланаётган иқтисодиётларида сунъий интеллектга ёндашув амалийлик билан белгиланади. Минтақа шаҳарларида СИни интеграциялашган эмас, балки кўпроқ нуқталарга эътибор қаратган ҳолда жорий этиш кузатилмоқда. Бошқача айтганда, ечимлар ягона платформани қуриш ва мавжуд стандартлардан қайта фойдаланишга таянмайди. Бунинг ўрнига, индивидуал қарорлар қабул қилинади.
Масалан, Ўзбекистонда Safe City республика дастури мавжуд. У видеокамералар тармоғи, юзни аниқлаш ва ситуацион марказлар атрофида қурилган. Алоҳида муниципаль лойиҳалар ҳам бор. Smart Tashkent йўл ҳаракатини бошқариш, мослашувчан светофорлар ва трафик таҳлилига эътибор қаратади. Smart City Samarkand бўлса – уй-жой коммунал хўжалиги учун ҳисоб-китобларни рақамлаштириш ва сув таъминотини рақамли модернизация қилишга. Бухоро учун туризмга эътибор қаратилган ўзининг нуқтавий ечими бор.
Умуман олганда, бу «нуқтавийлик»дир. Турли идоралар алоҳида қуйи тизимларда (хавфсизлик, транспорт, уй-жой коммунал хизмат кўрсатиш, туризм) параллель синовларни олиб бормоқда. Уларнинг барчаси ҳозирча бир-бири билан қисман боғланган ва Гамбург ёки Сингапур каби хизматларни тўлиқ қамраб олган ягона, стандартлаштирилган шаҳар платформасини ташкил этмайди.
Буни Европа Иттифоқи ва БМТТДнинг Ўзбекистон Рақамли технологиялар вазирлиги билан ҳамкорликдаги анализи ҳам тасдиқлайди. Ишда АТ тизимларининг бўлак-бўлак экани ва уларнинг заиф интеграциялашганлик даражаси аниқланди.
Қозоғистон, масалан, йўл ҳаракати хавфсизлиги видеотаҳлилини («Сергек» тизими) кенгайтирди ва куну тун ишлайдиган iKomek-109 мурожаатларни кўриб чиқиш марказини қурди.
Озарбайжон Call марказларни автоматлаштириш учун сунъий интеллектдан фойдаланмоқда, шунингдек, OpenData.az ва ASAN доирасида ягона очиқ маълумотлар порталини яратяпти. Иккала мамлакатда ҳам технологик ечимлар ҳали ҳам маъмурий механизмларга киритилмоқда, мавжуд амалиётлар автоматлаштирилмоқда ва тўлдирилмоқда.
Кейинги қадам сунъий интеллектни жорий этишда янада интеграциялашган ёндашув бўлиши мумкин. Пилот лойиҳалар транспорт ёки экология каби бутун бир соҳаларни қамраб олиши мумкин. Кейин бу секторлар шаҳарнинг тўлиқ функционал рақамли эгизагига бирлаштирилади, унинг қатламлари транспорт, экологик, коммунал ва бошқа йўналишлардан иборат бўлади.
Бундай эгизакнинг дастлабки версияси, масалан, Тошкентда аллақачон мавжуд. Ҳозирда бу шаҳарсозликни режалаштириш учун 3D модели ва GIS ядросидир. Сингапур ёки Германиядаги «эгизаклар»да бўлгани каби тизимга турли датчиклар, тармоқлараро моделлаштириш ва барча шаҳар хизматлари учун ягона платформа кенг жорий этилмаган.
Ўзбекистоннинг бошқа шаҳарлари кўпроқ фрагмент ҳолидаги нуқтавий моделлардан фойдаланади. Гарчи улар Тошкентда синовдан ўтган ечимларни мослаштириши ва тўлдириши мумкин бўлса ҳам. Бундай ёндашув хавфларни камайтиради ва биз юқорида таърифлаган ягона дастурлар, стандартлар ва ақлли шаҳар технологияларини яратиш учун зарур бўлган тажрибани тўплаш имконини беради.
Мегаполисларнинг асосий муаммолари
Биз сунъий интеллектни жорий этишдан фойда олиш йўлида бир нечта тўсиқларни кўряпмиз.
Биринчиси – фрагментация ва маълумотларни ажратиб олишнинг мураккаблиги. Йиллар давомида «нуқтавий» харидлар ортидан муниципалитетларда ўнлаб бир-бирига мос келмайдиган тизимлар тўпланиб бормоқда: турли авлод светофор контроллерлари, ёпиқ форматли видеоплатформалар, кўплаб етказиб берувчиларнинг сув ҳисоблагичлари.
Бундай муҳитда ҳатто мукаммал модель, тўғри тузилган тизим ҳам интеграция ва ҳуқуқий тўсиқларга бориб тақалади. Масалан, вазирликлар ҳар бир қарор учун маълумотлар алмашинувини аниқ келишиб олишлари керак. Фойдаланиш бўйича умумий келишув ўрнига, ҳар бир янги қарорни қайта мувофиқлаштириш ва қайси маълумотлардан ва қандай ҳажмда фойдаланиш мумкинлигини аниқлаш керак.
Техник тарқоқлик қуйидагича ҳал қилинади: бўсағада умумий талаблар қўйилади – ягона API, интеграциянинг ягона қоидалари ва муҳим маълумотларни умумий платформага узатиш мажбурияти. Барча таъминотчилар ушбу талабларга риоя қилишлари керак. Шунда пилот лойиҳаларини «№17 чорраҳада» чиройли демо сифатида қолдиришдан кўра, бутун шаҳар бўйлаб кенгайтириш осонроқ кечади.
PMtech Group Европанинг қатор мамлакатларида инфратузилмани лойиҳалашда худди шундай муаммога дуч келмоқда. Муҳандислик тизимлари, тармоқлари ва бинолари ҳақидаги маълумотлар кўпинча тарқоқ бўлади. BIM ва сунъий интеллектдан фойдаланиш лойиҳа маълумотларининг ягона омборларини яратиш имконини беради. Уларда ҳар бир иштирокчи объектнинг долзарб рақамли моделига эга бўлиб, бу хатолар хавфини камайтиради ва келишувларни тезлаштиради.
Иккинчи тўсиқ – пилотдан масштаблаштиришга ўтиш. Бир хизматнинг қарори қўшни хизматларнинг юкини дарҳол ўзгартирадиган шаҳар тизими ўзгаришларни бошқаришни талаб этади. Бунинг учун қуйидагилар зарур:
хизматлар ўртасида келишилган операцион самарадорлик кўрсаткичлари (йўлдаги вақт, жамоат транспортининг ишончлилиги, ҳисобга олинмаган сувлар улуши, мурожаатларни кўриб чиқишнинг ўртача вақти);
• капитал ва операцион харажатларнинг узлуксиз режаси;
• киберхавфсизлик режаси;
• маълумотлар ва воситалардан фойдаланиш регламенти.
Халқаро амалиётлар шуни кўрсатадики, шаҳарларда сунъий интеллект эффектига пилотлар томонидан эмас, балки маълумотларга асосланган операцион бошқарув орқали эришилади. Айнан шунинг учун бир қатор мамлакатларда маълумотларни мувофиқлаштириш миллий марказлари ва шаҳар инфратузилмасини кундалик мониторинг қилиш марказлари ташкил этилмоқда.
Учинчи тўсиқ – хавфларни бошқариш ва ишонч. Шаҳар сферасида рискларнинг ноаниқлиги ва уларни етарлича юмшатмаслик ҳалокатли оқибатларга олиб келиши мумкин. Сунъий интеллект йўл ҳаракати хавфсизлигига, коммунал хизматларга ва ҳаракатланиш ёки хизматлар истеъмоли ҳақидаги шахсий маълумотларга таъсир қилади.
Бу ерда биз мақола бошида айтиб ўтган норматив рамкалар зарур. Бундай мўлжалларсиз шаҳар сунъий интеллект амалий тизимларининг башорат қилиниши ва бошқарилиши ҳақида гапириш мумкин эмас. Шаҳар тизимлари шаффоф бўлмаса, уларга идоралар ҳам, фуқаролар ҳам ишонмайди. Ёки улар юмшатишнинг оқилона режаси мавжуд бўлмаган илк ҳодиса юз бергунча ишонишади, холос.
Тўртинчи тўсиқ – махфийлик ва хавфсизлик. Шаҳарлар муқаррар равишда аҳолининг йўналишларини, ташриф вақтларини, шаҳар хизматларидан, жумладан, сув ва электр энергиясидан фойдаланиш хусусиятларини тиклаш мумкин бўлган маълумотлар билан ишлайди. Бу ерда ечим маълумотларни ягона марказга бирлаштириш эмас. Аксинча, улар турли тизимлар ва хизматларда қолиши керак. Бунда таҳлилнинг бир қисми умумий хотирада эмас, балки локал қурилмаларда ўтказилиши лозим. Бундай ёндашувда ҳатто маълумотларнинг алоҳида қисмидаги заифлик ҳам маълумотларнинг оз миқдорда сизиб чиқишига олиб келади.
Бешинчи тўсиқ – талант дефицити. Шаҳардаги сунъий интеллект – «нейротармоқни жорий этиш» эмас, балки таҳлилчилар, муҳандислар ва маълумотлар архитекторлари, тадқиқотчилар ва кибермутахассисларнинг тартибли ишидир. Бундай одамларни топиш қийин, самарадорликни минимал йўқотишлар билан ташкил этиш ва ошириш эса янада қийинроқ. Кенгайтириш усули – мутахассисларни тайёрлаш бўйича мақсадли дастурлар, хусусий бизнес билан ҳамкорлик, стартаплар ва интеграторлар учун «қумдонлар».
Ниҳоят, «инсон омили» ва кутилмаларни бошқариш. Шаҳар – режалаштириш муддати узоқ ва масъулият даражаси юқори бўлган энг консерватив соҳалардан биридир. Агар шаҳар маълумотлар платформаси барча томонларнинг манфаатлари билан боғлиқ бўлса ва чекланган фойдага эга назарий амбицияларга эмас, балки умумий қийматга эътибор қаратилса, манфаатдор томонларни жалб қилиш осонлашади. Узоқ муддатли рақамли «балоғат»нинг асоси меъёрий ҳужжатлардир.
gazeta.uz.
Мавзувий сонни махсус мухбиримиз Ирина Гребенюк олиб боради.
