«Яшил макон» умуммиллий лойиҳасини амалга ошириш масалалари, жумладан 2025 йил 26 сентябрь куни Президентимиз раислигида ўтказилган йиғилишда кўриб чиқилди. Қайд этилишича, баҳорда экилган 137 млн дона кўчатнинг 27,5 млн донаси қуриб қолган. Сабаби, ҳаво эрта исиб кетган, ёш дарахтлар кўкаришга улгурмаган, уларни суғориш учун 2–3 баравар кўп сув сарфланади. Шу боис кузги экишни кенгайтириш зарурлиги таъкидланди. Жорий йилнинг кузида 125 млн туп, баҳорда яна 75 млн туп дарахт ва буталар экиш режалаштирилган эди. Бунда кўчатлар суғориш тизими мавжуд бўлмаган жойларга экилмаслиги керак.
Урбанизация жараёнининг жадаллашуви шаҳарлар ва вилоят марказларида яшил майдонларни кўпайтиришни тақозо этмоқда. Шаҳарларни «яшил» стандартлар бўйича илмий асосланган ҳолда ривожлантириш учун икки ой муддатда Тошкент шаҳри, Нукус шаҳри ва барча вилоят марказларининг «яшил» мастер режаларини тайёрлаш топширилди. Бу ишларга олимлар, урбанист ва экологлар жалб қилинади.
