Norma.uz

Ертўла, аҳолидан сўралмаган ҳолда, учинчи шахсларга топширилган

 

Ажойиб кунларнинг бирида... уйимизнинг ертўласи тадбиркорларга берилганидан хабар топдик. Улар тикувчилик корхонасини жойлаштириб, деярли кеча-ю кундуз тикув машиналарида тикишмоқда. Бу қўшниларга ноқулайлик туғдиради – кечаси-ю кундузи ҳаловат йўқ. Бундан ташқари, ертўлага уйнинг кириш йўлагидан кирилади. Бу эса шовқин-сурон, бегона одамлар кирди-чиқдиси, ахлатхона нақд дегани. Тадбиркорлар матоларни рулон-рулон қилиб олиб келишади, йўлакка тахлаб қўйишади, қўшнилар доим қоқилиб кетишади. Уларга ертўладан фойдаланиш учун рухсатни, аҳоли билан келишмасдан, ҳатто бизни ҳам хабардор қилмасдан, БК берган. Шикоятларимизга БК раҳбари бу қонуний асосда, тадбиркорликни ривожлантириш ва аҳоли бандлигини ошириш мақсадида қилинаётганини айтади. Ишлаб чиқаришни ертўлага жойлаштириш учун аҳолининг розилиги талаб қилинадими? Ахир у бизнинг умумий мулкимиз-ку. Ертўлани ижарага ёки фойдаланишга бериш регламенти борми?

 

Ертўла квартира эгаларининг умумий мол-мулки ҳисобланади ва фойдаланувчига фақат ККУ бинолари мулкдорлари умумий йиғилишининг қарори асосида берилади. Бу Кўп квартирали уйнинг ертўласидан фойдаланиш тартиби тўғрисидаги низомда (15.10.2021 йилдаги 648-сон ВМҚга 1-илова) назарда тутилган. Ҳужжат кўп квартирали уйларнинг ертўлаларини жисмоний ва юридик шахсларга фойдаланишга бериш тартибини белгилайди.

 

Бошқарув органига мурожаат 

Дастлаб, кўп квартирали уйнинг ертўласидан ёки унинг бир қисмидан фойдаланишни хоҳловчи жисмоний ёки юридик шахслар ККУ бошқарув органига ёзма равишда мурожаат қилишлари керак. Ёзма мурожаатга қуйидаги ҳужжатлар ва маълумотлар илова қилинади:

• юридик шахс давлат рўйхатидан ўтказилганлиги тўғрисидаги гувоҳноманинг нусхаси (жисмоний шахс учун – унинг шахсини тасдиқловчи ҳужжатгача);

• режалаштирилаётган фаолият тури, ертўладан фойдаланиш мақсади, талаб этиладиган майдон ҳажми тўғрисида тўлиқ маълумот.

Агар потенциал фойдаланувчи ертўлани танланган фаолият турига мослаштиришни хоҳлаб, хонани таъмирлаш ва қайта режалаштириш ишларини амалга ошириш зарурлигини кўрса, у бу ҳақда бошқарув органига маълумот бериши керак.

 

Умумий йиғилиш ўтказилиши ҳақида аҳолини хабардор қилиш

Бошқарув органи ертўлани ижарага олиш тўғрисидаги ёзма мурожаатни қабул қилгандан кейин уч кундан кечиктирмай ҳар бир мулкдорни масалани муҳокама қилиш учун умумий йиғилиш ўтказилиши тўғрисида хабардор қилиши керак. Бу ҳақдаги эълон ҳар бир йўлакка осиб қўйилиши ёки мулкдорларга имзо қўйдириб топширилиши керак. Эълонда умумий йиғилиш ўтказиладиган жой, сана, вақт ва кун тартиби тўғрисидаги маълумотлар акс эттирилади.

 

Уйнинг ертўласини фойдаланишга бериш тўғрисида қарор қабул қилиш

 

ККУ ертўласини ёки унинг бир қисмини фойдаланишга бериш тўғрисидаги қарор йиғилишда ҳозир бўлган уйдаги барча жойлар мулкдорларининг ёки улар вакилларининг 50 фоизидан кўпроғи ҳозир бўлган тақдирда қабул қилинади. Агар уларнинг 50 фоизидан кўпроғи қарорни ёқлаб овоз берган бўлса, қарор қабул қилинган ҳисобланади. Кворум бўлмаган ёки умумий йиғилиш қарорини қабул қилиш учун етарли овозлар сони мавжуд бўлмаган тақдирда, ККУ ертўласини фойдаланишга топшириш тўғрисидаги масала рад этилади.

 

Шартнома тузиш 

Кўп квартирали уйни бошқариш органи умумий йиғилишнинг ертўлани фойдаланишга бериш тўғрисидаги қарори қабул қилинган кундан эътиборан 5 иш кунидан кечиктирмай фойдаланувчи билан қонунчилик ҳужжатларида белгиланган тартибда умумий йиғилишда қабул қилинган қарорга мувофиқ ижара ёки текин фойдаланиш шартномасини тузади.

 

Ертўладан фойдаланганлик учун ижара ҳақи қандай белгиланади ва ундан қандай фойдаланилади? 

Ертўладан фойдаланувчи томонидан тўланадиган ижара тўловининг энг кам миқдорлари тегишлилиги бўйича Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши, вилоятлар ва Тошкент шаҳар ҳокимликлари томонидан тасдиқланади.

Ертўладан фойдаланганлик учун ижара ҳақи ушбу кўп квартирали уйнинг умумий мол-мулкини сақлашга улушли мулк иштирокчиларининг улушига мутаносиб равишда йўналтирилади.

Прочитано: 49 раз(а)

Если Вы заметили ошибку, выделите фрагмент текста, содержащий ошибку, и нажмите Ctrl+Enter.
Сайт разработан в ООО «NORMA», зарегистрирован в Узбекском агентстве по печати и информации 01.06.2018г.
Регистрационное свидетельство № 0406.
Адрес: Узбекистан, 100105, г. Ташкент, Мирабадский р-н, ул. Таллимаржон, 1/1.
Тел. (998 78) 150-11-72. Call-центр:1172. E-mail: admin@norma.uz
Копирование материалов сайта без согласования с администрацией ресурса запрещено.
© ООО «NORMA», 2007-2026 г. Все права защищены.
18+   Яндекс.Метрика