Norma.uz

Бепул чипталар, зарур ҳужжатлар, имтиёзли пенсия хусусида

 

Боқувчини йўқотганлик пенсиясини олиш учун қандай ҳужжатлар керак?

 

– Боқувчини йўқотганлик пенсиясини тайинлашни сўраб мурожаат қилган шахснинг аризасига қуйидаги ҳужжатлар илова қилиниши керак:

• оила аъзосининг вафот этган боқувчи билан қариндошлик муносабатларини тасдиқловчи ҳужжатлар (суд органлари ёки хорижий давлатлар мансабдор шахслари томонидан маълумотнома);

• боқувчининг бедарак йўқолганлиги тўғрисида суднинг қарори нусхаси;

• вафот этган боқувчининг иш стажини, шу жумладан махсус иш стажини тасдиқлайдиган ҳужжат;

• вафот этган боқувчининг иш ҳақи тўғрисидаги маълумотнома.

Бундан ташқари, зарур ҳолларда қуйидагилар тақдим этилади:

• вафот этган боқувчининг 18 ёшдан 23 ёшгача бўлган оила аъзосининг Ўзбекистон Республикасининг ташқарисидаги таълим ташкилотининг ўқувчиси ёки талабаси ҳисобланиши тўғрисидаги маълумотнома;

• агар боқувчи ишдаги бахтсиз ҳодиса натижасида вафот этган бўлса, бахтсиз ҳодиса ва соғлиқнинг ишлаб чиқаришда бошқа шикастланиши тўғрисидаги ҳужжат ёки бошқа расмий ҳужжат;

• 13.10.2022 йилдаги 592-сон ВМҚ билан тасдиқланган Низомнинг 12-банди «а»–«и» ва «л» кичик бандларида кўрсатилган, вафот этган боқувчининг номига расмийлаштирилган (ёзилган) бошқа ҳужжатлар.

Боқувчи-пенсионер вафот этган тақдирда, вафот этган шахснинг пенсия йиғмажилдида мавжуд бўлмаган зарур ҳужжатлар тақдим этилиши керак.

Маълумотномалар (маълумотлар) «Ягона миллий меҳнат тизими» идоралараро аппарат-дастурий комплексида (ЯМТТ ИДАК) ҳамда вафот этган боқувчи пенсионернинг пенсияга оид ҳужжатлар йиғмажилдида мавжуд бўлса, улар пенсия тайинлаш учун мурожаат қилган шахснинг аризасига илова қилинмайди.

Вафот этган боқувчининг 18 ёшдан 23 ёшгача бўлган оила аъзосининг ўқувчи ёки талаба эканлиги факти Пенсия жамғармаси бўлими томонидан Ўзбекистон Республикаси Олий ва ўрта махсус таълим вазирлигининг ахборот тизими орқали аниқланади (Низом 14-б., 13.10.2022 йилдаги 592-сон ВМҚ билан тасдиқланган).

 

 

Қандай ҳолатларда Пенсия жамғармаси пенсияни расмийлаштиришда маълумотларни текширишга ҳақли бўлмайди? 

 

– Ҳақиқатан ҳам, қонунчиликка кўра («Фуқароларнинг давлат пенсия таъминоти тўғрисида»ги Қонун 43-м., 03.09.1993 йилдаги 938-XII-сон ЎРҚ) айрим ҳолларда Пенсия жамғармаси бўлими тақдим этилган ҳужжатларнинг асосли ва ишончли эканлигини текшириш ҳақида қарор чиқариш ҳуқуқига эга.

Бундай қарор қабул қилинишига қуйидаги манбалардан пенсияни тайинлаш (қайта ҳисоблаш) учун зарур маълумотлар олинган ҳолда йўл қўйилмайди:

• жамғариб бориладиган пенсия тизимидан;

• Пенсия жамғармасига ўтказилган суғурта бадалларини якка тартибда ҳисобга олишнинг марказлаштирилган электрон реестридан;

• фуқароларнинг иш ҳақининг якка тартибдаги ҳисобини юритишнинг марказлаштирилган электрон реестри, «ЯММТ» ИДАК ва бошқа вазирликларнинг ахборот тизимлари (592-сон Низом 11-б.).

 

 

Ногиронлиги бўлган болани тарбияловчи онага пенсия тайинлашда стаж қандай ҳисобланади?

 

– Ногиронлиги бўлган болани 8 ёшгача тарбия қилган онага пенсия тайинлашда талаб қилинадиган 20 йиллик иш стажига 592-сон Низомнинг 27-банди «а»–«д» кичик бандларида кўрсатилган даврлар қўшиб ҳисобланади. Яъни:

• ходим давлат томонидан ижтимоий суғурталанган ҳолда бажарган ҳар қандай иш, фаолият тури, мулкчилик ва хўжалик юритиш шаклларидан қатъи назар, қуйидаги шартларда:

– 2019 йил 1 январга қадар бўлган давр учун – Пенсия жамғармасига суғурта бадаллари тўланганда;

– 2019 йил 1 январдан кейинги давр учун – меҳнатга ҳақ тўлаш тарзидаги даромадлар ҳисобланган бўлса, шунингдек 2021 йил 1 июндан кейин ишламаган давр учун жисмоний шахснинг эри (хотини) ўз меҳнат ҳақи кўринишидаги даромадларидан ихтиёрий асосда ижтимоий солиқ тўланган давр.

Фаолият тури ва бандлик соҳасига қараб кейинги бандлар бўйича (592-сон Низом 30-б.).

Бунда шуни ҳисобга олиш керакки, I гуруҳ ногиронлиги бўлган шахс ёки 18 ёшгача ногирон болани парвариш қилиш вақти талаб қилинадиган 20 йиллик иш стажига камида 7 йил иш стажи мавжуд бўлганда киритилади (03.09.1993 йилдаги 938-XII-сон ЎРҚ 8-м.).

 

 

Солиқ хизмати иш стажини тасдиқлай оладими?

 

– 592-сон Низомнинг 52-бандига мувофиқ иш стажи иш, хизмат, ўқиш ёки иш стажига ҳисобланадиган бошқа фаолият амалга оширилиши жойидан, шунингдек архив муассасаларидан бериладиган ҳужжатлар бўйича белгиланади.

Банд шахсларга (якка тартибдаги меҳнат ва оилавий тадбиркорлик фаолияти, шу жумладан юридик шахс ташкил этмасдан шахсий томорқа ва деҳқон хўжаликларида, шунингдек якка тартибдаги тадбиркорлик ва ўзини ўзи банд қилган шахслар сифатидаги меҳнат фаолияти) иш стажи давлат солиқ хизмати органлари томонидан қуйидаги тўловлар тўғрисида бериладиган маълумотномалар бўйича белгиланади:

• 2019 йил 1 январга қадар бўлган давр учун – Пенсия жамғармасига суғурта бадаллари тўлаш;

• 2019 йил 1 январдан кейинги давр учун – ягона ижтимоий тўлов;

• 2020 йил 1 январдан кейинги давр учун – ижтимоий солиқ.

 

 

Қайси ходимлар 5 йил муқаддам пенсияга чиқиш ҳуқуқига эга?

 

– Охирги иш жойидан қатъи назар, ёшни 5 йилга камайтирилган ҳолда пенсия олиш ҳуқуқига қуйидагилар эга бўладилар:

• уруш ногиронлари ва уларга тенглаштирилган шахслар;

• меҳнат шароити зарарли ва оғир ишларда банд бўлган ходимлар (3-сон рўйхат, I қисм):

– эркаклар – иш стажи камида 25 йил бўлиб, бундан камида 12 йилу 6 ойи кўрсатиб ўтилган ишларга тўғри келган тақдирда;

– аёллар – иш стажи камида 20 йил бўлиб, бундан камида 10 йили кўрсатиб ўтилган ишларга тўғри келган тақдирда.

Меҳнат шароити зарарли ва оғир ишларда – эркаклар камида 6 йилу 3 ой, аёллар камида 5 йил – ишлаган ходимларга пенсия ушбу Қонуннинг 7-моддасида назарда тутилган пенсия ёши эркакларнинг бундай ишдаги ҳар 2 йилу 6 ойи учун ва аёлларнинг бундай ишдаги ҳар 2 йили 1 йилга қисқартирилган ҳолда тайинланади;

• болаликдан ногиронлиги бўлган фарзандларнинг оналари уларни саккиз ёшгача тарбиялаган бўлса – иш стажи камида 20 йил бўлган тақдирда;

• ногиронлиги бўлган болалар учун ихтисослашган таълим муассасалари, «Меҳрибонлик» уйлари, ҳарбий академик лицейлар, тарбия колониялари ўқитувчилари – махсус иш стажи камида 25 йил бўлган тақдирда (3-сон рўйхат, VII қисм);

• ихтисослаштирилган тиббиёт муассасаларининг шифокорлари ва ўрта тиббий ходимлари – махсус иш стажи шаҳарчалар, қишлоқлар ҳамда овулларда камида 25 йил ва шаҳарларда камида 30 йил бўлган тақдирда (3-сон рўйхат, VIII қисм);

• қарияларга, ногиронлиги бўлган шахсларга ва ёлғиз фуқароларга хизмат кўрсатишда бевосита банд бўлган ижтимоий ходимлар (3-сон рўйхат, IX қисм):

– эркаклар – махсус иш стажи камида 25 йил бўлган тақдирда;

– аёллар – махсус иш стажи камида 20 йил бўлган тақдирда (03.09.1993 йилдаги 938-XII-сон ЎРҚ 12-м.).

 

 

Жамғариб бориладиган пенсия тўловларини олиш учун қаерга мурожаат қилиш керак ва уларни олиш тартиби қандай?

 

– ШЖБПҲ олиш учун яшаш жойи бўйича Ўзбекистон Халқ банкининг филиалларига мурожаат қилиш керак. Шахснинг давлат пенсияси ҳуқуқи пайдо бўлиши жамғариб бориладиган пенсия тўловларини олишга асос ҳисобланади. Бу ҳақда маълумотлар Ўзбекистон Республикаси Иқтисодиёт ва молия вазирлиги ҳузуридаги бюджетдан ташқари Пенсия жамғармасининг ахборот тизими орқали юборилади.

Шунингдек шахсий жамғариб бориладиган пенсия ҳисобварақларидаги маблағларни қонунчиликка мувофиқ берилган ҳужжатлар асосида ишончли шахслар орқали олиш мумкин.

Олувчилар ўзлари мустақил белгилаган давр мобайнида ойлик жамғариб бориладиган пенсия тўловларини олиш ёки уларни бир марталик олиш ҳақида танлов ҳуқуқига эга («Фуқароларнинг жамғариб бориладиган пенсия таъминоти тўғрисида»ги Қонун 18–20-м., 20.02.2004 йилдаги 702-II-сон ЎРҚ).

 

 

Эшитишимча, ҳозирда кекса одамлар бепул йўл чиптаси ёки шаҳарлараро автобус чиптасини олиш ҳуқуқига эга экан. Шу тўғрими?

 

– Ҳақиқатан ҳам, ўтган йили Вазирлар Маҳкамасининг 04.11.2024 йилдаги 733-сон қарори қабул қилинди, ундаги Низом бепул сафарлар учун чипталар берилишини ҳисобга олиш тартиби, шунингдек бепул сафарлар учун харажатларни қоплаш механизмини назарда тутади.

Лекин бунда шуни ёдда тутиш керакки, шахс «Инсон» ижтимоий хизматлар маркази томонидан тузиладиган ўзгалар парваришига муҳтож ёлғиз шахслар ва ёлғиз яшовчи кексалар ҳамда ногиронлиги бўлган шахслар реестрига киритилган бўлиши керак. У ҳолда сизга йилига бир марта ва бевосита ҳамроҳлик қилувчи шахсга бепул темир йўл ёки шаҳарлараро автобус чипталари (бориш ва қайтиш) ажратилади.

Бепул йўл чиптасини расмийлаштириш учун ёлғиз шахс, шунингдек ўзгалар парваришига муҳтож кексалар ва имконияти чекланган шахслар мансабдор шахсга шахсни тасдиқловчи ҳужжатни кўрсатиши керак.

 

 

Мен РФ фуқаросиман. Лекин 31.01.2023 йилдан бошлаб Ўзбекистонда доимий яшовчи мақомига эгаман. Ўзбекистонда расмий равишда ишлайман ва компания мен учун бошқа ходимлар каби ЖШДС, ШЖБПҲга ажратмалар тўлайди. Мен ЎзР фуқароси эмаслигимни ҳисобга олган ҳолда, пенсия учун стажим ҳеч қаерда акс этмайди: на Ўзбекистонда, на Россияда. Бу борада Россиядаги Пенсия жамғармаси ва солиқ органидан маслаҳат олдим, менга чет элда ишлаганда стаж ҳисобга олинмайди дейишди. Бундай вазиятда стажни қандай ҳисобга олиш мумкин?

 

– Ўзбекистон Республикаси ҳудудида пенсия тайинланадиган вариантни кўриб чиқамиз, чунки «Фуқароларнинг давлат пенсия таъминоти тўғрисида»ги Қонуннинг моддасига кўра Ўзбекистон Республикасида доимий яшайдиган хорижий фуқаролар ва фуқаролиги бўлмаган шахслар Ўзбекистон Республикаси фуқаролари билан тенг равишда пенсия олиш ҳуқуқига эга.

Ўзбекистон ҳудудида орттирилган иш стажи тўлиқ ҳажмда ҳисобга олинади.

Ўзбекистон Республикасида доимий яшайдиган хорижий фуқаролар ва фуқаролиги бўлмаган шахсларнинг чет элдаги иш, агар Ўзбекистон Республикасининг халқаро шартномаларида ўзгача ҳол назарда тутилмаган бўлса, Ўзбекистон Республикасидаги ишга тўғри келадиган стажнинг 1/3 қисмидан ортиқ бўлмаган доирада киритилади.

 

МИСОЛ. Чет эл фуқаросининг умумий иш стажи 40 йилни ташкил этади, шундан 21 йили Ўзбекистон Республикаси ҳудудига, 19 йили эса хорижий давлат ҳудудига тўғри келади. Ушбу ҳолатда чет эл фуқаросининг хорижий давлатдаги иш стажи пенсияни ҳисоблаш учун 7 йил (21 йил / 3) доирасида қабул қилинади ва умумий иш стажи 28 йилни (21 + 7) ташкил этади (592-сон Низом 47-б.).

 

СССР ҳудудида орттирилган стажга келсак, 1992 йил 13 мартдаги Мустақил Давлатлар Ҳамдўстлиги иштирокчи давлатлари фуқароларининг пенсия таъминоти соҳасидаги ҳуқуқларини кафолатлаш ҳақидаги битимга мувофиқ меҳнат стажи (шу жумладан имтиёзли асосларда ва хизмат йиллари учун пенсия олиш ҳуқуқи) ушбу битим кучга киришига қадар бўлган вақт учун ҳисобга олинади (Битимнинг 2–3-б.), яъни 1992 йил 13 мартгача.

Агар сиз Россияда пенсия олишга қарор қилсангиз, у Россия Федерацияси қонунчилиги бўйича тайинланади. Шу муносабат билан, сиз тушунтириш олиш учун уларга мурожаат қилишингиз керак.

Бунда шуни ҳисобга олиш керакки, юқорида айтиб ўтилган битим Россия томонидан 2022 йил июнда денонсация қилинган.

 

Зафаржон Хўжаев, «Норма» эксперти.

Прочитано: 25 раз(а)

Если Вы заметили ошибку, выделите фрагмент текста, содержащий ошибку, и нажмите Ctrl+Enter.
Сайт разработан в ООО «NORMA», зарегистрирован в Узбекском агентстве по печати и информации 01.06.2018г.
Регистрационное свидетельство № 0406.
Адрес: Узбекистан, 100105, г. Ташкент, Мирабадский р-н, ул. Таллимаржон, 1/1.
Тел. (998 78) 150-11-72. Call-центр:1172. E-mail: admin@norma.uz
Копирование материалов сайта без согласования с администрацией ресурса запрещено.
© ООО «NORMA», 2007-2025 г. Все права защищены.
18+   Яндекс.Метрика