Norma.uz

Пенсия доирасида

 

Иш стажига эга бўлмаган аёл энг кам пенсия олиши керакми?

– Иш стажи бўлмаган тақдирда ёшга доир қуйидаги нафақалар тайинланади:

• эркакларга – 65 ёшга тўлганда;

• аёлларга – 60 ёшга тўлганда;

• болаликдан ногиронлиги бўлган болаларни тарбиялаётган оналарга – 55 ёшга тўлгандан сўнг.

Болаликдан ногиронлиги бўлган болалари бор оналар, агар бу тиббий-ижтимоий экспертизанинг болани ногирон деб топиш тўғрисидаги ногиронлик ҳақидаги маълумотномаси билан тасдиқланса, ёшга доир нафақа олиш ҳуқуқига эга.

Нафақа Пенсия жамғармаси томонидан Давлат хизматлари марказлари ёки ЯИДХП орқали ариза берилганда тайинланади.

Нафақа ҳар ойда Пенсия жамғармаси бўлимлари томонидан белгиланган муддатларда, бироқ жорий тўлов ойидан кечиктирмай тўланади (23.03.2023 йилдаги 119-сон ВМҚ).

 

 

Турмуш ўртоғи вафот этганидан кейин аёли эрининг юқорироқ пенсияси ҳисобидан пенсияни ошириш тўғрисида ариза бериши мумкинми?

 

– Ҳа, мумкин, лекин қуйидаги шарт билан: агар боқувчисини йўқотганлик пенсияси миқдори сиз олаётган пенсиядан юқори бўлиб чиқса, сиз ёшга доир пенсиянгиздан воз кечишингиз керак бўлади.

Чунки «Фуқароларнинг давлат пенсия таъминоти тўғрисида»ги Қонуннинг (3.09.1993 йилдаги 938-ХII-сон ЎРҚ, бундан кейин – Қонун) 4-моддасига мувофиқ давлат пенсияларининг ҳар хил турларини олиш ҳуқуқига эга бўлган фуқароларга уларнинг танлови бўйича битта пенсия тайинланади.

 

 

54 ёшга тўлган бўлсам, пенсияни қанча муддатда расмийлаштиришим мумкин?

 

– Сиз 54 ёшга тўлганингиздан сўнг исталган вақтда пенсия тайинлаш учун мурожаат қилишингиз мумкин. Бунда сиз Қонуннинг 37-моддаси «a», «б», «в» ва «г» бандларида назарда тутилган камида йигирма йиллик иш стажига эга бўлишингиз кераклигини ёдда тутишингиз лозим (Қонун 12-1-м.).

Агар сизда юқорида кўрсатилган асосий стаж етарли бўлмаса, у ҳолда пенсия ёшига етгандан кейин пенсия тайинлашни сўраб мурожаат қилиш мумкин: эркаклар – 60 ёшга тўлганда ва иш стажи камида 25 йил бўлганда; аёллар – 55 ёшга тўлганда ва иш стажи камида 20 йил бўлганда (Қонун 7-м.). Бунда, агар пенсия олиш ҳуқуқи пайдо бўлган кундан бошлаб 60 кун ичида уни сўраб мурожаат этилган бўлса ёшга доир пенсия тайинланади. Қолган барча ҳолларда пенсия мурожаат қилинган кундан бошлаб тайинланади.

 

 

Пенсияни муддатидан олдин расмийлаштириш мумкинми?

 

– Йўқ, пенсияни муддатидан олдин расмийлаштириш мумкин эмас (Қонун 7-м.).

Технологиядаги, ишлаб чиқариш ва меҳнатни ташкил этишдаги ўзгаришлар, ходимлар сони (штати) ёки иш хусусиятининг ўзгаришига олиб келган ишлар ҳажмининг қисқарганлиги ёхуд корхонанинг тугатилганлиги муносабати билан ишдан озод этилган ва ишсиз деб эътироф этилганлар шахслар ёшга доир пенсияларни муддатидан олдин тайинлаш ҳуқуқига эга бўладилар: эркаклар – 58 ёшга тўлганда ва иш стажи камида 25 йил бўлганда; аёллар – 53 ёшга тўлганда ва иш стажи камида 20 йил бўлганда (Қонун 14-м.).

 

 

Университетда ва аспирантурада ўқиган йилларимиз пенсия ҳисоблаш учун меҳнат стажига қўшиладими?

 

– Пенсия олиш ҳуқуқини берадиган иш стажига қуйидагилар қўшилади:

а) фаолият тури, мулкчилик ва хўжалик юритиш шаклларидан қатъи назар, ходим давлат томонидан ижтимоий суғурталанган ҳолда бажарган ҳар қандай иш, агар у:

• 2019 йил 1 январга қадар бўлган давр учун – Пенсия жамғармасига суғурта бадаллари тўлаган бўлса;

• 2019 йил 1 январдан кейинги давр учун – меҳнатга ҳақ тўлаш тарзидаги даромадлар ҳисобланган бўлса, шунингдек жисмоний шахснинг 2021 йил 1 июндан кейинги ишламаган даври учун унинг эри (хотини) меҳнатга ҳақ тўлаш тарзидаги ўз даромадларидан ихтиёрий асосда ижтимоий солиқ тўлаган давр (592-сон ВМҚ билан тасдиқланган Низом 27-б.);

б) олий таълим ташкилотларида (шу жумладан уларда ўқиш ҳарбий хизматга тенглаштириладиган ҳарбий таълим ташкилотларида), аспирантурада (стажёрлар-тадқиқотчилар-изланувчилар институтида), докторантурада (катта илмий ходимлар-изланувчилар институтида) ва клиник ординатурада, таянч докторантурада ва докторантурада (олий таълимдан кейинги таълим институтида) кундузги ўқиш, шу жумладан чет элда ўқиш;

в) бола 3 ёшга тўлгунга қадар болани парваришлаш таътилларида бўлган вақти, бироқ жами кўпи билан 6 йил.

 

Мисол. Агар 30 йиллик меҳнат стажига эга бўлган ишлаётган аёл иш стажининг 8 йили мобайнида жами 3 болани парваришлаш таътилларида бўлган бўлса, у ҳолда пенсия тайинлаш учун иш стажини ҳисоблашда унга жами 28 йил иш стажи ҳисобланади (30 йил – 8 йил + 6 йил = 28 йил).

 

 

Махсус стажга киритиб бўлмайдиган даврлар борми?

– Болани парваришлаш таътилида бўлиш даври (шу жумладан пули тўланадиган таътилда бўлиш) ёшга доир имтиёзли пенсия олиш ҳуқуқини берадиган махсус иш стажига қўшилмайди (592-сон Низом 27-б.).

Имтиёзли пенсия таъминоти ҳуқуқини берадиган махсус стажга қуйидаги даврлар ҳам киритилмайди:

• иш ҳақи сақланмайдиган таътил;

• академик (ўқув) таътиллар, малака ошириш курсларида, клиник ординатурада (интернатурада) ўқиш вақти, ишлаб чиқариш амалиётини ёки ўқишни ўташ вақти (592-сон Низом 72-б.).

Агар олий таълим муассасаси, шунингдек клиник ординатура (интернатура), аспирантура, стажёрлар-тадқиқотчилар-изланувчилар институти, докторантура ва катта илмий ходимлар-изланувчилар институти ўқувчиси имтиёзли пенсия таъминотига ҳуқуқ берувчи ишга қабул қилинган бўлса, ўқиш давридаги ишлаган вақти тўлиқ иш куни давомида ишлаган иш соатлари мавжуд бўлганда, махсус стажга киритилади (Меҳнат вазирлиги ва Молия вазирлигининг қарорига илова 29-б. 4-хатбошиси, АВ рўйхат рақами 2337-1, 20.03.2013 й.).

Ишларда доимий банд бўлмаган ходимларга махсус стаж ҳақиқатда ишланган иш даври бўйича ҳисобланади (Меҳнат вазирлиги ва Молия вазирлигининг қарорига илова 8-б., АВ рўйхат рақами 2337, 20.03.2013 й.).

 

 

 

Тоғам бир муддат ички ишлар идораларида хизмат қилган. Бу давр учун у қандай ҳужжатларни тақдим этиши керак?

– Ҳарбий хизматни, давлат хавфсизлик органларидаги хизматни, шунингдек асирликда бўлиш вақтини тасдиқлаш учун қуйидагилар қабул қилинади:

• ҳарбий гувоҳномалар (ҳарбий билетлар);

• Ўзбекистон Республикаси Мудофаа вазирлиги, Ўзбекистон Республикаси Ички ишлар вазирлиги, Ўзбекистон Республикаси Миллий гвардияси, Ўзбекистон Республикаси Давлат хавфсизлик хизмати, Ўзбекистон Республикаси Электрон технологияларни ривожлантириш маркази ва Ўзбекистон Республикаси Президенти Давлат хавфсизлик хизматининг штаблари ва муассасаларининг маълумотномалари;

• архив маълумотномалари ва ҳарбий-даволаш муассасаларининг маълумотномалари.

Юқорида кўрсатилган ҳужжатлар асосида меҳнат дафтарчасига киритилган ҳарбий хизмат тўғрисидаги ёзувлар ҳам тасдиқлаш учун қабул қилинади. Жанговар ҳаракатлар даврида ҳаракатдаги армия таркибидаги ҳарбий хизмат, шу жумладан байналмилал бурчни бажаришдаги ҳарбий хизмат Давлат пенсияларини тайинлаш ва тўлаш тартиби тўғрисидаги низомга 6-иловага мувофиқ шакл бўйича Ўзбекистон Республикаси Мудофаа вазирлиги томонидан белгиланадиган тартибда бериладиган мудофаа ишлари бўлимларининг маълумотномалари асосида имтиёзли ҳисоблаб чиқилган ҳолда меҳнат стажига қўшиб ҳисобланади (13.10.2022 йилдаги 592-сон ВМҚга 1-илова).

Ўзбекистон Республикаси ички ишлар органларидаги хизматни тасдиқлаш учун меҳнат дафтарчасига киритилган бундай хизмат тўғрисидаги ёзувлар, улар бўлмаган тақдирда эса – ушбу Низомга 7-иловага мувофиқ шакл бўйича Ўзбекистон Республикаси Ички ишлар вазирлиги томонидан белгиланадиган тартибда бериладиган маълумотномалар қабул қилинади (592-сон Низом 58-б.).

 

 

 

Менинг стажим керагидан ортиқ. Пенсия тайинлашда бу қандай ҳисобга олинади?

 

– Тўлиқ пенсия тайинлаш учун талаб этиладиганидан ортиқча иш стажи учун унинг миқдорини ошириш назарда тутилган. Чунончи, пенсия тайинлаш учун талаб этиладиган иш стажининг ҳар бир тўлиқ йили учун (Қонун 37-40-м.) пенсиянинг базавий миқдорлари (Қонун 26-м.) қуйидагича оширилади:

а) ёшга доир пенсиялар – пенсияни ҳисоблаб чиқариш учун олинадиган ўртача ойлик иш ҳақининг 1 фоизи миқдорида (Қонун 31 ва 33-м.);

б) I ва II гуруҳ ногиронлиги бўлган шахсларга ногиронлик пенсиялари – пенсияни ҳисоблаб чиқариш учун олинадиган ўртача ойлик иш ҳақининг 1 фоизи миқдорида;

в) боқувчисини йўқотганлик пенсиялари оиланинг меҳнатга қобилиятсиз ҳар бир аъзоси учун – боқувчининг пенсияни ҳисоблаб чиқариш учун олинадиган ўртача ойлик иш ҳақининг 0,5 фоизи миқдорида.

Отасидан ҳам, онасидан ҳам жудо бўлган (чин етим) болаларга тайинланадиган боқувчисини йўқотганлик пенсияларини ошириш ота ва она иш ҳақларининг умумий миқдоридан келиб чиқиб, пенсияни ҳисоблаш базавий миқдорининг ўн икки баравари доирасида амалга оширилади (Қонун 27-м.).

 

 

 

Меҳрибонлик уйларидаги етим болаларга боқувчисини йўқотганлик пенсияси бериладими?

 

– Ҳа, албатта. Чин етим болаларга тўлиқ давлат таъминотида турган даврида пенсияни ҳисоблаш базавий миқдорининг 100 фоизи миқдорида пенсия тўланади. Ота-онасидан биридан ажралган ва тўлиқ давлат таъминотида турган болаларга пенсияни ҳисоблаш базавий миқдорининг 50 фоизи миқдорида пенсия тўланади.

Ушбу тўловлар боланинг номига тижорат банкида очилган депозит ҳисобварағига ўтказиб қўйилади (Қонун 56-м.).

 

 

 

Мен якка тартибдаги тадбиркорнинг «қўлида» ишлайман. Менинг маошим ҳар доим ҳам бир хил эмас. Бу менинг пенсиям миқдорига қаттиқ таъсир қиладими? Бунда пенсия қандай ҳисобланади?

 

– Иш вақтини ҳисобга олиб бўлмайдиган ходимларнинг (якка тартибдаги тадбиркор ва у томонидан ёлланган ходимнинг, деҳқон хўжалиги ва оилавий тадбиркорлик субъекти аъзосининг) пенсиясини ҳисоблаб чиқариш учун олинадиган иш ҳақининг миқдори қуйидагича бўлади:

•  2019 йил 1 январга қадар бўлган давр учун – Ўзбекистон Республикаси Молия вазирлиги ҳузуридаги бюджетдан ташқари Пенсия жамғармасига тўланган суғурта бадалларининг миқдоридан келиб чиққан ҳолда;

• 2019 йил 1 январдан кейинги давр учун – тўланган ягона ижтимоий тўлов миқдоридан келиб чиқиб ҳисобланади (Қонун 32-м.).

Шуни ҳисобга олиш керакки, тўловларни тўлаш даврлари иш стажи ва пенсияга чиқиш ҳуқуқини белгилайди. Аммо тўловлар миқдори пенсия миқдорини белгилайди. Чунки пенсия миқдори пенсияни ҳисоблаш учун олинадиган ўртача ойлик иш ҳақидан келиб чиқиб ҳисобланади.

Демак, тадбиркор томонидан пенсияни ҳисоблаб чиқариш учун ёлланган ходимнинг иш ҳақи якка тартибдаги тадбиркорлар учун белгиланганидек аниқланади, яъни тўланган ижтимоий солиқ суммаси ижтимоий солиқнинг амалдаги ставкасига бўлинади ва олинган натижа 100 га кўпайтирилади (592-сон Низом 85-б.).

Шуни ҳисобга олиш керакки, ойлик тўловлар миқдорини ошириш орқали келгусидаги пенсияни ҳам ошириш мумкин, чунки унинг миқдори нафақат иш стажига, балки пенсияни ҳисоблаш учун олинадиган иш ҳақига ҳам боғлиқ.

Масалан, 2024 йил сентябрь ойида сиз 375 000 сўм миқдорида ижтимоий солиқ тўлагансиз. Шунга кўра, йиллик даромад миқдори 3 125 000 сўмни ташкил этади (375 000 / 12 х 100, бу ерда 12% – микрофирмалар ва кичик корхоналар, шунингдек фермер хўжаликлари учун ижтимоий солиқ ставкаси) ёки ўртача ойлик – 260 416,67 сўм (3 125 000 / 12, бу ерда 12 – йил ойлари сони).

Сиз тўланадиган ижтимоий солиқ миқдорини ошириш орқали пенсияни ҳисоблаш учун олинадиган иш ҳақи миқдорини оширишингиз мумкин. Масалан, 1 000 000 сўм ижтимоий солиқ тўланган тақдирда йиллик даромад миқдори 8 333 333,33 сўмни ташкил этади (1 000 000 / 12 х 100), ёки ўртача ойлик – 694 444,44 сўм (8 333 333,33 / 12).

 

 

 

Нафақа тайинлашда мукофотлар иш ҳақи таркибига киритиладими?

 

– Ой, йил чораги, ярим йиллик, йил якунлари бўйича мукофотлар, шунингдек давр якунлари бўйича тўланадиган тақдирлаш пули, давлат байрамлари ва ишларнинг айрим турларини бажарганлик учун бир марталик мукофотлар, шунингдек шунга ўхшаш бошқа тўловлар (шу жумладан, жамоа хўжаликлари аъзоларига пилла етиштириш бўйича тўловлар ҳамда йил якунлари бўйича қўшимча тўловлар) қуйидаги шартлар билан улар ҳисобланган ой учун иш ҳақи таркибига киритилади:

• 2019 йил 1 январга қадар бўлган давр учун – суғурта бадаллари тўланиши;

• 2019 йил 1 январдан кейинги давр учун – меҳнатга ҳақ тўлаш тарзидаги даромадларни ҳисоблаш шарти билан.

Ходимга ишдан бўшаганидан кейин тўланган мукофотлар (давр якунлари бўйича тақдирлаш пули ва йиллик иш якунлари бўйича қўшимча тўловлар) меҳнат шартномаси тўхтатилган ой учун иш ҳақи таркибига киритилади (592-сон Низом 89-б.).

 

Зафаржон Хўжаев, «Норма» эксперти.

 

Маълумот учун!

МАХСУС ИШ СТАЖИ – халқ хўжалигининг муайян тармоқлари, касблар ва лавозимларда имтиёзли пенсия таъминоти олиш ҳуқуқини берадиган меҳнат фаолиятининг ДАВОМИЙЛИГИ.

 

Маълумот учун!

Ёшга доир пенсия тайинлангандан кейинги иш ВАҚТИ пенсияни ҳисоблаб чиқариш учун стажга ҚЎШИЛМАЙДИ. Ёшга доир пенсия тайинлашда пенсияни тайинлаш кунигача бўлган стаж ҳисобга олинади.

 

Маълумот учун!

Барча зарур ҳужжатлар билан бирга ариза қабул қилинган кун пенсия сўраб мурожаат этилган кун ҳисобланади. Пенсия тайинлаш тўғрисидаги ариза барча зарур ҳужжатлар билан биргаликда пенсия йиғмажилдига тикиб қўйилади ва (ёки) ахборот тизимида электрон шаклда сақланади.

Прочитано: 107 раз(а)

Если Вы заметили ошибку, выделите фрагмент текста, содержащий ошибку, и нажмите Ctrl+Enter.
Сайт разработан в ООО «NORMA», зарегистрирован в Узбекском агентстве по печати и информации 01.06.2018г.
Регистрационное свидетельство № 0406.
Адрес: Узбекистан, 100105, г. Ташкент, Мирабадский р-н, ул. Таллимаржон, 1/1.
Тел. (998 78) 150-11-72. Call-центр:1172. E-mail: admin@norma.uz
Копирование материалов сайта без согласования с администрацией ресурса запрещено.
© ООО «NORMA», 2007-2025 г. Все права защищены.
18+   Яндекс.Метрика