Norma.uz

Учиш соатлари, аттестация ва имтиёзли пенсия ҳақида

 

Фуқаро авиацияси учувчи ва ердаги хизмат ходимларининг пенсияга чиқишининг ўзига хос жиҳатлари ҳақида «Норма» эксперти Зафаржон Хўжаев гапириб берди.

 

Имтиёзли пенсия олиш ҳуқуқини берувчи шартлар

Учувчилар ва учувчи-синовчилар таркибига кирувчи ходимлар улар меҳнат қилган корхоналар, муассасалар ва ташкилотларнинг идоравий бўйсунувидан қатъи назар, белгиланган хизмат муддатини ана шу лавозимларда эркаклар камида 25 йил ва аёллар камида 20 йил адо этганлари тақдирда, ёшидан қатъи назар имтиёзли пенсия олиш ҳуқуқига эга бўладилар (3.09.1993 йилдаги 938-XII-сон Қонун 10-м. «в» б.).

 

Эътибор беринг. Саломатлигига кўра учиш ишларидан бўшатилганлар хизмат муддати эркакларда камида 20 йил ва аёлларда камида 15 йил бўлганда пенсияга чиқиш ҳуқуқига эга бўлади.

 

Учувчилар ва учувчи-синовчилар таркибига кирадиган ходимлар тоифалари ёшидан қатъи назар пенсия олиш ҳуқуқини берувчи ишлаб чиқаришлар, муассасалар, ишлар, касблар ва лавозимларнинг 1-сон Рўйхатининг III қисмида белгиланган (12.05.1994 йилдаги 250-сон ВМҚга илова). Унга нафақат парвозлар билан бевосита боғлиқ бўлган, масалан, ҳаво кемалари ва бошқа учиш аппаратлари экипажлари, учувчи-инструкторлар таркиби, амалдаги парвоз гувоҳномасига эга бўлган ва парвозларда иштирок этадиган командирлик-учувчи таркибидаги мутахассислар, балки парашютчилар, қутқарувчилар, ўт ўчирувчи десантчилар, авиация ўт ўчириш хизмати инструкторлари, парашют бўлинмалари раҳбарлари ва иши парашютдан сакраш билан боғлиқ бўлган бошқа мутахассислар ҳам киритилган.

Рўйхатда бортларда ва парашют-десант техникасида синов парвозларини амалга оширувчилар ҳам бор. Булар синовчи – муҳандислар, механиклар, электриклар, радистлар, операторлар, учувчилар (пилотлар), штурманлар ва бошқалардир.

Бунга учиш синовларини ўтказишга рухсат бериш тўғрисидаги амалдаги гувоҳнома мавжуд бўлган тақдирда муҳандислик-техник таркиб ва синов парвозларида учувчилар таркибини текширувчи, шунингдек учиш-синов хизматларига раҳбарлик қилувчи ва парвозларда иштирок этувчи хизматлар мутахассислари ҳам киради.

Диспетчерлар, диспетчер-инструкторлар, катта диспетчерлар, парвозлар раҳбарлари – ҳаракат жадаллиги ёки мураккаблиги энг юқори бўлган аэропортлар, турли аэроузеллар, марказлар, маҳаллий диспетчерлик пунктларида ҳаво ҳаракатини бошқарувчи ходимлар имтиёзли пенсия олиш ҳуқуқига эга (3.09.1993 йилдаги 938-ХII-сон ЎРҚ 11-м. «а» б.). Ушбу Рўйхатда борт кузатувчилар ҳам бор (2-сон Рўйхат I қисми).

Муддатидан 10 йил олдин пенсияга чиқиш учун қуйидаги махсус стажга эга бўлиш керак:

• эркакларга – камида 20 йил, шундан кўрсатилган ишларда камида 10 йил;

• аёлларга – камида 15 йил, шундан камида 7 йил 6 ой кўрсатилган ишларда.

 

Эътибор беринг. Меҳнат шароити ўта зарарли ва ўта оғир ишларда ишлаган ходимларга (эркаклар – камида 5 йил, аёллар – камида 3 йил 9 ой) пенсия назарда тутилган пенсия ёшини шундай ишда банд бўлинган ҳар бир тўлиқ йил учун 1 йилга қисқартирилган ҳолда тайинланади.

 

Борт кузатувчилар, агар уларнинг иши зарарли ва оғир меҳнат шароитлари билан боғлиқ бўлса, умумий белгиланган ёшни 5 йилга қисқартирилган ҳолда пенсияга чиқиш ҳуқуқига эга.

Бунда эркаклар иш стажи камида 25 йил бўлиб, бундан камида 12 йилу 6 ойи кўрсатиб ўтилган ишларда ишлаган бўлиши керак.

Аёлларда – иш стажи камида 20 йил бўлиб, бундан камида 10 йили кўрсатиб ўтилган ишларга тўғри келиши керак (3.09.1993 йилдаги 938-XII-сон ЎРҚ 12-м. «б» б.; 3-сон Рўйхат I қисми).

Меҳнат шароити оғир бўлган ишларда ишлаган эркакларга (камида 6 йилу 3 ой) ва аёлларга (камида 5 йил) пенсия назарда тутилган пенсия ёши эркакларнинг бундай ишдаги ҳар 2 йилу 6 ойи учун ва аёлларнинг бундай ишдаги ҳар 2 йили учун 1 йилга қисқартирилган ҳолда тайинланади.

 

Узоқ муддатли хизмат қандай ҳисобланади

Узоқ муддат хизмат қилиш муддатлари учиш соатлари сони бўйича ҳисобланади (Низом 35-б., 13.10.2022 йилдаги 592-сон ВМҚга 4-илова). Масалан, самолётда учишнинг ҳар 20 соати – 1 ойлик хизмат муддати.

Вертолётларда парвоз соатлари; махсус қўлланиладиган авиацияда (санитария парвозлари, авиакимё ишлари, аэрофотосуратга олиш ва бошқалар); чет эл ҳаво кемаларини кузатиб борувчи гуруҳлар таркибида (бошловчи сифатида); командирлик-учувчи ва учувчи-инструкторлик таркибидаги лавозимларда, шу жумладан авиациянинг учувчилар таркиби кадрларини тайёрлаш ва ходимларнинг малакасини ошириш олий ва ўрта таълим муассасаларида учишларнинг ҳар 12 соати хизмати муддатининг 1 ойига ўтади.

Авария-қутқарув (қидирув-қутқарув) ҳаво кемалари экипажи таркибида ишланган 1 йил 1,5 йил деб ҳисобланади. Худди шу ҳисоб-китоблар «Ватанпарвар» ўқув ва спорт авиацияси ташкилотларида тайёргарликнинг ўқув-учиш режасини бажарган тақдирда учувчилар таркибига нисбатан ҳам амал қилади, мураккаб ёки олий пилотаж элементларини бажарган тақдирда эса – бир йил 2 йилга ўтади.

Бу фақат бир нечта мисоллар бўлиб, улардан кўриниб турибдики, 1-сон Рўйхатда кўрсатилган ҳар бир лавозимда хизмат муддатини ҳисоблашда маълум бир парвоз вақтига мос келиши ва бир қатор шартларга риоя қилиниши керак (сакрашнинг йиллик меъёри, синовларда қатнашиш, юқори пилотаж фигураларини бажариш ва бошқалар).

Шундай ҳоллар ҳам бўладики, ходим бир йил давомида учиш синовларида қатнашмай, транспорт самолётида учган, учиш тайёргарлиги билан шуғулланган ва ҳоказо. Унга хизмат муддати фуқаро авиацияси учувчилар таркиби каби ҳисобланади.

Агар ходим бир йил давомида учишни амалга оширмаган бўлса, бу вақт кўп йиллик хизмат муддатига қўшилмайди. Лекин умумий иш стажини ҳисоблашда ҳисобга олинади.

Синов парвозларини бажариш чоғида меҳнат жароҳати олган ва шу муносабат билан учиш соатлари мавжуд бўлмаганларга хизмат йиллари ҳақиқий давомийлик бўйича ҳисобланади.

Кўп йиллик хизмат муддатига қуйидагилар ҳам қўшилади (Низомга 4-илова, 13.10.2022 йилдаги 592-сон ВМҚ билан тасдиқланган):

• Ўзбекистон Республикаси Қуролли Кучларининг учувчилар таркиби лавозимларидаги хизмат вақтлари, авиациянинг синовчи-учувчилар ва учувчилар таркибида бўлган лавозимларда ишлаш даври – пенсия тайинлашда тегишли равишда ҳарбий хизматчилар, авиациянинг синовчи-учувчилари таркибига ва учувчилар таркибига кирувчилар учун белгиланган хизмат муддатларини ҳисоблаш учун белгиланган тартибда;

• 1992 йилнинг 1 январидан бошлаб чет элларда хорижий авиация учувчилари таркибидаги лавозимларда ишлаш вақти – бунда хизмат муддати 2019 йил 1 январга қадар бўлган давр учун – Пенсия жамғармасига суғурта бадаллари тўланган тақдирда, парвоз ишининг тегишли турлари учун мазкур Тартибнинг 1-бандида белгиланган тартибда;

• ягона ижтимоий тўлов тўланган тақдирда – 2019 йил 1 январдан 2019 йил 31 декабргача бўлган давр учун;

• ижтимоий солиқ тўланган тақдирда – 2020 йил 1 январдан кейинги давр учун;

• учувчилар таркибидаги ходимлар учун – авиация олий таълим муассасаларида ўқиш вақти (ҳақиқий ўқиш вақти бўйича) – агар ўқишга киришдан олдин учиш лавозимларида ишлаган бўлса.

 

Эътибор беринг. Кириш соатларининг кўпайиши пенсия ҳисоблаш учун қабул қилинадиган иш стажини ошириши мумкин.

 

Иш ўринларини аттестация қилиш

2-сон Рўйхатнинг I қисми ва 3-сон Рўйхатнинг I қисмига киритилган пенсионерликка номзодларнинг иш ўринларини меҳнат шароитлари ва асбоб-ускуналарнинг жароҳатлаш хавфлилиги бўйича аттестациядан ўтказиш тартиби Вазирлар Маҳкамасининг 15.09.2014 йилдаги 263-сон қарори билан тасдиқланган.

Меъёрий ҳужжатларга мувофиқ рўйхатларнинг қўлланилиши қуйидаги тартибда амалга оширилади:

 

Рўйхатлар

Меҳнат шароитлари класси

Умумий белгиланган ёшдан 10 йил олдин пенсияга чиқиш ҳуқуқини берувчи ишлаб чиқаришлар, муассасалар, ишлар, касблар, лавозимлар ва кўрсаткичларнинг 2-сон рўйхати I қисми

3.4

Умумий белгиланган ёшдан 5 йил олдин пенсияга чиқиш ҳуқуқини берувчи ишлаб чиқаришлар, муассасалар, ишлар, касблар, лавозимлар ва кўрсаткичларнинг 3-сон рўйхати I қисми

3.3

 

 

МИСОЛ. Борт кузатувчисининг иш жойини аттестациядан ўтказиш натижаларига кўра (2-сон Рўйхатнинг I-қисми) меҳнат шароитлари класси 3.3 ни ташкил этди. Шунга кўра, у 10 йил олдин пенсияга чиқиш ҳуқуқига эга бўлмайди. Бу баҳо у киритилмаган 3-сон Рўйхат бўйича меҳнат шароитлари классига мос келади.

 

Маълумот учун! 

ҲУЖЖАТЛАР нафақат асл нусхада, балки Пенсия жамғармаси бўлими томонидан тасдиқланган нусхада ҳам тақдим этилиши мумкин, бундан асл нусхада ТАҚДИМ ЭТИЛАДИГАН маълумотномалар (иш ҳақи тўғрисидаги ва бошқа маълумотномалар) МУСТАСНО.

Прочитано: 219 раз(а)

Если Вы заметили ошибку, выделите фрагмент текста, содержащий ошибку, и нажмите Ctrl+Enter.
Сайт разработан в ООО «NORMA», зарегистрирован в Узбекском агентстве по печати и информации 01.06.2018г.
Регистрационное свидетельство № 0406.
Адрес: Узбекистан, 100105, г. Ташкент, Мирабадский р-н, ул. Таллимаржон, 1/1.
Тел. (998 78) 150-11-72. Call-центр:1172. E-mail: admin@norma.uz
Копирование материалов сайта без согласования с администрацией ресурса запрещено.
© ООО «NORMA», 2007-2025 г. Все права защищены.
18+   Яндекс.Метрика