Norma.uz

Шаҳар муҳитида ногиронлиги бўлган шахслар эҳтиёжлари учун шароитлар яратилади

 

Президентнинг «Ногиронлиги бўлган шахсларга қулай ва тўсиқларсиз муҳит яратиш бўйича қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида»ги қарори (18.07.2024 йилдаги ПҚ-266-сон) қабул қилинди.

 

Ногиронлиги бўлган шахсларнинг хавфсиз ва тўсиқсиз ҳаракатланиши учун 2024 йил 1 октябрдан бошлаб реконструкция қилинадиган ва таъмирланадиган объектларнинг шаҳарсозлик ҳужжатлари лойиҳаларининг техник қисми шаҳарсозлик нормалари ва қоидаларида белгиланган ногиронлиги бўлган шахслар учун шароит яратиш бўйича талабларга мувофиқлиги юзасидан мажбурий экспертизага юборилади.

Ҳар йили «Хавфсиз йўл ва хавфсиз пиёда» республика жамғармаси маблағларининг камида 10%и чорраҳаларда ногиронлиги бўлган шахслар (пиёдалар) учун хавфсиз ва тўсиқсиз муҳит яратиш мақсадида қурилиш, таъмирлаш ва жиҳозлаш ишларига йўналтирилади.

Тўсиқсиз муҳит яратиш бўйича ишлар Ижтимоий ҳимоя миллий агентлиги ҳузуридаги Ижтимоий инспекция билан келишилган ҳолда ҳар йили 1 ноябргача тасдиқланадиган Чорраҳаларни ногиронлиги бўлган шахслар эҳтиёжларига мослаштириш дастурига мувофиқ амалга оширилади.

2025 йил 1 январдан бошлаб кўрсатилган фаолият турларига лицензия олиш учун Ижтимоий инспекциянинг хулосаси бўлиши керак.

2024 йил 1 октябрдан бошлаб шаҳар йўловчи транспорти хизматлари I гуруҳ ногиронлиги бўлган шахсларга ва уларнинг бир нафар кузатувчисига бепул тақдим этилади.

I гуруҳ ногиронлиги бўлган шахсларнинг шахсий автотранспорт воситаларини мослаштириш харажатларининг 50%и (БҲМнинг 30 бараваригача миқдорда) қопланади.

 

Баъзи кўчалар ногиронлиги бўлган шахслар учун мослаштирилади

Маҳаллий ижро ҳокимияти органлари ҳар йили 1 ноябргача кейинги йилга ўз ҳудудидаги камида битта кўчани ногиронлиги бўлган шахслар эҳтиёжларига мослаштириш лойиҳасини ишлаб чиқади, шунингдек, уни қуриш, таъмирлаш ва жиҳозлаш ишларини амалга оширади.

2024 йил 1 декабргача кўчалар (рўйхат бўйича) шаҳарсозлик нормалари ва қоидалари талабларидан келиб чиқиб, ногиронлиги бўлган шахсларнинг тўсиқсиз ҳаракатланишига мослаштирилиши назарда тутилган.

Бундан ташқари, 2026 йил 1 январгача республиканинг ногиронлиги бўлган шахслар ҳаракатланиши учун тўсиқсиз муҳит яратилган объектлари билан «Интерактив харита» ахборот тизими ишга туширилади.

2024 йил 1 октябрдан бошлаб Тошкент шаҳри бўйича автобус йўловчи ташиш йўналишларини жойлаштириш ва халқаро автобус йўловчи ташиш, 2025 йил 1 январдан бошлаб эса – Қорақалпоғистон Республикаси, шунингдек, вилоятлараро, шаҳар атрофи, туманлараро (шаҳарлараро) қатновлар бўйича автобус йўловчи ташиш йўналишларини жойлаштириш бўйича тендерларда ногиронлиги бўлган шахслар учун махсус жиҳозланган автобусларга эга бўлган ташаббускорлар иштирок эта оладилар.

2024 йил 1 ноябрдан ушбу талаб кучга киргунга қадар Қорақалпоғистон Республикасида, вилоятлараро, шаҳар атрофи, туманлараро (шаҳарлараро) қатновларда автобус йўловчи ташиш хизматларини кўрсатаётган, тендерларда ғолиб бўлган тадбиркорлик субъектларига автобусларни ногиронлиги бўлган шахслар эҳтиёжларига мослаштириш харажатларининг 50%игача, бироқ БҲМнинг 30 бараваридан ошмаган миқдорда қопланади.

 

Давлат органларида фуқароларни қабул қилиш – сурдотаржимон иштирокида

2025 йил 1 январдан бошлаб вазирликлар ва идоралар, уларнинг тизимидаги ташкилотлар, шунингдек, давлат улуши 50%дан юқори бўлган хўжалик юритувчи субъектлар фуқароларни қабул қилиш ва сайёр қабулларни ўтказишда сурдотаржимон билан ишлашлари шарт.

Бунинг учун вазирликлар ва идораларда, уларнинг ҳудудий бўлинмалари ва тизимидаги ташкилотларда ногиронлиги бўлган шахслар учун қулай ва тўсиқсиз муҳит яратиш учун масъул бўлган раҳбарнинг бир нафар ўринбосари тайинланади.

Бундан ташқари, вазирликлар ва идораларда, уларнинг тизимидаги ташкилотларда, шунингдек давлат иштирокидаги корхоналарда фуқароларнинг мурожаатлари билан ишлайдиган бир нафар ходим сурдотаржима курсларида ўқитилади. Ҳужжат билан қуйидагилар тасдиқланди:

Ногиронлиги бўлган шахслар учун қулай ва тўсиқсиз муҳит яратиш бўйича чора-тадбирлар дастури;

2024 йил 1 сентябргача Ижтимоий инспекциянинг ахборот тизимига уланиш ва фойдаланиш имконияти яратиладиган вазирликлар ва идораларнинг ахборот тизимлари рўйхати.

 

Ҳужжат Қонун ҳужжатлари маълумотлари миллий базасида (lex.uz) эълон қилинган ва 19.07.2024 йилдан кучга кирди.

Прочитано: 17 раз(а)

Если Вы заметили ошибку, выделите фрагмент текста, содержащий ошибку, и нажмите Ctrl+Enter.
Сайт разработан в ООО «NORMA», зарегистрирован в Узбекском агентстве по печати и информации 01.06.2018г.
Регистрационное свидетельство № 0406.
Адрес: Узбекистан, 100105, г. Ташкент, Мирабадский р-н, ул. Таллимаржон, 1/1.
Тел. (998 78) 150-11-72. Call-центр:1172. E-mail: admin@norma.uz
Копирование материалов сайта без согласования с администрацией ресурса запрещено.
© ООО «NORMA», 2007-2024 г. Все права защищены.
18+   Яндекс.Метрика