«Asl belgisi» МАТ орқали рақамли маркировкаланиши лозим бўлган товарларнинг хорижий ишлаб чиқарувчиси сифатида биз Ўзбекистоннинг солиқ хизматида ҳисобга қўйилишимиз, СТИР ва ЭРИ калитини олишимиз керак.
Кейин ДМ ёки савдо ваколатхонасини очишимиз мажбурийми?
Саволга «Assistance In Tax» солиқ маслаҳатчилари ташкилоти директори Радмила КАРИМОВА жавоб берди:
– Ҳақиқатан қонун ҳужжатларида мажбурий рақамли маркировкаланиши белгиланган маҳсулотларнинг хорижий ишлаб чиқарувчилари солиқ хизматида ҳисобга қўйилиши, СТИР ва электрон рақамли имзо калити сертификатини олишлари кераклиги белгиланган (2.04.2022 йилдаги 149-сон ВМҚ 5-б.). Бусиз рақамли маркировкалаш билан ишлаш имконини берувчи «Asl belgisi» МАТ тизимида рўйхатдан ўтишнинг имкони бўлмайди.
Рўйхатдан ўтганидан кейин хорижий ишлаб чиқарувчи зиммасига 12 ой мобайнида Ўзбекистонда аккредитациядан ўтган хорижий тижорат ташкилотининг ваколатхонасини очиш ёхуд рақамли маркировка тизимини жорий қилиш масалалари юзасидан маҳаллий юридик шахс билан шартнома тузиш мажбурияти юклатилади.
Маҳсулотларни «Asl belgisi» МАТ тизимида рўйхатдан ўтказиш мақсадида солиқ хизматида ҳисобга қўйишнинг ўзи бирор бир бошқа солиқ мажбуриятларига олиб келмайди.
Агар хорижий компания ваколатхона очса, ушбу ваколатхона маркировка кодларини тақдим этиш, шу жумладан божхона омборларида ушбу маҳсулотларни рақамли маркировкалаш юзасидан хизматлар кўрсатиш учун ҳисоб-китобларни амалга оширишга ҳақлидир.
Бундай ҳисоб-китобларга тижорат фаолияти сифатида қаралмайди (Низомнинг 35-б., 23.10.2000 йилдаги 410-сон ВМҚга 1-илова).
Эслатиб ўтамиз, ваколатхона хўжалик (тадбиркорлик) фаолиятини амалга ошириш ҳуқуқига эга эмас, у Ўзбекистон ҳудудида ўз манфаатларини ифодалаш ва ҳимоя қилиш мақсадида очилади (Низомнинг 5-б., 23.10.2000 йилдаги 410-сон ВМҚга 1-илова).
Аммо, агар хорижий компания Ўзбекистонда бирор бир тадбиркорлик фаолиятини амалга оширишни режалаштирса (мисол учун, ўз маҳсулотини республика ҳудудида қандайдир омбордан сотса), бу ҳолда хорижий компаниянинг доимий муассасасини очиш лозим, бу солиқ мажбуриятларига олиб келади (СК 36-м. 2-қ.).