Биз Ўзбекистонда ишлаб чиқарувчи йирик компания ҳисобланамиз, хорижда расмий ваколатхоналаримиз бор. Компаниямиз у ёки бу мамлакат ҳудудида лойиҳаларни жорий қилиш ва ишга тушириш учун ЎзР ходимларини ишга юборади. Бир неча йил давомида ЎзР фуқаролари чет элда, лойиҳани амалга ошириш учун юборилган мамлакатида расмий равишда ишга жойлаштирилади ва ўша мамлакатга барча тегишли солиқларни тўлаган ҳолда иш ҳақи олади. ЎзРга қайтганидан кейин ушбу стаж уларнинг стажига қўшилмайди.
Ходим Ўзбекистон ҳудудида ҳисобга олиниши учун стажини қандай тасдиқлаши керак? Ушбу тартиб-таомилни батафсил баён этишингизни сўраймиз: қайси органларга мурожаат қилиш керак, қандай ҳужжатларни тўплаш лозим?
– Ўзбекистон Республикаси фуқароларининг ёлланма (битим) асосда чет элда ишлаганлиги Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси ваколат берган органлар меҳнат дафтарчасига киритган қайдномаларга қараб аниқланади (3.09.1993 йилдаги «Фуқароларнинг давлат пенсия таъминоти тўғрисида»ги ЎРҚ-938-XII-сон Қонуннинг 40-м.).
Чет элда бўлиш даври меҳнат дафтарчасидаги ёзувлар, Ўзбекистон Республикаси Бандлик ва меҳнат муносабатлари вазирлигининг «Labor-migration» дастурий мажмуасидаги маълумотлар, шахснинг паспортдаги Ўзбекистон Республикаси Давлат чегарасини кесиб ўтганлиги тўғрисидаги ёзувлар (муҳрлар, штамплар ёки белгилар) ҳамда Ўзбекистон Республикасининг дипломатик ваколатхоналари ва консуллик муассасаларининг кўрсатиб ўтилган шахснинг бошқа давлатда бўлган вақти ва консуллик ҳисобига қўйилганлиги маълумоти кўрсатилган тегишли ҳужжатлар асосида тасдиқланади (13.10.2022 йилдаги 592-сон ВМҚга илованинг 41-б.).
Шу боисдан ҳужжатларни расмийлаштириш учун сиз Бандлик ва камбағалликни қисқартириш вазирлиги ҳузуридаги Ташқи меҳнат миграцияси агентлигига мурожаат қилишингиз керак.
Меҳнат шартномасига асосан чет элда ишланган вақтдаги стаж қуйидаги тартибда суғурта бадалларини тўлаш шартларига риоя этилган тақдирда ҳисобга олинади:
• 2019 йил 1 январга қадар бўлган давр учун – чет элда меҳнат шартномаларига асосан ишлайдиган шахслар томонидан Пенсия жамғармасига ихтиёрий равишда суғурта бадаллари тўланганда;
• 2019 йил 1 январдан 2019 йил 31 декабрга қадар бўлган давр учун – ягона ижтимоий тўлов тўланганда;
• 2020 йил 1 январдан – ижтимоий солиқ тўланганда;
Фуқаро унда мавжуд имкониятлардан ва пенсия таъминоти миқдоридан келиб чиққан ҳолда қуйидаги тартибда ижтимоий солиқни тўлашга ҳақли:
• ҳар ойда ёки ҳар чоракда;
• бир йўла, Ўзбекистон Республикасида бўлиш кунидан бошлаб уч йил мобайнида.
Ўзбекистон Республикасининг Солиқ кодекси 408-моддасида белгиланган тартибда ижтимоий солиқ тўланган давр Ўзбекистон Республикаси фуқароларига пенсия тайинлашда чет элдаги иш стажига қўшиб ҳисобланади.
Шунингдек ушбу даврлар учун тўланган суммалардан иш ҳақи ҳисоблаб чиқарилади (3.09.1993 йилдаги ЎРҚ-938-XII-сон Қонуннинг 36-м.).
ЖШШИР мавжуд бўлмаганда чет элга ишлашга кетаётган шахс солиқ тўловчи сифатида унга ЖШШИР расмийлаштирилиши билан биргаликда доимий яшаш жойи бўйича давлат солиқ хизмати органларида ҳисобга қўйилиши шарт.
Ижтимоий солиқнинг миқдори тўлов кунида белгиланган БҲМдан келиб чиққан ҳолда ҳисоблаб чиқарилади.
Ижтимоий солиқни нақд пулсиз ҳисоб-китоб бўйича тўланган тақдирда, солиқ тўланганлиги тўғрисидаги тўлов ҳужжатида кўрсатилган сана ижтимоий солиқ тўланган кун ҳисобланади.
Тўлов ҳужжатида фамилияси, исми, отасининг исми, ЖШШИР ва тўлов амалга оширилаётган давр албатта кўрсатилиши шарт.
Агар тўлов ҳужжатида давр кўрсатилмаган бўлса, тўлов у амалга оширилаётган ой учун тўланган деб ҳисобланади.
Миллий валютадаги ижтимоий солиқ меҳнат шартномаси асосида чет элда ишлаётган Ўзбекистон Республикаси фуқаролари доимий яшаш жойи бўйича Пенсия жамғармасининг Молия вазирлигининг Ягона ғазна ҳисобварағида очилган шахсий ғазна ҳисобварағига унинг томонидан мустақил равишда, оила аъзолари ёки ишончли вакил томонидан тўланади (13.10.2022 йилдаги 592-сон ВМҚга илованинг 41-б.).