Айни пайтда фуқароларнинг меҳнат фаолиятини рўйхатдан ўтказиш «ЯММТ» идоралараро дастурий-аппарат комплексида электрон шаклда амалга оширилмоқда. Бугунги кунда маълумотлар тизимга тезкор ва аниқ киритилиши келгусида пенсияга чиқишда стажни ва иш ҳақини тасдиқлашдаги муаммоларни бартараф этишга имкон беради.
Масалан, агар кадрлар хизмати ишга қабул қилиш чоғида аввалги иш жойи бўйича ишдан бўшатилганлик тўғрисидаги маълумотлар ЯММТга киритилмаганлигини аниқлаганда, нима қилиш керак. Вазиятни «Норма маслаҳатчи» ва kadrovik.uz илтимосига биноан ЯММТ дирекциясида тушунтириб бердилар.
– «ЯММТ» идоралараро дастурий-аппарат комплексида меҳнат шартномаларини рўйхатдан ўтказиш электрон меҳнат дафтарчаларини шакллантириш ва юритиш тартиби тўғрисидаги низомнинг 60-бандига мувофиқ меҳнат шартномаларини рўйхатга олиш тартибининг ижро этилиши бўйича жавобгарлик иш берувчиларга юкланади. Шу жумладан, иш берувчилар меҳнат шартномаси бекор қилинишини рўйхатдан ўтказиш учун жавобгар бўлади.
Иш берувчилар меҳнат шартномаси бекор қилинишини Низомнинг 7-бобига мувофиқ рўйхатдан ўтказадилар.
Меҳнат шартномасини рўйхатдан ўтказиш пайтида нотўғри маълумотлар киритилган тақдирда иш берувчи 5 иш куни мобайнида меҳнат шартномасининг нотўғри киритилган маълумотларини тузатиши мумкин. Кўрсатиб ўтилган муддат ўтиб кетган тақдирда ЯММТ дирекциясига ёрдам сўраб мурожаат қилиши лозим (5.12.2019 йилдаги 971-сон ВМҚга 1-илова 38-б.).
Кўриб чиқилаётган вазиятда, билишимча, олдинги иш берувчи қандайдир сабаблар туфайли меҳнат шартномаси бекор қилинганлиги тўғрисидаги маълумотларни киритишга улгурмаган. Ходим учун 2 та асосий иш жойининг мавжудлиги ҳеч нарсани ўзгартирмайди.
Сиз шундай вазиятни аниқлаган бўлсангиз, бу ҳақда ишга қабул қилинаётган ходимга хабар беринг. У ўз ихтиёрига қараб:
1) аввалги иш берувчига меҳнат шартномасининг бекор қилинганлигини ЯММТда лозим даражада расмийлаштиришини сўраб мурожаат қилиши мумкин. Шунда унинг учун сизнинг ташкилотингиз билан меҳнат шартномаси унинг учун «асосий иш жойи бўйича» тузилади;
2) янги иш берувчи билан меҳнат муносабатларини, агар у бундай шартларга розилик билдирса, ўриндош сифатида расмийлаштириш мумкин.