Norma.uz

Сут маҳсулотлари ишлаб чиқарувчилар учун пенсия

 

Ўзбекистонликларнинг кўпчилиги учун даромад орттиришнинг асосий тури ўз томорқасидаги ишлар ҳисобланади. Булар қорамол, уй паррандаларини боқиш, турли сабзавотлар, мевалар, кўкатлар етиштириш, сут маҳсулотларини ишлаб чиқаришдан иборат. Кексайганда ижтимоий ҳимоясиз қолмаслик учун нима қилиш кераклигини «Norma» МЧЖ эксперти Зафаржон Хўжаев айтиб беради. 

 

– Томорқада ишлаб, даромад оладиган шахслар (оилавий корхона, якка тартибдаги тадбиркор ва бошқалар) ўз фаолиятини солиқ органларидан бирор-бир кўринишда рўйхатдан ўтказишлари лозимми?

– Сиз ўзини ўзи банд қилган шахс сифатида солиқ органларида рўйхатдан ўтишингиз лозим. Бу рўйхатдан ўтганликни тасдиқловчи QR-код берган ҳолда махсус мобиль илова ёхуд солиқ тўловчининг шахсий кабинети орқали амалга оширилади (8.06.2020 йилдаги ПҚ-4742-сон қарорнинг 3-б.).

 

– Иш стажи қандай ҳисобланади?

– Қорамол етиштириш ҳамда шахсий ёрдамчи ва деҳқон ҳўжаликларида етиштирилган чорвачилик маҳсулотларини сотиш‚ шунингдек шахсий ёрдамчи хўжаликларда қишлоқ хўжалиги маҳсулотларининг бошқа турларини (ўсимликшунослик, чорвачилик, балиқчилик маҳсулотларини) етиштириш билан банд бўлган шахслар, майдони тўрт сотихдан кам бўлмаган деҳқон хўжалигида, томорқа ерида банд бўлган ёки ушбу майдонда қорамол ёхуд 50 бошдан кам бўлмаган парранда етиштириш билан банд бўлган жисмоний шахслар томонидан Ўзбекистон Республикаси Солиқ кодексининг 408-моддасида белгиланган тартиблар асосида ижтимоий солиқ тўланган даврлар пенсия тайинлаш учун меҳнат стажига қўшиб ҳисобланади.

Дарвоқе, банд бўлган шахс ижтимоий солиқни ўз имкониятларидан ва бўлғуси пенсия таъминоти миқдоридан келиб чиққан ҳолда, бироқ бир йил 1 БҲМдан ортиқ бўлмаган миқдорда тўлашга ҳақлидир.

 

– Солиқ ҳар ойда тўланадими ёки, масалан, чоракда ёки йилда бир марта бутун суммани тўлаш имконияти ҳам мавжудми?

– Солиқ ҳисобот йилининг 1 декабрига қадар доимий яшаш жойи бўйича Пенсия жамғармасининг шахсий ғазна ҳисобварағига тўланади. Ушбу солиқ нақд пулсиз ҳисоб-китоб бўйича тўланган тақдирда, тўлов ҳужжатида кўрсатилган сана ижтимоий солиқ тўланган кун ҳисобланади. Унда фамилияси, исми, отасининг исми, Жисмоний шахснинг шахсий идентификация рақами (кейинги ўринларда – ЖШШИР) ва тўлов амалга оширилаётган давр албатта кўрсатилиши шарт. Бунда оилавий тадбиркорлик субъектининг оила аъзолари бўйича тўлов ҳужжатлари ҳар бир оила аъзоси учун алоҳида-алоҳида ёзилади. Агар тўлов ҳужжатида давр кўрсатилмаган бўлса, тўлов у амалга оширилаётган ой учун тўланган деб ҳисобланади.

Тўланган ижтимоий солиқ ҳисоби давлат солиқ хизмати органида юритилади (13.10.2022 йилдаги 592-сон ВМҚга 1-илова 39-б.).

 

– Бунда иш ҳақи қандай ҳисобга олинади?

– Пенсия миқдорини ҳисоблаб чиқишда ҳисобга олинадиган иш ҳақи миқдори якка тартибдаги тадбиркорлар учун ҳисобланганидек, яъни ижтимоий солиқ суммасини тўлаш даврида амалда бўлган ижтимоий солиқ ставкасига бўлиш ҳамда олинган натижани 100га кўпайтириш йўли билан аниқланади (592-сон Низомнинг 85-б.).

Шуни ҳисобга олиш лозимки, ойлик тўловлар миқдорини ошириш орқали келгусидаги пенсияни ҳам ошириш мумкин, сабаби унинг миқдори нафақат иш стажига, балки пенсияни ҳисоблаб чиқариш учун қабул қилинадиган ўртача ойлик иш ҳақига ҳам боғлиқ бўлади.

 

МИСОЛ. 2022 йил июнь ойида сиз 300 000 сўм миқдорида ижтимоий солиқ тўладингиз. Тегишинча, йиллик даромад 2 500 000 сўмни (300 000 / 12 х 100, бу ерда 12% – микрофирмалар ва кичик корхоналар, шунингдек фермер хўжаликлари учун белгиланган ижтимоий солиқ ставкаси) ёки ўртача ойлик даромад – 208 333,33 сўмни (2 500 000 / 12) ташкил қилади.

Сиз тўланадиган ижтимоий солиқ миқдорини ошириш орқали пенсия ҳисоблаш учун қабул қилинадиган иш ҳақи миқдорини оширишингиз мумкин. 500 000 сўм миқдорида ижтимоий солиқ тўланган тақдирда, ўртача йиллик даромад 4 166 666,67 сўмни (500 000 / 12 х 100), ёки ўртача ойлик даромад – 347 222,22 сўмни (4 166 666,67 / 12) ташкил қилади.

 

Маълумот учун!

2023 йил 30 апрелдан – янги МК кучга кирадиган санадан – ИШ БЕРУВЧИЛАР ПЕНСИЯ ЁШИГА ТЎЛГАН ёки пенсияга чиқиш ҳуқуқига эга бўлган ходимлар билан тузилган меҳнат шартномаларини бекор қилишга доир ҲУҚУҚЛАРИНИ ЙЎҚОТАДИЛАР.

Прочитано: 480 раз(а)

Если Вы заметили ошибку, выделите фрагмент текста, содержащий ошибку, и нажмите Ctrl+Enter.
Сайт разработан в ООО «NORMA», зарегистрирован в Узбекском агентстве по печати и информации 01.06.2018г.
Регистрационное свидетельство № 0406.
Адрес: Узбекистан, 100105, г. Ташкент, Мирабадский р-н, ул. Таллимаржон, 1/1.
Тел. (998 78) 150-11-72. Call-центр:1172. E-mail: admin@norma.uz
Копирование материалов сайта без согласования с администрацией ресурса запрещено.
© ООО «NORMA», 2007-2024 г. Все права защищены.
18+   Яндекс.Метрика