Бозор глобализацияси ва бизнесларнинг бирлашиши даврида «гудвилл» номоддий активи ёки «манфий гудвилл» номли кечиктирилган даромад юзага келади. Бундай НМАни молиявий ҳисоботда БҲМС ва МҲҲСга мувофиқ қандай ҳисобга олишни Profi Training бизнес-мураббийи, МҲХС ва бошқарув ҳисоби бўйича эксперт Александра ТОЛМАЧЕВА тушунтирди.
I. Гудвилл
БҲМС нуқтаи назаридан
Агар ҳар қандай шаклда қайта ташкил этиш (қўшиб юбориш, бирлаштириш, бўлиш, ажратиб чиқариш ва қайта тузиш) натижасида хўжалик юритувчи субъектнинг соф активлари қиймати унинг устав капитали қийматидан кам бўлиб қолса, фарқ дастлабки бухгалтерия баланси «Узоқ муддатли активлар» бўлимида «Номоддий активлар» миқдорий кўрсаткичи билан гудвилл тарзида тартибга солиниши лозим (23-сон БҲМС 34-б., АВ рўйхат рақами 1484, 27.06.2005 й.).
Кейинчалик гудвиллни ҳисобга олишни 7-сон БҲМС «Номоддий активлар» тартибга солади (АВ рўйхат рақами 1485, 27.06.2005 й.).
Гудвиллни эътироф этгандан кейин корхона унинг фойдали хизмат муддати мобайнида унга амортизация ҳисоблайди, бироқ 20 йилдан ортиқ эмас (7-сон БҲМС 64-б.).
Амортизация усули бухгалтерия ҳисоб сиёсатида белгиланади.
МҲХС бўйича
Гудвиллни бошланғич ҳисоби ва ҳисоб-китобини 3-сон IFRS «Бизнесларни бирлаштириш» стандарти тартибга солади. 3-сон IFRS га биноан гудвилл фақат бош компания шўъба корхона устидан назоратга эга бўладиган бизнесларнинг бирлашиши ҳолатида ҳосил бўлиши мумкин.
МҲХСга мувофиқ гудвилл – бу амортизация қилинмайдиган актив. IAS 36-сон «Активларни бирлаштириш» стандартининг белгилашича, гудвилл ҳар йили қадрсизланиши юзасидан синовдан ўтказилиши керак.
II. Манфий гудвилл
БҲМС нуқтаи назаридан
Агар вужудга келган корхонанинг соф активлари қиймати устав капитали миқдоридан кўп бўлиб қолса, ўртадаги фарқ дастлабки бухгалтерия баланси «Мажбуриятлар» бўлимида «Узоқ муддатга узайтирилган даромадлар» ва «Муддати узайтирилган даромадлар» миқдорий кўрсаткичлари билан манфий гудвилл тарзида тартибга солиниши лозим (23-сон БҲМС 34-б.).
Манфий гудвилл суммаси сотиб олинган амортизацияланадиган алоҳида активларнинг ўртача тортилган фойдали хизмат муддати мобайнида мунтазамлик асосида корхонанинг молиявий натижаларга асосий фаолиятдан бошқа даромадлар сифатида киритилади (7-сон БҲМС 64-б.).
Ўртача фойдали хизмат муддатини аниқлаш услубияти БҲМСда келтирилмайди. Унинг ҳисоб-китобининг эҳтимолий вариантини кўриб чиқамиз.
Мисол. Манфий гудвиллнинг фойдали хизмат муддати ҳисоб-китоби
Қўшиб юбориш натижасида вужудга келган корхонада узоқ муддатли активлар ҳосил бўлди:
● бино, қолган хизмат муддати 20 йил;
● дастгоҳлар, қолган хизмат муддати 5 йил;
● компьютер ускунаси, қолган хизмат муддати 3 йил.
Ўртача тортилган фойдали хизмат муддати = (20 + 5 + 3) / 3 = 9,33 йил (ёки 9 йил ва 4 ой, ёки 112 ой).
Фараз қиламиз, манфий гудвилл 500 000 минг сўмни ташкил этган.
Корхона қуйидаги суммада ҳар ойда бошқа даромадни эътироф этади:
500 000 минг сўм / 112 ой = 4 464,3 минг сўм.
МҲХС бўйича
Манфий гудвилл тушунчаси IAS 22-сон «Компанияларни бирлаштириш» стандартида таърифланган, у янги стандарт 3-сон IFRS «Бизнесларни бирлаштириш» қабул қилингунга қадар амал қилган.
3-сон IFRS да манфий гудвилл «манфаатли хариддан олинган фойда» тушунчасига алмаштирилган.
Манфаатли хариддан олинган фойда фойдалар ва зарарлар таркибида сотиб олиш санасида даромад сифатида эътироф этилган бўлиши керак. Фойда сотиб олувчига тааллуқли бўлиши керак.
Юқорида келтирилган мисол маълумотлари бўйича МҲХС мақсадлари учун 500 000 минг сўм дарҳол сотиб олувчи компаниянинг бошқа даромади сифатида эътироф этилган бўлиши керак. Шу муносабат билан унда фойда солиғи бўйича вақтинча фарқ ва кечиктирилган солиқ мажбурияти пайдо бўлади.
Тахмин қиламиз, сотиб олиш пайтида фойда солиғининг амалдаги ставкаси 15%ни ташкил қилган. Шунда солиқ мақсадлари учун даромад қуйидагини ташкил этади: 4 464,3 х 12 ой = 53 571,6 минг сўм. Тўланиши лозим бўлган фойда солиғи: 53 571,6 х 15% = 8 035,74 минг сўм.
МҲХС мақсадлари учун даромад 500 000 минг сўмни ва фойда солиғи бўйича харажат – 75 000 минг сўмни ташкил этади.
Бухгалтерия ўтказмаси:
● Дебет «Фойда солиғи бўйича харажат» – 75 000 минг сўм;
● Кредит «Тўланиши лозим бўлган фойда солиғи» – 8 035,74 минг сўм;
● Кредит «Кечиктирилган солиқ мажбурияти» – 66 964,26 минг сўм.
Солиштирма жадвал
БҲМС
|
МҲХС
|
Гудвилл қайта ташкил этишнинг ҳар қандай шаклида (қўшиб юбориш, бирлаштириш, бўлиш, ажратиб чиқариш ва қайта тузиш) ҳосил бўлиши мумкин
|
Гудвилл фақат бош компания шўъба корхона устидан назоратга эга бўладиган бизнесларнинг бирлашиши ҳолатида ҳосил бўлиши мумкин.
|
Гудвилл амортизацияланади (7-сон БҲМС) |
Гудвилл қадрсизланиши юзасидан синовдан ўтказилади (IAS 36)
|
Манфий гудвилл мунтазамлик асосида даромадга ҳисобдан чиқарилади (7-сон БҲМС) |
Манфаатли хариддан олинган фойда харид амалга оширилган даврда бошқа даромадлар таркибида эътироф этилади (3-сон IFRS) |