Давлат божхона қўмитаси томонидан Президент Администрацияси ҳузуридаги Ахборот ва оммавий коммуникациялар агентлигида «Сўнгги беш йилликда божхона органларида амалга оширилаётган ислоҳотларнинг асосий натижалари» мавзусида матбуот анжумани бўлиб ўтди.
Тадбирда ДБҚ раисининг биринчи ўринбосари И.Мухторов ҳамда масъул бошқармалар бошлиқлари сўнгги беш йилликда божхона органларида амалга оширилган ислоҳотларнинг асосий натижалари ҳақида журналистларга ахборот берди.
Таъкидланганидек, бугунги кунда республикада Президентимиз ташаббуси асосида амалга оширилаётган улкан ўзгаришлар, кенг кўламли ислоҳотлар халқаро ҳамжамият томонидан юксак эътироф этилмоқда. Айниқса, тадбиркорлик фаолиятини янада либераллаштириш, тўғридан-тўғри хорижий инвестицияларни жалб этиш, экспорт салоҳиятини ошириш, маҳаллий маҳсулотларни ташқи бозорга чиқариш ва тадбиркорларга қулай ишбилармонлик муҳитини яратиш борасида муҳим ислоҳотлар ўтказилмоқда.
Ана шу ислоҳотлар натижаси ўлароқ Ўзбекистоннинг ташқи савдо айланмаси 2020 йилда 2017 йилдагига нисбатан 51,5 фоизга ошди. Ташқи иқтисодий фаолият иштирокчилари сафи ҳам кенгайиб, 2017 йилдаги 7,5 минг нафардан ҳозирда ўртача 22,5 минг нафарга етди.
2016 йилда божхона чегаралари орқали 361 мингдан зиёд автотранспорт воситаси ҳаракатланган бўлса, 2020 йилда бу кўрсаткич салкам 2,6 баробарга ортди ва 934,5 мингдан ошди.
Темир йўл орқали 2016 йилда 532,9 мингдан зиёд вагон ва контейнерларда юк ташилган бўлса, бу кўрсаткич ҳам 1,4 баробарга ошиб, 2020 йилда 748,9 мингни ташкил қилди.
Йўловчилар сони ҳам 3 баробарга ошиб, 2016 йилдаги 15,1 млн нафардан 2019 йилда 42,5 млн нафарга етди.
2017–2021 йилларда божхона соҳасида 142 та норматив-ҳуқуқий ҳужжат қабул қилинган. Уларнинг 23 таси қонун, 40 таси Президент ҳужжатлари, 105 таси ҳуқумат қарорлари, 95 таси ДБҚ қарорлари ҳисобланади. Қонунчиликдаги бу янгиланишлар натижасида 10 дан ортиқ рухсатнома ҳужжатлари бекор қилинди.
Божхона органлари фаолиятида сўнгги беш йиликнинг энг муҳим янгилиги – «Хавфни бошқариш» тизими тадбиркорларда ҳалоллик ва қонунга итоаткорликка интилишни рағбатлантирмоқда. Хусусан, тизим ишга тушган дастлабки йилда 700 га яқин ташкилот «ҳалол» деб баҳоланган бўлса, бугунга келиб ушбу ташкилотлар рўйхати 1 800 дан ортди.
Илгари тадбиркорларнинг барча юклари ёппасига божхона кўригидан ўтказилган бўлса, ҳозирда экспортда 84% ва импортда 74% юклар соддалаштирилган тартибда расмийлаштирилмоқда.
Кўриклар сони 1,7 маротаба камайиб, самарадорлиги 1,5 баробар ортди. Вақт сарфи экспортда 1,7 баробар ва импортда 1,4 баробарга қисқарди.
Божхона юк декларацияларини рўйхатдан ўтказиш жараёни тўла автоматлаштирилди. Оқибатда 1-2 дақиқа ичида тадбиркор декларацияни божхонада мустақил равишда ўзи рўйхатдан ўтказмоқда. Илгари бу жараёнга ўртача 1 соат вақт сарфланган.
2017 йилга қадар божхона органлари фаолиятига 23 та ахборот тизими жорий қилинган бўлса, ҳозирга келиб бу кўрсаткич қарийб 3 баробарга ортди ва 63 тага етди.
Божхона назорати тизимини замонавий техник воситалар билан таъминлашга алоҳида эътибор қаратилди. 2017 йилда божхона идоралари фаолиятида 1 187 та назорат-техник воситалардан фойдаланилган бўлса, ҳозирда бу кўрсаткич 6 баробарга ортди ва 7 047 тани ташкил қилмоқда.
2017 йилда давлат бюджетига 7,6 трлн сўм ундирилган бўлса, 2021 йил 1-ярмида бу кўрсаткич 15 трлн сўмни ташкил қилди.
2017 йилга қадар импорт божхона божининг ўртача арифметик ставкаси 15,6%ни ташкил қилган. Ҳозирда бу кўрсаткич 8%ни ташкил қилади.
Божхона тўловларини мобил иловалар орқали тўлаш имконияти жорий қилинди: 2020 йилдан бошлаб ҳозирга қадар 246 млрд сўмлик божхона тўловлари айнан мобиль иловалар орқали амалга оширилди.
Божхона тўловларини кечиктириб тўлаш учун электрон мурожаат қилиш йўлга қўйилди.
Контрабанда йўли билан божхона қонунчилиги бузилиши ҳолатларининг аниқланиши натижасида 2017 йилда 125,3 млрд сўмлик товарларнинг ноқонуний олиб ўтилишига чек қўйилган, 2021 йилнинг дастлабки ярмида эса бу кўрсаткич 376,3 млрд сўмни ташкил қилган. Аниқланган ҳолатлар юзасидан 2017 йилда 6,4 млрд сўмлик қўшимча божхона тўловлари ҳисобланган бўлса, жорий йилнинг олти ойи давомида 271,4 млрд сўм қўшимча божхона тўловлари ҳисобланди.
Анжуманда божхона соҳасига доир барча йўналишларда эришилган кўрсаткичлар йиллар кесимида аниқ таҳлиллар ва мисоллар билан кўргазмали тарзда журналистларга етказилди.
Ҳусан ТАНГРИЕВ,
Давлат божхона қўмитаси Матбуот хизмати бош инспектори.