Norma.uz
Газета СБХ / 2021 год / № 31 / Божхона

Янги Ўзбекистон божхонаси: ислоҳотлар тараққиётга хизмат қилмоқда

 

Бугунги кунда Ўзбекистон Республикасида Президент Шавкат Мирзиёев ташаббуси билан амалга оширилаётган улкан ўзгаришлар, кенг кўламли ислоҳотлар халқаро ҳамжамият томонидан юксак эътироф этилмоқда.

 

Мамлакатнинг «Осиё йўлбарси» номи билан аталаётгани, халқаро рейтинглар, фан, таълим, спорт, маданият, иқтисодиёт ва бошқа соҳаларда эришилаётган катта ютуқлар бунга мисол бўла олади.

 

Шу билан бирга, тадбиркорлик фаолиятини янада либераллаштириш, тўғридан-тўғри хорижий инвестицияларни жалб этиш, экспорт салоҳиятини ошириш борасида муҳим ислоҳотлар ўтказилмоқда.

Мамлакатнинг ташқи савдо айланмаси тобора кенгайиб бормоқда. Масалан, жорий йилнинг дастлабки ярмида ташқи савдо айланмаси 14,3 млрд АҚШ долларини ташкил қилган бўлса, бу ўтган йилнинг шу даврига нисбатан 2,5 млрд АҚШ долларига кўп демакдир.

«Made in Uzbekistan» ёрлиғи остидаги товарларнинг экспорт географияси ҳам кенгаймоқда. Масалан, 2019 йилда республикада ишлаб чиқарилган маҳаллий маҳсулотлар дунёнинг 92 мамлакатига етказилган бўлса, жорий йилда Ўзбекистон товарлари Албания, Чили, Венесуэла, Парагвай, Кения, Суринам, Доминикан ва Яман каби жами 97 мамлакатга кириб бормоқда.

Давлатимиз раҳбари ташаббуси асосида ташқи сиёсат борасида хорижий давлатлар, айниқса қўшни мамлакатлар билан олиб борилаётган конструктив ва ўзаро манфаатли ҳамкорлик янги поғонага кўтарилди. Хусусан, Тожикистон ва Қирғизистон билан чегарада жойлашган қатор божхона постлари фаолиятининг қайта йўлга қўйилиши минтақа халқларининг қўшничилик ва дўстлик алоқаларига янги ҳаёт бахш этди. Бу эса, энг аввало, Ўзбекистоннинг қўшни давлатлар билан савдо алоқалари кенгайишига муносиб туртки бўлмоқда.

Аҳамият беринг, 2021 йилнинг дастлабки ярмида қўшни давлатлар билан ташқи савдо айланмаси 2,8 млрд АҚШ долларини ташкил қилган бўлиб, бу кўрсаткич ўтган йилнинг шу даврига нисбатан 610 млн АҚШ долларига ёки 27,5%га ўсди. Жумладан, мазкур даврда Ўзбекистондан қўшни давлатларга экспорт қилинган товарлар ҳажми 185 млн АҚШ долларига ёки 17,8 фоизга ўсиб, жами 1 млрд 219 млн АҚШ долларини ташкил қилди.

Табиийки, бу жараён Ўзбекистоннинг қўшни давлатлар билан чегарада жойлашган божхона постларининг ўтказувчанлигини ва инфратузилмаси янада такомиллаштирилишини тақозо этади.

Шу мақсадда сўнгги бир йилнинг ўзида республикадаги «Айритом», «Олот», «Яллама», «Фарғона», «Ғишткўприк» чегара божхона постлари янгича қиёфа касб этиб, энг замонавий технологиялар билан жиҳозланди.

Айниқса Ўзбекистоннинг Афғонистон, умуман, жанубий Осиё давлатлари билан савдо-иқтисодий алоқаларини жадал ривожлантиришда муҳим ўрин тутувчи, икки чегарадош давлат ўртасидаги ягона ўтказиш пункти ҳисобланувчи «Айритом» чегара божхона пости қайта бунёд этилди. Ўзбекистондан чиқиш ва Афғонистон томондан кириш йўналишида паспорт назорати ва божхона кўриги заллари барпо этилди.

Ушбу постда ўрнатилган «Z-Portal» русумли кўрик мажмуаси автотранспорт воситаларини уч томондан суратга олиш салоҳиятига эга. Шунингдек, унда радиация миқдори минимал бўлиб, ҳайдовчи машинадан тушмасдан хизматлардан фойдаланиши мумкин. Бу бир соатда 200 тагача автотранспортни ўтказиш имконини беради. Ушбу чегара божхона постида бир кеча-кундузда 2 минг нафаргача йўловчига хизмат кўрсатилиши мумкин.

Яна бир ўзига хос жиҳати, «Айритом»да бир йўла уч йўналиш – поезд, автотранспорт ва пиёдаларга хизмат кўрсатилади. Шу боис, ўтказувчанликни тезлаштириш ва фойдаланувчиларга қулайлик яратиш мақсадида ягона дарча тамойили жорий этилган. Хавфсизликни таъминлаш учун «Adani» ва «Rapiscan» русумли қурилмалар, видеокузатув тизими ўрнатилган.

Соҳадаги ислоҳотларни амалга оширишда муҳим аҳамиятга эга бўлган «2020-2023 йилларда божхона маъмуриятчилигини ислоҳ қилиш ва Ўзбекистон Республикаси давлат божхона хизмати органлари фаолияти самарадорлигини ошириш Концепцияси» Жаҳон божхона ташкилотининг божхона хизматларини такомиллаштириш ва замонавий технологияларни жорий этиш борасидаги тавсиялари ва ривожланган мамлакатларнинг божхона маъмуриятчилигини ислоҳ этиш тажрибасига асосланган ёндашувларни ўз ичига олган.

Концепцияда фаолиятнинг энг устувор ва асосий йўналишлари белгиланган бўлиб, улар сирасига, хусусан, қуйидагилар киради:

● божхона органлари фаолияти ва инфратузилма объектларининг институционал асосларини ривожлантириш;

● рақамли иқтисодиёт доирасида замонавий ва илғор ахборот-коммуникация технологияларини божхона соҳасига жорий этиш орқали божхона органлари фаолияти шаффофлиги ҳамда самарадорлигини таъминлаш;

● божхона органларининг фискал функцияларини амалга оширишни такомиллаштириш, ТИФни тариф ва нотариф жиҳатдан тартибга солишни соддалаштириш;

● халқаро ташкилотлар ва хорижий давлатлар божхона хизматлари билан ўзаро манфаатли ҳамкорликни янада ривожлантириш.

Концепция доирасида божхона органлари фаолиятига божхона назоратининг янги шакли – божхона аудити жорий қилинди. Табиийки, бу ҳалол ва қонунга итоаткор тадбиркорларни янада рағбатлантириш ва қўллаб-қувватлашда муҳим янгилик ҳисобланади.

Яна бир муҳим жиҳат – Давлат божхона қўмитасида Контрабандага қарши курашиш ва божхона аудити бош бошқармаси таркибида ташкил этилган махсус таркибий тузилма – Ситуацион марказ ҳам 2021 йилдан ўз ишини бошлади.

Ушбу Марказда божхона ходимлари турли маълумотларни марказлашган ҳолда йиғиш, умумлаштириш, қайта ишлаш, потенциал хавф ва таҳдидларга қарши курашиш, шунингдек, олдиндан превентив чораларни ўз вақтида қабул қилиш имкониятига эга бўлдилар.

Сўнгги йилларда «Рақамли божхона»ни шакллантириш, божхона тартиб-таомилларини янада соддалаштириш, божхона иши соҳасидаги умумэътироф этилган халқаро норма ва стандартларни миллий қонунчиликка имплементация қилиш бўйича дадил қадамлар қўйилди.

Жумладан, 10 турдаги рухсат бериш тартиб-таомиллари, ташқи иқтисодий фаолият товарлар номенклатураси коди бўйича экспертиза хулосасини талаб этиш ва контрактларни ҳисобга қўйиш шартлари бекор қилинди.

Божхона юк декларацияларини автоматик рўйхатга олиш ва тақсимлаш жорий этилди. Олдинлари ушбу жараёнга 2-3 соат вақт кетган бўлса, бугунги кунда бу 5 дақиқада амалга оширилмоқда.

«Хавфни бошқариш» тизими амалиётга жорий этилиб, тадбиркорларни хавф даражасига қараб тоифаларга ажратиш йўлга қўйилди.

Божхона кўриклари сони 1,4 баробарга камайиб, самарадорлиги 1,5 баробарга ошди, расмийлаштирув вақти экспортда 1,7 баробарга, импортда 1,4 баробарга қисқарди.

Юкларни қисқа фурсатларда ортиқча текширувларсиз чегаралар орқали ҳаракатланишига шароит яратиш мақсадида автомобиль ва темир йўл чегара божхона постларида хавфларни бошқариш тизими жорий этилди ва бу сарфланадиган вақтнинг икки баробарга қисқаришига олиб келди.

Божхона тўловларини мобил-банкинг хизмати орқали онлайн ўтказиш йўлга қўйилиб, ташқи иқтисодий фаолият қатнашчиларига тегишли тўловларни амалга оширишда қулайликлар яратилди.

Божхона органлари ва ташқи иқтисодий фаолият иштирокчилари ўртасида электрон ҳужжатлар ва маълумотларни интернет орқали электрон шаклда алмашиш имконини берувчи платформа ишга туширилди.

Автоматик равишда божхона расмийлаштирувини амалга ошириш механизми амалиётга жорий этилди, бу орқали миллий маҳсулотларни божхона расмийлаштирувидан ўтказиш жараёнини янада соддалаштириш имконияти яратилди. Мазкур тизим ёрдамида 2 мингдан ортиқ божхона юк декларациялари инсон аралашувисиз расмийлаштирилди. Бундан ўртача сарф этилган вақт 3-5 дақиқани ташкил этмоқда, холос.

2020 йил 1 январдан бошлаб ишга туширилган «Ягона дарча» божхона ахборот тизими ташқи иқтисодий фаолиятни либераллаштириш жараёнида нафақат божхона соҳаси, балки фитосанитария, санитар-эпидемиологик, ветеринария, экологик назорат органлари ва сертификатлаш органлари фаолияти самарадорлигини оширишда муҳим қадам бўлди.

Ташқи иқтисодий фаолиятни амалга оширишда давлат идоралари томонидан талаб қилинадиган ҳужжатлар сони ва рухсатномаларни бериш муддатлари қисқартирилиши билан бир қаторда, «Ягона дарча» тизими орқали идоралараро маълумотларни электрон кўринишда олиш йўлга қўйилди.

Содда қилиб айтганда, энди тадбиркорлар ўз идораларидан чиқмасдан туриб, экспорт-импорт операцияларини амалга оширишда талаб этиладиган рухсат этиш хусусиятига эга ҳужжат ва сертификатларни интернет тармоғидаги www.singlewindow.uz сайти орқали олиб келмоқдалар.

Ҳозирда мазкур тизим орқали 7 та органнинг 23 турдаги рухсат берувчи ҳужжатларни онлайн равишда олиш мумкин бўлса, йил якунига қадар 8 та вазирлик ва идораларнинг 30 дан ортиқ рухсатнома ҳужжатларини тизим орқали бериш йўлга қўйилади. Натижада «Ягона дарча» божхона ахборот тизими ташқи иқтисодий фаолият билан боғлиқ барча тартиботларни босқичма-босқич ўзига қамраб олади.

Бугунги кунда ушбу тизимда 38,6 мингдан ортиқ ташқи иқтисодий фаолият қатнашчилари рўйхатдан ўтган бўлиб, уларга берилган салкам 869 мингта рухсатнома ҳужжатлари айнан шу тизим орқали расмийлаштирилган.

Фақат шу эмас! Божхона расмийлаштируви ва назоратини амалга оширишда 66 та автоматлаштирилган ахборот тизими ва 30 та интерактив хизматлар амалиётга жорий этилди, 21 та давлат идоралари билан электрон ахборот алмашинувлари йўлга қўйилди.

 Мазкур тизим ва хизматлар орқали тадбиркорларнинг 2,5 млн дан ортиқ мурожаатлари асосида турли интерактив хизматлар кўрсатилди.Масалан, тадбиркорлар ҳар бир товарга мос равишда божхона тўловлари ставкалари, шунингдек, ташқи иқтисодий фаолиятни амалга ошириш учун зарур бўлган бошқа маълумотларни реал вақт режимида олишлари учун Давлат божхона қўмитасининг веб-сайтида «Интеграциялашган тариф» интерактив хизмати жорий этилди.

Божхона маъмуриятчилиги ва тартиб-таомилларини янада соддалаштириш узлуксиз жараён бўлиб, бунга хизмат қилувчи норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар доимий равишда қабул қилиб келинмоқда.

Жумладан, ҳуқуқий базани такомиллаштириш мақсадида 26 та қонун ва қонуности ҳужжатлари лойиҳалари ишлаб чиқилди.

Вазирлар Маҳкамасининг 8.07.2021 йилдаги 429-сон қарори билан 2021 йил учун мўлжалланган Давлат дастури ижроси доирасида божхона режими талабида хорижий буюртмачи мавжуд бўлмаган ҳолларда ҳам қайта ишлаш операцияларига рухсат берилди.

Яъни, эндиликда маҳаллий экспорт қилувчи ташкилотларга хорижий давлатдан маҳсулот сотиб олиб, импорт қилмасдан учинчи давлатга тўғридан-тўғри сотишга рухсат берилди.

Табиийки, бу божхона ҳудудида қайта ишлаш режимидан янада самарали фойдаланган ҳолда иш ўринларини кўпайтириш ва экспорт ҳажмини оширишга хизмат қилиши кутилмоқда.

Божхона ишида сифат ва самарадорликнинг энг муҳим шарти – божхона органлари ходимларини тайёрлаш, қайта тайёрлаш ҳамда малакаси ва маҳоратини янада ошириш ҳисобланади.

Мазкур йўналишдаги ихтисослаштирилган олий таълим ҳамда илмий-методик муассаса – Давлат божхона қўмитасининг Божхона институтида ҳам туб ўзгаришлар амалга оширилди.

Энг аввало, институтда соҳа бўйича таълим жараёни, илмий-тадқиқот ишлари комплекс тарзда янгича мазмун ва шаклда йўлга қўйилмоқда.

Божхона иши соҳасидаги халқаро стандартларни ҳисобга олган ҳолда курсантларда таҳлилий фикрлаш, янги билимларни мустақил равишда эгаллаш ва уларни амалиётда қўллаш кўникмасини ривожлантиришга йўналтирилган янгича ўқитиш тизими шакллантирилди.

Ҳозирда институтда икки босқичда – «Божхона иши» ва «Юриспруденция (иқтисодий хавфсизликни ҳуқуқий таъминлаш)» мутахассисликлари бўйича бакалаврлар ҳамда «Божхона иши» ва «Солиқ ва божхона ҳуқуқи» мутахассисликлари бўйича магистрлар тайёрланмоқда.

Божхона органлари раҳбар кадрларини тайёрлаш учун ўқиш муддати 3 ойдан иборат бўлган «Божхона менежменти» олий курслари жорий этилганлиги бу борадаги ишларни сифат жиҳатидан янги босқичга олиб чиқмоқда.

Божхона органларидаги муҳим йўналишлардан бири бу – кинология соҳаси ҳисобланади.

Ўтган давр мобайнида Давлат божхона қўмитасининг Миллий кинология маркази бутун Марказий Осиё минтақасида том маънода кинологлар ва хизмат итларини тайёрловчи таянч ўқув марказига айланди.

Марказ фаолияти Бирлашган Миллатлар Ташкилоти, Жаҳон божхона ташкилоти ва бошқа кўплаб халқаро ташкилотлар томонидан юксак эътироф этилиб, 2008 йилда Жаҳон божхона ташкилоти томонидан минтақавий кинология маркази мақоми берилган.

Бугунги кунда Марказда Ўзбекистон Республикаси ва хорижий давлатлар кинология хизматлари учун хизмат итларини танлаш, сотиб олиш, кўпайтириш ва парваришлаш йўлга қўйилган ҳамда халқаро лойиҳалар доирасида хорижий давлатлар кинология хизматлари вакиллари ўқитилади.

Халқаро божхона ҳамкорлиги тубдан кенгаймоқда. Ҳозирда Давлат божхона қўмитаси томонидан Туркия, Россия, Қозоғистон, Қирғизистон, Туркманистон, Беларусь, Эрон, Ҳиндистон, Австрия, Латвия, Италия, Канада, АҚШ, Таиланд, Вьетнам, Сингапур каби хорижий давлатлар билан божхона ишининг 7 та йўналиши бўйича 10 дан ортиқ халқаро шартномалар лойиҳаларини имзолаш юзасидан музокаралар давом эттирилмоқда.

Шунингдек, Божхона соҳасидаги халқаро ҳамкорлик Жаҳон божхона ташкилоти, Жаҳон савдо ташкилоти, Европа Иттифоқи, Шанхай ҳамкорлик ташкилоти, Евроосиё иқтисодий иттифоқи каби нуфузли халқаро ташклотлар билан ҳамкорлик доирасида ҳам изчиллик билан ривожланиб бормоқда.

Ҳозирда божхона хизматини жаҳон стандартларига яқинлаштириш мақсадида Ўзбекистон Республикаси халқаро божхона амалиётлари билан боғлиқ 21 та халқаро конвенцияларга аъзо бўлган.

Хусусан, 2020 йилда Ўзбекистоннинг ташқи савдо соҳасида халқаро даражада эътироф этилган ҳужжатлар – Савдо тартиб-таомилларини соддалаштириш бўйича Киото Конвенцияси ва Вақтинча олиб кириш бўйича Истанбул Конвенциясига қўшилганлиги республикадаги тадбиркорлик ва инвестиция муҳитининг жозибадорлигини янада оширишга хизмат қилади.

Шунингдек, божхона йўналишида 102 та фаолиятнинг турли соҳаларини ривожлантиришга оид халқаро шартномалар имзоланган бўлиб, мазкур ҳужжатлар контрабанда, статистика, валюта, божхона назорати ва бошқа йўналишлардаги ўзаро ҳамкорликни ўз ичига қамраб олган.

Халқаро стандартларни жорий этиш асосида божхона органлари салоҳиятини оширишнинг амалий жиҳатлари Ўзбекистон ва Жаҳон божхона ташкилоти ўртасидаги муносабатларда асосий ўрин тутади.

2019 йилда Жаҳон божхона ташкилоти Бош котиби Кунио Микуриянинг икки марта Ўзбекистонга ташриф буюргани ҳам кейинги йилларда, аввало, божхона маъмуриятчилигини такомиллаштириш, малакали кадрларни, жумладан, ташкилотнинг Брюсселдаги бош қароргоҳи негизида тайёрлаш каби йўналишларда ўзаро алмашинувлар сезиларли фаоллашганидан дарак бермоқда.

Жаҳон божхона ташкилоти Бош котибининг Ўзбекистонга ташрифи давомида мамлакатни Савдони соддалаштириш глобал Дастурига аъзо бўлиши юзасидан таклиф билдирилган эди.

Мазкур Дастур Жаҳон божхона ташкилоти томонидан ташқи савдо соҳасида юксак салоҳиятга эга бўлган ривожланаётган давлатлар фаолиятини халқаро савдо соҳасидаги стандартларга мувофиқлаштириш ҳамда экспорт, импорт ва тижорат товарларининг ҳаракатланиши соҳасида тажрибаларини оширишга қаратилган бўлиб, у Швейцария Конфедерацияси томонидан молиялаштирилади.

Давлат божхона қўмитасида 2021 йил 16 февраль куни Швейцария Конфедерациясининг Ўзбекистон Республикасидаги фавқулодда ва мухтор элчиси Оливье Шав билан ўтказилган учрашув давомида томонлар илк бор Савдони соддалаштириш глобал Дастурининг расмий ҳужжатларини имзолашди.

Ўзбекистоннинг мазкур Дастурда иштироки келгусида республиканинг ташқи савдо соҳасидаги салоҳиятини янада юксалтиришда муҳим аҳамият касб этади.

Хулоса ўрнида айтиш мумкинки, халқаро меъёр ва стандартларни миллий қонунчиликка имплементация қилишга қаратилаётган катта эътибор, соҳада амалга оширилаётган тизимли ислоҳотлар мамлакатнинг иқтисодий барқарорлигини мустаҳкамлашга, унинг инвестицион салоҳиятини оширишга, ташқи иқтисодий фаолият иштирокчилари учун қулай ишбилармонлик муҳитини яратишга ва божхона органлари фаолиятининг шаффофлигини таъминлашга хизмат қилади.

 

Ҳусан ТАНГРИЕВ,

Давлат божхона қўмитаси Ахборот хизмати бош инспектори.

Прочитано: 738 раз(а)

В этой теме действует премодерация комментариев.
Вы можете оставить свой комментарий.

info!Оставляя свой комментарий на сайте, Вы соглашаетесь с нашими Правилами их размещения.
Гость_
Антибот:

Если Вы заметили ошибку, выделите фрагмент текста, содержащий ошибку, и нажмите Ctrl+Enter.
Сайт разработан в ООО «NORMA», зарегистрирован в Узбекском агентстве по печати и информации 01.06.2018г.
Регистрационное свидетельство № 0406.
Адрес: Узбекистан, 100105, г. Ташкент, Мирабадский р-н, ул. Таллимаржон, 1/1.
Тел. (998 78) 150-11-72. Call-центр:1172. E-mail: admin@norma.uz
Копирование материалов сайта без согласования с администрацией ресурса запрещено.
© ООО «NORMA», 2007-2024 г. Все права защищены.
18+   Яндекс.Метрика