Norma.uz
Газета Норма маслахатчи / 2021 год / № 23 / Юридик маслаҳатлар

Муддатли ҳарбий хизматдан озод қилиш ҳолатлари

 

Ўғлим 25 ёшдан ошди, 2 нафар фарзанди бор. Мудофаа ишлари бўлимидан қўнғироқ қилишди. Борсак, бизга 3 та вариантни таклиф этишди:

а) 5,2 млн сўм тўлаб, 1 ойлик ҳарбий хизматни ўташ;

б) текинга бир йиллик хизматга бориш;

в) бош тортсак, Қорақалпоғистонга жўнатиб юбориш.

Ўғлимнинг кўзи минус 3 даражада кўришини ҳам эслатиб ўтмоқчиман.

Ҳарбий хизматга 2 нафар фарзанди бор фуқаро ҳам чақириладими? Умуман, бизнинг вазиятда ҳарбий хизматга бормасликнинг йўли борми?

 

– 25 ёшга тўлган ва 2 нафар фарзанди бор шахс ҳарбий хизматдан озод қилинмайди.

Ҳарбий хизмат Ўзбекистон Республикаси фуқароларининг Қуролли Кучлар сафида умумий ҳарбий мажбуриятни бажариш борасидаги давлат хизматининг алоҳида туридир. Тинчлик даврида муддатли ҳарбий хизматга ва сафарбарлик чақируви резервидаги хизматга 18 ёшдан 27 ёшгача бўлган, саломатлигига кўра Қуролли Кучлар сафида ҳарбий хизматни ўташга яроқли эркак фуқаролар чақирилади. Ҳарбий хизматнинг турлари қуйидагича: муддатли ҳарбий хизмат; сафарбарлик чақируви резервидаги ҳарбий хизмат; контракт бўйича ҳарбий хизмат; Қуролли Кучлар сафида ҳарбий хизматни ўтаган резервчилар хизмати. («Умумий ҳарбий мажбурият ва ҳарбий хизмат тўғрисида»ги Қонуннинг 4-м.). Шундан муддатли ҳарбий хизмат – фуқароларнинг оддий аскарлар ва сержантлар таркиби лавозимларида, шунингдек муқаддам ҳарбий хизматни ўтамаган офицерларнинг Қуролли Кучлар сафидаги 12 ойлик мажбурий хизмати (Қонуннинг 5-м.), сафарбарлик чақируви резервидаги ҳарбий хизмат – Қуролли Кучлар сафига навбатдаги муддатга чақирилмаган, лекин ҳарбий хизматга тўлиқ ва чекловлар билан яроқли бўлган шахслар хизмати. Сафарбарлик чақируви резервидаги хизмат ҳудудий принцип асосида ойлик йиғинлар (1 ойлик хизмат) тарзида ташкил этилади ҳамда чақирилувчилар томонидан Мудофаа вазирлигининг махсус ҳисобварағига пул бадаллари киритилишини назарда тутади (Қонуннинг 6-м.).

Муддатли ҳарбий хизматга ва сафарбарлик чақируви резервидаги хизматга чақирилишдан қуйидагилар озод этиладилар:

1) саломатлигига кўра ҳарбий хизматга яроқсиз деб топилган чақирилувчилар;

2) яқин қариндошларидан бири (ака-укаси, опа-синглиси) ҳарбий хизматни ўташ вақтида ҳалок бўлган ёки вафот этган чақирилувчилар;

3) рўйхатдан ўтган диний ташкилотлардан бирида диний рутба эгаси бўлган чақирилувчилар.

Жиноий жавобгарликка тортилган, шунингдек судланганлик ҳолати тугалланмаган ёки судланганлиги олиб ташланмаган фуқаролар ҳарбий хизматга чақирилмайдилар (Қонуннинг 22-м.). 

 

Кўриниб турибдики, шахснинг 25 ёшга тўлганлиги ва 2 нафар фарзанди борлиги уни ҳарбий хизматдан озод қилмайди. Ҳарбий хизматга яроқли ёки яроқсизлиги туман (шаҳар) мудофаа ишлари бўйича бўлимлари ҳузуридаги ҳудудий тиббий комиссиялар томонидан аниқланади.

 

Нурали Нурмуҳаммедов,

«Norma» МЧЖ эксперти.

Прочитано: 465 раз(а)

Если Вы заметили ошибку, выделите фрагмент текста, содержащий ошибку, и нажмите Ctrl+Enter.
Сайт разработан в ООО «NORMA», зарегистрирован в Узбекском агентстве по печати и информации 01.06.2018г.
Регистрационное свидетельство № 0406.
Адрес: Узбекистан, 100105, г. Ташкент, Мирабадский р-н, ул. Таллимаржон, 1/1.
Тел. (998 78) 150-11-72. Call-центр:1172. E-mail: admin@norma.uz
Копирование материалов сайта без согласования с администрацией ресурса запрещено.
© ООО «NORMA», 2007-2024 г. Все права защищены.
18+   Яндекс.Метрика