Президентнинг 31.05.2021 йилдаги «Ijro.gov.uz» ижро интизоми идоралараро ягона электрон тизими самарали фаолият кўрсатишини таъминлашга қаратилган қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида»ги ПҚ-5132-сон қарори қабул қилинди.
Ҳужжатга асосан қонунчилик ҳужжатлари ва топшириқлар ижросини таъминлашнинг қуйидаги тартиби жорий этилди:
I босқич – Президент Администрацияси қонунчилик ҳужжатлари ва топшириқларни «Ijro.gov.uz» тизимига (кейинги ўринларда – тизим) киритиш учун Адлия вазирлигига юборади;
II босқич – Адлия вазирлиги тизимга назоратга олинадиган топшириқларни киритади, масъул ижрочилар ва бажариш муддатларини белгилайди;
III босқич – давлат органлари ва ташкилотлари, маҳаллий ижро этувчи ҳокимият органлари, хўжалик бирлашмалари қонунчилик ҳужжатлари ва топшириқларни тўлиқ ва ўз вақтида бажарилишини таъминлайди ва бу ҳақда тизимга белгиланган шаклдаги маълумотларни киритади;
IV босқич – Адлия вазирлиги қонунчилик ҳужжатлари ва топшириқлар ижроси бўйича масъул ижрочилар томонидан тизимга киритилган маълумотлар тўлиқлиги ва ҳаққонийлигини текширади, уларни тасдиқлайди ёки масъул ижрочига қайта ишлашга жўнатади, шунингдек, улар ижро ҳолати тўғрисидаги умумлаштирилган маълумотларни ҳар ойда Вазирлар Маҳкамасига киритиб боради;
V босқич – Вазирлар Маҳкамаси тизимда маълумотлар тўлиқлиги ва ҳаққонийлигини текширади, уларни тасдиқлайди ёки масъул ижрочига қайта ишлашга жўнатади, шунингдек, ҳар ойда Раёсат мажлисларида қонунчилик ҳужжатлари ва топшириқлар ижроси натижадорлигини танқидий кўриб чиқади ва Президент Администрациясига тегишли таклифлар билан биргаликда умумлаштирилган маълумот киритади;
VI босқич – Ҳисоб палатаси тизимда масъул ижрочилар томонидан киритилиб, Адлия вазирлиги ва Ҳукумат томонидан текширилган маълумотлар тўлиқлиги ва ҳаққонийлигини текширади, уларни назоратдан ечади ёки масъул ижрочига қайта ишлашга жўнатади, шунингдек, қонунчилик ҳужжатлари ва топшириқлар ижро ҳолати бўйича ҳар чоракда Президент Администрациясига ахборот киритиб боради;
VII босқич – Президент Администрацияси қонунчилик ҳужжатлари ва топшириқлар ижросини назорат қилувчи ташкилотлар фаолиятини мувофиқлаштиради.
Шунингдек, ижро интизомини мустаҳкамлаш бўйича ягона ва узлуксиз «технологик занжир»ни ташкил қилиш борасидаги устувор йўналишлар белгиланди.
Тизим орқали қонунлар, Президентнинг фармон, қарор, фармойиш ва топшириқлари ижросини ташкил этиш тартиби тўғрисидаги вақтинчалик низом тасдиқланди.
Қонунчилик ҳужжатлари ва топшириқларда ижро муддати белгиланмаган ёки ижро муддати 1 йил ва ундан ортиқ этиб белгиланган топшириқларнинг бажарилиши бўйича амалга оширилган ишлар тўғрисидаги маълумот ҳар олти ойда масъул ижрочилар томонидан тизимга киритиб борилади.
Президентнинг фармон, қарор, фармойиш ва топшириқларида белгиланган ижро муддатлари фақатгина Адлия вазирлиги ва, зарур ҳолларда, Вазирлар Маҳкамаси томонидан кўриб чиқилиб, Ҳисоб палатаси хулосаси олинган таклифлар асосида ҳамда Президент рухсати билан узайтирилади.
Тизимга давлат органлари ва ташкилотларини улаш ва уларнинг тизимдан фойдаланишини таъминлаш Давлат бюджети ҳамда бюджетдан ташқари жамғармалар маблағлари ҳисобидан молиялаштирилади.
Ҳужжат Қонун ҳужжатлари маълумотлари миллий базасида (lex.uz) эълон қилинган ва 31.05.2021 йилдан кучга кирди.
Эльмира Сиразиева.