Norma.uz

Квартирантлар, уйни бўшатинг!

 

Жойни ижарага берган мулкдор қайси ҳолларда квартирантни чиқариб юборишга ҳақли? 

– Эслатиб ўтамиз, қонун ҳужжатларида уй-жой мулкдори (ижарага берувчи) билан бошқа томон (ижарага олувчи) ўртасида тузилган ижара шартномаси асосида уй-жойни ижарага бериш мумкинлиги назарда тутилади. Фуқаролар ўртасида тузилган уй-жойни ижарага бериш шартномаси давлат солиқ органларида ҳисобга қўйилиши лозим (ФК 603-м.).

Фуқаролар ўртасида ижарага бериш шартномасининг мавжуд эмаслиги ёхуд давлат солиқ органларида ижарага бериш шартномасининг мажбурий ҳисобга қўйилишига риоя этмаслик БҲМнинг 5 бараваридан 10 бараваригача миқдорда жарима солишга сабаб бўлади (МЖТК ­159-1-м.).

Тарафларнинг ҳуқуқ ва мажбуриятлари, ижара шартномаси тузилаётган муддат, тўлов ҳақи миқдори ва бошқа шартлар, агар қонун ҳужжатларида бошқача тартиб белгиланмаган бўлса, тарафларнинг келишувига биноан белгиланади (УЖК 25-м. 2-қ). 

 

Уй-жойни ижарага бериш шартномасининг бекор қилиниши тарафларни ҳайратда қолдирмаслиги учун нима қилиш керак

ФК 615-моддасида келтирилган шартномани бекор қилишнинг энг кўп тарқалган ҳолатларини кўриб чиқамиз:

1) тарафларнинг келишуви билан бекор қилиш:

● уй-жойни ижарага олувчи ижарага берувчини 3 ой аввал ёзма равишда огоҳлантириб, исталган вақтда ижара шартномасини бекор қилишга ҳақли;

2) қуйидаги ҳолларда ижарага берувчининг талабига биноан суд тартибида бекор қилиш:

● агар шартномада узоқроқ муддат белгиланган бўлмаса, ижарага олувчи томонидан уй-жой учун 6 ой мобайнида тўланмаган бўлса;

● қисқа муддатли ижарада – шартномада белгиланган ҳақ тўлаш муддати ўтганидан кейин 2 мартадан кўпроқ ҳақ тўланмаган бўлса;

● ижарага олувчи ёки хатти-ҳаракатлари учун ижарага олувчи жавобгар бўлган бошқа фуқаролар томонидан уй-жой вайрон қилинса ёки унга путур етказилса;

● уй-жойдан ғайриҳуқуқий қилмишларни содир этиш учун фойдаланилган бўлса;

● агар уй-жойни ижарага олувчи ёки хатти-ҳаракатлари учун ижарага олувчи жавобгар бўлган бошқа фуқаролар уй-жойдан унинг вазифасига биноан фойдаланмасалар ёхуд мунтазам равишда қўшниларнинг ҳуқуқлари ва манфаатларини бузсалар, ижарага берувчи ижарага олувчини қоидабузарликларга барҳам бериш зарурлиги тўғрисида огоҳлантирган ва улар бунга эътибор бермаган бўлсалар;

3) шартнома тарафларининг талабига биноан суд тартибида бекор қилиш:

● агар уй-жой доимий яшаш учун яроқли бўлмай қолса, шунингдек авария ҳолатига келиб қолса;

● уй-жой тўғрисидаги қонун ҳужжатларида назарда тутилган бошқа ҳолларда.

Амалиётда уй-жойни ижарага бериш шартномасини бекор қилишга асос бўладиган ҳолатлар анча кўп. Улардан бири – шартномада кўрсатилган уй-жойни ижарага бериш муддатига риоя қилмаслик. Ижара шартномаси 5 йилдан ортиқ бўлмаган муддатга тузилади. Шартномада муддат кўрсатилган бўлмаса, у 5 йилга тузилган ҳисобланади (ФК 612-м.).

Кўпинча квартирантни уйдан чиқариб юборишга унинг тўловни тўламаслиги ёки квартира учун тўловни кечиктиргани сабаб бўлади. Шунинг учун шартномада тўловни амалга ошириш тартиби ва муддатлари белгиланган бўлиши лозим. Ёки квартира ижарага олувчи томонидан жой мулкдорининг розилигисиз учинчи шахсларга берилади. Ёхуд ижара шартномасида кўрсатилган икки киши ўрнига ҳақиқатда яқин қариндоши бўлмаган ҳамда шартномада кўрсатилмаган шахслар яшаётган бўлади. Баъзида квартира эгаси болалари ёки уй ҳайвонлари бор бўлган ижарачиларга қатъиян қарши бўлади. Агар бу шартномада кўрсатилган бўлмаса, ижарага берувчи квартирантлардан уйни бўшатиб қўйишни талаб қилиши мумкин.

Тарафларнинг низо ва қарама-қаршиликлари авваламбор ижара шартномасини пухта ишлаб чиқмаганликларидан келиб чиқади. Уни тузиш чоғида келгусида тарафлар учун муаммолар туғдириши мумкин бўлган барча жиҳатлар эътиборга олиниши лозим. Низоли жиҳатлар суд тартибида ҳал қилиниши керак, лекин тарафлар оқилона муросага кела олишса, янада яхшидир.

Прочитано: 330 раз(а)

Если Вы заметили ошибку, выделите фрагмент текста, содержащий ошибку, и нажмите Ctrl+Enter.
Сайт разработан в ООО «NORMA», зарегистрирован в Узбекском агентстве по печати и информации 01.06.2018г.
Регистрационное свидетельство № 0406.
Адрес: Узбекистан, 100105, г. Ташкент, Мирабадский р-н, ул. Таллимаржон, 1/1.
Тел. (998 78) 150-11-72. Call-центр:1172. E-mail: admin@norma.uz
Копирование материалов сайта без согласования с администрацией ресурса запрещено.
© ООО «NORMA», 2007-2024 г. Все права защищены.
18+   Яндекс.Метрика