Ёрдамга муҳтож инсонлар, айниқса бемор болаларга беғараз кўмак бериш халқимизга хос фазилатлардан.
Шу маънода тиббий-ижтимоий кўмакка муҳтож болаларни қўллаб-қувватлашда одамларни кўнгилли равишда қон топширишга чақириш яхши анъанага айланган. 14 июнь – Бутунжахон донорлар куни муносабати билан ёз ойининг илк кунларида Сирдарё вилояти божхона бошқармасида Соғлиқни сақлаш вазирлиги Республика қон қуйиш маркази билан ҳамкорликда «Донорлар куни» ташкил этилди.
Тадбир давомида Марказнинг масъул ходимлари томонидан божхоначиларга инсон танасидан қон олишнинг мақсади ва аҳамияти, олинган қонларнинг кимларга ишлатилиши тўғрисида тушунчалар берилди. Шундан сўнг божхона хизмати ходимлари ўз ихтиёрлари билан мазкур тадбирда уюшқоқлик билан иштирок этиб, қон топшириш орқали мурувватларини намойиш этишди.
Сирдарё вилояти божхона бошқармаси Ахборот хизмати.