Самарқанд аэропортида учувчисиз учиш аппарати тўхтатилди
Вазирлар Маҳкамасининг 2014 йил 26 ноябрдаги «Ўзбекистон Республикасининг ҳаво бўшлиғида учувчисиз учиш қурилмаларидан санкциясиз фойдаланишда огоҳлантириш чора-тадбирлари тўғрисида»ги 322-сон қарорида Ўзбекистон ҳудудида учувчисиз учиш қурилмаларидан фойдаланишнинг қоидалари белгиланган.
Мазкур қурилмаларни фақатгина Вазирлар Маҳкамасининг алоҳида қарорларида назарда тутилган ҳолларда айрим ташкилотлар томонидан олиб кириш, реализация қилиш ва фойдаланишга рухсат берилган.
Шунга қарамай, жисмоний шахслар томонидан бу турдаги қурилмаларни божхона назоратидан яширинча олиб киришга уринишлар кўзга ташланмоқда. Ана шундай ҳолат «Самарқанд аэропорти» чегара божхона постида аниқланди.
«Домодедово-Самарқанд» йўналишида Самарқанд халқаро аэропортига учиб келган П.С. «яшил йўлак»дан ҳаракатланаётганда божхоначилар холислар иштирокида унга тегишли бўлган багажни кўздан кечиришди.
Божхона ходимларининг оғзаки сўрови пайтида маълум қилинмаган хорижда ишлаб чиқарилган қиймати 600 000 сўмлик 1 дона «DJI DRONE» номли учувчисиз учиш аппарати яширилгани фош этилди.
Ҳозирда мазкур ҳолат юзасидан божхона текширувлари давом эттирилмоқда.
Самарқанд вилояти божхона бошқармаси Ахборот хизмати.