2021 йил 25 майдан эътиборан дунё бўйлаб Халқаро йўлларда ташиш китобчасини қўллаган ҳолда юкларни халқаро ташиш тўғрисидаги божхона конвенциясининг (Женева, 1975 йил) янги 11-иловаси, яъни «еТIR халқаро тизими» ТИР-карнет китобчалари асосида ташувларни электрон расмийлаштиришни назарда тутувчи тартиб-таомиллар расман кучга кирди. Мазкур сана муносабати билан жорий йилнинг 25 май куни Женева шаҳрида Бирлашган Миллатлар Ташкилоти Европа иқтисодий комиссияси ва Халқаро автомобиль транспорти иттифоқи томонидан халқаро анжуман ташкил қилинди.
Тадбирда Ўзбекистон Республикаси Давлат божхона қўмитаси, Ташқи ишлар вазирлиги ва Ўзбекистон халқаро автомобилда ташувчилар уюшмаси (AIRCUZ) ҳамда Ўзбекистон Республикасининг БМТдаги ваколатхонаси вакилларидан иборат делегация иштирок этди.
Анжуманда Озарбайжон, Эрон, Грузия, Молдова, Покистон, Тожикистон ва Туркия делегациялари ҳам қатнашди.
Амалиётда асосан TIR Конвенцияси деб аталадиган муҳим халқаро ҳужжатнинг 11-иловаси барча аҳдлашувчи томонларга электрон TIR китобчасидан фойдаланган ҳолда маълумотлар алмашинуви орқали трансчегаравий ташувларни амалга оширишга имкон яратади.
Содда қилиб айтганда, мазкур тизим миллий божхона тизимлари ўртасида товар ва транспорт воситалари, контейнерларнинг халқаро транзити учун хавфсиз маълумотлар алмашинувини таъминлашга хизмат қилади.
Европа иқтисодий комиссияси маълумотларига кўра, келажакда еТIR халқаро тизими имкониятларидан 34 мингдан ортиқ транспорт ва логистика компаниялари фойдаланиши, мазкур тизим трансчегаравий ташув вақтини 92 фоизгача, харажатларни эса 50 фоизгача камайтириш имконини беради.
Анжуманда ТИР-карнет китобчалари асосида ташувларни электрон расмийлаштириш борасида Ўзбекистон тажрибаси ҳам алоҳида эътироф этилди.
Президентимизнинг 2020 йил 5 июндаги «Божхона маъмуриятчилигини ислоҳ этиш ва Ўзбекистон Республикаси давлат божхона хизмати органлари фаолиятини такомиллаштириш тўғрисида»ги ПФ-6005-сон Фармони билан тасдиқланган 2020–2023 йилларда божхона маъмуриятчилигини ислоҳ қилиш, божхона органлари фаолияти самарадорлигини оширишга қаратилган концепцияда Ўзбекистонда ТИР-карнет китобчалари асосида ташувларни электрон расмийлаштиришни назарда тутувчи еТIR лойиҳасини жорий этиш белгиланган.
Мазкур Фармон ижросидан келиб чиқиб, еТIR лойиҳаси синов тарзида илк бор 2020 йилнинг ноябрь ойида Ўзбекистон ва Қозоғистон ўртасида йўлга қўйилган бўлса, жорий йилнинг май ойидан бошлаб Ўзбекистон ва Тожикистон ўртасидаги ташувларда ҳам ушбу лойиҳа қўлланила бошланди.
Келгусида мамлакатимиз Покистон, Эрон, Хитой, Қирғизистон ўртасидаги ташувларда ҳам ушбу лойиҳани амалиётга жорий этиши режалаштирилган.
Ўз набатида ТИР-карнет китобчалари билан фойдаланган ҳолда халқаро ташув тартиб-таомилларини рақамлаштириш – шаффофликка, вақт ва маблағларни тежашга олиб келади.
еТIR халқаро тизими лойиҳаси қонунийликни таъминлаш, давлат бюджетига божхона тўловларини тўғри ва тўлиқ ундириш, божхона қонунбузилишларига чек қўйиш каби вазифалардан чекинмаган ҳолда божхона расмийлаштирувини енгиллаштириш орқали ташқи савдони жадаллаштириш имконини беради. Айни шу жиҳати билан еТIR лойиҳаси божхоначиларнинг ҳам, ташувчиларнинг ҳам ва албатта, ташқи иқтисодий фаолият иштирокчиларининг манфаатларига бирдек хизмат қилади.
Масалан, сўнгги 10 йилда Ўзбекистонда ТИР-карнет китобчаларидан фойдаланувчи ташувчилар сони 12 баробарга кўпайган. Биргина 2020 йилда 150 дан зиёд янги компаниялар ТИР-карнет китобчалари асосида халқаро ташувларни амалга ошириш ҳуқуқига эга бўлиб, бугунги кунда жами 880 тага яқин компанияни ташкил қилмоқда. Тақдим этилган ТИР-карнет китобчалари сони ҳам ўтган йилнинг ўзида 44 фоизга ошиб, 89 мингтани ташкил қилган.
Хўш, мазкур тизимнинг яна қандай фойдали жиҳатлари мавжуд?
Биринчидан, электрон ТИР хавфсизликни таъминлаш ва хатарларни бошқариш учун қўшимча имкониятларни тақдим этади ва шу билан бирга фирибгарлик ҳолатларини кескин камайтиради.
Иккинчидан, халқаро ҳамкорликнинг бу шакли барча манфаатдор томонларга маъмуриятчиликни сезиларли даражада камайтириш ва товарларни етказишнинг глобал бошқаруви тизими афзалликларидан максимал даражада фойдаланиш имкониятини беради.
Учинчидан, юклар тўғрисида олдиндан маълумот бериш ва реал вақт режимида маълумот алмашиш божхона тартиб-таомилларини ва давлат чегараларини кесиб ўтишни тезлаштиришга ёрдам беради.
Бир сўз билан айтганда, еТIR халқаро тизимининг жорий этилиши ташқи савдода ахборот-коммуникация технологияларини ривожлантириш, мамлакатнинг экспорт ва транзит салоҳиятини ошириш, шунингдек, ишончли ва хавфсиз йўл транспорти коридорларини ривожлантиришга хизмат қилади.
Сўз – анжуман иштирокчиларига
Рустам Кабулов, Давлат божхона қўмитасининг Божхона назоратини ташкил этиш бошқармаси бошлиғи:
– Бугунги кунда Ўзбекистон мазкур Конвенцияга аъзо 77 давлат ўртасида ТИР-карнет китобчаларидан энг кўп фойдаланадиган давлатлардан бири ҳисобланади ва бу борада 2020 йил ҳисоботига кўра олтинчи ўринни эгаллайди.
Республикамиз ҳудудида халқаро ташувларни амалга ошираётган ҳар учинчи (32,4%) автомобиль транспорти ТИР-карнет китобчасидан фойдаланмоқда (аксарият қисми экспортда). Ҳозирда ДБҚнинг Ягона автоматлаштирилган ахборот тизимини ТИР халқаро тизимига интеграциялаш устида иш олиб борилмоқда.
Константинос Алексополус, БМТ Европа иқтисодий комиссиясининг бошқарма бошлиғи:
– eTIR лойиҳаси устида кўп йиллардан бери ишлаб келганимиз сабабли бугунги сана биз учун алоҳида аҳамият касб этади. 2021 йилнинг 25 майидан эътиборан халқаро ташувларда янги давр бошланди, десам янглишмайман.
ТИР конвенцияси 11-иловасининг кучга кириши е-тир тизимини тўлиқ ишга тушириш жараёнини рақамлаштиришга жуда кучли туртки бўлади.
Биз Ўзбекистон Республикаси божхона хизмати билан божхона соҳасини ривожлантириш йўналишида ҳамкорлик қилаётганимиздан мамнунмиз. Ҳамкорлик жараёнларида Ўзбекистоннинг фаоллиги, ташаббускорлигини алоҳида эътироф этган бўлардим. Яна бир жиҳат – еТИР халқаро тизимининг Ўзбекистонда жадаллик билан қўлланилаётгани бизга Марказий Осиё минтақасидаги бошқа давлатлар билан мазкур йўналишдаги ҳамкорликни янада чуқурлаштиришга ва осонлаштиришга хизмат қилади.
Умберто дэ Претте, Халқаро автомобиль транспорти иттифоқи Бош котиби:
– Ниҳоят ТИР тизимини тўлиқ рақамлаштиришга хизмат қиладиган халқаро ҳуқуқий асос кучга кирди. Ҳозирга қадар электрон ТИР-карнет ташувлари синов тарзида амалга оширилган бўлса, энди бу жараён тўлақонли ишга тушади. Ўзбекистон ушбу масалада айниқса катта ташаббус кўрсатди, ўз ҳудудида eTIR лойиҳаси бўйича синов ташувларини муваффақиятли амалга ошира олди. Албатта, бунинг учун жиддий тайёргарлик, соҳани рақамлаштириш, зарурий инфратузилма талаб этилади. Ўзбекистонда эса буларнинг барчаси узвий ва жадал йўлга қўйилганига гувоҳ бўлдик.
Шахсан мен учун ушбу лойиҳани амалга оширишда Ўзбекистон Марказий Осиёда лидерлик қобилиятларини намойиш қилди. Буларнинг барчаси мамлакатингиз учун жуда катта ва муҳим қадамдир. Биз Ўзбекистон ҳукумати ҳамда божхона хизмати раҳбарияти билан ўзаро ҳамкорликдан мамнунмиз.
Татьяна Рэй-Беллет, Халқаро автомобиль транспорти иттифоқининг ТИР ва транзит департаменти директори:
– Ўзбекистон делегациясини Женевадаги тадбирда кўриб турганимдан жуда мамнунман. Бу тадбир тарихий аҳамият касб этади. Айниқса, Ўзбекистон минтақада биринчилардан бўлиб еТИР халқаро тизимини амалиётга жорий қилаётгани қўшни давлатларда ҳам бу жараёнларнинг тезлашишига олиб келади деб ўйлайман.
Жумладан, жуда қисқа фурсатда Ўзбекистон Қозоғистон ва Тожикистон билан электрон ТИР-карнет синов ташувларини йўлга қўйганини мамнуният билан қайд этса бўлади. Демак, бу борада Ўзбекистонда мавжуд салоҳият юқори даражада.
Ҳусан ТАНГРИЕВ, Давлат божхона қўмитаси Ахборот хизмати бош инспектори.