Norma.uz
Газета Норма маслахатчи / 2021 год / № 2 / Юридик маслаҳатлар

Қоғозли ҳужжат айланиши тарихда қолди!(ми)?

 

Корхонангиз билан шартнома тузган контрагент шартномага муҳр босишни рад қиляпти, бу ҳолатни эса унда муҳр мавжуд эмаслиги билан изоҳлаяпти. Бошқа ҳамкор шартномага директорнинг факсимиле имзосини қўйяпти ва таажжубланганингизни кўриб уяли алоқа компаниялари билан шартнома тузилганда бунга эътироз билдирилмаганлигини ва ушбу шартномаларга ҳам доимо факсимиле қўйилишини айтяпти. Бундай ҳужжатлар ҳақиқий ҳисобланадими ҳамда муҳрсиз ва факсимиле билан қандай ишлаш ҳақида «Norma» компанияси экспертлари: адвокат Элеонора Мазурова ва юрист Альберт Сафин сўзлаб бердилар.

 

Корхонага муҳр керакми ёки йўқми, имзо ўрнига факсимиленинг ўзи етарли бўладими

2015 йилдан бошлаб кичик бизнес субъектлари учун думалоқ муҳрга эга бўлиш талаби мажбурий эмас (15.05.2015 йилдаги ПФ-4725-сон Фармон билан тасдиқланган Дастурнинг 18-б.). 2018 йил 1 мартдан бошлаб барча тадбиркорлик субъектлари учун ҳужжатларни корхона муҳри билан тасдиқлаш талаби тўлиқ бекор қилинди (5.02.2019 йилдаги ПҚ-4160-сон қарорнинг 3-б.). Тадбиркор муҳрдан ўз ихтиёрига кўра фойдаланиши мумкин.

Амалиётда эса бошқача ҳолат намоён бўляпти. Муҳрдан воз кечилиб, ҳужжатлар электрон тасдиқланадиган давр тез келадиганга ўхшамаяпти.

 

Муҳр энди «эскилик сарқити», ундан воз кечиш лозим

Ҳеч қандай давлат ташкилоти корхонадан бирор-бир ҳужжатни муҳр билан тасдиқлашни талаб этишга ҳақли эмас (ПҚ-4160-сон қарорнинг 3-б.). Шу боис барча норматив ҳужжатларга ўзгартиришлар киритилди, ҳужжатларнинг муҳр ўрни формулировкаси бўлган жойларида «муҳр мавжуд бўлганда» деган сўзлар қўшимча қилинган. Бир қарашда ҳаммаси тўғридек: қонун ҳужжатлари билан муҳр талаб этилмайди. Эндиликда АЖ, МЧЖ, ХК муҳрга эга бўлишга ҳақли, лекин бунга мажбур эмас («Акциядорлик жамиятлари ва акциядорларнинг ҳуқуқларини ҳимоя қилиш тўғрисида»ги Қонуннинг 3-м. 6-қ.; «Масъулияти чекланган ҳамда қўшимча масъулиятли жамиятлар тўғрисида»ги Қонуннинг 5-м. 4-қ.; «Хусусий корхона тўғрисида»ги Қонуннинг 6-м.) ва бу муҳрсиз ҳам бемалол ишлаш мумкинлигидан далолат беради.

Тузилган шартномаларга муҳр босиш зарур бўлган ҳоллар қонун ҳужжатларида қайд этилади, шунингдек томонларнинг келишувларида қайд этилиши мумкин. Айрим шартномаларга қўшимча талаблар белгиланиши мумкин, битим шакли уларга мувофиқ бўлиши лозим. Масалан, битим белгиланган шаклдаги бланкада тузилиши, муҳр билан мустаҳкамланиши ва бошқалар. Мазкур ҳолатда ушбу талабларга риоя этилмаслиги натижасида қандай оқибатлар юзага келиши ҳам назарда тутилган (ФК 107-м. 5-қ.). Яъни расман шартномада уни муҳр билан тасдиқлаш шарти тўғридан-тўғри қайд этилганда, шартнома муҳр билан тасдиқланади.

Кўпчилик раҳбар ва бухгалтерларнинг амалиётда эски қоидалар бўйича ишлаб, муҳр босилмаган шартномаларни ҳужжат ўрнида қабул қилмаётгани – бу бошқа масала. Улар, шартномада муҳр бўлмаса, уни қалбакилаштириш мумкин, деб ўйлашади. Зеро, кимдир ҳужжатни қалбакилаштириш ниятида бўлса, ҳозирги техника имкониятлари шароитида муҳрни ҳам уддаласа бўлади.

Бошқа жиҳати ҳам бор. Контрагентингиз сиз билан шартнома тузишдан манфаатдор бўлса, у сизга ён босиб шартномага муҳр босилишини талаб қилмаслиги ҳам мумкин. Битим тузилишидан сиз манфаатдор бўлган, лекин бўлғуси ҳамкор муҳр билан тасдиқланмаган шартномани қабул қилмаётган ҳолат тамоман бошқа ҳолатдир. Бу – кичик ва ўрта бизнес учун қўшимча тўғаноқлар дегани.

Ўзбекистонда ҳужжат айланишини ривожлантириш истиқболларига назар соладиган бўлсак, электрон ҳужжат айланиши қамрови кенгайиб борган сайин қоғоз шаклидаги ҳужжатларнинг қўлланилиши тобора камайиб боряпти. Ҳозирги пайтда операторлар орқали ЭРИ воситасида деярли барча шартномаларни тузиш, ишончнома бериш, электрон ҳисобварақ-фактурани тақдим этиш мумкин. Эндиликда электрон ҳисобварақ-фактура барча битимлар учун мажбурий ҳисобланади, давлат сири билан боғлиқ битимлар бундан мустасно (Низомнинг 10, 12-б., ВМнинг 14.08.2020 йилдаги 489-сон қарорига 2-илова).

Муҳрлар – ўз даврининг қатъий зарурати бўлган, ҳозирда эса ўтмиш «сарқити»га айланган нарсадир. Айнан шу сабабдан Муҳр ва штампларни тайёрлаш, сақлаш ва улардан фойдаланиш тартиби тўғрисидаги низом (АВ томонидан 27.10.2001 йилда 1077-сон билан рўйхатдан ўтказилган) ўз кучини йўқотган деб эътироф этилди. Бироқ ҳозир ҳам муҳрни «ҳокимият» сифатида қабул қиладиган раҳбарлар учрайди. Уларнинг наздида кимсан шахсан раҳбарнинг ўзи муҳрни сейфдан олиб, ҳужжатни тасдиқламагунча битим тузилмайдигандек... Бунда масаланинг қанчалик «ёниб турган»лиги ва директорнинг ишда бўлиш-бўлмаслиги муҳим эмас, гўёки ҳамма нарсани муҳр ҳал қиладигандек.

Шуни англаш лозимки, муҳрларнинг бекор қилиниши ва электрон ҳужжат айланишига ўтиш фақат ишни осонлаштиради ва иш жараёнларини жадаллаштиради. Бу борадаги қонун ҳужжатлари такомилига етганда ортга йўл йўқлиги янада аён бўлади-қолади.

 

Муҳр керак, чунки у бизнеснинг қўшимча ҳимоясини таъминлайди

Аслида, корхоналар ўртасидаги шартнома иккала томон раҳбарларининг иштирокида имзоланса рисоладагидек иш бўлар эди. Амалда эса бунга риоя этилмайди, сабаби бундай тартиб кўп вақтни олади. Одамлар, яъни ҳамкорлар учрашмай туриб ва ҳатто бир-бирини танимай туриб шартнома тузадилар. Бундай ҳолатларда корхона муҳри шартнома айнан директор томонидан имзоланганлиги кафолати бўлиб хизмат қилади. Муҳр мавжуд бўлмаганда, шартнома оддий ходим томонидан ўз манфаатларини кўзлаган ҳолда имзоланган бўлиши мумкин деган шубҳа пайдо бўлади. Албатта, бу охир-оқибат ошкор бўлади, бироқ товарни, пул маблағларини қайтариш учун кўп вақт сарфлашга тўғри келади ва асаббузарлик ҳолатлари ҳам эҳтимолдан холи эмас. Фирибгар товар ёки пулларингизни ишлатиб юборган бўлса, мол-мулкингизни қайтариб олиш учун анча ҳаракат қилишингизга тўғри келади.

Бинобарин, шартномаларнинг қоғоз шакли амал қилар экан, муҳрдан воз кечиш осон бўлмайди. Албатта қўшимча ҳимояланиб, муҳр қўйишни талаб қилиш тўғри бўлади. Икки томон электрон рақамли имзо билан имзолаган электрон шартнома эса бошқа ҳолат. Мазкур ҳолатда муҳрлар эскилик сарқити сифатида ўз-ўзидан четга чиқади. Шу боис муҳрдан бирданига воз кечиш шарт эмас. Бунга босқичма-босқич ўтиш лозим.

 

Қандай ҳолатларда факсимиледан фойдаланиш мумкин

Аслида факсимиле муҳридан фойдаланиш борасида чекловлар мавжуд. Кўплаб ҳужжатларда ундан фойдаланилишига йўл қўйилмайди ҳам. Бироқ қонун ҳужжатларида факсимиледан фойдаланиш тўғридан-тўғри тақиқланмаган. Айрим ҳолатлар учун тақиқ қайд этилган. Масалан, Ўзбекистон Республикасида нақд пулсиз ҳисоб-китоблар тўғрисидаги низомнинг (АВ томонидан 13.04.2020 йилда 3229-сон билан рўйхатдан ўтказилган) 22-бандида айтилишича, тўлов ҳужжатлари шахсий варақчага имзо қўйган шахслар томонидан имзоланиши шарт. Тўлов ҳужжатларини факсимиле усулида нусха кўчириш воситаларидан фойдаланган ҳолда имзолаш тақиқланади.

Шунингдек Нотариуслар томонидан нотариал ҳаракатларни амалга ошириш тартиби тўғрисидаги йўриқноманинг (АВ томонидан 4.01.2019 йилда 3113-сон билан рўйхатдан ўтказилган) 9-бандида кўрсатилишича, ҳужжатларга факсимиле имзоси қўйилган бўлса, бундай ҳужжатлар нотариал ҳаракатларни амалга ошириш учун нотариуслар томонидан қабул қилинмайди. Нотариал ҳаракатларни амалга ошириш учун консулга топшириладиган ҳужжатларда ҳам факсимиледан фойдаланиш мумкин эмас (АВ томонидан 31.01.2011 йилда 2191-сон билан рўйхатдан ўтказилган Йўриқноманинг 17-б.).

Банкларга топшириладиган имзолар намуналари қўйиладиган варақчаларда факсимиледан фойдаланиш тақиқланади (АВ томонидан 27.04.2009 йилда 1948-сон билан рўйхатдан ўтказилган Йўриқноманинг 34-б.).

Ўзбекистон Республикаси Адлия вазирлигининг суд экспертиза муассасаларида суд экспертизасини ўтказиш тартиби тўғрисидаги йўриқноманинг (АВ томонидан 2.03.2011 йилда 2202-сон билан рўйхатдан ўтказилган) 17-бандида ҳам суд экспертизаси предметига тааллуқли маълумотларга эга бўлган ҳужжатлар тақдим этилиши лозимлиги кўрсатилган. Бироқ бунда суд экспертизасини тайинлаш тўғрисидаги қарорлар (ажримлар)нинг факсимил ва ёруғ сезгир қоғозга кўчирилган нусхаларини тақдим этишга йўл қўйилмайди.

Энди қайси ҳолатларда факсимиледан фойдаланиш мумкинлигига тўхталиб ўтамиз:

  • қонун ҳужжатларига ёки иштирокчилардан бирининг талабларига зид бўлмаса, шартномани имзолашда (ФК 107-м. 2-қ.);
  • бажарилган ишлар ёки кўрсатилган хизматлар далолатномасида (уларда ТМҚни бериш назарда тутилмаган бўлса), хатларда ва бошқа иш ҳужжатларида контрагент билан ушбу масалани келишган ҳолда;
  • корхонангизнинг локал ҳужжатларида.

Сиз ҳужжатлар айланишида директор имзосининг факсимилесини жорий қилмоқчи бўлсангиз, у ҳолда:

  • факсимиледан фойдаланиш ҳуқуқи бериладиган шахсни ёки бир нечта шахсларни тайинлаш тўғрисида буйруқ чиқаринг, уларга ишончномаларни расмийлаштиринг;
  • буйруқда факсимиле қўйилиши мумкин бўлган локал ҳужжатлар тоифасини, шунингдек ундан фойдаланиш тақиқланадиган ҳолатларни белгиланг;
  • зарурат бўлганда, факсимиле муҳрини қўллаш тартиби белгиланган йўриқномани тасдиқланг.

Ёдда тутинг: бир қатор ҳужжатлар борки уларга директорнинг ёки бош бухгалтернинг шахсий имзоси қўйилиши шарт. Масалан, контрагентга қўйиладиган даъво талаби раҳбар ёки унинг ўринбосари томонидан имзоланган бўлиши керак («Хўжалик юритувчи субъектлар фаолиятининг шартномавий-ҳуқуқий базаси тўғрисида»ги Қонуннинг 17-м. 4-қ.). Бу даъво талабига айнан асл шахсий имзо қўйилиши кераклигини билдиради. Бошланғич ҳисоб ҳужжатлари ва бухгалтерия регистрларига шахсан имзо қўйилади («Бухгалтерия ҳисоби тўғрисида»ги Қонуннинг 13–15-м.). Корхона номидан судда иштирок этадиган вакилга бериладиган ишончнома раҳбар ёки таъсис ҳужжатлари билан ваколат тақдим этилган шахс томонидан имзоланиши лозим (ИПКнинг 62-м. 2-қ.). Даъво аризаси уни имзолаш ҳуқуқи берилган шахс томонидан имзоланмаган бўлса кўриб чиқилмайди (ИПК 107-м. 3-ғ.). Яъни ушбу ҳолатларда ҳам факсимиле эмас, балки шахсий имзо талаб этилади.

Прочитано: 379 раз(а)

В этой теме действует премодерация комментариев.
Вы можете оставить свой комментарий.

info!Оставляя свой комментарий на сайте, Вы соглашаетесь с нашими Правилами их размещения.
Гость_
Антибот:

Если Вы заметили ошибку, выделите фрагмент текста, содержащий ошибку, и нажмите Ctrl+Enter.
Сайт разработан в ООО «NORMA», зарегистрирован в Узбекском агентстве по печати и информации 01.06.2018г.
Регистрационное свидетельство № 0406.
Адрес: Узбекистан, 100105, г. Ташкент, Мирабадский р-н, ул. Таллимаржон, 1/1.
Тел. (998 78) 150-11-72. Call-центр:1172. E-mail: admin@norma.uz
Копирование материалов сайта без согласования с администрацией ресурса запрещено.
© ООО «NORMA», 2007-2020 г. Все права защищены.
18+   Яндекс.Метрика