Квартира эгаси – пенсионер вафот этди. Квартирада яна икки киши прописка қилинган ва улар шу ерда яшайди, улардан бири асосий меросхўр ҳисобланади.
У меросга бўлган ҳуқуқни олмай туриб квартирани ижарага бериши мумкинми?
– Йўқ, мулкчилик ҳуқуқи юзага келмагунга қадар ижарага бера олмайди.
Мол-мулкини ижарага бериш ҳуқуқи шу мол-мулк эгасига тегишлидир (ФК 538-м.). Меросга бўлган ҳуқуқ нотариус томонидан меросга бўлган ҳуқуқ тўғрисидаги гувоҳнома берилгандан кейин юзага келади. Гувоҳнома мерос очилган кундан эътиборан 6 ой ўтганидан кейин берилади.
Қонун бўйича мерос олинганида ҳам, васиятнома бўйича мерос олинганида ҳам, агар нотариус тегишли мол-мулкка ёхуд бутун меросга нисбатан гувоҳнома беришни сўраб мурожаат этган шахслардан бошқа меросхўрлар йўқлиги тўғрисида маълумотларга эга бўлса, гувоҳнома юқорида кўрсатилган муддат тугамасидан олдин берилиши мумкин (ФК 1146-м.).
Шу тариқа, меросхўр фақат меросга бўлган ҳуқуқни олганидан кейин квартирани ижарага бера олади.