Norma.uz
Газета СБХ / 2021 год / № 1-2 / Ўзбекистон қонунчилигидаги янгиликлар

«Ўзбекистон Республикаси инвестициялар ва ташқи савдо вазирлиги ҳузуридаги экспортни рағбатлантириш агентлиги томонидан экспорт қилувчи ташкилотларга молиявий ёрдам кўрсатиш тартиби тўғрисидаги низомни тасдиқлаш ҳақида»

 

Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг қарори

 

Ўзбекистон Республикаси Президентининг «Экспорт фаолиятини молиялаштириш ва суғурта ҳимояси механизмларини кенгайтириш чора-тадбирлари тўғрисида» 2019 йил 24 майдаги ПҚ-4337-сон қарорига мувофиқ экспорт фаолиятини давлат томонидан қўллаб-қувватлаш механизмларини янада такомиллаштириш ва соддалаштириш мақсадида Вазирлар Маҳкамаси қарор қилади:

1. Қуйидагиларни назарда тутувчи Ўзбекистон Республикаси Инвестициялар ва ташқи савдо вазирлиги ҳузуридаги Экспортни рағбатлантириш агентлиги томонидан экспорт қилувчи ташкилотларга молиявий ёрдам кўрсатиш тартиби тўғрисидаги низом иловага мувофиқ тасдиқлансин:

экспорт қилувчи ташкилотларга молиявий ёрдам кўрсатишнинг асосий йўналишлари;

молиявий ёрдам олиш учун тақдим этиладиган ҳужжатлар;

экспорт қилувчи ташкилотларнинг аризаларини кўриб чиқиш тартиби;

мақсадли молиявий ёрдам йўналишлари ва предмети;

молиявий ёрдам миқдори ва шартлари;

молиявий ёрдам кўрсатишни рад этиш тартиби;

Ўзбекистон Республикаси Давлат бюджетидан маблағлар ажратиш ва улардан фойдаланиш тартиби.

2. Вазирлар Маҳкамасининг «Ўзбекистон Республикаси Инвестициялар ва ташқи савдо вазирлиги ҳузуридаги Экспортни рағбатлантириш агентлиги томонидан экспорт қилувчи ташкилотларга молиявий ёрдам кўрсатиш тартиби тўғрисидаги низомни тасдиқлаш ҳақида» 2019 йил 11 сентябрдаги 756-сон қарори ўз кучини йўқотган деб ҳисоблансин.

3. Ўзбекистон Республикаси Инвестициялар ва ташқи савдо вазирлиги манфаатдор вазирликлар ва идоралар билан биргаликда ўзлари қабул қилган норматив-ҳуқуқий ҳужжатларни бир ой муддатда ушбу қарорга мувофиқлаштирсин.

4. Мазкур қарорнинг бажарилишини назорат қилиш Ўзбекистон Республикаси Бош вазирининг инвестициялар ва ташқи иқтисодий алоқалар масалалари бўйича ўринбосари – инвестициялар ва ташқи савдо вазири С.У.Умурзаков зиммасига юклансин.

Ўзбекистон Республикасининг Бош вазири

А.АРИПОВ.

Тошкент ш.,

2020 йил 31 декабрь

826-сон.

 

ЎзР ВМнинг 2020 йил 31 декабрдаги 826-сон қарорига
ИЛОВА

ЎЗБЕКИСТОН РЕСПУБЛИКАСИ ИНВЕСТИЦИЯЛАР ВА ТАШҚИ САВДО ВАЗИРЛИГИ ҲУЗУРИДАГИ ЭКСПОРТНИ РАҒБАТЛАНТИРИШ АГЕНТЛИГИ ТОМОНИДАН ЭКСПОРТ ҚИЛУВЧИ ТАШКИЛОТЛАРГА МОЛИЯВИЙ ЁРДАМ КЎРСАТИШ ТАРТИБИ ТЎҒРИСИДАГИ
НИЗОМ

1-БОБ. УМУМИЙ ҚОИДАЛАР

1. Мазкур Низом Ўзбекистон Республикаси Инвестициялар ва ташқи савдо вазирлиги ҳузуридаги Экспортни рағбатлантириш агентлиги (кейинги ўринларда – Агентлик) томонидан экспорт қилувчи ташкилотларга экспорт фаолиятини қўллаб-қувватлаш мақсадида молиявий ёрдам кўрсатиш тартибини белгилайди.

2. Ушбу Низомда қуйидаги асосий тушунчалардан фойдаланилади:

бизнес-тренинг – маълум бир йўналишда тадбиркорлар, уларнинг ходимларининг (ишчиларининг) билим ва кўникмаларини ҳамда фаолияти самарадорлигини оширишга қаратилган ўқитиш шакли, шу жумладан, онлайн ўқитиш шакли;

бизнес-форум – бизнес вакилларининг маълум бир йўналиш, соҳа ва тармоқдаги бизнес масалаларини муҳокама қилишга бағишланган йиғилиши, шу жумладан, онлайн йиғилиши;

кўргазма-ярмарка тадбирлари – хорижда ва Ўзбекистон Республикасида ташкил этиладиган халқаро, минтақалараро, ҳудудлараро кўргазмалар, конфренциялар, фестиваллар, ярмаркалар ва тадбиркорлик субъектларининг экспорт имкониятларини ривожлантиришга қаратилган бошқа тадбирлар, шу жумладан, онлайн тадбирлар;

бизнес-семинарлар – тадбиркорлик фаолиятига оид тажриба, билим ва маълумотлар билан алмашиш мақсадида ўтказиладиган интерфаол ўқув-амалий тадбир шакли, шу жумладан, онлайн интерфаол ўқув-амалий тадбир шакли;

экспорт қилувчи ташкилотлар – Ўзбекистон Республикасида рўйхатдан ўтган ва экспорт фаолиятини амалга ошираётган ёки уни бошлаш истагидаги тадбиркорлик субъектлари;

реклама кампанияси (тақдимот) – маълум бир даврга ва бозорга мўлжалланган, экспорт ҳажмини ошириш бўйича маркетинг мақсадларига эришишга, хусусан, маҳсулотлар (хизматлар) билан таништириш, уларни таклиф этиш ва харидорларни жалб қилишга қаратилган кенг қамровли тадбирларни амалга ошириш;

стандартлар – стандартлаш бўйича ташкилотлар томонидан ишлаб чиқилган халқаро (давлатлараро, минтақавий) стандартлар ҳамда хорижий давлатларнинг миллий стандартлари;

мувофиқлик сертификати – сертификатланган маҳсулотнинг белгиланган талабларга мувофиқлигини тасдиқлаш учун сертификатлаштириш тизими қоидаларига биноан берилган ҳужжат;

савдо миссиялари – экспорт қилувчи ташкилотлар билан салоҳиятли хорижий харидорлар ўртасида шериклик алоқаларини ўрнатиш, шунингдек, маҳсулот тақдимотларини ўтказиб, салоҳиятли хорижий харидорлар билан келгусида тузиладиган экспорт шартномаларининг шартларини муҳокама қилиш ва шартномалар тузиш мақсадида ташкил этиладиган тадбирлар.

3. Агентлик томонидан экспорт қилувчи ташкилотларга молиявий ёрдам кўрсатишнинг асосий йўналишлари қуйидагилардан иборат:

стандартларни жорий қилиш ва мувофиқлик сертификатларини олиш;

маҳаллий маҳсулотлар ва брендларни (товар белгиларини) ташқи бозорларга олиб чиқиш мақсадида тақдимотлар ва реклама кампанияларини ўтказиш;

халқаро тендер ва танловларда иштирок этиш;

хорижий ваколатли органларда миллий маҳсулотлар ва брендларни (товар белгиларини) рўйхатдан ўтказиш;

Ўзбекистон Республикаси ҳудудларида тадбиркорлар учун экспорт салоҳиятини ошириш мақсадида маҳаллий ва хорижий компанияларни, мутахассисларни жалб қилган ҳолда бизнес-семинарлар, тренинглар, савдо миссиялари ва бизнес-форумлар ташкил этиш;

хорижий мамлакатлардаги бизнес-семинарлар, тренинглар, савдо миссиялари ва бизнес-форумларда иштирок этиш;

кўргазма-ярмарка тадбирларида иштирок этиш;

маҳсулотлар намуналарини таништириш мақсадида хорижий харидорларга, экспорт қилувчи ташкилотларнинг ташқи савдо уйлари ва шоу-румларига, шу жумладан, харидор топишда кўмак олиш учун Ўзбекистон Республикасининг чет элдаги дипломатик ваколатхоналарига юбориш.

Бунда экспорт қилувчи ташкилотларнинг вакили қатнашиши талаб этиладиган йўналишларда кўрсатиладиган молиявий ёрдам экспорт қилувчи ташкилотларнинг бир нафар вакили ҳисобга олинган ҳолда қоплаб берилади.

4. Экспорт қилувчи ташкилотларга молиявий ёрдам ушбу Низомга 1-иловада** келтирилган схемага мувофиқ кўрсатилади.

 

2-БОБ. МОЛИЯВИЙ ЁРДАМ ОЛИШ УЧУН ТАҚДИМ ЭТИЛАДИГАН ҲУЖЖАТЛАР

5. Молиявий ёрдам олиш учун экспорт қилувчи ташкилотлар томонидан Агентликка ушбу Низомга 2 ва 3-иловаларда** келтирилган шаклларга мувофиқ ариза ва буюртманома-анкета тўлдирилиб, қуйидаги ҳужжатлар билан биргаликда тақдим этилади:

а) стандартларни жорий қилиш ва мувофиқлик сертификатларини олиш йўналишларида:

стандарт (сертификат) жорий қилиш (олиш) режалаштирилган маҳсулот, жой, объект (ер) майдони ҳажми, ишловчилар сони, ишлаб чиқариш қувватлари тўғрисида маълумотнома;

экспорт қилувчи ташкилотларнинг ихтиёрига кўра товарлар (ишлар, хизматлар) етказиб берувчилар билан тўғридан-тўғри шартнома тузилиб, стандартлар жорий қилинган ва (ёки) мувофиқлик сертификатлари олинган ҳолатларда, харажатларни тасдиқловчи ҳужжатлар (шартнома, ҳисоб-фактура, далолатнома, тўлов топшириғи нусхалари);

б) маҳаллий маҳсулотлар ва брендларни (товар белгиларини) ташқи бозорларга олиб чиқиш мақсадида тақдимотлар ва реклама кампанияларини ўтказиш, кўргазма-ярмарка тадбирларида иштирок этиш ҳамда бизнес-семинарлар, тренинглар, савдо миссиялари ва бизнес-форумларда иштирок этиш йўналишларида – маҳсулотларнинг тақдимот материаллари, тарқатма материаллар (тақдимот, видеоролик, брошюра, буклет, ташриф қоғози ва бошқалар – экспорт қилувчи ташкилот танловига кўра);

в) халқаро тендер ва танловларда иштирок этиш ҳамда хорижий ваколатли органларда миллий маҳсулотлар ва брендларни (товар белгиларини) рўйхатдан ўтказиш йўналишларида – экспорт қилувчи ташкилотларнинг, уларнинг маҳсулотлари ва брендларининг (товар белгиларининг) тендер, танлов ёки хорижий ваколатли орган талабларига мувофиқ келиши бўйича солиштирма жадвал шаклидаги маълумот;

г) маҳсулотлар намуналарини таништириш мақсадида хорижий харидорларга, экспорт қилувчи ташкилотларнинг ташқи савдо уйлари ва шоу-румларига, шу жумладан, харидор топишда кўмак олиш учун Ўзбекистон Республикасининг чет элдаги дипломатик ваколатхоналарига юбориш йўналишида – маҳсулотларнинг техник кўрсаткичлари, ишлаб чиқариш қувватларидан келиб чиққан ҳолда етказиб бериш имкониятлари ва шартларини ўзида акс эттирган инглиз, рус ёки экспорт қилувчи ташкилотнинг ихтиёрига кўра бошқа зарур хорижий тилда тайёрланган тижорат таклифлари.

Қайта ташкил этиш, банкротлик ва (ёки) тугатиш ҳолатидаги Экспорт қилувчи ташкилотларнинг аризалари кўриб чиқиш учун қабул қилинмайди.

6. Экспорт қилувчи ташкилотлардан ушбу Низомнинг ­5-бандида назарда тутилмаган ҳужжатларни тақдим этишни талаб қилишга йўл қўйилмайди.

7. Экспорт қилувчи ташкилотлар томонидан ариза ва унга илова қилинадиган ҳужжатлар Агентликка бевосита, почта алоқа воситаси орқали ёки электрон шаклда, шу жумладан, Ташқи иқтисодий маълумотлар портали орқали тақдим этилади.

8. Экспорт қилувчи ташкилотлар томонидан ариза ва унга илова қилинадиган ҳужжатлар Агентликка бевосита тақдим қилинганда, аризанинг нусхаси дарҳол ҳужжатлар қабул қилинган сана белгиси билан экспорт қилувчи ташкилотга берилади.

9. Тақдим этилган ҳужжатларнинг ишончлилиги учун жавобгарлик экспорт қилувчи ташкилотларга юкланади.

 

3-БОБ. ЭКСПОРТ ҚИЛУВЧИ ТАШКИЛОТЛАРНИНГ АРИЗАЛАРИНИ КЎРИБ ЧИҚИШ ТАРТИБИ

10. Ариза ва унга илова қилинадиган ҳужжатлар Агентлик томонидан ариза қабул қилинган кундан бошлаб 7 иш куни давомида кўриб чиқилади.

11. Агентлик аризани унга илова қилинадиган ҳужжатлар билан биргаликда белгиланган тартибда рўйхатга олади.

12. Агентлик тақдим этилган ҳужжатлар ва уларда кўрсатилган маълумотларнинг тўлиқлиги, ишончлилиги, молиявий ёрдам кўрсатиш йўналишлари, шартлари ва мақсадларига ҳамда молиявий ёрдам миқдорининг ушбу Низом 18-бандида белгиланган юқори чегараларга, шунингдек, экспорт операциялари бўйича мавжуд муддати ўтган қарздорликнинг мазкур Низомда белгиланган миқдорларга мувофиқлиги нуқтаи назардан кўриб чиқади.

Бунда экспорт қилувчи ташкилотларнинг экспорт операциялари бўйича муддати ўтган дебитор қарздорлиги миқдори (дебитор қарздорликни ундириш бўйича суд қарори мавжуд бўлган дебитор қарздорлик миқдори бундан мустасно) сўнгги 12 ойда амалга оширилган экспорт ҳажмининг 30 фоизидан ортиқ бўлмаслиги керак.

13. Молиявий ёрдам тўғрисидаги қарор Агентлик томонидан қабул қилинади.

Агентлик 1 иш куни давомида почта алоқа воситаси орқали ёки электрон шаклда, шу жумладан, Ташқи иқтисодий маълумотлар портали орқали қабул қилинган қарор тўғрисида экспорт қилувчи ташкилотларга билдиришнома юборади.

Тақдим этилган ҳужжатларни кўриб чиқиш ва молиявий ёрдам бериш тўғрисидаги қарорни қабул қилиш учун йиғим ундирилмайди.

14. Агентлик молиявий ёрдам кўрсатиш белгиланган аризалар бўйича товарлар (ишлар, хизматлар) етказиб берувчилар билан шартномалар тузиш тадбирларини (тендер, конкурс ва бошқалар) қонун ҳужжатларида белгиланган тартибда ва муддатларда амалга оширади.

15. Молиявий ёрдам ажратиш тўғрисида қарор қабул қилинганда, тўловлар Агентлик томонидан белгиланган тартибда тузилган шартномаларга мувофиқ товарлар (ишлар, хизматлар) етказиб берувчиларнинг банк ҳисобварағига, амалга оширилган харажатлар бўйича эса – қарор қабул қилинган кундан бошлаб 5 иш куни ичида экспорт қилувчи ташкилотларнинг банк ҳисобварағига ўтказиб берилади.

16. Агентлик томонидан ўтказиладиган мониторинг натижаларига кўра Агентлик билан экспорт қилувчи ташкилотлар ва товарлар (ишлар, хизматлар) етказиб берувчилар ўртасида тузилган шартнома ижроси шартномада кўрсатилган муддатларда таъминланмаганлиги аниқланган тақдирда, тегишли маблағлар Агентлик томонидан юборилган ёзма билдиришнома қабул қилинган санадан бошлаб 10 иш куни давомида айбдор томонидан қайтарилиши керак.

Экспорт қилувчи ташкилотлар, товарлар (ишлар, хизматлар) етказиб берувчилар ва Агентлик ўртасида тузилган шартнома шартларининг бузилиши билан боғлиқ низолар суд тартибида ҳал этилади.

 

4-БОБ. МАҚСАДЛИ МОЛИЯВИЙ ЁРДАМ ЙЎНАЛИШЛАРИ ВА ПРЕДМЕТИ

17. Молиявий ёрдам қуйидагилар билан боғлиқ харажатларни тўлаб бериш учун кўрсатилади:

1) стандартларни жорий қилиш ва мувофиқлик сертификатларини олиш йўналишида:

стандартларни жорий қилиш ва мувофиқлик сертификатларини олиш;

республикада ва хорижда маҳсулотларни сертификатлаш;

мувофиқликни баҳолаш;

омологация;

республикада ва хорижда халқаро стандартлаш ва сертификатлаш тизимларини жорий этиш талабларини ишлаб чиқиш;

маҳсулот намуналарини хорижда ва (ёки) Ўзбекистон Республикасидаги лабораторияларда текшириш, синовдан ўтказиш, хулосалар олиш, хориждаги лабораторияларга маҳсулот намуналарини етказиб бериш, сақлаш ва (ёки) йўқ қилиш, шу жумладан, хорижий харидорларнинг талабларини бажариш ва экспорт шартномалари ижросини таъминлаш;

2) маҳаллий маҳсулотлар ва брендларни (товар белгиларини) ташқи бозорларга олиб чиқиш мақсадида тақдимотлар ва реклама кампаниялари ўтказиш йўналишида:

реклама баннерлари, интерактив ва ёруғлик диодли кўча экранларини, шу жумладан, аэропорт терминалларида ўрнатиш, тарқатма материалларни тайёрлаш;

қидирув машиналари асосида сайтни оптималлаштириш хизматларидан фойдаланиш (Search Engine Optimization – SEO);

қидирув маркетингини ўтказиш (Search Engine Marketing – SEM);

материалларни жамоатчилик ҳамжамиятлар, форумлар, ижтимоий тармоқлар, шу жумладан, хештеггингда нашр этиш орқали ижтимоий хизматларда сайтни тарғиб қилиш;

рақамли рекламани тайёрлаш ҳамда хорижий телевидение ва радиода, ижтимоий тармоқлар, мобиль иловалар, мессенжерлар, онлайн ўйинларда жойлаштириш, шунингдек, чет элдаги газеталарда, бизнес журналларда ва каталогларда нашр қилиш;

маҳсулот ва хизматларни халқаро электрон савдо майдончаларига, шу жумладан, уларда рўйхатдан ўтиш ва аъзо бўлиш орқали жойлаштириш;

3) халқаро тендер ва танловларда иштирок этиш йўналишида:

рўйхатга олиш йиғимларини тўлаш;

тендер ҳужжатларини олиш;

4) хорижий ваколатли органларда маҳаллий маҳсулотлар ва брендларни (товар белгиларини) рўйхатдан ўтказиш йўналишида:

рўйхатдан ўтказиш учун тўловлар;

рўйхатдан ўтказилиши зарур бўлган маҳсулотлар ва брендлар (товар белгилари) ҳужжатлари ва намуналарини тегишли хорижий ваколатли органларга етказиб бериш;

рўйхатдан ўтказишда хорижий давлатдаги ташкилотлардан талаб этиладиган қўшимча ҳужжатларни олиш;

5) Ўзбекистон Республикаси ҳудудларида тадбиркорлар учун экспорт салоҳиятини ошириш мақсадида маҳаллий ва хорижий компанияларни, мутахассисларни жалб қилган ҳолда бизнес-семинарлар, тренинглар, савдо миссиялари ва бизнес-форумлар ташкил этиш йўналишида:

биноларни ижарага олиш;

техник таъминот;

қўшимча ускуналарни ўрнатиш ва демонтаж қилиш;

ўтказиладиган тадбир ҳақида ахборотни тарқатиш мақсадида оммавий ахборот воситаларининг хизматларидан фойдаланиш;

хорижий компаниялар ва (ёки) мутахассислар (мураббийлар) хизматларидан фойдаланиш (хизмат ҳақи, уй ижараси, меҳмонхона тўлови, транспорт харажатлари, вакиллик харажатлари, эсдалик совғалар учун харажатлар);

таржимонлик хизмати;

ахборот-тақдимот материаллари, буклетлар тайёрлаш;

кофе-брейкларни ташкил қилиш;

маҳаллий тадбиркорларни жалб қилиш, уларнинг иштирокини таъминлаш (транспорт харажатлари);

аутсорсинг хизматларидан фойдаланиш;

6) хорижий мамлакатлардаги бизнес-семинарлар, тренинглар, савдо миссиялари ва бизнес-форумларда иштирок этиш йўналишида:

бизнес-семинарлар, тренинглар ва форумларда иштирок этиш (қатнашиш тўлови, транспорт харажати – эконом класс учун, меҳмонхона харажати – стандарт номер учун);

савдо миссияларини ташкил этиш (транспорт ва меҳмонхона харажатлари, хорижий компаниялар, мутахассисларнинг хизмат ҳақи, бинони ижарага олиш, техник таъминот, ахборот-тақдимот материалларини тайёрлаш, эсдалик совғалари олиш, кофе-брейклар ташкил этиш, вакиллик харажатлари, аутсорсинг хизматларидан фойдаланиш, делегацияга чет элда ҳамроҳлик қилиш бўйича хизматлар ҳақи, учрашув, трансфер, кузатиш, таржимон, гид хизматлари ва бошқалар);

7) кўргазма-ярмарка тадбирларида иштирок этиш йўналишида (экспорт қилувчи ташкилотлар алоҳида ўзи шахсан ижарага олган майдонда қатнашган ҳолатлардан ташқари):

рўйхатга олиш йиғимлари;

кўргазма майдонларини (шу жумладан, стендларни жойлаштиришнинг ўзига хос хусусиятларини ҳисобга олган ҳолда) ҳамда кўргазма стенди ва жиҳозларини ижарага олиш;

стендларни ишлаб чиқариш, монтаж ва демонтаж қилиш, қўшимча кўргазма ускуналари ва мебелларни ижарага олиш, фриз ёзуви хизмати, стенд дизайнини яратиш, аутсорсинг хизматлари;

электр таъминоти манбаларига уланиш, шу жумладан, электр энергиясидан фойдаланиш;

маҳсулотлар намуналари ва бошқа кўргазма экспонатларини хорижий давлатдаги кўргазма-ярмарка тадбирлари майдонига етказиб бериш ва Ўзбекистон Республикасига қайтариб олиб келиш;

қўшимча кўргазма хизматларидан фойдаланиш (стендни тозалаш, қўриқлаш, алоқа воситаларини улаш ва бошқалар);

салоҳиятли импорт қилувчи харидорларни топиш учун ихтисослашган хорижий компаниялар хизматларидан фойдаланиш;

тақдимот материаллари, тарқатиш учун материаллар (брошюралар, ташриф қоғозлари, буклетлар ва бошқалар) тайёрлаш;

8) маҳсулотлар намуналарини таништириш мақсадида хорижий харидорларга, экспорт қилувчи ташкилотларнинг ташқи савдо уйлари ва шоу-румларига, шу жумладан, харидор топишда кўмак олиш учун Ўзбекистон Республикасининг чет элдаги дипломатик ваколатхоналарига юбориш йўналишида:

маҳсулот намуналарини почта ва курьерлик хизматларидан фойдаланган ҳолда етказиб бериш ва Ўзбекистон Республикасига қайтариб олиб келиш;

маҳсулот намуналарини транспорт компаниялари хизматларидан фойдаланган ҳолда етказиб бериш ва Ўзбекистон Республикасига қайтариб олиб келиш;

маҳсулот намуналарини хорижий давлатда импортга расмийлаштириш (хорижий давлат қонунчилигига мувофиқ намуна сифатида юборилган маҳсулотларни импорт қилишда тўловлар ундирилиши белгиланган ҳолларда).

 

5-БОБ. МОЛИЯВИЙ ЁРДАМ МИҚДОРИ ВА ШАРТЛАРИ

18. Агентлик томонидан бериладиган молиявий ёрдам ушбу Низомнинг 17-бандида кўрсатилган йўналишларга мувофиқ қуйидаги миқдорларда тақдим этилади:

стандартларни жорий қилиш ва мувофиқлик сертификатларини олиш йўналишида – 100 фоиз, лекин битта халқаро стандартни жорий қилиш ва сертификатни олиш учун 20 000 АҚШ долларидан кўп бўлмаган миқдорда. Экспорт қилувчи ташкилотларнинг ихтиёрига кўра товарлар (ишлар, хизматлар) етказиб берувчилар билан тўғридан-тўғри шартнома тузилиб, стандартлар жорий қилинган ва (ёки) мувофиқлик сертификатлари олинган ҳолатларда, шартнома қийматининг 80 фоизи, лекин ушбу йўналиш учун белгиланган сумманинг 50 фоизидан ортиқ бўлмаган миқдорда молиявий ёрдам кўрсатилади;

маҳаллий маҳсулотлар ва брендларни (товар белгиларини) ташқи бозорларга олиб чиқиш мақсадида тақдимотлар ва реклама кампаниялари ўтказиш йўналишида – 100 фоиз миқдорда, лекин бир экспорт қилувчи ташкилот учун бир календарь йилида 20 000 АҚШ долларидан кўп бўлмаган миқдорда;

халқаро тендер ва танловларда иштирок этиш йўналишида – 100 фоиз миқдорда;

хорижий ваколатли органларда маҳаллий маҳсулотлар ва брендларни (товар белгиларини) рўйхатдан ўтказиш йўналишида – 100 фоиз, лекин бир экспорт қилувчи ташкилот учун 10 000 АҚШ долларидан кўп бўлмаган миқдорда;

хорижий мамлакатлардаги бизнес-семинарлар, тренинглар ва бизнес-форумларда иштирок этиш, хорижий давлатларга савдо миссиялари ташкил этиш, шу жумладан, бундай тадбирларни Ўзбекистон Республикасида ташкил этиш йўналишида – 100 фоиз миқдорда ҳақиқий харажатлар бўйича;

кўргазма-ярмарка тадбирларида иштирок этиш йўналишида – 100 фоиз миқдорда Агентликнинг ҳақиқий харажатлари бўйича чекланмаган миқдорда. Кўргазма-ярмарка тадбирларида ўз маблағи ҳисобидан иштирок этган тадбиркорларнинг харажатлари Агентлик томонидан қоплаб берилмайди;

маҳсулотлар намуналарини таништириш мақсадида хорижий харидорларга, экспорт қилувчи ташкилотларнинг ташқи савдо уйлари ва шоу-румларига, шу жумладан, харидор топишда кўмак олиш учун Ўзбекистон Республикасининг чет элдаги дипломатик ваколатхоналарига юбориш йўналишида – 100 фоиз миқдорда, лекин бир экспорт қилувчи ташкилот учун бир календарь йилида жами 2 000 АҚШ долларидан кўп бўлмаган миқдорда.

Бунда тўловлар Агентлик томонидан тузиладиган шартномаларга асосан товарлар (ишлар, хизматлар) етказиб берувчи тегишли ташкилотларга тўғридан-тўғри амалга оширилади.

Мазкур банднинг иккинчи хатбошига мувофиқ экспорт қилувчи ташкилотлар томонидан тўловлар амалга оширилган ҳолатларда, хорижий валютадаги харажатлар бўйича кўрсатиладиган молиявий ёрдам миқдори экспорт қилувчи ташкилотлар тўловларни амалга оширган санада Ўзбекистон Республикаси Марказий банки томонидан белгиланган курс бўйича миллий валютада ҳисобланади.

 

6-БОБ. МОЛИЯВИЙ ЁРДАМ КЎРСАТИШНИ РАД ЭТИШ ТАРТИБИ

19. Қуйидагилар молиявий ёрдам кўрсатишни рад этиш учун асос бўлади:

экспорт қилувчи ташкилотлар томонидан мазкур Низомга мувофиқ белгиланган ҳужжатларни тўлиқ ҳажмда тақдим этилмаганлиги;

экспорт қилувчи ташкилотлар томонидан сўралаётган молиявий ёрдамнинг мазкур Низомда белгиланган тартиб ва талабларга номувофиқлиги;

экспорт операциялари бўйича муддати ўтган дебитор қарздорлик мавжудлиги (экспорт қилувчи ташкилотларнинг экспорт операциялари бўйича муддати ўтган дебитор қарздорлиги миқдори сўнгги 12 ойдаги экспорт ҳажмининг 30 фоизидан ортиқ бўлмаган ва дебитор қарздорликни ундириш бўйича суд қарори мавжуд бўлган ҳолатлар бундан мустасно);

экспорт қилувчи ташкилотлар тақдим этган ҳужжатларда ноаниқ ёки бузиб кўрсатилган маълумотларнинг мавжудлиги.

20. Бошқа сабабларга кўра молиявий ёрдам кўрсатишни рад этишга йўл қўйилмайди.

21. Рад этиш учун асослар мавжуд бўлган тақдирда, Агентлик бир иш куни давомида экспорт қилувчи ташкилотларга Агентликнинг мансабдор шахслари томонидан имзоланган рад этиш сабаблари, шунингдек, экспорт қилувчи ташкилотлар кўрсатилган сабабларни бартараф этган ҳолда ҳужжатларни такроран кўриб чиқиш учун топшириш муддати кўрсатилган ҳолда асосли хулосани юборади.

22. Экспорт қилувчи ташкилотлар молиявий ёрдам кўрсатишни рад этиш учун асос бўлган сабабларни бартараф этиб, белгиланган муддатда ушбу Низомда назарда тутилган ҳужжатларни, шу жумладан, рад этишнинг илгари кўрсатилган сабаблари бартараф этилганлигини тасдиқловчи ҳужжатларни қайта кўриб чиқиш учун Агентликка топшириш ҳуқуқига эга.

23. Экспорт қилувчи ташкилот белгиланган муддатда молиявий ёрдам кўрсатишни рад этиш учун асос бўлган сабабларни бартараф этган тақдирда, ҳужжатлар Агентлик томонидан рад этилган сабабларни бартараф этиш учун ариза олинган кундан бошлаб уч иш кунидан кўп бўлмаган муддатда қайта кўриб чиқилади.

24. Аризани қайта кўриб чиқишда Агентлик томонидан рад этишнинг илгари ёзма равишда айтилмаган сабабларини кўрсатишга йўл қўйилмайди, илгари кўрсатилган сабаблар бартараф этилганлигини тасдиқловчи ҳужжатлар билан боғлиқ рад этиш сабаблари бундан мустасно.

25. Белгиланган муддатдан кейин берилган ҳужжатлар янги топширилган деб ҳисобланади ва умумий асосларда кўриб чиқилади.

26. Экспорт қилувчи ташкилотлар молиявий ёрдам кўрсатишни рад этиш тўғрисидаги қарор, шунингдек, Агентликнинг мансабдор шахслари ҳаракати (ҳаракатсизлиги) юзасидан белгиланган тартибда шикоят қилиш ҳуқуқига эга.

 

7-БОБ. ЎЗБЕКИСТОН РЕСПУБЛИКАСИ ДАВЛАТ БЮДЖЕТИДАН МАБЛАҒЛАР АЖРАТИШ ВА УЛАРДАН ФОЙДАЛАНИШ ТАРТИБИ

27. Экспорт қилувчи ташкилотларга харажатларни қоплаш бўйича кўрсатиладиган молиявий ёрдам билан боғлиқ Агентликнинг харажатлари Агентлик учун назарда тутилган бюджет маблағлари доирасида амалга оширилади.

Молиявий йил давомида тадбиркорлик субъектларининг тақдим этган аризаларига мувофиқ молиялаштириш зарурлигидан келиб чиққан ҳолда, тасдиқланган базавий сметага ўзгартиришлар киритилиши мумкин.

28. Ҳар бир молиявий йил бошида Ўзбекистон Республикаси Молия вазирлиги Ўзбекистон Республикаси Президентининг «Экспортга кўмаклашиш ва уни рағбатлантиришни кучайтириш чора-тадбирлари тўғрисида» 2018 йил 20 декабрдаги ПҚ-4069-сон қарорига мувофиқ Агентликнинг тасдиқланган смета бўйича буюртманомаси олинган кундан бошлаб уч банк иш куни мобайнида Агентликни молиялаштиради.

29. Ўзбекистон Республикаси ҳудудида харажатлар Ўзбекистон Республикаси қонунларига мувофиқ молиялаштирилади.

30. Хориждаги шартномалар бўйича харажатлар Вазирлар Маҳкамасининг «Ўзбекистон Республикаси бюджет тизими бюджетларининг чет эл валютасидаги маблағларини самарали бошқариш тўғрисида» 2020 йил 23 майдаги 329-сон қарорига мувофиқ амалга оширилади.

31. Молия йили якуни бўйича Агентлик шахсий ғазна ҳисобварағида фойдаланилмай қолган бюджет маблағлари Ўзбекистон Республикаси Давлат бюджетига қайтарилади.

 

8-БОБ. ЯКУНЛОВЧИ ҚОИДАЛАР

32. Ушбу Низом қоидаларини бузган шахслар қонун ҳужжатларида белгиланган тартибда жавобгар бўладилар.

33. Бюджет маблағларидан мақсадли фойдаланиш учун жавобгарлик Агентликка юкланади.

34. Ўзбекистон Республикаси Инвестициялар ва ташқи савдо вазирлиги экспорт қилувчи ташкилотларга ушбу Низомга мувофиқ молиявий ёрдам кўрсатиш бўйича Агентлик фаолиятининг самарадорлигини мониторинг қилади.

Низомга

1-ИЛОВА

ЭКСПОРТ ҚИЛУВЧИ ТАШКИЛОТЛАРГА МОЛИЯВИЙ ЁРДАМ КЎРСАТИШ

СХЕМАСИ

Босқичлар



Масъул ижрочилар



Тадбирлар



Бажариш муддатлари










1-босқич



Экспорт қилувчи ташкилотлар



Ариза, буюртманома-анкета ва бошқа зарур ҳужжатларни тайёрлаш ҳамда тўғридан-тўғри, почта алоқа воситаси орқали ёки электрон шаклда, шу жумладан, Ташқи иқтисодий маълумотлар портали орқали тақдим этиш.



Экспорт қилувчи ташкилотларнинг ихтиёрига кўра














2-босқич



Экспортни рағбатлантириш агентлиги



Аризаларни кўриб чиқиш ва молиявий ёрдам кўрсатиш ёки рад этиш тўғрисида қарор қабул қилиш.



Ариза қабул қилинган кундан бошлаб 7 иш кунида













3-босқич



Экспортни рағбатлантириш агентлиги



Экспорт қилувчи ташкилотларга қабул қилинган қарор тўғрисида билдиришнома юбориш.



Қарор қабул қилинган кундан бошлаб 1 иш кунида




Молиявий ёрдам кўрсатиш белгиланган аризалар бўйича товарлар (ишлар, хизматлар) етказиб берувчилар билан шартномалар тузиш тадбирларини (тендер, конкурс ва бошқалар) амалга ошириш.



қонун ҳужжатларида белгиланган тартибда ва муддатларда










4-босқич



Экспортни рағбатлантириш агентлиги



Молиявий ёрдам кўрсатиш бўйича тўловларни амалга ошириш:






а) Экспортни рағбатлантириш агентлиги томонидан белгиланган тартибда тузилган шартномалар бўйича;



Шартномада белгиланган муддатда




б) амалга оширилган харажатлар бўйича.



Қарор қабул қилинган кундан бошлаб 5 иш куни ичида










5-босқич



Экспортни рағбатлантириш агентлиги



Экспортни рағбатлантириш агентлиги билан экспорт қилувчи ташкилот ва товарлар (ишлар, хизматлар) етказиб берувчи ўртасида тузилган шартнома ижросини мониторинг қилиш.



Доимий равишда





 

*Ушбу қарор Қонун ҳужжатлари маълумотлари миллий базасида (lex.uz) эълон қилинган ва 31.12.2020 йилдан кучга кирди.

**Ушбу Низомга 1–3-иловалар «СБХ»да берилмайди. Ҳужжатнинг тўлиқ матни билан «Norma» АҚТ ва nrm.uz сайтида танишиш мумкин.

Прочитано: 77 раз(а)

Если Вы заметили ошибку, выделите фрагмент текста, содержащий ошибку, и нажмите Ctrl+Enter.
Сайт разработан в ООО «NORMA», зарегистрирован в Узбекском агентстве по печати и информации 01.06.2018г.
Регистрационное свидетельство № 0406.
Адрес: Узбекистан, 100105, г. Ташкент, Мирабадский р-н, ул. Таллимаржон, 1/1.
Тел. (998 78) 150-11-72. Call-центр:1172. E-mail: admin@norma.uz
Копирование материалов сайта без согласования с администрацией ресурса запрещено.
© ООО «NORMA», 2007-2020 г. Все права защищены.
18+   Яндекс.Метрика