Norma.uz
Газета СБХ / 2021 год / № 1-2 / Солиқ солиш

ТМЗ камомади қандай ҳисобдан чиқарилади

 

Корхонанинг омборига тайёр маҳсулот ишлаб чиқариш учун деталлар тўплами кирим қилинди. Деталларнинг сони қутида кўрсатилган. Тўпламлардан бири ишлаб чиқаришга йўналтирилди, тайёр маҳсулот ишлаб чиқариш чоғида деталлар камомади аниқланди. Бундай вазиятда камомад қандай ҳисобдан чиқарилади – давр харажатларигами ёки тайёр маҳсулот таннархига?

 

Вазиятни buxgalter.uz эксперти Татьяна ЛИМАРЕВА ва «Norma» компанияси эксперти Ирина АХМЕТОВА тушунтириб бердилар:

 

Сотиб олувчи ва етказиб берувчи нимани ҳисобга олиши зарур

Бут бўлмаган товарлар етказиб берилган тақдирда сотиб олувчи (буюртмачи) («Хўжалик юритувчи субъектлар фаолиятининг шартномавий-ҳуқуқий базаси тўғрисида»ги Қонуннинг 27-м.):

● товарларни бутлаб беришни талаб қилишга ҳақли. Етказиб берувчи сотиб олувчининг (буюртмачининг) талабини олган пайтдан бошлаб, агар тарафларнинг келишувида ўзга муддат белгиланган бўлмаса, 15 кунлик муддат ичида товарларни бутлаб бериши шарт;

● бундан буён товарлар бутлаб берилгунга қадар уларнинг ҳақини тўлашдан бош тортишга, агар товарларнинг ҳақи тўлаб қўйилган бўлса, белгиланган тартибда тўланган суммалар қайтарилишини талаб қилишга ҳақли;

● етишмаётган қисмлар қийматини қўшган ҳолда, етказиб берувчидан бут бўлмаган товарлар қийматининг 20%и миқдорида жарима ундиришга ҳақли.

Фуқаролик кодекси ҳам бундай вазиятда сотиб олувчи томонида:

● сотувчи олди-сотди шартномаси шартларини бузиб, сотиб олувчига шартномада белгиланган миқдордан кам товар топширган бўлса, сотиб олувчи ё товарнинг етишмаётган миқдорини топширишни талаб қилишга, ё топширилган товардан ва унинг ҳақини тўлашдан бош тортишга ҳақли. Борди-ю унинг ҳақи тўланган бўлса – тўланган пул суммасини қайтариб беришни талаб қилишга ҳақли (ФК 399-м. 1-қ.);

● агар олди-сотди шартномасида сотувчининг сотиб олувчига муайян товарлар тўпламини бут ҳолида бериш мажбурияти белгиланган бўлса, агар шартномада бошқача тартиб назарда тутилган бўлмаса ва мажбуриятнинг моҳиятидан келиб чиқмаса, сотувчи тўпламга кирадиган барча товарларни сотиб олувчига бир вақтда топшириш шарт (ФК 412-м.);

● бут бўлмаган товар топширилган тақдирда, сотиб олувчи ўз ихтиёрига кўра сотувчидан харид нархини мутаносиб равишда камайтиришни ёки товарни оқилона муддатда бутлашни талаб қилиш ҳуқуқига эга.

Тегишинча, агар сотувчи оқилона муддатда сотиб олувчининг товарни бутлаш тўғрисидаги талабини бажармаса, сотиб олувчи ўз ихтиёрига кўра:

● бутланмаган товарни бут товарга алмаштиришни талаб қилишга;

● олди-сотди шартномасини бажаришдан бош тортишга ва товар учун тўланган пул суммасини қайтариб беришни, шунингдек етказилган зарарни қоплашни талаб қилишга ҳақли.

Агар олди-сотди шартномасида бошқача тартиб назарда тутилган бўлмаса ва у мажбуриятнинг моҳиятидан келиб чиқмаса, кўрсатилган чоралар сотувчининг сотиб олувчига бут товарларни топшириш мажбурияти бузилган ҳолларда ҳам қўлланилади (ФК 413-м.). 

 

Камомад бухгалтерия ҳисобида қандай акс эттирилади

4-сон БҲМС «Товар-моддий захиралар»га (АВ томонидан 30.06.2020 йилда 3259-сон билан рўйхатдан ўтказилган) мувофиқ инвентаризация ўтказиш, камомаднинг сабабларини аниқлаш, айбдор шахсларни аниқлаш зарур ва ҳ.к. (4-сон БҲМС 91, 92-б.).

Кўриб чиқилаётган вазиятда тахмин қилиш мумкинки, аниқланган камомад учун қуйидагилар жавобгар бўлиши мумкин:

● етказиб берувчи (кейинчалик низоли вазиятларни олдини олиш учун, ушбу масалани етказиб берувчи билан тузиладиган шартномада тартибга солишни тавсия қиламиз);

ёки

● корхонанинг моддий жавобгар шахслари (масалан, омбор мудири ушбу тўпламни омборга кирим қилишда эътиборли бўлмаган). Ходим иш берувчига бевосита етказилган ҳақиқий зарарни тўлаши шарт. Агар етказилган зарарнинг миқдори ходимнинг ўртача ойлик иш ҳақидан ортиқ бўлмаса, ходимнинг розилигидан қатъи назар, зарар меҳнат ҳақидан ушлаб қолинади (МК 164-м. 5-б., 198-м.).

Корхонада инвентаризация ўтказиш ва камомаднинг сабабларини аниқлаш натижаларига биноан қуйидаги қарорлардан бири қабул қилиниши керак:

1) етказиб берувчидан камомадни қоплашни талаб қилиш;

2) камомадни моддий жавобгар шахсдан тўлиқ ушлаб қолиш ёки – қисман ушлаб қолиш, қисман харажатларга ҳисобдан чиқариш;

3) зарарни тўлиқ зарарларга ҳисобдан чиқариш.

Иш берувчи зарар етказилган чоғдаги аниқ ҳолатларни ҳисобга олиб, айбдор ходимдан зарарни ундиришдан қисман ёки тўлиқ воз кечишга ҳақли (МК 200-м.).

Инвентарлаш вақтида камомад аниқланган кам чиққан ТМЗнинг баланс қиймати айбдор шахслар аниқлангунга қадар камомадлар ва қимматликларнинг бузилишидан йўқотишлар счётида (5910-«Камомадлар ва қимматликларнинг бузилишидан йўқотишлар» бухгалтерия счёти) акс эттирилади.

Инвентаризация натижасида аниқланган кам чиққан ТМЗ суммаси табиий йўқотишлар доирасида қонунчиликда белгиланган ҳолларда, шунингдек камомаднинг аниқ айбдорлари аниқланмаган ёки моддий жавобгар шахслардан уни ундиришнинг имкони бўлмаса, молия-хўжалик фаолияти натижаларига (давр харажатлари) киритилади. Буни камомадни молия-хўжалик фаолияти натижаларига ҳисобдан чиқариш тўғрисида қарор қабул қилинган ҳисобот даврида амалга ошириш зарур. Агар бундай имконият мавжуд бўлса, камомад суммаси айбдордан ундирилади.

 

Зарарнинг миқдори қандай аниқланади

Мулк ўғирланганда, кам чиққанда, қасддан йўқотиш ёки қасддан бузиш натижасида ҳамда бошқа ҳолларда етказилган зарар ҳажми бозор қиймати бўйича ҳисобланади. Уни аниқлаш учун қуйидагилардан фойдаланиш мумкин:

а) ишлаб чиқарувчи ташкилотлардан ва уларнинг расмий дилерларидан, товар хом ашё биржаларидан, кўчмас мулк биржаларидан ёзма шаклда олинган худди шундай маҳсулотга доир нархлар тўѓрисидаги маълумотлар;

б) Марказий банкнинг камомад (ортиқча) аниқланган санадаги ва тегишли мулкни сотиб олиш санасидаги курсларнинг нисбати шаклида аниқланган ҳисоб-китоб коэффициентини қўллаган ҳолда сотиб олиш санасидаги (тасдиқловчи ҳужжатлар мавжуд бўлганда) мол-мулкларнинг ЭКВдаги қиймати тўғрисидаги маълумотлар;

в) тегишли давлат идораларида мавжуд бўлган нархлар даражаси тўғрисидаги маълумотлар;

г) инвентаризация ўтказилаётган даврда ОАВ ва махсус адабиётларда эълон қилинган нарх даражалари тўғрисидаги маълумотлар;

д) тегишли мол-мулкнинг қиймати тўғрисида баҳоловчининг эксперт хулосаси (АВ томонидан 6.04.2004 йилда 1334-сон билан рўйхатдан ўтказилган Низомнинг 2, 3-б.).

Инвентаризация жараёнида аниқланган ТМЗнинг камомади ҳақиқий (баланс) қиймати бўйича ҳисобдан чиқарилади ва бухгалтерия ҳисобида қуйидагича акс эттирилади:

Хўжалик операциясининг мазмуни


Счётлар корреспонденцияси


дебет


кредит


Камомад акс эттирилди


5910-«Камомадлар ва қимматликларнинг бузилишидан йўқотишлар»


1000-«Материалларни ҳисобга олувчи счётлар»


1. Агар камомаднинг айбдорлари аниқланган бўлса


Айбдор шахсларнинг моддий зарарни қоплаш бўйича қарзи акс эттирилди


4730-«Моддий зарарни қоплаш бўйича ходимларнинг қарзи»


5910-«Камомадлар ва қимматликларнинг бузилишидан йўқотишлар»


Айбдор шахслардан ундирилиши лозим бўлган кам чиққан материалларнинг бозор қиймати ва кам чиққан материалларнинг ҳақиқий қиймати ўртасидаги фарқ акс эттирилди:




● бозор қиймати ҳақиқий қийматидан юқори


4730-«Моддий зарарни қоплаш бўйича ходимларнинг қарзи»


9320-«Бошқа активларнинг чиқиб кетишидан фойда»


● бозор қиймати ҳақиқий қийматидан паст


9430-«Бошқа операцион харажатлар»


5910-«Камомадлар ва қимматликларнинг бузилишидан йўқотишлар»


Ундирилиши лозим бўлган камомад суммаси айбдор шахсларнинг иш ҳақидан ушлаб қолинди


6710-«Меҳнат ҳақи бўйича ходим билан ҳисоблашишлар»


4730-«Моддий зарарни қоплаш бўйича ходимларнинг қарзи»


2. Агар камомаднинг айбдорлари аниқланмаган бўлса ёки моддий жавобгар шахслардан зарарни ундиришнинг имкони бўлмаса


Камомад суммаси зарарларга ҳисобдан чиқарилди


9430-«Бошқа операцион харажатлар»


5910-«Камомадлар ва қимматликларнинг бузилишидан йўқотишлар»


3. Агар камомадни етказиб берувчи ёки ташувчидан ундириш имконияти бўлса


Етказиб берувчи ёки ташувчидан ундирилиши лозим бўлган камомад суммаси акс эттирилди


4860-«Даъволар бўйича олинадиган счётлар»


5910-«Камомадлар ва қимматликларнинг бузилишидан йўқотишлар»


Солиқ оқибатлари

Агар айбдор шахслардан ундирилиши лозим бўлган кам чиққан материалларнинг бозор қиймати уларнинг таннархидан юқори бўлса, олинган даромадга:

● фойда солиғи (СК 297-м. 3-қ. 6-б.);

● ҳисобот (солиқ) даври якунлари бўйича умумий жами даромадларидаги улуши устунлик қиладиган фаолият тури учун белгиланган солиқ ставкалари бўйича айланмадан олинадиган солиқ солинади (СК 463-м. 1-қ., 468-м. 3-қ.).

Агар ундириладиган сумма кам чиққан материалларнинг ҳақиқий қийматидан паст бўлса ёки камомаднинг айбдорлари аниқланмаган бўлса, камомаддан кўрилган зарар фойда солиғи ҳисоб-китобида чегирилмайди (СК 317-м. 10-б.)

Илгари кам чиққан материаллар бўйича ҳисобга олинган ҚҚСга камомад аниқланган солиқ даврида тузатиш киритилиши (ҳисобга олишдан чиқарилиши) лозим. Фақат тузатишларни амалга оширишдан олдинги охирги 12 ой ичида олинган материалларга тузатиш киритилади (СК 269-м. 3, 9-қ.).

Агар материалларни йўқотиш ваколатли орган ёки корхонанинг ўзи томонидан белгиланган табиий йўқотиш нормаларидан ошмаса, ҚҚСга тузатиш киритилмайди.

Прочитано: 431 раз(а)

В этой теме действует премодерация комментариев.
Вы можете оставить свой комментарий.

info!Оставляя свой комментарий на сайте, Вы соглашаетесь с нашими Правилами их размещения.
Гость_
Антибот:

Если Вы заметили ошибку, выделите фрагмент текста, содержащий ошибку, и нажмите Ctrl+Enter.
Сайт разработан в ООО «NORMA», зарегистрирован в Узбекском агентстве по печати и информации 01.06.2018г.
Регистрационное свидетельство № 0406.
Адрес: Узбекистан, 100105, г. Ташкент, Мирабадский р-н, ул. Таллимаржон, 1/1.
Тел. (998 78) 150-11-72. Call-центр:1172. E-mail: admin@norma.uz
Копирование материалов сайта без согласования с администрацией ресурса запрещено.
© ООО «NORMA», 2007-2024 г. Все права защищены.
18+   Яндекс.Метрика