Корхона 2019 йилда турар жой кўчмас мулк объектларини қуриш билан шуғулланган. Харажатлар 2000-счётда ҳисобга олинган, 2019 йил декабрда фойдаланишга топшириш далолатномасига асосан турар жой квартиралари 2800-счётга кирим қилинган. 2020 йил бошида 5 та сотилмаган квартира қолган. 1.01.2020 йилдан бошлаб кейинчалик сотиш учун қурилиш ташкилотлари ёки қурувчиларнинг балансида бўлган турар жой объектларига турар жой кўчмас мулк объекти фойдаланишга топширилганидан сўнг 6 ой ўтгач мол-мулк солиғи солинади (СК 411-м. 2-қ. 4-б.).
1. Қурувчи 1.07.2020 йилдан бошлаб 2800-счётдаги сотилмаган квартиралар қолдиғини 0100-счётга ўтказиши ва улар сотилгунга қадар Солиқ кодексига мувофиқ амортизацияни ҳисоблаши лозимми?
2. Реализация қилинмаган квартиралар бўйича ер солиғи қандай ҳисобланади?
1 Йўқ, кўчмас мулк объекти фойдаланишга топширилгандан кейин 6 ой ўтгач сотилмай қолган квартиралар асосий воситага айланмайди. Улар бўйича амортизация ҳисобланмайди. Квартиралар тайёр маҳсулотлигича қолаверади.
Кейинчалик сотиш учун қурилиш ташкилотлари ёки қурувчининг балансида ҳисобда турган турар жой кўчмас мулк объектлари ушбу объектлар фойдаланишга топширилганидан кейин 6 ой ўтгач юридик шахслардан олинадиган мол-мулк солиғи солинадиган объектга айланади. Бундай объектлар бўйича солиқ базаси уларнинг ўртача йиллик қиймати (сотилмай қолган қисмида) ҳисобланади (СК 411-м. 1-қ., 2-қ. 4-б., 412-м. 1-қ. 3-б.).
2 Ер солиғи солинадиган объектлар СКнинг 426-моддасида белгиланган. Реализация қилинмаган квартиралар бундай объектлар ҳисобланмайди.
Азизахон ТОШХЎЖАЕВА,
«Norma» МЧЖ эксперти.