Norma.uz
Газета СБХ / 2021 год / № 1-2 / Ўзбекистон қонунчилигидаги янгиликлар

«Ўзбекистон Республикасининг Давлат бюджети тўғрисида 2021 йил учун»

 

Ўзбекистон Республикасининг Қонуни

 

Қонунчилик палатаси томонидан 2020 йил 1 декабрда қабул қилинган
Сенат томонидан 2020 йил 18 декабрда маъқулланган  

 

1-БОБ. УМУМИЙ ҚОИДАЛАР

1-модда. Ушбу Қонуннинг мақсади

Ушбу Қонуннинг мақсади 2021 йил учун Ўзбекистон Республикасининг консолидациялашган бюджетини шакллантириш ва ижро этиш билан боғлиқ муносабатларни тартибга солишдан иборат.

2-модда. Биринчи даражали бюджет маблағларини тақсимловчилар учун Ўзбекистон Республикасининг республика бюджетидан ажратиладиган маблағлардан фойдаланиш

Биринчи даражали бюджет маблағларини тақсимловчиларга Ўзбекистон Республикасининг республика бюджетидан (бундан буён матнда республика бюджети деб юритилади) ушбу Қонунга мувофиқ ажратиладиган маблағлардан фақат 2021 молия йили давомида фойдаланилади ва келгуси молия йилига ўтказилмайди.

Биринчи даражали бюджет маблағларини тақсимловчилар Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси (бундан буён матнда Вазирлар Маҳкамаси деб юритилади) билан келишган ҳолда ўзининг жорий харажатлари таркибидаги тармоқни ривожлантириш давлат дастурларини (бундан буён матнда ривожлантириш дастурлари деб юритилади) амалга ошириш учун ажратилган маблағларни бир ривожлантириш дастуридан бошқа ривожлантириш дастурига қайта тақсимлашга ҳақли.

Вазирликлар ва идораларнинг ички аудит хизмати тегишли ривожлантириш дастурларининг самарадорлиги натижаларини таҳлил қилади ҳамда таҳлил натижалари тўғрисидаги ҳисоботларни ҳисобот чорагидан кейинги ойнинг 20 санасига қадар Ўзбекистон Республикаси Молия вазирлигига тақдим этади.

Коронавирус пандемияси ва глобал инқироз ҳолатларининг иқтисодиёт тармоқларига салбий таъсирини юмшатиш бўйича биринчи навбатдаги чора-тадбирларни назарда тутувчи Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси, Ўзбекистон Республикаси Президенти ва Вазирлар Маҳкамасининг қарорлари ижросини ўз вақтида таъминлаш мақсадида Вазирлар Маҳкамаси истисно тариқасида Бюджет кодексининг 145-моддасида назарда тутилган миқдорлардан қатъи назар, биринчи даражали бюджет маблағларини тақсимловчи учун республика бюджетидан объектларни лойиҳалаштириш, қуриш (реконструкция қилиш) ва жиҳозлаш учун капитал қўйилмаларга (Ўзбекистон Республикасининг ижтимоий ва ишлаб чиқариш инфратузилмасини ривожлантириш дастурини амалга оширишга) ажратиладиган маблағларни бошқа биринчи даражали бюджет маблағларини тақсимловчига мазкур мақсадларга сарфлаш учун ўтказиш ҳуқуқига эга.

 

2-БОБ. ЎЗБЕКИСТОН РЕСПУБЛИКАСИНИНГ КОНСОЛИДАЦИЯЛАШГАН БЮДЖЕТИ ПАРАМЕТРЛАРИ

3-модда. Ўзбекистон Республикасининг консолидациялашган бюджети даромадлари ва харажатлари

2021 йил учун Ўзбекистон Республикаси консолидациялашган бюджетининг жамланма параметрлари ҳамда ­2022–2023 йилларга бюджет мўлжаллари 1-иловага** мувофиқ, уларни тайёрлашда асос бўлган 2021 йил учун Ўзбекистон Республикасини ривожлантиришнинг асосий макроиқтисодий кўрсаткичлари прогнози ва 2022–2023 йилларга мақсадли мўлжаллар 2-иловага** мувофиқ маълумот учун қабул қилинсин.

4-модда. Давлат мақсадли жамғармаларининг ҳамда Ўзбекистон Республикаси Тикланиш ва тараққиёт жамғармасининг даромадлари прогнози ва харажатлари

2021 йил учун давлат мақсадли жамғармаларининг ҳамда Ўзбекистон Республикаси Тикланиш ва тараққиёт жамғармасининг даромадлари прогнози маълумот учун қабул қилинсин ҳамда уларнинг харажатлари 3-иловага** мувофиқ тасдиқлансин.

5-модда. Республика бюджети даромадлари прогнози ва харажатлари

2021 йил учун республика бюджети даромадлари прогнози 4-иловага** мувофиқ маълумот учун қабул қилинсин.

2021 йил учун республика бюджетидан биринчи даражали бюджет маблағларини тақсимловчиларга ажратиладиган маблағларнинг чекланган миқдорлари 5-иловага** мувофиқ тасдиқлансин.

Давлат ҳокимияти ва бошқаруви органларининг, суд ва прокуратура органларининг бюджетдан ташқари жамғармаларига солиқлар, давлат божлари, йиғимлар ва солиқ бўлмаган тўловлар, маъмурий жарималар ҳамда молиявий санкциялар ҳисобидан келиб тушадиган маблағларнинг бир қисми Ўзбекистон Республикаси Президентининг ва Вазирлар Маҳкамасининг қарорларига асосан республика бюджетига ўтказилиши мумкин.

6-модда. Қорақалпоғистон Республикаси бюджетининг, вилоятлар ҳамда Тошкент шаҳар маҳаллий бюджетларининг даромадлари ва харажатлари прогнозлари

2021 йил учун Қорақалпоғистон Республикаси бюджетининг, вилоятлар ҳамда Тошкент шаҳар маҳаллий бюджетларининг даромадлари ва харажатлари прогнозлари 6-иловага** мувофиқ маълумот учун қабул қилинсин.

2021 йил учун республика бюджетидан Қорақалпоғистон Республикасининг республика бюджетига ва вилоятларнинг вилоят бюджетларига ажратиладиган тартибга солувчи бюджетлараро трансфертлар миқдорлари 7-иловага** мувофиқ тасдиқлансин.

Ушбу Қонунда назарда тутилган тартибга солувчи бюджетлараро трансфертлар миқдорини Қорақалпоғистон Республикасининг республика бюджети ва вилоятларнинг вилоят бюджетлари даромадлари прогнозининг ижросидан қатъи назар, камайтиришга йўл қўйилмайди.

7-модда. Айрим тўловлар ставкалари

2021 йил учун:

мол-мулкни ижарага берувчи жисмоний шахслар учун белгиланган ижара тўловининг энг кам ставкалари 8-иловага мувофиқ (солиқ солиш мақсадлари учун);

товарларнинг айрим турлари билан чакана савдо қилиш ҳуқуқи учун ундириладиган йиғимларнинг чекланган ставкалари 9-иловага мувофиқ;

автотранспорт йиғимларининг ставкалари 10-иловага мувофиқ тасдиқлансин.

Ўзбекистон Республикаси ҳудудига товарларни олиб киришда қўлланиладиган божхона божлари ставкалари Ўзбекистон Республикаси Президентининг қарори билан тасдиқланади.

8-модда. Вазирлар Маҳкамасининг, Қорақалпоғистон Республикаси республика бюджетининг, вилоятлар вилоят бюджетларининг ва Тошкент шаҳри шаҳар бюджетининг, туманлар ва шаҳарлар бюджетларининг захира жамғармаларини шакллантириш

2021 йил учун Вазирлар Маҳкамасининг захира жамғармаси ҳажми 903,4 млрд сўм миқдорида белгилансин.

Қорақалпоғистон Республикаси республика бюджетининг, вилоятлар вилоят бюджетларининг ва Тошкент шаҳри шаҳар бюджетининг, туманлар ва шаҳарлар бюджетларининг 2021 йил учун захира жамғармалари тегишли бюджетлар тасдиқланган умумий харажатларининг камида 1,0 фоизи миқдорида шакллантирилади.

Қорақалпоғистон Республикаси республика бюджетини, вилоятлар вилоят бюджетларини ва Тошкент шаҳри шаҳар бюджетини, туманлар ва шаҳарлар бюджетларини ижро этишда юқори турувчи бюджетдан уларга ажратиладиган бюджетлараро трансфертлар миқдори ошган ҳолларда тегишли бюджетлар захира жамғармаларининг белгиланган миқдорлари қайта кўриб чиқилмайди.

Вазирлар Маҳкамасининг захира жамғармасидан маблағлар ажратилган тақдирда ушбу Қонунга ўзгартишлар киритилмайди.

9-модда. 2021 йилда Ўзбекистон Республикасининг бюджет тизими барқарорлигини таъминлаш

Ўзбекистон Республикаси бюджет тизими бюджетларининг олти ойлик ижроси якунлари бўйича даромад прогнозлари бажарилмаган ва жорий молия йилининг охиригача уларнинг келиб тушиши учун етарли асослар мавжуд бўлмаган ҳолларда:

республика бюджети умумий харажатларининг 3 фоизи ва ундан ортиқ фоизи миқдоридаги харажатларни қисқартириш Вазирлар Маҳкамасининг таклифига кўра Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси палаталари томонидан;

республика бюджети умумий харажатларининг 3 фоиздан кам миқдоридаги харажатларни қисқартириш Ўзбекистон Республикаси Молия вазирлигининг таклифига кўра Вазирлар Маҳкамасининг қарори асосида амалга оширилади.

Қорақалпоғистон Республикаси республика бюджетининг, вилоятлар вилоят бюджетларининг ва Тошкент шаҳри шаҳар бюджетининг, туманлар ва шаҳарлар бюджетларининг харажатларини қисқартириш бўйича қарорлар тегишинча Қорақалпоғистон Республикаси Жўқорғи Кенгеси, халқ депутатлари вилоятлар ҳамда Тошкент шаҳар, туманлар ва шаҳарлар Кенгашлари томонидан қабул қилинади.

Бюджетлар харажатларини қисқартиришда бюджет ташкилотларининг ва бюджет маблағларини олувчиларнинг бюджет маблағларини ўзлаштириши, шунингдек қабул қилинган юридик ва молиявий мажбуриятлари ҳисобга олинади.

10-модда. Ўзбекистон Республикаси номидан ва Ўзбекистон Республикасининг кафолати остида олинадиган давлат қарзининг чекланган ҳажмини белгилаш

Ўзбекистон Республикаси номидан ва Ўзбекистон Республикасининг кафолати остида жалб қилинган давлат қарзининг суммаси ялпи ички маҳсулотнинг йиллик прогноз кўрсаткичига нисбатан 60 фоиздан ошмаслиги керак.

2021 йил учун Ўзбекистон Республикаси (Ўзбекистон Республикаси ҳукумати) номидан ва Ўзбекистон Республикасининг кафолати остида ички ва ташқи қарзларни жалб қилиш бўйича йиллик имзоланадиган янги битимларнинг чекланган соф ҳажми 5,5 млрд АҚШ доллари, шундан Давлат бюджети тақчиллигини молиялаштириш учун – 2,2 млрд АҚШ доллари (шу жумладан, давлат қимматли қоғозлари – 5 трлн сўм), инвестиция лойиҳаларини молиялаштириш учун – 3,3 млрд АҚШ доллари миқдорида белгилансин.

2021 йилдан бошлаб Ўзбекистон Республикаси номидан ёки Ўзбекистон Республикасининг кафолати остида жалб қилинадиган кредитлар (қарзлар) ҳисобидан амалга ошириладиган, Ўзбекистон Республикаси Давлат бюджетидан қайтариладиган ижтимоий ва инфратузилма лойиҳаларига йўналтириладиган маблағлар бўйича харажатлар Ўзбекистон Республикасининг консолидациялашган бюджети харажатларида акс эттирилади.

11-модда. Ўзбекистон Республикасининг консолидациялашган бюджети тақчиллигининг чекланган миқдорини белгилаш

2021 йил учун Ўзбекистон Республикасининг консолидациялашган бюджети тақчиллигининг чекланган миқдори ялпи ички маҳсулотнинг 5,4 фоизи миқдорида белгилансин.

 

3-БОБ. БЮДЖЕТЛАРАРО МУНОСАБАТЛАРНИ ТАРТИБГА СОЛИШНИНГ ЎЗИГА ХОС ХУСУСИЯТЛАРИ

12-модда. 2021 йил учун Қорақалпоғистон Республикаси бюджети, вилоятлар ва Тошкент шаҳар маҳаллий бюджетлари, туманлар ва шаҳарлар бюджетлари даромадларини шакллантиришнинг ўзига хос хусусиятлари

Солиқларнинг қуйидаги турлари туманлар ва шаҳарлар бюджетларига тўлиқ ҳажмда ўтказилади:

жисмоний шахслардан олинадиган мол-мулк солиғи;

жисмоний шахслардан олинадиган ер солиғи;

жисмоний шахсларга тегишли мол-мулкни ижарага беришдан оладиган йиллик даромади тўғрисидаги декларацияга асосан тўлайдиган, шунингдек якка тартибдаги тадбиркорлар тўлайдиган жисмоний шахслардан олинадиган даромад солиғи;

сув ресурсларидан фойдаланганлик учун солиқ, бундан электр станциялари томонидан тўланадиган солиқ мустасно;

қурилиш материаллари бўйича ер қаъридан фойдаланганлик учун солиқ.

Қорақалпоғистон Республикасининг республика бюджетига, вилоятларнинг вилоят бюджетларига ва Тошкент шаҳрининг шаҳар бюджетига қуйидагилар тўлиқ ҳажмда ўтказилади:

юридик шахсларнинг мол-мулкига солинадиган солиқ;

юридик шахслардан олинадиган ер солиғи;

электр станциялари томонидан тўланадиган сув ресурсларидан фойдаланганлик учун солиқ;

бензинни, дизель ёқилғисини ва газни якуний истеъмолчиларга реализация қилишдаги акциз солиғи;

айланмадан олинадиган солиқ;

қонунчиликда белгиланган миқдорлардаги давлат божлари (патент божларидан ва лицензиялар берганлик учун давлат божларидан ташқари);

қонунчиликда белгиланган миқдорларда Ўзбекистон Республикасининг Давлат бюджетига ундириладиган жарималар;

айрим турдаги товарларнинг чакана савдосига доир ҳуқуқ учун йиғимлар;

қонунчиликда белгиланган миқдорларда Ўзбекистон Республикасининг Давлат бюджетига ундириладиган бошқа йиғимлар (божхона органлари томонидан ундириладиган йиғимлар ва ғилдиракли транспорт воситалари, ўзиюрар машиналар ва уларнинг тиркамалари учун ундириладиган утилизация йиғимидан ташқари);

автотранспорт воситаларини сотиб олганлик ва (ёки) Ўзбекистон Республикаси ҳудудига вақтинчалик олиб кирганлик учун йиғимлар;

қонунчиликда белгиланган миқдорларда давлат даромадига ўтказиладиган мол-мулкни реализация қилишдан тушган тушумлар, маҳаллий давлат ҳокимияти органларининг улуши бўйича дивидендлар (даромадлар) ва ажратмалар;

давлат активларини жойлаштиришдан, фойдаланишга (ижарага) беришдан ва сотишдан қонунчиликда белгиланган нормативлар бўйича олинган даромадлар;

мобил алоқа хизматлари ва алкоголь маҳсулоти, шу жумладан пиво учун акциз солиғи бўйича тушумлар тегишинча 2020 йилнинг 1 июль ҳолатига кўра Қорақалпоғистон Республикаси, вилоятлар ва Тошкент шаҳри аҳолиси сонининг республика аҳолиси сонидаги улушига мувофиқ.

Қорақалпоғистон Республикасининг республика бюджетига, вилоятларнинг вилоят бюджетларига ва Тошкент шаҳрининг шаҳар бюджетига қуйидаги улушларда:

жисмоний шахслардан олинадиган даромад солиғидан тушумларнинг (жисмоний шахслар мол-мулкини ижарага беришдан оладиган йиллик даромади тўғрисидаги декларацияга асосан тўлайдиган, шунингдек якка тартибдаги тадбиркорлар тўлайдиган жисмоний шахслардан олинадиган даромад солиғидан ташқари) Навоий вилоятида 62 фоизи, Тошкент вилоятида 45 фоизи, Тошкент шаҳрида 5 фоизи, Қорақалпоғистон Республикаси ва бошқа вилоятларда 100 фоизи;

фойда солиғидан тушумларнинг (Ўзбекистон Республикаси Президенти қарори билан тасдиқланадиган рўйхатга мувофиқ йирик солиқ тўловчилар, Ўзбекистон Республикасида доимий фаолият олиб борувчи муассаса орқали фаолият юритувчи Ўзбекистон Республикаси норезидентлари томонидан, шунингдек норезидентларнинг тўлов манбаида ушлаб қолинадиган даромадларидан тўланадиган фойда солиғидан ташқари) Тошкент вилоятида 45 фоизи, Тошкент шаҳрида 5 фоизи, Қорақалпоғистон Республикаси ва бошқа вилоятларда 100 фоизи ўтказилади.

Қорақалпоғистон Республикаси Жўқорғи Кенгеси, халқ депутатлари вилоятлар, Тошкент шаҳар Кенгашлари:

тегишли даражадаги маҳаллий бюджетларга ажратиладиган солиқларни ва бошқа турдаги даромадларни (шу жумладан ушбу модданинг биринчи ва иккинчи қисмларида кўрсатилган даромадларни) ҳамда бюджетлараро трансфертларни тақсимлашга;

даромадларнинг прогнозини ошириб бажаришдан олинган маблағларнинг бир қисмини туманлар ва шаҳарлар бюджетларига ҳудудларни ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш дастурларини амалга ошириш учун беришга ҳақли.

Халқ депутатлари туманлар ва шаҳарлар Кенгашлари туманлар ҳамда шаҳарларнинг оммавий дам олиш ва (ёки) туризмга ихтисослаштирилган айрим ҳудудларида ижара тўлови бўйича энг кам ставкаларга ҳамда якка тартибдаги тадбиркорлар тўлайдиган жисмоний шахслардан олинадиган даромад солиғининг қатъий белгиланган миқдорларига Тошкент шаҳри учун белгиланган миқдорларгача ўсиб борувчи коэффициентларни киритишга ҳақли.

Агар қонунчиликда маҳаллий бюджетларга ўтказиладиган даромадларнинг тақсимланиши назарда тутилмаган бўлса, даромаднинг ушбу тури Қорақалпоғистон Республикасининг республика бюджетига, вилоятларнинг вилоят бюджетларига ва Тошкент шаҳрининг шаҳар бюджетига ўтказилади.

Давлат корхоналари ҳамда устав капиталида 50 фоиз ва ундан ортиқ давлат улуши мавжуд бўлган юридик шахслар томонидан 2021 йилнинг 1 июлига қадар 2020 йил якунлари бўйича ўз соф фойдасининг 50 фоизидан кам бўлмаган миқдорда Ўзбекистон Республикаси Давлат бюджетига тегишли равишда ажратмалар ва давлат улуши бўйича дивидендлар ҳисобланади ҳамда 2021 йилнинг 1 сентябридан кечиктирмасдан тегишли даражадаги бюджетларга ўтказилади.

Ўзбекистон Республикаси Молия вазирлиги давлат корхоналари ҳамда устав капиталида 50 фоиз ва ундан ортиқ давлат улуши мавжуд бўлган юридик шахслар томонидан 2021 йил учун дивидендлар (соф фойдадан ажратмалар) тўлаш миқдорлари ва даврийлигини қонунчиликда белгиланган тартибда аниқлаш ҳуқуқига эга.

13-модда. 2021 йилда Ўзбекистон Республикасининг Давлат бюджети харажатларини амалга оширишнинг ўзига хос хусусиятлари

Маҳаллий давлат ҳокимияти органларининг ташаббусига кўра амалга ошириладиган қўшимча тадбирларни молиялаштириш фақат Қорақалпоғистон Республикаси бюджетининг, вилоятлар ва Тошкент шаҳар, туманлар ва шаҳарлар маҳаллий бюджетларининг қўшимча манбалари ҳисобидан амалга оширилади.

Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши, вилоятлар ва Тошкент шаҳар, туманлар ва шаҳарлар ҳокимликлари тегишли бюджетларини биринчи навбатда иш ҳақи ва унга тенглаштирилган тўловлар, озиқ-овқат, дори-дармон ва коммунал хизматлар харажатлари режалаштирилишини назарда тутган ҳолда шакллантиради.

Чораклар якуни бўйича ушбу Қонуннинг 6-иловасида келтирилган даромадларнинг прогноз кўрсаткичлари маҳаллий ижро ҳокимияти органларининг фаолиятига боғлиқ бўлмаган ҳолда 5 фоиздан ортиқ миқдорга бажарилмаса ва молия йили охиригача ушбу маблағларнинг тушиш эҳтимоли бўлмаса, Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши, вилоятлар ва Тошкент шаҳар ҳокимликлари Вазирлар Маҳкамасига харажатларни мақбуллаштириш юзасидан кўрилган чоралар билан биргаликда тартибга солувчи бюджетлараро трансфертлар миқдорини ошириш юзасидан мурожаат қилади ҳамда бу таклиф Вазирлар Маҳкамаси томонидан ушбу Қонунда белгиланган тартибда кўриб чиқилади. Туманлар ва шаҳарлар ҳокимликлари ҳам Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши, вилоятлар ва Тошкент шаҳар ҳокимликларига худди шу тартибда мурожаат этади.

2021 йилда:

Тошкент шаҳрининг умумтаълим муассасаларини, мактабгача таълим ташкилотларини, соғлиқни сақлаш муассасаларини ва ичимлик суви билан таъминлаш тизими объектларини лойиҳалаштириш, қуриш (реконструкция қилиш), капитал таъмирлаш ва жиҳозлаш учун капитал қўйилмаларга доир харажатлар Тошкент шаҳрининг шаҳар бюджетидан молиялаштирилади;

Қорақалпоғистон Республикасининг умумтаълим муассасаларини, мактабгача таълим ташкилотларини, соғлиқни сақлаш муассасаларини қуриш, реконструкция қилиш ва мукаммал таъмирлашга, шунингдек суғориладиган ерларнинг мелиоратив ҳолатини яхшилашга оид тадбирлар доирасида объектлардаги таъмирлаш-тиклаш ишларига доир харажатлар Қорақалпоғистон Республикасининг республика бюджетидан молиялаштирилади.

2021 йилдан бошлаб ҳудудларда барча иссиқлик энергиясини етказиб берувчи корхоналар томонидан кўрсатиладиган иссиқлик таъминоти хизматлари учун тартибга солинадиган нархлар (тарифлар) улар бўйича дастлаб Ўзбекистон Республикаси Монополияга қарши курашиш қўмитасининг ҳудудий органлари хулосаларига кўра, тегишинча Қорақалпоғистон Республикаси Жўқорғи Кенгеси, халқ депутатлари вилоятлар ва Тошкент шаҳар Кенгашлари қарорлари билан маъқулланганидан сўнг Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши раиси, вилоятлар ва Тошкент шаҳар ҳокими томонидан тасдиқланади.

Иссиқлик таъминоти бўйича хизматлар учун тартибга солинадиган нархларни (тарифларни) йил давомида қайта кўриб чиқиш якунларига кўра, иссиқлик билан таъминловчи корхоналар аҳолига пасайтирилган тарифлар қўлланилиши натижасида кўрган зарарларининг ўрнини қоплаш учун қўшимча маблағларга бўлган талаб Қорақалпоғистон Республикаси республика бюджетининг, вилоятлар вилоят бюджетларининг ва Тошкент шаҳри шаҳар бюджетининг қўшимча манбалари ҳисобидан қопланади.

 

4-БОБ. ЎЗБЕКИСТОН РЕСПУБЛИКАСИНИНГ КОНСОЛИДАЦИЯЛАШГАН БЮДЖЕТИ ИЖРОСИНИНГ ОЧИҚЛИГИНИ ТАЪМИНЛАШ

14-модда. Бюджет жараёнининг очиқлигини таъминлаш

Биринчи даражали бюджет маблағларини тақсимловчилар, давлат мақсадли жамғармалари, Ўзбекистон Республикаси Тикланиш ва тараққиёт жамғармаси ҳар чорак якунлари бўйича чоракдан кейинги ойнинг 25 санасидан кечиктирмай ўз расмий веб-сайтларига:

ўз тасарруфидаги бюджет ташкилотлари кесимида маблағлар тақсимоти;

даврий молиявий ҳисоботлар;

капитал қўйилмалар ҳисобидан амалга оширилаётган лойиҳаларнинг ижроси;

давлат мақсадли жамғармаларидан субсидиялар ва кредит олувчилари;

ўтказилган танловлар (тендерлар) ва амалга оширилган давлат харидлари тўғрисидаги маълумотларни жойлаштиради.

Ўзбекистон Республикаси Иқтисодий тараққиёт ва камбағалликни қисқартириш вазирлиги ҳамда тегишли бюджет маблағларини тақсимловчилар Ўзбекистон Республикасининг Давлат бюджетидан молиялаштириладиган ижтимоий ва ишлаб чиқариш инфратузилмасини ривожлантириш дастурларининг ижро этилиши тўғрисидаги маълумотларни биринчи даражали бюджет маблағларини тақсимловчилар кесимида ўз расмий веб-сайтларига ҳар чорак якунларига кўра, чоракдан кейинги ойнинг 25 санасидан кечиктирмай жойлаштиради.

Ўзбекистон Республикаси Давлат солиқ қўмитаси ҳамда Давлат божхона қўмитаси солиқ ва божхона имтиёзлари рўйхатини, шунингдек тақдим этилган солиқ ва божхона имтиёзларининг миқдори тўғрисидаги маълумотларни солиқ тўловчилар кесимида ўз расмий веб-сайтларига ҳар чоракда чоракдан кейинги ойнинг 25 санасидан кечиктирмай, жойлаштиради.

Давлат молиявий назорати органлари молия йилининг биринчи ойида молия йили учун иш режалари тўғрисидаги маълумотларни, ҳар чорак якунларига кўра эса назорат тадбирлари натижалари бўйича аниқланган молиявий ҳуқуқбузарликлар ва ижобий натижалар ҳақидаги маълумотларни чоракдан кейинги ойнинг 25 санасидан кечиктирмай ўз расмий веб-сайтларига жойлаштиради.

Қорақалпоғистон Республикаси бюджетининг, вилоятлар ва Тошкент шаҳри маҳаллий бюджетларининг, туманлар ва шаҳарлар бюджетларининг қўшимча манбалари ҳисобидан харид қилинган товарлар ва хизматлар, қурилиш, реконструкция қилиш ва таъмирлаш ишлари олиб борилаётган объектлар рўйхати, шунингдек қурилиш-таъмирлаш ишларининг молиялаштирилиши тўғрисидаги маълумотлар ҳар чорак якунларига кўра, кейинги чорак биринчи ойининг 10 санасига қадар тегишинча Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши, вилоятлар ва Тошкент шаҳар, туманлар ва шаҳарлар ҳокимликлари томонидан мажбурий тартибда ўз расмий веб-сайтларига жойлаштирилади.

15-модда. Ўзбекистон Республикаси Молия вазирлиги томонидан бюджет ижросининг очиқлигини таъминлаш

Ўзбекистон Республикаси Молия вазирлиги:

бюджет ташкилотлари ва бюджет маблағлари олувчилари кесимида Ўзбекистон Республикаси Давлат бюджетидан ажратиладиган маблағлар ва уларнинг ижроси тўғрисидаги маълумотларни ҳисобот чорагининг якунларига кўра, ҳисобот чорагидан кейинги ойнинг 25 санасига қадар;

Давлат қарзининг ҳолати ва ўзгариши тўғрисидаги маълумотларни ҳар чоракда ҳисобот чорагидан кейинги иккинчи ойнинг 25 санасига қадар вазирликнинг расмий веб-сайтига жойлаштириб боради.

 

5-БОБ. ЯКУНЛОВЧИ ҚОИДАЛАР

16-модда. «2021 йил учун Ўзбекистон Республикасининг Давлат бюджети тўғрисида»ги Ўзбекистон Республикаси Қонунини бузганлик учун жавобгарлик

«2021 йил учун Ўзбекистон Республикасининг Давлат бюджети тўғрисида»ги Ўзбекистон Республикаси Қонунини бузганликда айбдор шахслар белгиланган тартибда жавобгар бўлади.

17-модда. Ушбу Қонуннинг ижросини, етказилишини, моҳияти ва аҳамияти тушунтирилишини таъминлаш

Вазирлар Маҳкамаси манфаатдор вазирликлар ва идоралар билан биргаликда ушбу Қонуннинг ижросини, ижрочиларга етказилишини ҳамда моҳияти ва аҳамияти аҳоли ўртасида тушунтирилишини таъминласин.

18-модда. Қонунчиликни ушбу Қонунга мувофиқлаштириш

Вазирлар Маҳкамаси:

ҳукумат қарорларини ушбу Қонунга мувофиқлаштирсин;

давлат бошқаруви органлари ушбу Қонунга зид бўлган ўз норматив-ҳуқуқий ҳужжатларини қайта кўриб чиқишлари ва бекор қилишларини таъминласин.

19-модда. Ушбу Қонуннинг кучга кириши

Ушбу Қонун 2021 йил 1 январдан эътиборан кучга киради.

Ўзбекистон Республикасининг Президенти

Ш.МИРЗИЁЕВ.

Тошкент ш.,

2020 йил 25 декабрь

ЎРҚ-657-сон.


ЎзРнинг 2020 йил 25 декабрдаги ЎРҚ-657-сон Қонунига
8-ИЛОВА

2021 ЙИЛ УЧУН МОЛ-МУЛКНИ ИЖАРАГА БЕРУВЧИ ЖИСМОНИЙ ШАХСЛАР УЧУН
БЕЛГИЛАНГАН ИЖАРА ТЎЛОВИНИНГ ЭНГ КАМ СТАВКАЛАРИ

Т/р


Ижарага бериладиган мол-мулк тури


Белгиланган ставка миқдорини тавсифловчи кўрсаткич


Ойлик ижара тўлови ставкаларининг энг кам миқдорлари, сўмда


Тошкент шаҳри


Нукус шаҳри ва вилоят марказларидаги шаҳарлар


бошқа аҳоли пунктлари


1.


Уй-жойлар:



турар жой


умумий майдоннинг 1 кв. метри учун


14 000


8 500


4 000


нотурар жой


29 000


17 000


7 500


2.


Автомобиль транспорти:



енгил автомобиль (йўловчилар, багаж ташишга мўлжалланган ҳамда ҳайдовчи ўрнини ҳисобламаганда, ўриндиқлари сони 8 тадан кўп бўлмаган автотранспорт воситаси)


1 та автотранспорт воситаси учун


575 000


микроавтобуслар, автобуслар ва юк автомобиллари


1 150 000



Изоҳ:
Мазкур ставкалар жисмоний шахсларнинг мол-мулкни ижарага беришдан олинган даромадларига солиқ солиш мақсадида қўлланилади.

 


ЎзРнинг 2020 йил 25 декабрдаги ЎРҚ-657-сон Қонунига
9-ИЛОВА

2021 ЙИЛ УЧУН ТОВАРЛАРНИНГ АЙРИМ ТУРЛАРИ БИЛАН ЧАКАНА САВДО ҚИЛИШ ҲУҚУҚИ УЧУН УНДИРИЛАДИГАН ЙИҒИМЛАРНИНГ ЧЕКЛАНГАН СТАВКАЛАРИ

Т/р


Йиғим тури


Бир ойга чегараланган ставкалар (сўмда)


Тошкент шаҳри


Нукус шаҳри, шаҳарлар – вилоят марказлари


бошқа шаҳарлар


бошқа аҳоли пунктлари


1.


Алкоголли маҳсулотларни сотиш ҳуқуқи учун ундириладиган йиғим


1 200 000


840 000


600 000


300 000


2.


Умумий овқатланиш корхоналари учун алкоголли маҳсулотларни сотиш ҳуқуқи учун ундириладиган йиғим


600 000


420 000


300 000


150 000


 

 

ЎзРнинг 2020 йил 25 декабрдаги ЎРҚ-657-сон Қонунига
10-ИЛОВА

2021 ЙИЛ УЧУН АВТОТРАНСПОРТ ЙИҒИМЛАРИНИНГ СТАВКАЛАРИ

Т/р


Йиғимлар ва тўловлар турлари


Йиғимлар ставкалари


I.


Чет давлатлар автотранспорт воситаларининг Ўзбекистон Республикаси ҳудудига кирганлиги ва унинг ҳудуди орқали транзити учун йиғимлар


АҚШ долларида


1.


Ўзбекистон Республикаси ҳудудига чет эл давлатларидан автотранспорт воситалари кирганлиги ва транзити учун йиғим, битта автоташувчи кирганлиги учун ставкалари (2–5-бандларда кўрсатилган мамлакатлар бундан мустасно)


400


2.


Тожикистон Республикаси юк автотранспорт воситаларини Ўзбекистон Республикаси ҳудудига олиб кириш ва транзит ҳаракатланганлиги учун йиғимлар:




10 тоннагача


100



10 тоннадан 20 тоннагача


150



20 тоннадан юқори


200


3.


Қозоғистон Республикаси юк автотранспорт воситаларини Ўзбекистон Республикаси ҳудудига олиб кириш ва транзит ҳаракатланганлиги учун йиғим


300


4.


Қирғизистон Республикаси юк автотранспорт воситаларини Ўзбекистон Республикаси ҳудудига олиб кириш ва транзит ҳаракатланганлиги учун йиғим


300


5.


Туркманистон Республикаси юк автотранспорт воситаларини Ўзбекистон Республикаси ҳудудига олиб кириш ва транзит ҳаракатланганлиги учун йиғимлар:




10 тоннагача


50


10 тоннадан 20 тоннагача


100


20 тоннадан юқори


150


II.


Автотранспорт воситаларини сотиб олганлик ва (ёки) Ўзбекистон Республикаси ҳудудига вақтинчалик олиб кирганлик учун йиғим



1.


Янги (фойдаланишда бўлмаган) автотранспорт воситалари бўйича, бундан Ўзбекистон Республикасида ишлаб чиқарилган автотранспорт воситалари мустасно


харид қилиш нархининг 3 фоизи


2.


Фойдаланишда бўлган автотранспорт воситалари бўйича:


эксплуатация муддатидан келиб чиқиб ҳар бир от кучига базавий ҳисоблаш миқдори фоизи ҳисобида


3 йилгача


3 йилдан 7 йилгача


7 йилдан юқори



енгил автомобиллар


11


9


6



мотоцикллар (шу жумладан мопедлар) ва ёрдамчи двигатель ўрнатилган велосипедлар, кажавали ёки кажавасиз


10


7


5



бошқа моторли транспорт воситалари


16


13


9


Изоҳ:

1. Ўзбекистон Республикаси ҳудуди бўйлаб хорижий давлатларнинг оғир юк ташувчи ва йирик габаритли транспорт воситалари ўтганлиги учун мазкур иловада назарда тутилган ставкалар бўйича йиғим тўланиши билан бир қаторда қўшимча равишда қонунчиликда белгиланган миқдорларда тўлов ундирилади.

2. Ўзбекистон Республикасига учинчи мамлакатлардан юклар олиб ўтишда ва Ўзбекистон Республикаси ҳудудидан юкларни олиб чиқишда Туркманистон Республикаси юк автотранспорт воситаларидан қўшимча равишда 175 АҚШ доллари миқдорида йиғим ундирилади.

3. Гуманитар юкларни олиб ўтишда автотранспорт воситаларининг олиб кирилиши ва транзитида ундириладиган йиғимлар ставкасига нисбатан 0,5 камайтирувчи коэффициент қўлланилади.

4. Агар Ўзбекистон Республикасининг халқаро шартномасида бошқача қоидалар белгиланган бўлса, халқаро шартнома қоидалари қўлланилади.

*Ушбу Қонун Қонун ҳужжатлари маълумотлари миллий базасида (lex.uz) 26.12.2020 йилда эълон қилинган ва 1.01.2021 йилдан кучга кирди.

**Ушбу Қонунга 1–7-иловалар «СБХ»да берилмайди. Ҳужжатнинг тўлиқ матни билан «Norma» АҚТ ва nrm.uz сайтида танишиш мумкин.

Прочитано: 785 раз(а)

Если Вы заметили ошибку, выделите фрагмент текста, содержащий ошибку, и нажмите Ctrl+Enter.
Сайт разработан в ООО «NORMA», зарегистрирован в Узбекском агентстве по печати и информации 01.06.2018г.
Регистрационное свидетельство № 0406.
Адрес: Узбекистан, 100105, г. Ташкент, Мирабадский р-н, ул. Таллимаржон, 1/1.
Тел. (998 78) 150-11-72. Call-центр:1172. E-mail: admin@norma.uz
Копирование материалов сайта без согласования с администрацией ресурса запрещено.
© ООО «NORMA», 2007-2024 г. Все права защищены.
18+   Яндекс.Метрика