2019 йилда хизматлар кўрсатишга шартнома тузилган. Шартнома бўйича хизматлар қиймати 4 млн сўмни ташкил этади. 2019 йил декабрда 2 млн сўмлик хизматлар кўрсатилган, тарафлар раҳбарлари томонидан хизматлар нархини пасайтириш тўғрисида қўшимча битим имзоланган ҳамда нархлар 2 млн сўмни ташкил этган ва ушбу сумма мижоз томонидан тўланган. Бироқ ижрочининг бухгалтери 4 млн сўмга ҳисобварақ-фактура тақдим этган ва уни мижозлар имзолашган. Натижада ижрочида дебиторлик қарзи, мижозда эса кредиторлик қарзи пайдо бўлган. 2020 йилда ижрочининг бухгалтери алмашган ва у ушбу номувофиқликни аниқлаган. Бундай ҳолатда ҳисобварақ-фактурани алмаштиришнинг иложи йўқ.
2019 йилда тақдим этилган ҳисобварақ-фактура суммасига (камайтиришга қаратилган) тузатишни қандай киритиш мумкин?
– Битим шартлари ўзгарганда, шу жумладан кўрсатилган хизматларнинг нархига камайтиришга қаратилган ўзгартиришлар киритилганда, хизматларни етказиб берувчи томонидан тузатиш киритувчи қўшимча ҳисобварақ-фактура тақдим этилади. Хизматларни олувчи уни тасдиқлайди. Қўшимча ҳисобварақ-фактура тузатиш киритилаётган ҳисобварақ-фактуралар бўйича, улар тақдим этилган санадан бошлаб бир йиллик муддат доирасида расмийлаштирилиши мумкин (Низомнинг 40, 41-б., ВМнинг 14.08.2020 йилдаги 489-сон қарорига 2-илова).
Камайиштиришга қаратилган тузатиш киритилган қўшимча ҳисобварақ-фактура қуйидагиларни ўз ичига олиши лозим:
● ҳисобварақ-фактура қўшимча эканлиги тўғрисида белги;
● қўшимча ҳисобварақ-фактуранинг тартиб рақами ва ёзиб берилган санаси;
● тузатиш киритилаётган ҳисобварақ-фактуранинг рақами ва санаси;
● нархларга салбий тузатиш киритиш миқдори, етказиб беришнинг ҚҚСни ҳисобга олмаган ҳолдаги қиймати;
● ҚҚС суммасига салбий тузатиш киритиш миқдори (Низомнинг 42-б.).
Етказиб берувчи томонидан қўшимча ҳисобварақ-фактура расмийлаштирилган ҳолда солиқ базасига тузатишлар киритиш амалга оширилганда олувчи етказиб берувчи томонидан расмийлаштирилган қўшимча ҳисобварақ-фактура асосида у томонидан илгари ҳисобга олиш учун қабул қилинган ҚҚС суммасига тегишли тартибда тузатиш киритади (Низомнинг 43-б.).
Азизахон ТОШХЎЖАЕВА,
«Norma» МЧЖ эксперти.