Вазирлар Маҳкамасининг 736-сон қарори билан Солиқ тўловчининг банк ҳисобварақлари билан боғлиқ операциялар бўйича солиқ органи ва банк тизими ўртасида электрон маълумот алмашиш тартиби тўғрисида низом (2-илова) тасдиқланди.
Низом солиқ тўловчининг солиқ қарздорлигини ундиришда (тўлашда) ҳамда банк ҳисобварақлари бўйича операцияларни тўхтатиб туришда (тўхтатиб туришни бекор қилишда) солиқ органи ва банк тизими ўртасида электрон маълумотлар алмашиш тартибини белгилайди.
Низом қоидалари солиқ мажбуриятига эга бўлган юридик шахслар, чет эл юридик шахсининг Ўзбекистондаги доимий муассасаси ва якка тартибдаги тадбиркорларга нисбатан татбиқ этилади.
Солиқ органи инкассо топшириқномаси орқали солиқ тўловчиларга ортиқча ундирилган пул маблағлари учун жавобгар ҳисобланади.
Банклар қонун ҳужжатларига мувофиқ солиқ органи ва банк тизими ўртасидаги маълумотлар алмашинувини таъминлаш мақсадида узатиладиган ва қабул қилинадиган маълумотларни Марказий банк ва ДСҚ томонидан тасдиқланган техник ҳужжатларга мос ҳолда қабул қилиш, қайта ишлаш ва узатиш бўйича мажбуриятни ўз зиммасига олади.
Банк томонидан солиқ тўловчининг ҳисобварағида пул маблағи йўқлиги (етарли эмаслиги) сабабли қабул қилиб олинган тўлов топшириқномаси ёки солиқ органи инкассо топшириқномасининг бажарилмаганлиги тўғрисида электрон кўринишдаги банк хабарномаси Низом 1-иловасида белгиланган шаклда кейинги кундан кечиктирмай солиқ органига юборилади.
Банк томонидан юборилган хабарнома маълумотлари ДСҚ томонидан солиқ тўловчи шахсий карточкасига ёки инкассо топшириқномалари менюсига автоматик равишда ёзилади.
Тўлов ёки инкассо топшириқномаси тўлиқ ижро қилинган кундан кейинги иш кунидан кечиктирмаган ҳолда банк томонидан солиқ органига электрон хабарнома юборилади.
Шунингдек Низомда қуйидагилар белгиланган:
● тўлов ва инкассо топшириқномалари асосида солиқлар ва йиғимларни ундириш (тўлаш) тартиби;
● солиқ тўловчининг банк ҳисобварақлари бўйича операцияларни тўхтатиб туриши тартиби (солиқ тўловчиларнинг банкдаги ҳисобварақлари бўйича операцияларни тўхтатиб туриши солиқ органи томонидан Низомга иловада келтирилган шаклдаги қарорга асосан 10 кундан кўп бўлмаган муддатга солиқ тўловчиларнинг солиқ мажбуриятлари бажарилишини таъминлаш учун СКнинг 111-моддасида белгиланган тартибда амалга оширилади. Солиқ органи томонидан солиқ тўловчининг банкдаги ҳисобварақлари бўйича операцияларини тўхтатиб туриши тўғрисидаги қарор қабул қилинган кундан эътиборан 10 кун муддатда судга илтимоснома билан мурожаат этилмаган тақдирда, солиқ тўловчининг ҳисобварақлари бўйича операцияларни тўхтатилиши банк томонидан бекор қилинади. Бунда солиқ органи томонидан судга юборилган илтимосноманинг нусхаси тегишли банкка электрон шаклда онлайн режимида юборилиши шарт);
● банклар томонидан солиқ органи қарорининг бажарилиши тартиби.
Ҳужжат Қонун ҳужжатлари маълумотлари миллий базасида (lex.uz) эълон қилинган ва 21.11.2020 йилдан кучга кирди.
Баҳодир БУХОРИЙ.