2020 йил ноябрь ойида солиқ органлари корхонани 1.01.2020 йилдан солиқ солишнинг умумбелгиланган тизимига ўтказиш тўғрисида – тадбиркорлик субъекти умумбелгиланган солиқларни тўлашни бошлаши керак бўлгандан кейин 10 ой ўтгач хабардор қилишди. Бундай вазиятда у қандай йўл тутиши лозим?
Ушбу вазифанинг ечими – бутунлай бош оғриғи... Вазиятдан чиқишнинг эҳтимолий вариантлари ҳақида buxgalter.uz илтимосига биноан солиқ маслаҳатчиси Гулнора ЭРГАШЕВА гапириб берди.
– Аслида бундай вазиятлар юзага келмаслиги даркор: агар солиқ тўловчи билмаганидан ёки қасддан ҚҚСга ўтиш пайтини ўтказиб юборган бўлса – солиқларнинг тўғри ҳисоблаб чиқарилишини назорат қиладиган солиқ органлари мавжуд. Бинобарин, амалиётда шундай ҳоллар бўладики, айланмадан олинадиган солиқни тўлаш ҳуқуқига эга бўлмаганлар уни ойлаб тўлашда давом этишади.
Фикримча, Давлат солиқ қўмитаси расмий тушунтириш бериши ёки бундай вазиятда солиқ тўловчи нима қилишини тушунтирувчи НҲҲни тасдиқлаши керак. Ҳозирча бундай ҳужжат йўқ, шу боис барчани қониқтирадиган ва ҳуқуқий нуқтаи назардан тўғри деб ҳисобланадиган вариантни таклиф қилишнинг имкони йўқ.
Бу вазиятда бир нарса очиқ-ойдин: агар СКнинг 461-моддасида назарда тутилган ҳолатлар рўй берган бўлса, тадбиркорлик субъекти бундай ҳолат юз берган ойдан бошлаб умумбелгиланган солиқларни тўлаши керак. Агар бу муддат ўтказиб юборилган ва солиқ тўловчи айланмадан олинадиган солиқни тўлашда давом этган бўлса, у хатони тузатиши ва бюджетга қўшимча солиқ тўлашига тўғри келади.
Барчаси солиқ органларининг автоматлаштирилган тизимлари (ЭҲФ, ҚҚС ва айланмадан олинадиган солиқ ҳисоб-китобларини автоматик тарзда тўлдириш) орқали ўтиши учун буни амалиётда қандай амалга ошириш тушунарсиз. Мазкур вазиятда вазифани ҳал қилишнинг учта йўлини кўриб чиқиш мумкин.
I вариант. Ташкилот ҚҚС тўловчиси сифатида ҳисобга олинган ва ҚҚС тўловчиси кодини олгандан кейин контрагентлар билан ишни амалга ошириши зарур: бундай санадан бошлаб ҚҚС тўловчиси сифатида эътироф этилганлигингизни маълум қилинг ва ушбу ҳолатни инобатга олувчи қўшимча шартномалар тузишни таклиф қилинг. Сўнгра эса – тузатишлар киритилган ҳисобварақ-фактуралар тақдим этинг.
Агар ташкилотда талай турли контрагентлар мавжуд бўлса, бу сценарийни амалга ошириш мушкул бўлади. Бунинг устига контрагентларнинг бундай вазиятдан мамнун бўлишлари амри маҳол, ахир улар ҳам ҳужжатларни «тозалашлари», ҳисоб-китобларни қайта топширишларига тўғри келади.
II вариант. Солиқ тўловчи ўзига бир томонлама ҳисобварақ-фактураларни тақдим этишга уриниб кўриши мумкин – фақат реестрни шакллантириш ва умумбелгиланган солиқларни тўлаш учун.
Қонунчилик солиқ тўловчининг бундай ҳаракатларини назарда тутмайди. Саволлар туғилмаслиги учун, бундай усулни норматив-ҳуқуқий ҳужжатларда ёзиш зарур.
III вариант (энг мақбул). Модомики солиқ органлари ҳуқуқбузарликни аниқлашдими, майли текшириш далолатномасини расмийлаштирсинлар ва қўшимча солиқни тақдим этсинлар. Солиқ тўловчи бу вазиятда солиқчиларнинг эътирозларига рози бўлиши, қўшимча солиқларни тўлаши ва умумбелгиланган солиқларни тўлашни бошлашига тўғри келади.
Яна бир бор таъкидлашни истардимки, санаб ўтилган вариантлардан ҳар бири талай ҳуқуқий ва техник ўзига хос жиҳатларга эга. Ҳаммаси ишлаши ва бундай ҳаракатларнинг қонунийлиги юзасидан ҳеч кимда саволлар туғилмаслиги учун, улар учун расмий асос – идораваий норматив-ҳуқуқий ҳужжат ёки тушунтириш мавжуд бўлиши керак. Уларга мувофиқ ЭҲФ ҳамда айланмадан олинадиган солиқ ва ҚҚС бўйича ҳисоб-китобларни автоматик тарзда шакллантириш тизимлари қайта созланиши керак. Умид қиламанки, яқин келажакда биз бундай йўриқномаларни оламиз.