Меҳнат шартномаси бекор қилинишига рози бўлмаган ходим судга мурожаат қилди. Суд ишдан бўшатиш ҳолатини ноқонуний деб топиб, ходимни аввалги ишига тиклаш тўғрисида қарор қабул қилди. Ушбу қарордан норози бўлган иш берувчи нима қилиши лозим? Мазкур ҳолатда қандай тўғри ҳаракат қилиш ҳақида «Norma» компаниясининг меҳнат ҳуқуқи бўйича эксперти Ленара Хикматова сўзлаб берди:
– Суднинг қарори 20 кундан кейин кучга киришига қарамай (ҳеч ким шикоят қилмаганда ва протест келтирмаганда), иш берувчи томонидан қарор дарҳол ижро этилиши лозим (ФПК 266-м.).
Шу тариқа, иш берувчи суднинг қарорига рози ёки ундан норози эканлигидан қатъи назар, у ходимни аввалги ишига тиклаши шарт. Бу у биринчи қиладиган ишдир.
Иккинчи навбатда, у суднинг қарори асосли ва адолатли эканлигини текшириш тўғрисидаги шикоят (ариза) билан мурожаат қилиши мумкин. Бундай текширув апелляция, кассация ёки назорат шикояти ёхуд янги очилган ҳолатлар бўйича қарорни қайта кўриб чиқиш тўғрисидаги ариза бўйича қўзғатилиши мумкин.
Апелляция шикояти
Апелляция ҳали қонуний кучга кирмаган суднинг қарори устидан берилади. Иш берувчи суднинг қарори чиқарилган кундан бошлаб 20 кун мобайнида шикоят қилиши мумкин (ФПК 383-м. 1-қ.).
Фуқаролик ишлари бўйича тегишли туманлараро, туман (шаҳар) судлари, Қорақалпоғистон Республикасининг фуқаролик ишлари бўйича суди, вилоятлар ва Тошкент шаҳар фуқаролик ишлари бўйича судининг қарорлари устидан апелляция шикояти Қорақалпоғистон Республикаси фуқаролик ишлари бўйича суди ҳамда вилоятлар ва Тошкент шаҳар фуқаролик ишлари бўйича судлари томонидан кўриб чиқилади (ФПК 384-м.).
Масалан, иш Тошкент шаҳар Яккасарой туманлараро фуқаролик ишлари бўйича судида кўрилганда, апелляция шикояти Тошкент шаҳар фуқаролик ишлари бўйича суди томонидан кўриб чиқилади.
Кассация шикояти
Иш берувчи бирор-бир сабабларга кўра апелляция шикоятини бермаган бўлса (улгурмаган ва ҳ.к.), у суднинг қарори қонуний кучга кирган кундан бошлаб 6 ой мобайнида кассация шикоятини беришга ҳақлидир (ФПК 403-м. 1-қ.).
Бир иш бўйича ҳам апелляция, ҳам кассация шикояти берилиши мумкин эмас. Фуқаролик судига фақат битта: ёки апелляция, ёхуд кассация шикояти берилади.
Кассация шикояти, апелляция шикояти каби, юқорида айтиб ўтилган судлар томонидан кўриб чиқилади. Кассация шикояти кассация инстанцияси судига юборилади, бироқ, у апелляция шикояти каби, қарор чиқарган судга тақдим этилади (ФПК 405-м. 1-қ.). Мазкур суд кўриб чиқиш учун шикоятни юқори турувчи судга юборади.
Кассация шикояти биринчи инстанция судининг қарори ижро этилганлиги тўғрисидаги ҳужжатлар – иш берувчининг ходимни ишга тиклаш тўғрисидаги буйруғи илова қилинган ҳоллардагина қабул қилинади (ФПК 405-м. 4-қ.).
Назорат инстанциясига шикоят қилиш
Апелляция ёки кассация тартибида кўриб чиқилган ишлар бўйича суд ҳужжатлари устидан назорат тартибида шикоят қилиниши мумкин (ФПК 422-м. 1-қ.).
Яъни, иш берувчи апелляция ёки кассацияда ютқазган тақдирда, у назорат тартибида шикоят қилишга ҳақли. Бундай шикоят апелляция ёки кассациядан фарқли ўлароқ, қарор чиқарган судга эмас, балки тўғридан-тўғри Олий судга берилади.
Назорат инстанциясига шикоят биринчи инстанция судининг қарори қонуний кучга кирган кундан бошлаб 1 йил мобайнида берилиши мумкин (ФПК 426-м. 1-қ.).
Олий суднинг судьяси шикоятни ўрганиб чиқиш натижалари бўйича қуйидаги қарорлардан бирини қабул қилади:
- назорат тартибида қайта кўриб чиқиш учун асослар мавжуд эмаслиги тўғрисида қарор;
- аввал қабул қилинган қарорларда ҳуқуқбузарликларга йўл қўйилган деб ҳисоблаганда, Олий суднинг Фуқаролик ишлари бўйича суд ҳайъатига мавжуд далиллар бўйича кўриб чиқиш учун шикоят билан бирга иш ҳужжатларини юбориш тўғрисида қарор (ФПК 430-м.).
Қонуний кучга кирган суд ҳужжатларини янги очилган ҳолатлар бўйича қайта кўриб чиқиш
Шунингдек иш берувчи янги очилган ҳолатлар бўйича ишни қайта кўриб чиқиш тўғрисидаги аризани улар аниқланган кундан бошлаб 3 ой мобайнида тақдим этиши мумкин (ФПК 439-м. 1-қ.). Булар қуйидагилардан иборат бўлиши мумкин:
- иш берувчи иш учун аҳамиятли эканлигини билмаган ва билиши мумкин бўлмаган ҳолатлар, агар улар ишни тўғри ҳал этишда аҳамиятга эга бўлса;
- суднинг қонуний кучга кирган ҳукми билан белгиланган, қарорнинг ноқонуний, асосланмаган ёки адолатсиз бўлишига олиб келган билиб туриб берилган гувоҳнинг ёлғон кўрсатмалари ва эксперт хулосаси, билиб туриб қилинган нотўғри таржима, қалбаки ҳужжатлар ёки келтирилган ашёвий далиллар ва ҳ.к. (ФПК 437-м. 2-қ.).
Суд янги очилган ҳолатлар бўйича ишни қайта кўриб чиқиш тўғрисидаги аризани кўриб чиқиб ёки аризани қаноатлантиради ёхуд қарорни, ажримни бекор қилади ёки уни қайта кўриб чиқишни рад этади.
Ажрим ишда иштирок этаётган шахсларга тилхат олинган ҳолда топширилади ёхуд почта орқали ёки электрон ҳужжат шаклида юборилади (ФПК 443-м.).
Ариза қаноатлантирилган тақдирда, иш суд томонидан умумий асосларда қайта кўриб чиқилади (ФПК 445-м.).