МЧЖда директор ўринбосарига директор номидан ҳужжатларни имзолаш учун ишончнома берилган.
Ишончномани тасдиқлаш учун буйруқ чиқариш зарурми ёки ишочноманинг ўзи етарлими?
– Қоидага кўра, буйруқ шарт эмас, ишончноманинг ўзи етарли.
Ишончнома бир шахс (ишонч билдирувчи) томонидан бошқа (ишонч билдирилган) шахсга учинчи шахслар олдида тақдим қилиш учун бериладиган ёзма шаклдаги ваколат деб эътироф этилади. Юридик шахс номидан ишончнома фақат юридик шахснинг уставида (низомида) кўрсатилган фаолият мақсадларига зид бўлмаган битимларни амалга ошириш учун берилиши мумкин (ФК 134-м.). Бундан келиб чиққан ҳолда ишончнома асосан учинчи шахслар олдида ҳаракатларни амалга ошириш учун берилади. Масалан, бошқа ташкилотларда юридик шахс номидан шартномаларни тузиш, ТМҚни олиш, бирор-бир ҳужжатларни расмийлаштириш ва ҳ.к. Бундай ҳаракатларни амалга ошириш учун буйруқ шарт эмас, ишончноманинг ўзи етарли бўлади.
Раҳбарнинг корхона бўйича ишларни юритиш, шу жумладан локал ҳужжатларни тасдиқлаш ва имзолаш, ходимларни ишга қабул қилиш, буйруқ ва фармойишлар чиқаришга оид ваколатлари ходимга берилишини буйруқ билан расмийлаштириш лозим. Қоидага кўра, раҳбар вақтинча ишда бўлмаганда (хизмат сафарида, таътилда бўлганда) бундай буйруқ чиқарилади.
Нурали Нурмуҳамедов,
«Norma» МЧЖ эксперти.