Фирмада директор ўзгарди. Янги директор мавжуд ҳужжатларни инвентарлашдан ўтказди. Инвентарлаш натижасида собиқ директор томонидан имзоланмаган ҳужжатлар (шартномалар, ҳисобварақ-фактуралар ва ҳ.к.) борлиги аниқланди. Ушбу муаммони собиқ директор билан муҳокама этилганига қарамай, ҳужжатлар айни пайтга қадар лозим даражада расмийлаштирилган.
Ҳужжатлар ўз вақтида расмийлаштирилмаганлиги, шунингдек корхона бўйича асосий низомларнинг (ички меҳнат тартиби қоидалари, штат жадвали ва ҳ.к.) мавжуд эмаслиги учун собиқ директор учун қандай жавобгарлик чоралари назарда тутилган?
– Интизомий жазо чоралари (МК 181, 182-м.) эгаллаган лавозимидан қатъи назар, собиқ ходимларга нисбатан қўлланилмайди.
Зарар етказилганидан кейин меҳнат шартномасининг бекор қилиниши собиқ ходимни моддий жавобгарликдан озод этмайди (МК 185-м. 3-қ.).
Зарар етказилган ҳолатларда фаолият юритаётган раҳбарият собиқ директорни жавобгарликка тортиш учун суд инстанциясига мурожаат қилишга ҳақли. Бунинг учун иш берувчи унга тегишли талаб билан мурожаат этиши мумкин. Зарарни ихтиёрий равишда қоплаш рад этилган тақдирда, иш берувчи судга мурожаат қилиши лозим.
Текширув чоғида шартномалар ва ҳисобварақ-фактураларга имзо қўйилмаганлиги аниқланганда бунинг учун мансабдор шахс (собиқ директор) бухгалтерия ҳисобини юритиш тартибини бузганлиги учун маъмурий жавобгарликка тортилиши мумкин (МЖТК 175-1-м.). Маъмурий жазо ҳуқуқбузарлик содир этилган кундан бошлаб 1 йилдан кечиктирмай, ҳуқуқбузарлик узоқ давом этганда у аниқланган кундан бошлаб 1 йил давомида қўлланилиши мумкин (МЖТК 36-м. 1-қ.).
Корхонанинг асосий локал ҳужжатлари (ички меҳнат тартиби қоидалари, штат жадвали) мавжуд эмаслиги ҳамда ички ҳужжатларнинг нотўғри расмийлаштирилганлиги учун мансабдор шахсларга БҲМнинг 5 бараваридан 10 бараварига миқдорда жарима солиниши мумкин (МЖТК 49-м.). Яъни текширув чоғида амалдаги директор жаримага тортилиши мумкин.
Корхонада илгари қабул қилинмаган (тасдиқланмаган) ҳужжатларга келадиган бўлса, уларни ўтган саналар билан расмийлаштириш бўлмайди. Шу боис ишдан бўшатилган раҳбар фаолият юритган даврда ушбу ҳужжатлар мавжуд эмаслиги далилини ҳужжатларда (текширув далолатномаси) эътироф этиш ҳамда уларни ишлаб чиқариш ва жорий даврда янги директор имзоси билан тасдиқлашни тавсия этамиз.
Валерия Ляндрес, кадрлар хизмати ходими.