Ҳар бир оила аъзосига тўғри келадиган ўртача ойлик жами даромад маҳалла фуқаролар йиғинига моддий ёрдам сўраб ариза тақдим этилишидан олдинги 3 ой учун ҳисобланади.
Уни ҳисоблашга оид талаблар иш ҳақи мавжуд бўлмаганлиги сабабли жами даромад тўғрисидаги маълумотда фақат охирги 2 ойлик даромад кўрсатилган ҳолатларда татбиқ этиладими?
– Оиланинг меҳнатга лаёқатли ҳар бир аъзосининг ўртача ойлик даромадлари тўғрисида тақдим этилган маълумотларда даромад суммаси кўрсатилмаган бўлса ёки МҲЭКМнинг 87,9%идан кам сумма кўрсатилган бўлса, ҳисоблаш учун МҲЭКМнинг 87,9%ига тенг бўлган норматив даромад миқдори қабул қилинади.
Ушбу сумма даромадни нормативдан паст кўрсатган ёки даромади мавжудлиги тўғрисидаги маълумотларни тақдим этмаган оила аъзоларининг ҳар бирига нафақа ёки моддий ёрдамга мурожаат қилинган ойда белгиланади.
Ушбу тартиб қуйидагиларга нисбатан қўлланилмайди:
- бола уч ёшга тўлгунга қадар унинг парвариши билан банд бўлган оналарга (уларнинг ўрнини босувчи шахсларга);
- таълим муассасаларида ўқиётганларга (меҳнат шартномасига мувофиқ ишларни амалга ошириш ҳолати бундан мустасно);
- ишламайдиган пенсионерларга, пенсия тайинлаш учун зарур бўлган иш стажига эга бўлмаган қарияларга ва меҳнатга лаёқатсизлик юзасидан нафақа олувчи фуқароларга, болаликдан ногиронлиги мавжуд шахсларнинг оналарига, болаликдан ногиронлиги мавжуд шахсларга, ОИВ инфекциясига чалинган шахсларга, шунингдек, I ёки II гуруҳ ногиронлиги мавжуд шахсларга;
- амалда шахсий ёрдамчи (деҳқон) хўжалигини юритиш билан банд бўлган оила аъзосига;
- ўзганинг парваришига муҳтож бўлган оила аъзосини парвариш қилаётганларга;
- оиланинг «Хар бир оила – тадбиркор» дастури доирасида оилавий тадбиркорликда банд бўлган, бироқ ушбу дастур бўйича микрокредит олинган санадан бошлаб кўпи билан 12 ой банд бўлган аъзоларига;
- оила аъзоларига, агар ариза берувчининг яшаш манзилида 2 ой ва ундан ортиқ муддатда бошқа оила аъзолари билан биргаликда яшамаётган бўлса;
- туман (шаҳар) аҳоли бандликка кўмаклашиш марказига иш қидирувчи сифатида расмий мурожаат қилган ёки ишсиз сифатида рўйхатга олинган фуқароларга (Низомнинг 24-банди, ВМнинг 15.02.2013 йилдаги 44-сон қарорига 1-илова.
Наргиза Воҳидова,
«Norma» МЧЖ эксперти.