Norma.uz

Ходимни ишдан бўшатиш ҳақида қандай тўғри огоҳлантириш мумкин

 

Меҳнат тўғрисидаги қонунчилик ходимни ишдан бўшатиш ҳақида олдиндан огоҳлантиришни талаб этади. Буни оғзаки равишда бажарса бўладими? Агар ходим огоҳлантиришни олишни рад этса ёки ишга чиқмаётган бўлса, қандай йўл тутиш лозим? Электрон алоқа воситалари орқали хабарнома юбориш мумкинми?

Buxgalter.uz илтимосига биноан саволларга «Norma» компаниясининг меҳнат ҳуқуқи бўйича эксперти Ленара Хикматова жавоб берди.


Оғзаки равишда огоҳлантириш мумкинми?

Иш берувчининг меҳнат шартномасини бекор қилиш ҳақида олдиндан ходимни огоҳлантириш мажбурияти МКнинг 87 ва 102-моддаларида назарда тутилган. Ишдан бўшатиш асосларига боғлиқ ҳолда огоҳлантириш муддати ишдан бўшатиш кунидан 3 кундан 2 ойгача олдинни ташкил этади. Аксарият ҳолларда ёзма равишда огоҳлантириш зарур. Истисно – ходим томонидан айбли ҳаракатлар содир этилганлиги муносабати билан ишдан бўшатиш тўғрисида хабарнома (МК 100-м. 2-қ. 3, 4-б.). Бироқ барибир бу ерда ҳам эҳтимолий меҳнат низоларининг олдини олиш учун ёзма шаклга эътиборли бўлишни тавсия қиламиз.

Бунда МКнинг 102-моддасида иш берувчи меҳнат шартномасини бекор қилиш нияти ҳақида ходимни шунчаки ёзма равишда эмас, балки «имзо чектириб» огоҳлантириши шартлиги айтилган. Қоидага кўра, ходим иш берувчининг ёзма огоҳлантиришининг нусхасида имзо чекади.

Ишдан бўшашни истаган ходим ҳам бу ҳақда иш берувчини огоҳлантириши шарт.

 

Ходим огоҳлантиришни олишни рад этган ёки ишга чиқмаган тақдирда қандай йўл тутилади?

Буни камида 3 киши ҳозирлигида далолатнома билан қайд этинг. Ҳужжатга қўшимча тарзда аудио ёки видеоқайд қилишдан ҳам фойдаланиш мумкин. Агар ходим ишга чиқмаётган бўлса, огоҳлантиришни унга яшаш жойи бўйича бериб юбориш ёки хабарнома билан почта орқали жўнатиш мумкин.

ОС Пленумининг «Судлар томонидан меҳнат шартномаси (контракти)ни бекор қилишни тартибга солувчи қонунларнинг қўлланилиши ҳақида»ги қарори (17.04.1998 йилдаги 12-сон) 17-банди 4-хатбошисида қуйидагилар кўрсатилган: огоҳлантиришда ходимнинг имзоси бўлмаган тақдирда ҳам иш берувчи ҳодимнинг белгиланган муддатда огоҳлантириш билан таништирилгани, лекин ходим имзо қўйишдан бош тортгани ҳақида ишонарли далиллар келтирса, суд ходимни ўз вақтида меҳнат шартномасининг бекор қилиниши бўйича огоҳлантирилган деб ­топиши мумкин.

Ходимни меҳнат шартномасини бекор қилиш ҳақида фақат меҳнат муносабатларини бекор қилиш ҳуқуқига эга мансабдор шахсгина огоҳлантириши мумкин. Яъни айнан у огоҳлантиришни имзолаши керак. Бошқа масъул ходим, масалан, кадрлар бўлими бошлиғи уни топшириши мумкин.

 

Ходимни электрон алоқа воситалари орқали хабардор қилиш мумкинми?

Электрон ҳужжат айланишидан шу жумладан расмий ва норасмий ёзишмаларни амалга ошириш ҳамда бошқа ахборотни узатишда фойдаланиш мумкин. Электрон ҳужжат ­қуйидаги мажбурий реквизитлар мавжуд бўлган тақдирда қоғоз ҳужжатга тенглаштирилади ва у билан бир хил юридик кучга эга бўлади («Электрон ҳужжат айланиши тўғрисида»ги Қонуннинг 4, 6, 7-м.):

  •  электрон рақамли имзо (ЭРИ);
  •  юридик шахснинг номи ёки жўнатувчи-жисмоний шахснинг Ф.И.О.;
  •  электрон ҳужжатни жўнатувчининг почта ва электрон манзили;
  •  ҳужжат яратилган сана.

Тегишинча, ходимни меҳнат шартномаси бекор қилиниши ҳақида электрон почта, Телеграм мессенжери ва ҳ.к. орқали ҳам хабардор қилса бўлади, деб хулоса қилиш мумкин. Бироқ амалиётда ҳозирча ҳаммаси бунчалик осон эмас... Электрон ҳужжат олинганлиги далилини қандай исботлаш мумкин, бунинг устига ҳужжат билан танишганлигидан далолат берувчи ходимнинг имзоси қандай олинади? Қоидага кўра, ходим, агар унда ЭРИ бўлмаса, ҳужжатни чоп этиши, уни имзолаши ва шу шаклда электрон восита орқали иш берувчига жўнатиши керак. Ёки – алоҳида ариза – танишганлиги тўғрисида хабарнома ёзиши – ва яна уни имзолаши керак. Бироқ бу ерда фақат ходимнинг виждонлилигига умид қилиш мумкин, ахир уни ушбу амалларни бажаришга мажбурлаб бўлмайди. Танишганлиги тўғрисидаги тасдиқномани олмасдан фақат ҳужжатни жўнатиш далилини ўзини хабардор қилиш деб ҳисоблаб бўлмайди. Бунинг устига, электрон ҳужжат техник носозликлар туфайли манзилига етиб бормаслиги мумкин.

Шу боис, фикримизча, меҳнат муносабатларини электрон тарзда расмийлаштиришнинг аниқ тартибини қонун билан тартибга солмагунларича, хабарномани анъанавий почта орқали жўнатиш уни қўлга топширишга ягона тўлақонли муқобил бўлиб қолмоқда. Ходимга «хабарнома билан» буюртма хат жўнатилади, у унга имзо чекади. Шундан кейин ушбу «корешок» ходимнинг имзоси билан иш берувчига берилади ва ходимнинг бўлғуси ишдан бўшатилиши тўғрисида огоҳлантирилганлигининг тасдиғи бўлиб хизмат қилади.

 

«Муддатли» шартда ишловчи ходимни ишдан бўшатиш

– Қонун фақат иш берувчининг ташаббусига биноан меҳнат шартномаси бекор қилинганда, ходимни бўлғуси ишдан бўшатиш ҳақида олдиндан огоҳлантириш мажбуриятини юклайди (МК 102-м.). Меҳнат шартномаси муддатининг тугаши эса – меҳнатга оид муносабатларни бекор қилиш учун мустақил асос.

Иш берувчи меҳнат шартномасини МКнинг 105-моддасига биноан меҳнат шартномаси муддати тугаган кундан эътиборан 1 ҳафта ичида бекор қилишга ҳақли (МК 105-м. 2-қ.). Ушбу муддатда фақатгина меҳнат шартномасини бекор қилиш тўғрисида буйруқ чиқариш ва у билан ходимни таништириш зарур.

Мисол учун, меҳнат шартномасининг муддати – «10 сентябрга қадар». Тарафлар меҳнатга оид муносабатларни 10 дан 17 сентябрга қадар (17 сентябрь ҳам киради) бекор қилишга ҳақлидирлар. Ёки, фараз қилайлик, меҳнат шартномаси 2019 йил 22 октябрда – 1 йилга тузилган. Бинобарин, унинг тугаш санаси – 2020 йил 22 октябрь. Меҳнатга оид муносабатларни 2020 йил 29 октябрга қадар (29 октябрь ҳам киради) бекор қилиш мумкин.

Ушбу қоида ходим муайян ишни бажариш вақтида қабул қилинганда ҳам амал қилади. Мазкур ҳолда бир ҳафталик муддатнинг ўтиши тарафлар томонидан иш натижаларини топшириш-қабул қилиш далолатномаси имзоланган санадан эътиборан бошланади.

Фараз қилайлик, 2020 йил 8 сентябрда ходимни веб-сайт ишлаб чиқиши учун дастурлаш бўлимига қабул қилишди. Иш 2020 йил 20 октябрда тугалланди, тарафлар бажарилган ишлар далолатномасини 21 октябрда имзолашди. Меҳнат шартномасини 28 октябрдан кечиктирмай бекор қилиш зарур.

 

Агар муддат тугагандан кейин ҳам меҳнатга оид муносабатлар давом этаверса ва тарафлардан бирортаси бир ҳафта давомида унинг бекор қилинишини талаб қилмаган бўлса, саккизинчи куни меҳнат шартномаси номуайян муддатга узайтирилган деб ҳисобланади. Ходимни фақат бошқа асосларга биноан ишдан бўшатиш мумкин бўлади.

 

Муддатли меҳнат шартномасини ҳатто ходимнинг вақтинча меҳнатга қобилиятсизлик даврида ёки у таътилда бўлганда ҳам бекор қилиш мумкин. Бундай даврларда ишдан бўшатишга тақиқ яна МКнинг ­100-моддасига биноан иш берувчининг ташаббуси билан меҳнат шартномасини бекор қилишга нисбатан амал қилади, корхонани тўлиқ тугатиш ҳоллари бундан мустасно (МК 100-м. 3-қ.).

Лекин бундай ҳолда ходимни ишдан бўшатиш қандай расмийлаштирилади? Ахир меҳнат шартномаси бекор қилинган куни иш берувчи ходимга унинг меҳнат дафтарчасини ва меҳнат шартномасининг бекор қилиниши ҳақидаги буйруқнинг нусхасини бериши шарт (МК 108-м.).

Агар ходим муддатли меҳнат шартномасини бекор қилиш кунида ишда бўлмаса, буйруқни почта орқали буюртма хат билан «хабарнома билан» ва кадрлар бўлимига меҳнат дафтарчасини олиш учун (агар у қоғоз шаклда мавжуд бўлса) ва бухгалтерияга – ҳисоб-китоб учун келишни сўраб почта билдиришномасини жўнатинг. Меҳнат дафтарчасини етказиб бериш билан жўнатишга фақат ходимнинг розилиги (ёзма равишда бўлгани маъқул) билан йўл қўйилади. Бундан ташқари ходимга телефон орқали у билан меҳнат шартномаси бекор қилинганлигини хабар қилишингизни маслаҳат берамиз.

 

«Касаллик варақаси» учун тўлиқ ҳақ тўлашга тўғри келади

Давлат ижтимоий суғуртаси бўйича нафақалар тайинлаш ва тўлаш тартиби тўғрисида низомга (АВ рақами 1136, 8.05.2002 й.) асосан ходимга вақтинча меҳнатга қобилиятсизлик нафақаси, агар уни олиш ҳуқуқи иш берувчи билан меҳнат муносабатларида бўлган даврда, синов даври ҳамда ишдан бўшатилган кунни ҳам қўшиб, пайдо бўлса берилади.

Шу боис агар ишдан бўшатилаётган «муддатли» «касаллик таътилида» бўлса ёки ҳатто ишдан бўшатилиш куни касаллик варақасини очтирган бўлса, иш берувчи билан меҳнат шартномаси бекор қилинганлигига қарамай, у касал бўлган барча вақт учун нафақа олиш ҳуқуқига эга.

Мисол учун, меҳнат шартномасининг тугаш муддати – 20 октябрь. 19 октябрда ходим бетоб бўлиб қолди ва 5 кунга – 23 октябрга қадар (23 октябрь ҳам киради) касаллик варақаси очтирди. Вақтинча меҳнатга қобилиятсизлик нафақаси меҳнат шартномаси 20 октябрда бекор қилинганига қарамай, касалликнинг бутун даври учун, 19 дан 23 октябрга қадар тўланиши зарур.

Прочитано: 777 раз(а)

В этой теме действует премодерация комментариев.
Вы можете оставить свой комментарий.

info!Оставляя свой комментарий на сайте, Вы соглашаетесь с нашими Правилами их размещения.
Гость_
Антибот:

Если Вы заметили ошибку, выделите фрагмент текста, содержащий ошибку, и нажмите Ctrl+Enter.
Сайт разработан в ООО «NORMA», зарегистрирован в Узбекском агентстве по печати и информации 01.06.2018г.
Регистрационное свидетельство № 0406.
Адрес: Узбекистан, 100105, г. Ташкент, Мирабадский р-н, ул. Таллимаржон, 1/1.
Тел. (998 78) 150-11-72. Call-центр:1172. E-mail: admin@norma.uz
Копирование материалов сайта без согласования с администрацией ресурса запрещено.
© ООО «NORMA», 2007-2024 г. Все права защищены.
18+   Яндекс.Метрика