Россия Пенсия жамғармасига тегишли аризани топшириб, пенсиядан воз кечиш мумкин. Бунда воз кечувчи ёки пенсия олишни бир неча йил кейинга суриши, ёхуд хайрия мақсадларидан келиб чиққан ҳолда бошқа шахс, жамғарма ёки муассасанинг фойдасига пенсиядан тўлиқ воз кечиши мумкин.
Бундай воз кечувчилардан бири журналист ва жамоат арбоби Николай Сванидзе бўлди. «Фаол меҳнат қиламан ва даромадим яхши. Пенсия олишга талабгор эмасман ва пенсия олмайман», – дейди Сванидзе. Бироқ у пенсиядан расман воз кечганми ёки ҳозирча уни расмийлаштирмаганми – бу ҳақда ҳеч нарса демаган.
Таъкидлаш жоизки, қонун ҳужжатларида пенсия тўловини кейинроққа кўчириш тўғрисидаги аризани тақдим этиш орқали пенсиядан воз кечиш назарда тутилади. «Мазкур ҳолатда пенсия фуқаронинг пенсия ҳисобварағида жамғарилиб борилади. Сўнгра уни олишда тўловлар миқдори пенсионер кейинга кўчирган муддатга қараб ошириб борилади», – дейди РФ Федерация кенгаши аъзоси, Россия пенсионерлар Иттифоқи президиумининг раиси Валерий Рязанский.
«Бироқ хайрия мақсадларида пенсиянгиздан воз кечадиган бўлсангиз, РПЖга тегишли аризани ёзишингиз лозим. Хатда тўловларни бирор-бир болалар уйига, хайрия жамғармасига ёки хусусий шахсга ўтказмоқчи эканлигингизни кўрсатишингиз керак. Акс ҳолда сизга тегишли тўловлар умумий «қозонда» аралашиб алоҳида кўринмай қолади», – деб таъкидлади сенатор.
Суҳбатдошимиз амалиётда давлат пенсиясидан воз кечиш ҳолати ҳали учрамаган деб қўшимча қилди. Пенсия тўловини кейинроққа қолдирганларнинг сони ҳам унча кўп эмас. «Бироқ пенсия тўловини 5 йил кейинга сўриладиган бўлса, бу унинг миқдорини тахминан 1,5 бараварга ошириши мумкин», – дейди Рязанский.
«Бундан ташқари, мулкингиз ҳисобланган жамғарилган пенсиядан фарқли равишда суғурталанган пенсияни бир йўла олиб бўлмайди, сабаби у умрбод ҳар ой учун берилиши мўлжалланган. Бу давлатнинг ижтимоий кафолати ҳисобланади, бироқ шахс пенсияни кейинроққа кўчиришни эмас, балки айнан суғурталанган пенсиядан воз кечишни юридик тарзда расмийлаштирган бўлса, унинг ортга қайтишининг иложи бўлмайди ва бу қарорини ўзгартира олмайди», – деб маълум қилади сенатор.
Шунга қарамай, РФ фуқароларининг пенсияга бўлган ҳуқуқлари бутун умрга сақланиб қолади. «Суғурта пенсиясидан тўлиқ воз кечилганда ҳам давлат шахсни маблағсиз қолдирмайди ва 5 йилдан кейин унга энг кам ижтимоий пенсияни тўлайди», – деб изоҳлайди Рязанский.
Манба: «Взгляд» газетаси.