Яшаш гувоҳномасига эга бўлган бошқа давлат фуқароси пенсияни расмийлаштириш учун қандай ҳужжатларни тақдим этиши лозим?
– Пенсия тайинлаш учун мурожаат қилган чет эллик шахслар Ўзбекистон фуқаролари қандай ҳужжатларни топширсалар, айнан шундай ҳужжатларни тақдим этадилар. Хусусан:
- иш стажини, шу жумладан махсус иш стажини тасдиқлайдиган ҳужжат;
- иш ҳақи тўғрисидаги маълумотнома.
Бундан ташқари, зарурат бўлган тақдирда, 252-сон Низомнинг 12-банди «а»–«р» кичик бандларида кўрсатилган махсус маълумотномалар тақдим этилади.
Эслатиб ўтамиз, Ўзбекистон Республикасида доимий яшайдиган хорижий фуқароларга ва фуқаролиги бўлмаган шахсларга чет элдаги иш стажига, агар Ўзбекистон Республикасининг халқаро шартномаларида ўзгача ҳол назарда тутилмаган бўлса, Ўзбекистон Республикасидаги ишга тўғри келадиган стажнинг 1/3 дан ортиқ бўлмаган доирада киритилади (252-сон Низомнинг 49-банди).
МИСОЛ. Чет эл фуқаросининг умумий иш стажи 40 йилни ташкил этади, шундан 21 йили Ўзбекистон Республикаси ҳудудига, 19 йили эса хорижий давлат ҳудудига тўғри келади. Ушбу ҳолатда чет эл фуқаросининг хорижий давлатдаги иш стажи пенсияни ҳисоблаш учун 7 йил (21 йил/3) доирасида қабул қилинади ва умумий иш стажи 28 йилни (21 + 7) ташкил этади.
Зафаржон Хўжаев, «Norma» МЧЖ эксперти.