Шу йилнинг охирида ёшга доир пенсияга чиқаман. 6 йил ишлаган фирмамда архив ҳужжатлари йўқолганлиги туфайли иш стажим етарли бўлмаяпти.
Пенсия тайинланиши учун мурожаат қилмасдан, ишлашда давом этиб кейинроқ пенсияга чиқсам бўладими?
– Фуқаролар пенсия тайинланиши учун унга бўлган ҳуқуқ юзага келгандан кейин исталган вақтда мурожаат қилишлари мумкин (Қонуннинг 3-м.).
Шуни инобатга олиш лозимки, ёшга доир пенсия, агар пенсия олиш ҳуқуқи пайдо бўлган кундан бошлаб 60 кун ичида уни сўраб мурожаат этилган бўлса, пенсия ёшига тўлган кундан эътиборан тайинланади.
Ушбу муддат ўтказиб юборилган ҳолларда пенсия мурожаат этилган кундан эътиборан тайинланади (Қонуннинг 47-м. 1-қ. «а» б., 2-қ.).
МИСОЛ. Эркак 2020 йил 1 мартда 60 ёшга тўлди. Бўлғуси пенсионер 2020 йил 15 апрелда, яъни пенсия ёшига тўлганидан кейинги 46-куни пенсия тайинлашни сўраб мурожаат қилди. Мазкур ҳолатда пенсия 2020 йил 1 мартдан бошлаб тайинланади. У 2020 йил 15 майда мурожаат қилди, яъни пенсия ёшига тўлгандан кейинги 60 кунлик муддатни ўтказиб юборган, бунда пенсия 2020 йил 15 майдан тайинланади.