Пенсия бўлимига пенсияни расмийлаштириш учун иш стажига киритиш мақсадида ўриндошликда ишлаганлигим ҳақидаги маълумотномани ва пенсияни ҳисоблаш учун иш ҳақи тўғрисидаги маълумотномани тақдим этишим мумкинми?
– Ҳа, албатта. Бироқ бу ҳолат пенсия миқдорига ҳар гал таъсир кўрсатиши мумкинлигини англатмайди.
Пенсияни ҳисоблаб чиқариш учун иш ҳақига, шунингдек иш ҳақининг натурал қисмига:
2019 йил 1 январга қадар бўлган давр учун – қонун ҳужжатларига мувофиқ суғурта бадаллари ҳисобланадиган меҳнатга ҳақ тўлаш тарзидаги барча даромадлар;
2019 йил 1 январдан кейинги давр учун – қонун ҳужжатларига мувофиқ ҳисобланган меҳнатга ҳақ тўлаш тарзидаги барча даромадлар қўшилади. Мазкур иш ҳақи асосий ва ўриндошликдаги иш жойи бўйича бўлиши мумкин («Фуқароларнинг давлат пенсия таъминоти тўғрисида»ги Қонуннинг 32-м.).
Бироқ шуни эътиборга олиш лозимки, пенсияни ҳисоб-китоб қилиш учун ПҲБМнинг 10 бараваридан ортиқ бўлмаган миқдордаги ўртача ойлик иш ҳақи олинади (Қонуннинг 31-м. 6-қ.).
Масалан, асосий иш жойида ҳисобланган ўртача иш ҳақи ПҲБМнинг 10 бараваридан ошган ҳолатларда, тақдим этилган ўриндошлик бўйича иш ҳақи тўғрисидаги маълумотлар пенсия миқдорининг ошишига ҳеч қандай таъсир кўрсатмайди. Бироқ ушбу маълумотлар келгусида, пенсияни ҳисоблаб чиқариш учун қабул қилинадиган ўртача иш ҳақи миқдорига чекловлар оширилганда асқотиши мумкин.
Бироқ ўриндошлик бўйича ишлаш иш стажининг кўпайишига олиб келмайди. Даврлар бир вақтнинг ўзида бир даврга тўғри келса, у ҳолда пенсияни ҳисоблаб чиқиш учун иш стажига пенсия тайинлаш учун мурожаат қилган шахснинг хоҳишига кўра фақат бир давр қўшиб ҳисобланади (252-сон Низомнинг 36-банди).
Маълумот учун. Пенсияни ҳисоблаб чиқариш учун қабул қилинадиган ўртача иш ҳақига чеклов икки марта (2007 ва 2018 йилда) оширилиш томонга кўриб чиқилган, бу пенсия миқдорини, шу жумладан ўриндошлик бўйича иш ҳақи тўғрисида қўшимча маълумотларни тақдим этган шахсларнинг пенсияси миқдорининг анча ошишига хизмат қилди.
Маълумот учун!
Пенсионер ТМЭКнинг асоссиз қарори ҳолатлари АНИҚЛАНГАНДА, ногиронликни белгилашнинг тўғрилигини ТЕКШИРИШЛАРДА, шунингдек агар ТМЭК ҚАРОРИ сохта ҳужжатлар асосида чиқарилган бўлса пенсионер белгиланган тартибда ўтказиладиган такрорий тиббий кўрикдан ўтказиш учун КЕЛМАГАН ТАҚДИРДА пенсияни ТЎЛАШ тўхтатиб қўйилади ва у фақат фуқаро ТМЭКга янгидан МУРОЖААТ ҚИЛГАН ва I ёки II гуруҳ ногирони деб эътироф этилган кундан бошлаб тикланиши мумкин.